Документы



Э. бегматов, А. Маматов адабий норма назарияси icon

Э. бегматов, А. Маматов адабий норма назарияси

НазваниеЭ. бегматов, А. Маматов адабий норма назарияси
страница1/3
Дата05.09.2013
Размер0.61 Mb.
ТипДокументы
скачать
  1   2   3
1. /Адабий норма назарияси.docЭ. бегматов, А. Маматов адабий норма назарияси

Э. БЕГМАТОВ, А.МАМАТОВ


АДАБИЙ НОРМА НАЗАРИЯСИ


___________________________________________________

______________________________

________________


ТОШКЕНТ – 1997


Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси

Тилшунослик институти


Э. БЕГМАТОВ, А.МАМАТОВ


АДАБИЙ НОРМА НАЗАРИЯСИ

1-қисм


ТОШКЕНТ

Наврўз”

1997


Мазкур китобда чет эл тилшунослигида, рус тилшунослигида ва туркийшуносликда адабий тил ва адабий нормага оид ишлар ўрганилган, таҳлил қилинган ва улар илмий жиҳатдан умумлаштирилган. Китобда адабий норма тушунчаси, адабий нормадан талаб қилинувчи мезонлар, адабий норманинг типлари, адабий норманинг шаклланиш ва яшаш қонуниятлари, адабий тилни нормалаш каби муаммолар ўрганилган.

Китоб олий ўқув юртлари талабалари, аспирантлар ва шу соҳа бўйича илмий кузатишлар олиб бораётган барча тилшунос мутахассислар учун мўлжалланган.

Тақризчилар:

филология фанлари доктори, профессор

Н.Маҳмудов

филология фанлари доктори, профессор

Б.Ўринбоев


1. Тил нормаси тушунчаси ва унинг ўрганилиш тарихидан


Тилшунослик фани ўз шаклланиш ва ривожланиш тарихига эга бўлгани каби нормаси муаммоларини ўрганиш ҳам маълум тарихга эга. Тил нормасига оид муаммолар пайдо бўлгандан буён чет элларда, собиқ иттифоқда бу масалага бағишланган бир қатор назарий ва амалий ишлар қилинди. Аммо тил нормасининг моҳияти ва унинг тил тизимидаги ўрни ханузгача етарли даражада ҳал қилинмайди. Назаримизда бунинг сабаби қўйидагича:

Биринчидан, лисоний норма тушунчаси тил, нутқ, тил тизими, усул, адабий тил, ижтимоий ва профессионал лаҳжалар ва шу каби жуда мураккаб, ҳозиргача тилшуносликда ўз ечимини тўла топмаган тушунчалар билан узвий боғлиқдир.

Иккинчидан, бу муаммони жиддий ҳал қилишдаги асосий масалалар:

1) “норма” деб қандай тил ҳодисасини айтса бўлади? (яъни, норманинг умумназарий масалалари ва яхлит таърифи масаласи);

2) тил нормасидаги ўзгаришларнинг асосий сабаблари нимада; (норманинг динамиклиги, имманентлиги, ижтимоий ҳодиса эканлиги масалалари);

3) бир маънони англатадиган икки тил бирлигидан қайси бирини адабий норма доирасига киради деб баҳолаш мумкин? (нормада вариантдорлик, услубий тармоқланганлик ва шу каби масалалар);

4) умуман лисоний нормадаги ўзгарувчанлик (динамиклик) ва бу жараёнда тилда ёки нутқда юзага келувчи тўғрилик ва хатолик ўртасидаги чегарани қандай аниқлаш мумкин? (яъни нормадан четга чиқишлар) каби муаммоларнинг ҳозирга қадар илмий-назарий ва амалий жиҳатдан етарли даражада тадқиқ этилмаганлигидир.

Лисоний нормани ўрганиш бўйича мавжуд ишларни кузатиш ва муаммоларни ўрганиш борасида тўрт асосий марказ мавжудлигини кўрсатади. Булар:

  1. чех (Прага) тилшунослик мактаби;

  2. Э.Косериуннинг илмий назариялари;

  3. Америка, инглиз ва немис тилшуносларининг илмий қарашлари;

  4. Собиқ Иққифоқ тилшунослигидаги илмий назарий қарашлар.

Биз ушбу ишимизда тил нормасини ўрганиш бўйича қайд қилинган илмий марказларда олиб борилган ишларни иложи борича тўлиқ таҳлил қилишга ҳаракат қиламиз. Бундай мақсад ўзбек тили лисоний нормаларини келгусида кокрет таҳлил қилиш учун назарий асос яратишдан иборатдир. Бу ўринда таниқли тилшунос Б.С.Шварцкопфнинг қўйидаги фикрини келтириш ўринлидир: “Норма масалалари ва адабий тилини нормалаштириш билан боғлиқ бўлган муаммоларни баён қилиш умуман тил нормаси, хусусан адабий тил нормасининг моҳияти ҳақидаги назарий қарашлар ривожланишининг шархисиз бу муаммоларни ёритиб бўлмайди.

Гап шундаки лингвистик адабиётда норма тушунчасининг моҳияти, бу тил ходисасининг ҳар хил аспектларига турлича ёндашилган ва жуда кўп таърифлар берилган.

Ана шу ҳар ҳилликларда назарий изланишларнинг бир неча йўналишларини кўриш мумкин”1.

2. Лисоний норма муаммосининг чет эл тилшуносликдаги ўрганилиши


Узоқ вақтдар давомида тил нормаси ва адабий тилни нормалаштириш муаммолари тилшунослар эътиборан четда қолиб келди. Бу масалани хал этишда прага тилшунослик мактаби деб юритилувчи илмий марказнинг хизмати деқиёсдир. Улар тил нормасининг объектив ҳодисаси эканлигини, унинг тил тизими ичидаги моҳиятини кўрсатишга ҳаракат қилдилар, бу эса кейинчалик жуда кўп тилшуносларининг илмий кузатишлари объекти бўлиб қолди.

