Документы



Ўзбекистон республикаси адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган 14. 08. 1998 й. №474 icon

Ўзбекистон республикаси адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган 14. 08. 1998 й. №474

НазваниеЎзбекистон республикаси адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган 14. 08. 1998 й. №474
Дата04.07.2013
Размер337.63 Kb.
ТипДокументы
скачать

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН

РЎЙХАТГА ОЛИНГАН

14.08.1998 й.

474


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН

ТАСДИҚЛАНГАН

26.07.1998 й.

17-17/86


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИНИНГ

МИЛЛИЙ СТАНДАРТИ


1-СОНЛИ БҲМС


ҲИСОБ СИЁСАТИ ВА МОЛИЯВИЙ ҲИСОБОТ


Умумий қоидалар


1. Ушбу Бухгалтерия ҳисоби миллий стандарти (БҲМС) Ўзбекистон Республикасининг "Бухгалгерия ҳисоби тўғрисида"ги Қонуни асосида ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекистон Республикасида бухгалтерия ҳисобини меъёрий асосда бошқариш тизимининг унсури ҳисобланади. Ушбу стандарт бошқа БҲМСлар билан биргаликда қўлланилади.


^ Стандарт мақсади


2. Ушбу БҲМС хўжалик юритувчи субъектнинг турли ҳисобот даврларидаги молиявий ҳисоботлари, шунингдек турли хўжалик юритувчи субъектларнинг молиявий ҳисоботлари қиёсланишини таъминлаш мақсадида хўжалик юритувчи субъект молиявий ҳисоботини шакллантириш ва тузиш учун асосларни белгилаб беради.

Бу мақсадга эришиш учун мазкур стандартда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳисоб сиёсати ва молиявий ҳисоботига асос бўладиган концепциялар ҳамда молиявий ҳисоботнинг мазмунига энг кам миқдордаги талаблар кўзда тутилган.

Айрим операциялар ва воқеаларни акс эттириш, уларни ўлчаш ва очиб бериш учун батафсил талаблар бошқа БҲМСларда баён қилинади.

Мазкур стандарт молиявий ҳисоботдан ташқари тақдим этилиши лозим бўлган ахборотларга талабларни баён қилмайди. Масалан, хўжалик юритувчи субъектлар молиявий ҳисоботга қўшимча ахборот сифатида молиявий шарҳларни тақдим этишлари мумкин.


3. Ушбу стандартда ҳисоб сиёсати деганда хўжалик юритувчи субъектнинг раҳбари бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисобот тузиш учун қабул қиладиган усулларнинг йиғмаси тушунилади, молиявий ҳисобот шу усулларга мувофиқ ва уларнинг қоидалари ва асосларига мувофиқ равишда тузилади.

Бухгалтерия ҳисобини гуруҳларга ажратиш ва хўжалик фаолияти фактларига баҳо бериш, активлар қийматини тўлаш, ҳужжатлар айланмасини, мол-мулкни рўйхатга олишни ташкил этиш усуллари, бухгалтерия ҳисобида ҳисоботларни қўлланиш усуллари, ҳисоб регистрлари тизими, ахборотларни ишлаб чиқиш ва ўзга тегишли усуллар, услубиятлар бухгалтерия ҳисобини юритиш усулларига киради.


4. Хўжалик юритувчи субъектнинг ҳисоб сиёсати субъект раҳбари томонидан хўжалик юритувчи субъект фаолиятининг турли йиллар учун тузилган молиявий ҳисоботда келтириладиган молиявий кўрсаткичлари бир-бирига қиёсланадиган бўлиши учун ушбу БҲМС асосида шакллантирилади.


5. Молиявий ҳисобот хўжалик юритувчи субъект алоҳида мустақил хўжалик юритувчи субъектлиги ёки хўжалик юритувчи субъектларнинг жамланган гуруҳига киришидан қатъи назар шу хўжалик юритувчи субъектнинг маълум бир даврдаги фаолиятини кўрсатувчи молиявий ахборотни тақдим этиш усулидир.


6. Хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий аҳволи, унинг фаолияти кўрсаткичлари тўғрисида ҳамда пул маблағларининг ҳаракати ҳақида иқтисодий қарорлар қабул қилиш учун фойдаланувчилар кенг доирасига зарур бўлган ахборотни тақдим этиш молиявий ҳисоботлар мақсади ҳисобланади.

Молиявий ҳисоботлар, шунингдек хўжалик юритувчи субъектнинг раҳбарияти томонидан ресурсларни бошқариш натижаларини кўрсатади.


7. Ушбу стандарт мақсадига эришиш учун молиявий ҳисоботларда улардан фойдаланувчиларга пул маблағлари ҳаракати истиқболини белгилашда, хусусан пул маблағлари ва уларнинг эквивалентлари шаклланиши муддатлари ҳамда эҳтимоллигини белгилашда ёрдам берадиган қуйидаги ахборотлар бўлиши керак:

7.1. Хўжалик юритувчи субъект назорати остидаги активлар тўғрисида (нақд пул маблағи тушумларининг ёки бошқа иқтисодий манфаатларнинг манбаи бўлган активлар тўғрисида);

7.2. Хўжалик юритувчи субъектнинг (пул маблағларининг эҳтимол тутилган камайиши ёки бошқа иқтисодий манфаат манбалари бўлган) мажбуриятлари тўғрисида;

7.3. Хўжалик юритувчи субъектнинг иқтисодий ресурсларига (субъект эгаларининг бадаллари ва мулк эгаларига тўловлардан ташқари) ўзгартиш киритадиган тақсимланмаган фойда тўғрисида;

7.4. Пул маблағининг ҳаракати тўғрисида (келгусида пул оқимларининг эҳтимол тутилган ҳаракати кўрсаткичлари сифатида).

Бундай ахборот хўжалик юритувчи субъектнинг дивидендлар ва фоизларни тўлаш, шунингдек мажбуриятлар бўйича ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиш имкониятларини баҳолаш учун молиявий ҳисоботдан фойдаланувчилар учун зарур бўлади.


8. Хўжалик юритувчи субъектнинг раҳбари ҳисоб сиёсати қонунларга мос бўлиши учун, шунингдек хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий ҳисоботини тайёрлаш ва тақдим этиш учун жавобгардир.


^ Амал қилиш соҳаси


9. Ушбу БҲМС умумий мақсадларга мўлжалланган молиявий ҳисоботларни тайёрлаш чоғида қўлланилади, улар ушбу стандартнинг 12-бандида келтирилган. Айрим хўжалик юритувчи субъектларнинг молиявий ҳисоботини тайёрлаш чоғида ҳам, жамланган молиявий ҳисоботни тузиш чоғида ҳам шу стандартга амал қилиш зарур.


10. Ушбу БҲМС қуйидагиларга қўлланилади:

10.1. Ҳисоб сиёсатини шакллантириш бобида - мулкчилик шаклидан қатъи назар барча хўжалик юритувчи субъектларга;

10.2. Ҳисоб сиёсатини очиб бериш бобида - қонунга, таъсис ҳужжатларига мувофиқ ёки ўз ташаббуси билан молиявий ҳисоботини эълон қилувчи хўжалик юритувчи субъектларга.


11. Ушбу БҲМС банклар, бюджет ва суғурта ташкилотларининг молиявий ҳисоботни тузиш тартибига нисбатан амал қилмайди.


Молиявий ҳисобот таркиби


12. "Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ йиллик молиявий ҳисобот қуйидаги ҳисоботларнинг умумий шаклларидан иборат бўлади:

12.1. Бухгалтерия баланси - 1-шакл;

12.2. Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот - 2-шакл;


АВ 05.10.2012 й. 474-1-сон билан рўйхатга олинган МВ Буйруғига мувофиқ 12.3-банд ўз кучини йўқотган


12.3. Асосий воситалар ҳаракати тўғрисидаги ҳисобот - 3-шакл;


12.4. Пул оқимлари тўғрисидаги ҳисобот - 4-шакл;

12.5. Ўз сармояси тўғрисидаги ҳисобот - 5-шакл;

12.6. Изоҳлар, ҳисоб-китоблар ва тушунтиришлар.


13. Даврий (уч ойлик) ҳисоботлар таркиби йиллик ҳисоботдан ҳисоботлар шакли сонининг камлиги билан фарқ қилиши мумкин.


Қўшимча ахборот (изоҳлар, ҳисоб-китоблар, тушунтиришлар)


14. Турли хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг кўп қирралилиги ҳисобга олинади, молиявий ҳисоботлар улардан фойдаланувчиларни иқтисодий қарорлар қабул қилиш учун зарур бўлган барча ахборот билан таъминлай олмайди, шу сабабли йиллик молиявий ҳисоботларга қўшимча равишда маъмурият томонидан тузиладиган молиявий шарҳ киритилади, унда хўжалик юритувчи субъект молиявий фаолияти ва молиявий ҳолатининг асосий белгилари тушунтириб берилади ва улар дуч келаётган асосий ноаниқликлар баён қилинади.

Бу шарҳда хўжалик юритувчи субъектнинг фаолияти натижаларига, фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлаш учун инвестиция сиёсатига, жумладан жорий даврда, хусусан келгуси даврларда дивидендлар сиёсатига таъсир қилувчи асосий омиллар очиб берилади, яъни:

14.1. Хўжалик юритувчи субъектни молиялаш манбалари ва хатарларни бошқариш;

14.2. Хўжалик юритувчи субъект ишлаб турган ташқи муҳитдаги ўзгаришлар ва шу ўзгаришлар муносабати билан кўрилган чора-тадбирлар ҳамда уларнинг субъект фаолиятига таъсири;

14.3. Молиявий ҳисоботдан фойдаланувчилар қарор қабул қилиши учун бошқа муҳим ахборотлар.


15. Қўшимча ахборотни тақдим этиш - тушунтиришлар, изоҳлар ва ҳисоб-китоблар - хўжалик юритувчи субъект томонидан махсус шаклда ёки эркин шаклда тақдим этилади.


^ АСОСИЙ ТАМОЙИЛЛАР


Ҳисоблаб ёзиш тамойили


16. Пул оқими тўғрисидаги ҳисоботдан ташқари молиявий ҳисоботлар ҳисоблаб ёзиш тамойили асосида тузилади.

Ҳисоблаб ёзиш тамойилига мувофиқ активлар, пассивлар, ўз сармояси, даромадлар, харажатлар, хўжалик операциялари ва воқеалар бухгалтерия ҳисобида бу ҳаракатлар юзасидан пул маблағлари ёки эквивалентлари олинган ёхуд тўланган пайтда эмас, балки шу ҳаракатлар содир этилган (ёки ҳақиқатда олинган) пайтда акс эттирилади.

Ҳисоблаб ёзиш тамойили асосида тайёрланган молиявий ҳисоботлар ундан фойдаланувчиларга ўтмишда пул тўлаб ёки пул маблағларини олиб амалга оширилган операциялар тўғрисидагина эмас, шунингдек келгусида пул тўланадиган мажбуриятлар тўғрисида ҳам ахборот беради, бу эса тегишли иқтисодий қарорларни қабул қилиш чоғида жуда зарур ҳисобланади.


^ Иккиёқлама ёзув усули билан ҳисоб юритиш


17. Иккиёқлама ёзув усули билан ҳисоб юритиш қоидаси хўжалик юритувчи субъект бухгалтерия операцияларини иккиёқлама ёзув тизими асосида рўйхатга олиши лозимлигини билдиради. Иккиёқлама ёзув тизими шундан иборатки, бир операция бўйича бир миқдор бухгалтерия ҳисобининг икки счётида - бирининг дебетида ва иккинчисининг кредитида акс эттирилади.


Давомийлик


18. Молиявий ҳисоботни давомийлик қоидаси асосида тайёрлаш хўжалик юритувчи субъект доимий ҳаракат қилишини ва узоқ муддат давомида ўз фаолиятини давом эттиришини, яъни хўжалик юритувчи субъектнинг ўзини тугатишига ёки ўз фаолияти соҳасини қисқартиришга эҳтиёжи йўқлигини билдиради.

Агар раҳбар хўжалик юритувчи субъектни тугатиш ёки унинг фаолияти кўламларини қисқартириш зарур деб ҳисобласа ёхуд шундай вазиятга олиб келадиган шароит мавжуд деб ўйласа, молиявий ҳисобга тушунтиришларда бундай фактнинг мазмунини очиб бериши ва молиявий ҳисоботни тузишга асос бўлган жиҳатларни, давомийлик тамойилидан чекиниш сабабларини кўрсатиши зарур.

Давомийлик тамойили яна шуни билдирадики, бухгалтерия ҳисобини юритиш муддати хўжалик юритувчи субъект фаолият кўрсатган муддатга мос бўлиши лозим, яъни хўжалик юритувчи субъектнинг бухгалтерия ҳисоби субъект тугатилган ёки у банкрот деб эълон қилинган пайтгача юритилиши лозим. Хўжалик юритувчи субъект ўз фаолиятини тўхтатган кундан бошлаб бухгалтерия ҳисобини юритиш ҳам тўхтатилади.


^ Хўжалик операциялари, активлар

ва пассивларга пул билан баҳо бериш


19. Барча хўжалик операциялари, воқеалар, активлар ва пассивлар бир хил бирликда ўлчаниши - пул билан баҳоланиши лозим.

Ўзбекистон Республикасида пул бирлиги - сўм, унинг бўлаклари - тийинлардир.


Ишончлилик


20. Ахборотда муҳим хато ёки ғаразлилик бўлмаса ва фойдаланувчилар унга таянишлари мумкин бўлса, ишончли ҳисобланади.

Операциялар ёки воқеаларнинг ишончлилиги одатда дастлабки ҳисоб ҳужжатлари билан тасдиқланиши лозим.


Эҳтиёткорлик


21. Эҳтиёткорлик тамойили молиявий ҳисоботда активлар ва даромадлар нархининг оширилиб юборилишига ва мажбуриятлар ёки харажатлар баҳоси камайтирилишига йўл қўйилмаслиги лозимлигини билдиради.

Бу тамойилнинг қўлланиши яширин захираларни барпо этишга ёки таъминотни ошириб кўрсатишга, активлар ёки фойдани, мажбуриятлар ва харажатларни атайлаб камайтиришга ва ошириб кўрсатишга ҳуқуқ бермайди.


^ Мазмуннинг шаклдан устунлиги


22. Ушбу тамойилнинг мазмуни шуни билдирадики, агар ҳисобга олиш ҳужжатларидаги ва молиявий ҳисоботдаги ахборот операциялар ва воқеаларнинг мазмунини тўғри акс эттирса, бу ахборот молиявий ҳисоботда ҳисобга олиниши ва кўрсатилиши лозим.


^ Кўрсаткичларнинг қиёсийлиги


23. Молиявий ахборот фойдали ва мазмунли бўлиши учун у турли ҳисобот даврларидаги ахборотларга қиёсланадиган бўлиши керак. Ҳисоботдан фойдаланувчилар хўжалик юритувчи субъект молиявий ҳисоботни тайёрлаш чоғида фойдаланган ҳисоб сиёсатидан, бу сиёсатдаги барча ўзгаришлардан ва бундай ўзгаришларнинг натижаларидан хабардор бўлиши керак.


24. Молиявий ҳисоботда ундан олдинги даврга нисбатан бутун қиёсий ахборотни очиб бериш зарур. Олдинги даврдаги молиявий ҳисоботларнинг шарҳлари ва баён қилувчи ахборотлари жорий ҳисобот даври учун ҳам тақдим этилиши ва жорий ҳисобот даври молиявий ҳисоботларини холисона тақдим этиш учун зарур бўлса, янгиланиши керак.


25. Молиявий ҳисоботнинг кўрсаткичларини тузатиш ёки унинг моддаларини тасниф этиш чоғида жорий ҳисобот билан қиёсийликни таъминлаш учун қиёслама миқдорлар қайтадан тасниф этилиши ва айни пайтда бундай таснифнинг характери, миқдори, сабаби очиб берилиши лозим. Бунинг имконияти бўлмаса, хўжалик юритувчи субъект қайта тасниф этиш сабабини ва агар миқдорлар қайтадан тасниф этилган бўлса киритилган ўзгартишларнинг характерини очиб бериши лозим.


26. Агар ахборот фақат тақдим этиш учун, масалан, маълум бир давр бошидаги ва охиридаги номоддий ва моддий активларнинг сальдосини текшириш учун хизмат қилса, бундай ҳолларда қиёсланадиган ахборот талаб қилинмайди.

Янги стандартларни ишлаб чиқиш ва мавжуд стандартларни ўзгартириш бобида қиёсланадиган ахборот тақдим этишга талаблар доираси камайтирилиши мумкин. Янги ва қайта кўриб чиқилган стандартлардаги ўтиш қоидалари стандартдан биринчи марта фойдаланилаётганда қиёсланадиган ахборот тақдим этишни талаб қилмаслиги ҳам мумкин.


27. Шундай вазиятлар ҳам борки, жорий давр билан қиёслаш мақсадида қиёсланадиган ахборотни қайта тасниф этиш мумкин бўлмайди. Масалан, бундан олдинги даврдаги ахборот қайта тасниф этиш мумкин бўлмайдиган тарзда тўпланган бўлиши мумкин, бу эса ахборотни ўзгартиришга амалда имкон бермайди. Бундай вазиятда қиёсланадиган миқдорларга киритилиши мумкин бўлган тузатишларнинг характери очиб берилиши лозим.


28. Қиёсийлик тамойилига риоя қилиш учун қуйидаги шартларни бажариш керак:

28.1. Бутун ахборот миқдорига нисбатан талаблар;

28.2. Ҳисобот йилида ҳисоботни тақдим этишга ёндашув ўзгарган тақдирда ундан олдинги давр ахбороти қиёслаш мақсадлари учун қайтадан тасниф этилиши лозим.

28.3. Агар амалий мулоҳазалар билан қайта тасниф этиш мумкин бўлмаса, башарти қайта тасниф амалга оширилганда содир бўладиган ўзгаришларнинг сабаблари ва характери очиб берилиши лозим.


Молиявий ҳисоботнинг холислиги


29. Молиявий ҳисоботнинг ишончлилигини таъминлаш учун унда келтириладиган ахборот янглишлардан холи бўлиши керак.


^ Активлар ва мажбуриятларнинг ҳақиқий баҳоси


30. Активлар ва мажбуриятларни ҳақиқий баҳолаш тамойили уларнинг таннархи ёки сотиб олинган нархи баҳолашга асос бўлишини назарда тутади.

Стандартларда кўзда тутилган айрим ҳолларда ҳақиқий баҳолаш сотиб олиш қийматидан фарқ қилиши мумкин.


Ҳисобот давридаги даромадлар ва харажатларнинг

бир-бирига мувофиқлиги


31. Ҳисобот давридаги даромадлар ва харажатларнинг бир-бирига мувофиқлиги ушбу даврда мазкур ҳисобот даврида олинган даромадларга асос бўлган харажатларни акс эттиришини билдиради. Агар харажатлар ва даромадларнинг айрим турлари ўртасидаги бевосита боғлиқликни аниқлаш қийин бўлса, харажатлар тақсимлашнинг бирор-бир тизимига мувофиқ тарзда бир неча ҳисобот даврига тақсимлаб чиқилади. Бу бир неча йилга тақсимланадиган амортизация харажатларига ҳам тааллуқлидир.


Тушунарлилик


32. Молиявий ҳисоботда келтириладиган ахборот фойдаланувчилар учун тушунарли ва содда бўлиши лозим.


Аҳамиятлилик


33. Молиявий ахборотнинг аҳамиятлилиги молиявий ҳисоботдан фойдаланувчилар қарорлар қабул қилиш жараёнида уларнинг эҳтиёжини қолдириши ва операцион, молиявий ҳамда хўжалик фаолиятига доир воқеаларга баҳо беришда уларга ёрдам бериши лозимлигини билдиради. Ахборотнинг моҳияти ва қиймати (муҳимлиги) унинг аҳамиятлилигига таъсир қилиши мумкин.


Муҳимлик


34. Агар ахборотнинг тушириб қолдирилиши ёки нотўғри кўрсатилиши ахборотдан фойдаланувчиларнинг молиявий ҳисобот асосида қабул қиладиган иқтисодий қарорларига таъсир қилса, бундай ахборот муҳим ҳисобланади.


35. Молиявий ҳисоботларда характери ва вазифалари жиҳатидан ўхшаш бўлган ва алоҳида кўрсатилиши мумкин бўлмаган миқдорлар билан умумлаштирилиши лозим бўлган миқдорлар бир моддада акс эттирилади.

Бироқ, алоҳида ўзини олганда ҳам, бошқаларга қўшганда ҳам муҳим ҳисобланган ахборот ўзга ахборот билан тўла умумлаштирилмаслиги лозим. Шу муносабат билан, агар ахборотнинг очиб берилмаслиги ҳисоботдан фойдаланувчилар молиявий ҳисобот асосида қабул қиладиган иқтисодий қарорларига таъсир қилиши мумкин бўлса, бундай ахборот муҳим ҳисобланади.

Муҳимлик уни тушириб қолдиришнинг алоҳида аниқ шарҳларида кўриб чиқиладиган модданинг ҳажмига боғлиқ бўлади.


36. Молиявий ҳисобот характери ва вазифалари жиҳатидан гуруҳларга бирлаштирилган хўжалик операцияларини ишлаб чиқиш натижасидир. Молиявий ҳисоботларда ёки модда тарзида тушунтиришларда акс эттириладиган, тасниф этилган қисқа кўринишдаги ахборот мазкур жараённинг якунловчи босқичи ҳисобланади.

Молиявий ҳисоботда айрим кўрсаткичларни ажратиб кўрсатиш ёки уларни бошқа кўрсаткичлар билан бир моддага бирлаштириш ҳам муҳимдир. Шу сабабли агар активлар ёки пассивларнинг, даромадлар ёки харажатларнинг айрим моддалари муҳим бўлмаса, бундай ҳолларда модда ёки моддалар жамининг характери ва ҳажми бир вақтнинг ўзида баҳоланади. Вазиятга қараб модданинг характери ёки ҳажми белгиловчи омил бўлиб хизмат қилади.


37. Агар дастлабки ахборот муҳим бўлмаса, БҲМСда келтирилган бундай ахборотларни очиб кўрсатиш талабларини бажаришга ҳожат бўлмайди. Бироқ умумий фойдаланишга мўлжалланган молиявий ҳисоботларда муҳим ахборот бошқа муҳим ахборот билан бир моддада бирлаштирилган бўлса, молиявий ҳисоботга тушунтиришларда бу ахборотни очиб кўрсатиш зарур.


38. Муҳимлик молиявий ҳисоботда келтирилган тушунарлилик ва аниқлик даражаси билан боғлиқ. Ахборотни минг ёки миллионгача яхлитлаштириш чоғида муҳимлик тамойили бузилмаган пайтгача аниқлик даражасидан фойдаланишга йўл қўйилади.


^ Тўғри ва беғараз тасаввур


39. Молиявий ҳисоботлар улардан фойдаланувчиларда субъектнинг молиявий аҳволи, операцияларнинг натижалари ва пул маблағларининг ҳаракати тўғрисида ҳаққоний ва беғараз тасаввур ҳосил қилиши керак.


Тугаллик


40. Ишончлиликни таъминлаш учун молиявий ҳисоботлардаги ахборот тўла бўлиши керак.


Изчиллик


41. Молиявий ҳисоботдан фойдаланувчилар хўжалик юритувчи субъектнинг турли ҳисобот даврларидаги молиявий ҳисоботларини унинг молиявий аҳволидаги ўзгаришлар тамойилларини аниқлаш учун қиёслаш имкониятига эга бўлишлари керак.


42. Хўжалик юритувчи субъект операциялари характеридаги муҳим ўзгаришлар ёки ҳисоботни тақдим этиш шаклини таҳлил қилиш ҳисоботни тақдим этиш шаклини ўзгартириш мақсадга мувофиқлигидан далолат бермаса, молиявий ҳисобот моддаларини тақдим қилиш ва тасниф этиш сақланиб қолиши керак.


43. Субъект операция ўтказиш фаолиятининг характеридаги айрим муҳим ўзгаришлар ёки вақти-вақти билан катта миқдордаги харид қилиш ёхуд кўп миқдордаги мулкнинг чиқиб кетиши ёки молиявий ҳисоботнинг шарҳи молиявий ҳисоботларни ўзгача тасаввур этиш мақсадга мувофиқлигига олиб келади. Бундай ҳолларда хўжалик юритувчи субъект муҳимлик ва қиёсийлик тамойилларига риоя қилиш ўртасидаги мувофиқликни таъминлаши лозим. Хўжалик юритувчи субъект қайта кўриб чиқилган ички тузилиш узоқ давр давомида сақланса ёки муқобил тасаввурнинг афзаллиги равшан бўлса, фақат шундай ҳоллардагина молиявий ҳисобот тўғрисидаги тасаввурни ўзгартириши мумкин. Ҳисоб сиёсати бир даврдан иккинчисига изчиллик билан ўтказилиши назарда тутилади.


Замонавийлик


44. Ахборот ўз вақтида берилган тақдирдагина у фойдали бўлади. Агар молиявий ҳисоботлар ундан фойдаланувчилар тасарруфига тузилган вақтдан кейин оқилона вақт ичида тақдим этилмаса, унинг фойдаси қолмайди. Ҳисобот ахборотлари асоссиз равишда ушлаб қолинса, у ўз аҳамиятини йўқотиши мумкин. Хўжалик юритувчи субъект ушбу БҲМСнинг 62-65-бандларида кўрсатилган муддатларда молиявий ҳисоботни тузишга қодир бўлиши керак. Ҳеч қандай омиллар, ҳатто хўжалик юритувчи субъектнинг операциялари мураккаблиги ҳам ҳисоботни вақтида тақдим этмасликка сабаб бўлмаслиги керак.

Молиявий ҳисобот "Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ тарзда эълон қилиниши керак.


45. Агар ҳисоботни тузиш ва тақдим этиш унинг ҳамма жиҳатлари маълум бўлган пайтгача кечиктириладиган бўлса, энг ишончли ахборот ҳам кам фойда беради, чунки ҳисоботдан фойдаланувчилар бу ахборотни олмай туриб, қарор қабул қилишга мажбур бўлади. Аҳамиятлилик ва ишончлилик ўртасида мувозанатга эришиш мақсадида иқтисодий қарорларни қабул қилиш чоғида ҳисоботдан фойдаланувчиларнинг эҳтиёжларини қандай қилиб яхшироқ қондиришни ҳал этиш керак.


^ Оффсеттинг (моддаларнинг ўзаро ҳисобга олиниши)


46. Активлар ва пассивлар ўртасида ўзаро ҳисобга олиниши бўлмаслиги керак, бошқа БҲМСларда кўзда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


47. Даромадлар ва харажатлар моддалари ўзаро ҳисобга олиниши мумкин эмас, фақат қуйидаги ҳоллар бундан мустасно:

47.1. БҲМС буни талаб қилади ёки рухсат этади;

47.2. Фойда, зарарлар, шунингдек бундай операциялар билан боғлиқ харажатлар ва воқеалар якка ҳолда ҳам, жамланган ҳолда ҳам муҳим эмас. Уларнинг тақдим этилиши операциянинг ёки бир хилдаги битимлар гуруҳининг моҳиятини энг яхши тарзда акс эттирса, бундай миқдорлар умумлаштирилиши ва нетто-асосда тақдим этилиши керак.


48. Агар даромадлар ва харажатлар ўзаро ҳисобга олинган бўлса, шунга қарамай хўжалик юритувчи субъект муҳимлик тамойилига асосланиб, молиявий ҳисоботларга изоҳларда бу миқдорларни очиб кўрсатиш эҳтиёжини қараб чиқиши керак. Масалан, агар бухгалтерия балансида дебиторлик қарзларини "Харидорлар ва буюртмачилар билан ҳисоб-китоблар" моддасида барпо этилган захираларни шубҳали қарзлардан чиқариб ташлаб акс эттириш кўзда тутилган бўлса, лекин тушунтириш ёзувида дебиторлик қарзи миқдори ҳам, шубҳали қарзлар бўйича барпо этилган захиралар миқдори ҳам алоҳида кўрсатилади.


Холислик


49. Молиявий ҳисобот субъектнинг молиявий аҳволини, унинг фаолияти молиявий натижаларини ва пул маблағларининг ҳаракатини холисона кўрсатиши лозим.

Холислик тамойилига эришиш учун ҳар бир хўжалик юритувчи субъект бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисобот тузиш чоғида БҲМС ва бухгалтерия ҳисоби асосий тамойилларини қўлланишга мажбурдир.


50. Фаолиятнинг хилма-хил турлари бўйича янгиликларни жорий этишнинг тезлиги шундай операциялар ва вазиятларга олиб келиши мумкинки, бундай операциялар ва вазиятлар бўйича БҲМС ҳали ишлаб чиқилмаган. Бундай ҳолатларда молиявий ҳисоботнинг холислигига ҳисоб сиёсатини танлаш ва қўлланиш йўли билан эришилади. Бундай сиёсат хўжалик юритувчи субъект томонидан ушбу стандартга мувофиқ равишда мустақил ишлаб чиқилиши лозим.


Ҳисоб сиёсати


51. Субъектнинг ҳисоб сиёсати ушбу стандартнинг 16-50-бандларида келтирилган тамойиллар асосида белгиланиши лозим.

Ҳисоб сиёсати хўжалик юритувчи субъект молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва тузиш учун фойдаланадиган махсус тамойилларни, конвенцияларни, тартиб ва амалий ёндашувларни ифодалайди.


52. Ҳисоб сиёсати молиявий ҳисобот барча мақбул БҲМСларни қўлланиш асосида тузиладиган тарзда ташкил этилиши керак. Махсус талаблар бўлмаган тақдирда молиявий ҳисобот:

52.1. Фойдаланувчилар эҳтиёжи учун аҳамиятли;

52.2. Шу жиҳатдан ишончли бўлиши керак:

52.2.1. Субъект фаолияти ва молиявий ҳолатининг барча натижаларини холисона кўрсатиши;

52.2.2. Фақат юридик шаклдан иборат бўлмай, воқеалар ва операцияларнинг иқтисодий моҳиятини акс эттириши;

52.2.3. Холис (беғараз) бўлиши ва мажбурий бўлмаслиги;

52.2.4. Холисликка зарар етказмаган ҳолда эҳтиёткор бўлиши;

52.2.5. Барча муҳим жиҳатлари тўла (тугалланган) бўлиши, яъни субъект хўжалик фаолиятининг барча фактларини тўла акс эттириши лозим;

52.3. Фаолияти ўхшаш бошқа субъектлар молиявий ҳисоботи билан таққосланадиган;

52.4. Тушунарли бўлиши керак.


53. Субъектнинг аниқ бир йўналиш (масала) бўйича ҳисоб сиёсатини шакллантиришда, бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш, юритиш ва ҳисобот тузиш чоғида Ўзбекистон Республикасининг бухгалтерия ҳисобига оид қонунларига амал қилиш керак.


54. Махсус БҲМСлар йўқ бўлса, субъект раҳбари хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий ҳисоботидан фойдаланувчиларга энг фойдали ахборот берадиган ҳисоб сиёсатини ишлаб чиқиш чоғида ўз қарорларидан фойдаланишга ҳақлидир.

Ўз қарорларидан фойдаланиш жараёнида раҳбар қуйидагиларни кўриб чиқади:

54.1. Бундай масалалар хусусида БҲМСнинг талаблари ва қўлланмаларини;

54.2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан эълон қилинган ҳар қандай бошқа ахборотни;

54.3. Активлар, мажбуриятлар, даромадлар ва харажатлар учун акс эттириш ва ўлчашнинг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгилаб қўйилган мезонларини;

54.4. Сармояларнинг асосий жаҳон молия бозорлари қабул қилган тармоқ иш тажрибасини.


55. Хўжалик юритувчи субъектнинг ҳисоб сиёсати хўжалик юритувчи субъект раҳбарининг тегишли ташкилий-фармойиш ҳужжатлари (буйруқ, фармойиш ва бошқалар) билан расмийлаштирилиши керак.

Ҳисоб сиёсатини шакллантириш чоғида субъект танлаб олган бухгалтерия ҳисобини юритиш усуллари тегишли ташкилий-фармойиш ҳужжати чиқарилган йилдан кейинги йилнинг 1 январидан бошлаб қўлланилади, ҳисобот йили давомида янги ташкил этилган хўжалик юритувчи субъектлар бундан мустаснодир.

Айни пайтда бу усуллар хўжалик юритувчи субъектнинг барча таркибий бўлинмаларида (жумладан, алоҳида балансга ажратилган бўлинмаларида) уларнинг қаерда жойлашганидан қатъи назар қўлланилади.

Янги ташкил этилган хўжалик юритувчи субъект танлаб олган ҳисоб сиёсатини ушбу бандга мувофиқ молиявий ҳисобот биринчи марта эълон қилингунга қадар, лекин давлат рўйхатидан ўтиб юридик шахс ҳуқуқини олган кундан бошлаб 90 кундан кечиктирмай расмийлаштиради. Субъект танлаб олган ҳисоб сиёсати юридик шахс ҳуқуқини олган (давлат рўйхатидан ўтган) кундан бошлаб қўлланиш мумкин бўлган сиёсат ҳисобланади.


56. Ҳисоб сиёсати тақвимий йил давомида ўзгармайди.

Хўжалик юритувчи субъектнинг ҳисоб сиёсатини қуйидаги ҳолларда ўзгартиришга йўл қўйилади:

56.1. Субъект қайта ташкил этилганда (қўшилганда, ажралиб чиққанда, бирлашганда);

56.2. Мулк эгалари алмашганда;

56.3. Ўзбекистон Республикаси қонунларида ёки Ўзбекистон Республикасида бухгалтерия ҳисобини тартибга солувчи меъёрий тизимда ўзгаришлар бўлганда;

56.4. Бухгалтерия ҳисобининг янги усуллари ишлаб чиқилганда.

Ҳисоб сиёсатининг ўзгартирилиши асослаб берилиши ва ушбу стандартнинг 55-моддасида кўзда тутилган тартибда расмийлаштирилиши керак.

Ҳисоб сиёсатида Ўзбекистон Республикаси қонунларидаги ўзгаришлар билан боғлиқ бўлмаган ўзгаришларнинг оқибатлари субъектнинг бухгалтерия ҳисобини юритишнинг ўзгартирилган усуллари қўлланила бошлаган вақтдаги (ойнинг биринчи кунида) текширилган маълумотлар асосида қиймат жиҳатидан баҳоланиши керак.


^ МОЛИЯВИЙ ҲИСОБОТЛАРНИНГ АСОСИЙ

ИДЕНТИФИКАЦИЯЛАШ РЕКВИЗИТЛАРИ


57. Молиявий ҳисоботлар молиявий ҳисоботларнинг бир хил шаклларида аниқ идентификацияланиши лозим.


58. Қуйидаги ахборотлар молиявий ҳисоботларнинг иложи борича ҳар бир саҳифасида тўла акс эттирилиши керак:

58.1. Субъектнинг номи, мулк шакли, юридик манзили, кимга бўйсуниши, субъектни аниқлаш учун идентификациялаш рақами ва бошқа реквизитлар;

58.2. Молиявий ҳисоботлар якка корхоналарни ёки корхоналар гуруҳини ўз ичига оладими;

58.3. Ҳисобот тузилган вақт ёки молиявий ҳисоботда қамраб олинган давр.


59. Тақдим этилган ҳисобот ахборотини тўғри тушуниш учун қуйидаги реквизитлар ҳам очиб кўрсатилиши ва зарур бўлган тақдирда такрорланиши керак:

59.1. Молиявий ҳисоботлар ўлчанган валюта ва агар бир неча валютадан фойдаланилган бўлса, улар ифодаланган валюталар;

59.2. Молиявий ҳисоботларда рақамларни кўрсатиш учун фойдаланилган аниқлик даражаси, масалан, рақамлар минглар ҳисобида кўрсатилганми ёки миллионлар ҳисобидами ва ҳоказо.


^ ҲИСОБОТ ДАВРИ ВА ҲИСОБОТ ТУЗИЛГАН ВАҚТ


60. 1 январдан 31 декабргача бўлган календарь йил молиявий ҳисоботнинг ҳисобот даври ҳисобланади.

Молиявий ҳисобот календарь йилдан фарқли давр учун, қонунда кўзда тутилган ҳолларда 1 ой ёки 3 ой учун тузилиши мумкин.


61. Ҳисобот даврининг сўнгги календарь куни молиявий ҳисоботлар учун ҳисобот санаси ҳисобланади. Чунончи субъектнинг йиллик бухгалтерия баланси учун 31 декабрь ҳисобот санаси ҳисобланади, молиявий натижалар тўғрисидаги йиллик ҳисобот учун 1 январдан 31 декабргача бўлган давр ҳисобот даври бўлади.


^ МОЛИЯВИЙ ҲИСОБОТНИ ТАҚДИМ ЭТИШ


62. Молиявий ҳисобот қуйидагиларга тақдим этилади:

62.1. Таъсис ҳужжатларига мувофиқ субъектнинг мулк эгаларига (давлат мулкини бошқаришга ваколат берадиган органларга, иштирокчиларга, муассисларга);

62.2. Субъект рўйхатга олинган жойдаги давлат солиқ хизмати органларига;

62.3. Давлат статистика органларига;

62.4. Қонунга мувофиқ - бошқа органларга.


63. Хўжалик юритувчи субъектлар молиявий ҳисоботни ҳисобот йилидан кейинги 15 февралдан кечиктирмай топширади.


64. Вазирликлар, идоралар, ўзга бошқарув органлари ва айрим субъектлар учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳисобот тақдим этишнинг бошқа муддатларини белгилайди.


65. Субъект билан бир шаҳарда жойлашган маҳкамаларга молиявий ҳисоботни тақдим этиш вақти уни амалда тегишли жойга топшириш куни ҳисобланади, бошқа шаҳардагилар учун эса почта корхонаси штемпелида кўрсатилган сана уни жўнатиш куни ҳисобланади.

Ҳисоботни тақдим этиш вақти дам олиш кунига тўғри келиб қолган ҳолларда тақдим этиш муддати дам олиш кунидан кейинги биринчи иш кунига ўтказилади.


^ БУХГАЛТЕРИЯ БАЛАНСИ


Бухгалтерия балансининг мақсади


66. Хўжалик юритувчи субъектнинг бухгалтерия баланси унинг ресурсларини ва молиявий таркибини англаб етишга имконият бериши учун ҳисобот вақтидаги молиявий аҳволни акс эттириши керак.


^ Айланма (жорий) ва узоқ муддатли

активлар ўртасидаги тафовут


67. Ҳар бир субъект жорий активларни ва жорий мажбуриятларни бухгалтерия балансида алоҳида тасниф сифатида кўрсатишни (ёки кўрсатмасликни) белгилаб олиши лозим. Ушбу Стандартнинг 69-71-бандлари ана шундай чеклаш амалга оширилган тақдирда қўлланилади. Хўжалик юритувчи субъект бу таснифни амалга оширмайдиган вариантни танлаб олса, активлар ва мажбуриятларни тўлаш муддатларига доир ахборот нима бўлганда ҳам очиб кўрсатилиши керак.


68. Хўжалик юритувчи субъект аниқ белгиланадиган операция циклидан фойдаланиб товарлар ва хизматларни етказиб берса, у ҳолда баланс ҳисоботидаги жорий ва узоқ муддатли активлар ҳамда мажбуриятларнинг алоҳида тасниф этилиши айланма маблағ сифатида доимо муомалада бўладиган соф активлар билан субъектнинг узоқ муддатли операцияларида фойдаланиладиган активлар ўртасидаги тафовутни фарқлаш йўли билан жуда фойдали ахборот бўлади. Шунингдек у жорий операция цикли давомида олиниши кутилаётган активларни ҳамда шу давр ичида тўланиши лозим бўлган мажбуриятларни ҳам таъкидлаб кўрсатади. Субъект жорий ва узоқ муддатли активлари ҳамда мажбуриятларини алоҳида-алоҳида кўрсатса, бундай ҳолларда улар 69-76-бандларга мувофиқ тасниф этилади.


Айланма (жорий) активлар


69. Активлар:

69.1. Хўжалик юритувчи субъект операцион фаолиятининг бир қисми бўлса ва субъектнинг операция цикли меъёрида ўтаётган пайтда уни олиш ёки истеъмол қилиш кутилаётган бўлса;

69.2. Асосан қайта такрорий сотиш мақсадида ёки қисқа муддатда ушлаб турилган бўлса ва ундан ҳисобот вақтидан кейинги 12 ой мобайнида фойдаланиш кутилаётган бўлса, бундай ҳолларда у жорий актив сифатида тасниф этилиши лозим. Бошқа барча активлар ножорий активлар (узоқ муддатли активлар) сифатида тасниф этилиши керак.


70. Жорий активларнинг икки тури мавжуд. Биринчи тури хўжалик юритувчи субъект айланма маблағининг бир қисми бўлиб, хўжалик юритувчи субъектнинг меъёрий операцион цикли давомида олинган ёки истеъмол қилинган. Иккинчи тури операция активлари бўлмаган, лекин савдо ёки инвестиция мақсадларида сақлаб турилган ва уларни ҳисобот вақтидан кейинги 12 ой давомида сотиш кутилаётган жорий активлар доирасидан иборат. Ҳисобот санасидан кейинги 12 ой давомида олинадиган ёки истеъмол қилинадиган захиралар ва дебиторлик қарзлари жорий активларга киритилади.


71. Хўжалик юритувчи субъектнинг операцион цикли - бу материалларни харид қилиш, ишлаб чиқариш ва нақд пулга ёки осонлик билан пулга айлантириладиган молиявий активларга сотиш ўртасидаги ўртача вақтдир. Узоқ муддатли ва жорий операцион активларни тасниф этиш мақсадида айни шу тармоқ ёки фаолиятнинг шу тури учун каттароқ давр анча мувофиқроқ ҳисобланмаса, бир йил операцион цикли ҳисобланади.


Узоқ муддатли (ножорий) активлар


72. 67-бандда талаб қилинган таснифлаш усулига асосланиб, субъектнинг ножорий активлари қуйидаги активлардан иборат бўлади:

72.1. Субъект фаолиятида узоқ муддатли асосда фойдаланиладиган активлар, жумладан субъектнинг мулки, бинолари ва ускуналари, моддий активлари, тараққиёт ва гудвиллга харажатлари;

72.2. Инвестициялаш мақсадида сақлаб турилган ва ҳисобот кунидан бошлаб 12 ой давомида сотилиши мумкин бўлмаган активлар.


Қисқа муддатли (жорий) мажбуриятлар


73. Қуйидагилар жорий мажбурият ҳисобланади:

73.1. Ҳисобот кунидан бошлаб 12 ой давомида ҳисоб-китоб қилинадиган мажбуриятлар;

73.2. Мажбуриятларнинг қолган моддалари жорий эмас.


74. Жорий мажбуриятларнинг тавсифи жорий активлар тавсифига ўхшашдир. Кредиторлик қарзи иш ҳақи, солиқлар бўйича қарзлар ва бошқа операция харажатлари бўйича қарзлар каби айрим жорий мажбуриятлар жорий активлар ҳисобидан ҳисоб-китоб қилишни талаб қилади, чунки субъектнинг одатдаги операцияси циклида фойдаланиладиган айланма маблағни ташкил этувчи моддалар бўйича мажбурий ҳисобланади. Бундай операция моддалари ҳатто ҳисобот вақтидан сўнг 12 ойдан ортиқ давр давомида ҳам ҳисоб-китоб қилиниши лозим бўлсада, жорий мажбуриятлар ҳисобида тасниф қилинади.


75. Жорий мажбуриятларга шунингдек банк овердрафтлари, тўланадиган дивидендлар, даромад солиқлари, савдо билан боғлиқ бўлмаган ўзга кредиторлик қарзлари, фоизларни тўлашни талаб қиладиган қисқа муддатли мажбуриятларнинг жорий қисми киради. Улар ҳисобот кунидан бошлаб 12 ой давомида ҳисоб-китобни талаб этсада, операция цикли нуқтаи назаридан жорийлигини аниқлаш қийин.

Узоқ муддатли асосда айланма маблағдан пул билан таъминланадиган, фоизни тўлашни талаб қилувчи мажбуриятлар (12 ой давомида ҳисоб-китоб қилинмайдиган мажбуриятлар) узоқ муддатли (ножорий) мажбуриятлар ҳисобланади.


Қисқа муддатли (жорий) мажбуриятларни

қайта молиялаш


76. Ҳисобот санасидан бошлаб 12 ой давомида ҳисоб-китоб қилиниши лозим бўлган мажбуриятлар:

76.1. Дастлабки муддат 12 ойдан кўпроқ бўлса;

76.2. Субъект мажбуриятни узоқ муддатли асосда қайта молиялашни режалаштираётган бўлса;

76.3. Бу муддао молиявий ҳисобот маъқуллангунга қадар тўлдириладиган қайтадан молиялашга ёки тўловлар муддатини ўзгартиришга қаратилган битим билан қўллаб-қувватланса, бундай шароитда ножорий мажбуриятлар сифатида тасниф этилиши лозим.

Жорий мажбуриятлардан чиқариб юбориладиган ҳар қандай қисқа муддатли қарз миқдори уни тақдим этишни қўллаб-қувватловчи ахборот билан биргаликда бухгалтерия балансига изоҳларда очиб берилиши лозим.


^ Бухгалтерия балансида акс эттирилиши

лозим бўлган ахборот


77. Хўжалик юритувчи субъектнинг бухгалтерия баланси молиявий ҳолатнинг таркибини ташкил этувчи турли жиҳатларни акс эттирадиган тарзда тақдим этилиши лозим. Қуйидагилар бухгалтерия балансининг мажбурий унсурлари ҳисобланади:

77.1. Моддий активлар;

77.2. Номоддий активлар;

77.3. Молиявий активлар;

77.4. Захиралар;

77.5. Дебиторлик қарзи;

77.6. Пул маблағи ва пул эквивалентлари;

77.7. Кредиторлик қарзи;

77.8. Ажратмалар;

77.9. Фоиз тўлашни талаб қилувчи мажбуриятлар;

77.10. Ўз сармояси ва захиралари.


78. Ушбу стандартда бухгалтерия балансини тақдим этиш зарур бўлган тартиб ёки шакл кўрсатилмайди. Бухгалтерия балансининг шакли "Бухгалтерия баланси" деб номланган алоҳида БҲМСда келтирилган.


79. 77-банддаги мажбурий талаблар захираларни акс эттириш учун алоҳида сатрларни ўз ичига олади.

Тахминий баҳолашнинг кўпгина даражасидан фойдаланиш йўли билангина баҳолаш мумкин бўлган мажбуриятлар захира ҳисобланади. Субъектни ва кредит берган ташкилотларни зарар оқибатларидан қўшимча муҳофаза қилишни таъминлаш учун қонун ёки уставда захираларни барпо этиш кўзда тутилади.


Изоҳлар, ҳисоб-китоблар ва тушунтиришларда

тақдим этиладиган ахборот


80. Субъект тушунтиришларда қуйидагиларни очиб беришга мажбур:

80.1. Акциядорлик маблағининг ҳар бир тоифаси бўйича:

80.1.1. Эълон қилинган акциялар сони;

80.1.2. Чиқарилган, ҳақи тўла тўланган, чиқарилган, лекин ҳақи тўла тўланмаган акциялар сони;

80.1.3. Акцияларнинг номинал қиймати;

80.1.4. Йилнинг бошида ва охирида ҳақи тўланмаган акциялар сонининг камайиши;

80.1.5. Акциядорлик маблағининг ҳар бир тоифасига тааллуқли ҳуқуқлар, афзалликлар ва чеклашлар, шу жумладан дивидендларни тақсимлаш ва сармояни қоплашга доир чеклаш;

80.1.6. Жамиятнинг ўзига, хўжалик юритувчи субъектга қарашли шуъба ва уюшган жамиятларига тегишли акциялар;

80.1.7. Опцион ва савдо контракти бўйича эмиссия учун захирага ажратилган акциялар, шу жумладан уларнинг муддатлари ва миқдорлари.

80.2. Ўз сармоясидаги захиралар моҳияти ва мақсадлари баёни.

80.3. Мажбуриятларда дивидендларни тўлаш учун ажратилган пул миқдорининг мавжудлиги (акциядорлар ёки муассислар, иштирокчилар йиғилишида расмий равишда маъқулланмаган тўловлар миқдорининг мавжудлиги).


81. Субъект ўз сармоясидаги ўзгаришларни акс эттириши лозим, бунинг учун қуйидагиларни алоҳида-алоҳида кўрсатиши керак:

81.1. Давр бошида ва ҳисобот санасида тўпланган фойда ёки зарарларнинг қолдиғи ҳамда шу даврда юз берган муҳим ўзгаришлар, жумладан акциядорлар (муассислар, иштирокчилар) ҳар бир тоифасига шу давр учун тақсимланадиган соф фойда;

81.2. Ўз сармояси ҳар бир тоифаси жорий миқдордаги ҳамда даврнинг бошлари ва охирида захирадаги ўзгаришларнинг умумий миқдори.


^ МОЛИЯВИЙ НАТИЖАЛАР ТЎҒРИСИДАГИ ҲИСОБОТ


Молиявий натижалар тўғрисидаги

ҳисоботнинг мақсади


82. Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот хўжалик юритувчи субъектнинг ҳисобот давридаги молиявий фаолиятини кўрсатади ва бу фаолиятнинг турли жиҳатларини тушунишга имкон берадиган усулдан иборат бўлади.


Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда

тақдим этилиши лозим бўлган ахборот


83. Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда қуйидаги мажбурий унсурлар бўлиши лозим:

83.1. Реализациядан тушган маблағ;

83.2. Операция фаолиятининг натижалари;

83.3. Молиявий фаолият натижалари;

83.4. Фавқулодда фойдалар ва зарарлар;

83.5. Шу даврдаги соф фойда ёки зарар. Қўшимча сатрлар, сарлавҳалар ва якунлар молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботнинг биринчи бетида БҲМСга мувофиқ равишда кўрсатилади.


Изоҳлар, ҳисоб-китоблар ва тушунтиришларда

тақдим этиладиган ахборот


84. Хўжалик юритувчи субъект молиявий ҳисоботга изоҳлар, ҳисоб-китоблар ва тушунтиришларда даромадлар ва харажатлар турлари ёки фаолият турлари бўйича тасниф қилиш йўли билан даромадлар ва харажатларни таҳлил қилиб бериши керак.


85. Харажатларни фаолият турлари бўйича тасниф қиладиган хўжалик юритувчи субъектлар харажатларнинг турлари бўйича қўшимча ахборотни, жумладан эскириш (амортизация) харажатларини, ходимларни сақлаш билан боғлиқ харажатларни, хом ашё ва халқ истеъмоли молларидан фойдаланиш харажатлари бўйича қўшимча ахборотларни очиб беришга мажбурдир.


АВ 05.10.2012 й. 474-1-сон билан рўйхатга олинган МВ Буйруғига мувофиқ “Асосий воситалар ҳаракати тўғрисидаги ҳисобот” деган сўзлари чиқариб ташланган


^ АСОСИЙ ВОСИТАЛАР ҲАРАКАТИ

ТЎҒРИСИДАГИ ҲИСОБОТ


АВ 05.10.2012 й. 474-1-сон билан рўйхатга олинган МВ Буйруғига мувофиқ 86-банд ўз кучини йўқотган


86. Ушбу ҳисобот асосий воситаларнинг ҳаракати, асосий воситалар эскиришини (амортизациясини) ҳисоблаб ёзиш тўғрисидаги қўшимча ахборот ҳисобланади. Бу ҳисоботда ижарага берилган ва ижарага олинган асосий воситалар тўғрисидаги ахборот ҳам тақдим қилинади.


^ ПУЛ ОҚИМЛАРИ ТЎҒРИСИДАГИ ҲИСОБОТ


87. Хўжалик юритувчи субъект "Пул оқимлари тўғрисидаги ҳисобот" БҲМСга мувофиқ равишда пул оқимлари тўғрисидаги ҳисоботларни тақдим этишга мажбур.


88. "Пул оқимлари тўғрисидаги ҳисобот" деб номланган БҲМС пул ҳаракатига оид ҳисобот тақдим этишни ва унга тааллуқли тушунтиришларни беришни талаб қилади. Нақд пул оқими тўғрисидаги ахборот молиявий ҳисоботдан фойдаланувчиларга хўжалик юритувчи субъектнинг пул маблағини ва пул эквивалентларини хўжалик субъектининг эҳтиёжларига йўллаш қобилиятини баҳолаш имкониятини тақдим этишда фойдалидир.


^ ЎЗ САРМОЯСИ ТЎҒРИСИДАГИ ҲИСОБОТ


89. Ўз сармояси тўғрисидаги ҳисоботда ўз сармоясининг ҳаракати, захираларни шакллантириш, тўлаш учун ҳисобланган дивидендлар тўғрисидаги ахборот тақдим этилади.


^ МОЛИЯВИЙ ҲИСОБОТГА ИЗОҲЛАР,

ҲИСОБ-КИТОБЛАР ВА ТУШУНТИРИШЛАР


Изоҳлар, ҳисоб-китоблар ва тушунтиришларни

тузишдан мақсад


90. Хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий ҳисоботига изоҳлар, ҳисоб-китоблар ва тушунтиришларда:

90.1. Хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий ҳисоботини тузишда ва унинг ҳисоб сиёсатида танлаб олинган ва қўлланилаётган асос тўғрисидаги ахборот бўлиши лозим;

90.2. БҲМС талаб қилувчи, ҳеч бир жойда молиявий ҳисоботда кўрсатилмаган ахборотни очиб бериш;

90.3. Молиявий ҳисоботда келтирилмаган, лекин молиявий ҳисоботни аниқ ва тўғри тасаввур этиш учун зарур бўлган қўшимча таҳлилий ахборотни келтириш лозим.


Тушунтиришлар таркиби


91. Молиявий ҳисоботларга тушунтиришлар мунтазам равишда тушунтириш хати тарзида бўлиши керак.

Тушунтиришлардаги ахборот молиявий ҳисоботда келтирилган тегишли моддаларга боғлиқ равишда тақдим этилиши лозим.


92. Тушунтириш одатда шундай тузиладики, у фойдаланувчига молиявий ҳисоботларни яхшироқ англаб етишда ва уларни бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг молиявий ҳисоботи билан қуйидагича қиёслашига ёрдам беради.

92.1. Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартларига мувофиқлиги ҳақидаги ҳисобот;

92.2. Ўлчов асоси ва бухгалтерия ҳисобида қўлланилаётган сиёсат тўғрисидаги ҳисобот;

92.3. Молиявий ҳисоботда келтирилган моддалар учун ёрдамчи ахборот;

92.4. Қуйидагиларни ўз ичига олган бошқа ахборотлар:

92.4.1. Шартли мажбуриятлар, оддий мажбуриятлар ва бошқа молиявий ахборотлар;

92.4.2. Молия билан боғлиқ бўлмаган ахборотлар.


93. Молиявий ҳисоботларни тайёрлаш асоси ва бухгалтерия ҳисоби бобидаги махсус сиёсат ҳақидаги ахборот молиявий ҳисоботга изоҳлар олдида алоҳида ҳисобот тарзида келтирилиши керак.


Ҳисоб сиёсатини очиб бериш


94. Молиявий ҳисоботга тушунтириш хатидаги ҳисоб сиёсати тўғрисидаги бўлим қуйидагиларни баён қилиб бериши керак:

94.1. Молиявий ҳисоботни тайёрлаш чоғида фойдаланилган (фойдаланилаётган) баҳолаш асоси (асослари);

94.2. Молиявий ҳисоботларни аниқ тасаввур этишда муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳисоб сиёсатининг ҳар бир махсус қисми;

94.3. Ҳисоб сиёсатида бирор ўзгариш содир бўлганда тушунтириш ҳисоботи.

95. Молиявий ҳисоботларни тузишда фойдаланиладиган махсус ҳисоб сиёсатига қўшимча равишда ҳисоботдан фойдаланувчилар учун молиявий ҳисоботларда фойдаланиладиган баҳолаш асосини (асосларини), яъни дастлабки қийматни, жорий қийматни, сотиш қийматини, дисконт қийматни ва баланс қийматини англаш жуда муҳимдир. Бу тамойиллар кўп жиҳатдан узлуксизлик қоидасига ўхшаш бўлиб, улар молиявий ҳисоботни тузишнинг асосини шакллантиради. Улар ана шу тамойиллардан баъзи вазиятларда баҳолаш асосларини танлаб олиш имконияти мавжудлиги билан фарқ қилади.

Агар молиявий ҳисоботда баҳолашнинг биттадан ортиқ асосидан фойдаланилса, масалан, асосий воситаларнинг муайян турини баҳолаш чоғида битта асосдан фойдаланилса, ўлчашнинг алоҳида асоси қўлланилган активлар ва мажбуриятлар тоифаси акс эттирилишини кўрсатиш зарур.


96. Ҳисоботдан фойдаланувчи учун ҳисоб сиёсатининг ўзига хос жиҳатларини очиб беришнинг устуворлигини кўриб чиқиш чоғида раҳбарлар бу ҳолат хўжалик юритувчи субъектнинг дуч келиши мумкин бўлган хатарларини ва келгусидаги пул маблағи ҳаракатларини баҳолашга имкон беришини эътиборга олиши лозим. Ҳисоб сиёсатини очиб бериш қуйидаги ахборотларни ўз ичига олади, лекин шу ахборотлар билан чекланиб қолмайди:

96.1. Фойдани акс эттириш:

96.2. Жамлаш тамойиллари;

96.3. Фаолият турлари билан қўшиб олиб бориш;

96.4. Биргаликдаги фаолият;

96.5. Моддий ва номоддий активларнинг акс этиши ва эскириши (амортизацияси);

96.6. Жалб этилган маблағ қийматининг сармояланиши ва ўзга харажатлар;

96.7. Капитал сарфлар;

96.8. Инвестиция мулки;

96.9. Молиявий воситалар ва инвестициялар;

96.10. Ижара;

96.11. Тадқиқот ва тараққиёт билан боғлиқ харажатлар;

96.12. Товар - моддий захиралар;

96.13. Солиқлар, жумладан муддати кечиктирилган солиқлар;

96.14. Захиралар;

96.15. Ходимларни сақлаб туриш харажатлари;

96.16. Хорижий валютани ўтказиш;

96.17. Фаолият турларини, жуғрофий сегментларни ҳамда харажатларни сегментлар ўртасида тақсимлаш усулини белгилаш;

96.18. Пулнинг қадрсизланишини ҳисобга олиш;

96.19. Ҳукумат субсидиялари.


Бошқа очиб беришлар


97. Хўжалик юритувчи субъект, агар бошқа молиявий ҳисоботларда очилмай қолган бўлса, қуйидаги ахборотларни очиб кўрсатиши лозим:

97.1. Хўжалик юритувчи субъектнинг ҳуқуқий шакли, таъсис этилган мамлакат ва рўйхатга олинган идоранинг юридик манзили (ёки амалий фаолиятнинг манзили рўйхатга олинган идора манзилидан фарқ қилса, амалий фаолият жойи аниқ кўрсатилади);

97.2. Хўжалик юритувчи субъектлар асосий фаолияти операциялари моҳиятининг тасвири;

97.3. Бош компания ёки гуруҳ бош компаниясининг номи;

97.4. Ходимларнинг рўйхатдаги ўртача сони.



Похожие:

Ўзбекистон республикаси адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган 14. 08. 1998 й. №474 iconЎзбекистон республикаси адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган 05. 03. 2013 й. N 2435
Давлат бюджети параметрлари тўғрисида ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 52-сон, 587-модда)...
Ўзбекистон республикаси адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган 14. 08. 1998 й. №474 iconЎзбекистон республикаси адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган 27. 08. 1998 й. №484
Бухгалтерия ҳисобининг ушбу миллий стандарти (БҲМС) "Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Қонуни асосида тайёрланган...
Ўзбекистон республикаси адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган 14. 08. 1998 й. №474 iconЎзбекистон республикаси адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган 04. 11. 1998 й. №519
Бухгалтерия ҳисобининг ушбу миллий стандарти (БҲМС) "Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Қонуни асосида ишлаб чиқилган...
Ўзбекистон республикаси адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган 14. 08. 1998 й. №474 iconЎзбекистон республикаси адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган 26. 08. 1998 й. №483
Бухгалтерия ҳисобининг ушбу миллий стандарти "Бухгалтерия ҳисоби тўгрисида" Ўзбекистон Республикаси Қонуни асосида ишлаб чиқилган...
Ўзбекистон республикаси адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган 14. 08. 1998 й. №474 iconЎзбекистон республикаси адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган 28. 12. 1998 й. №581
Бухгалтерия ҳисобининг ушбу миллий стандарти (БҲМС) "Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни асосида ишлаб...
Ўзбекистон республикаси адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган 14. 08. 1998 й. №474 iconЎзбекистон республикаси адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган 03. 12. 1998 й. №562
Ушбу Бухгалтерия ҳисоби миллий стандарти (БҲМС) Ўзбекистон Республикасининг "Бухгалтерлик ҳисоб-китоби тўғрисида"ги Қонуни асосида...
Ўзбекистон республикаси адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган 14. 08. 1998 й. №474 iconЎзбекистон республикаси адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган 14. 08. 1998 й. N 475
Ушбу концептуал асос Ўзбекистон Республикасининг "Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида"ги Қонуни асосида ишлаб чиқилган ва фойдаланувчилар...
Ўзбекистон республикаси адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган 14. 08. 1998 й. №474 iconЎзбекистон республикаси адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган 02. 11. 1999 й. №833
Мазкур стандарт "Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 11-моддасига мувофиқ ишлаб чиқилган
Ўзбекистон республикаси адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган 14. 08. 1998 й. №474 iconЎзбекистон республикаси адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган 28. 12. 1998 й. №580
Бухгалтерия ҳисобининг ушбу миллий стандарти (БҲМС) Ўзбекистон Республикасининг "Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида"ги Қонунига асосан...
Ўзбекистон республикаси адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган 14. 08. 1998 й. №474 iconЎзбекистон республикаси адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган 23. 12. 1998 й. №579
Ушбу Бухгалтерия ҳисоби миллий стандарти (БҲМС) Ўзбекистон Республикасининг "Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида"ги Қонуни асосида ишлаб...
Разместите кнопку на своём сайте:
Документы


База данных защищена авторским правом ©uz.denemetr.com 2000-2015
При копировании материала укажите ссылку.
обратиться к администрации