Прага тилшунослик мактаби намоёндалари тил нормасини, адабий тилнинг асосий вазифаларини адабий тил нормаси кодикациясининг амалий масалалари билан бирга узвий ҳолда таҳлил қилдилар. 1930-йилларнинг бошида Прага тилшунослик аъзоларининг илмий ишларида тил нормаси ва адабий тилни нормалаш, унинг кодификацияси масалалари катта назарий муаммо сифатида таҳлил қилинди. Улар тил нормасини вазифавий (функционал), ижтимоий-лисоний (лингвосоциологик) ва конкрет лисоний-тарихий ҳодиса сифатида ўргандилар. Энг аввало шуни қайд қилиш керакки, Прага тилшунослик тўгараги аъзолари тил нормасини уё ки бу тилда сўзловчи умумжамоа томонидан мунтазам равишда фойдаланиладиган лисоний чтруктура воситаларининг йиғиндиси деб тушундилар. Тил нормасини илмий-назарий жиҳатдан таҳлил қилишда бу мактаб аъзоларидан Б.Гавранек, В.Матезиус, А.Едличка, В.Барнет, Е.Вахак ва бошқаларнинг хизматлари диққатга молиқдир.

Маълумки, XX аср бошларида тилшуносликда структурализм оқими пайдо бўлиб, бу оқим (структуралистлар) норма тушунчасини анча жиддий, илмий-назарий таърифлашга ҳаракат қилди. Чех тилшуноси Б.Гавранек ҳам тилга, хусусан норма масаласига структурал нуқтаи назаридан ёндашди.

Б.Гавранек ўз илмий кузатишларида нормани тизим (система) сифатида ҳарактерлаб, норма тушунчаси тил мавжудлиги доирасига бевосита алоқадорлигини ва тил доирасида мажбурий қўлланилишини таъкидлайди.

У адабий тил моҳиятидан келиб чиқиб, унинг янги тушунчаларини тавсия қилди ҳамда тил нормаси ва адабий тил кодификацияси назариясини асослашга уринди, адабий тилнинг услубий (стилистик), қабатланганлик назариясини вазифавий (функционал) нуқтаи назаридан ёндашган ҳолда ишлаб чиқди ва чех нутқи маданиятининг ривожланишига катта ҳисса қўшди.

Б.Гавранек тил нормасининг назарий ва амалий муаммоларини хал қилиш пайтида адабий тил билан халқ тилини қиёслаб ўрганди ва нормани кўп жиҳатдан узус белгиламайди, лисоний норманинг юзага келиши ва шаклланишида фақат тилдан фойдаланишгина асосий олим эмас, чунки адабий норма, ўз моҳиятига кўра халқ тили, унинг тузилиши ва характеридан фарқланади. Шу сабабли адабий тил нормасининг юзага келишида узус маълум роль ўйнаса-да, асосий, ҳал қилувчи омил бўла олмайди2, - деган хулосага келди.

Чех тилшунослик мактабининг бошқа бир вакили юқорда қайд қилинган фикрни бошқачароқ усулда ифода этиб шундай ёзади: “Норма котегорияси ҳеч қачон фақат адабий тил билан чегараланмайди ва фақат у билан боғлиқ эмас, лекин шунга қарамасдан норма муаммоси адабий тилга нисбатан энг мураккаб ва ижтимоий зарур ҳодисадир. Аммо адабий тил нормаси ўзига хос хусусиятларга эга, зеро, унинг муаммолари ҳам ўзига хос куринишларга эга эканлиги ҳам характерланади”.

Б.Гавранек эса тил нормаси ҳақида фикр эритар экан, лисоний нормадаги уму учун мажбурийлик омилини асосий белги деб ҳисоблайди.

Б.Гавранек, “тил нормаси, бу маълум бир лисоний гуруҳ аъзолари учун шарт бўлган, мажбурий қоидадир. Норма тил тизисида ўз аксини топади, акс ҳолда у ўзининг энг муҳим вазифаси – кишилар ўтасидаги алоқа воситаси вазифасини бажара олмаган бўлар эди” – деб ёзади.

Б.Гавранек ушбу фикрни давом эттирар экан, ҳар қандай тил гуруҳи, у хоҳ ҳудудий гуруҳ, ҳоҳ ижтимоий гуруҳ бўлсин, ўзининг тил нормасига эга. Норма тушунчаси нафақат адабий тилга, балки лисоний норма маълум қоидалар мажмуаси сифатида тилнинг ҳамма кўринишларига ҳам хос эканлигини айтади. Ҳар қандай миллий тилнинг адабий нормаси ўз шаклланиш ва ривожланиш тарихига эга бу жиҳатдан у деалект ва оғзаки нутқ нормалари тарихидан фарқ қилади. Адабий норма ва оғзаки нутқнинг фарқлари ҳақида янада кенгайтириб, Б.Гавранек қуйидаги тезисни олға сурди: бир томондан, адабий норма оғзаки тилдан ажралиб туришга ҳаракат қилид (чунки оғзаки тилда шевалар ҳам мавжуд), иккинчи томондан, эса бадиий тилнинг энг муҳғим хоссаси – ҳамма тушунадиган, соддалик, жўнлик хусусиятлари унинг оғзаки тил билан яқинлашишига туртки бўлади (яъни оғзаки нутқ нормаси адабий тил нормасига яқинлашуви маъносида). Бу қарама-қаршилик бадиий тилнинг ҳам, оғзаки тилнинг ҳам мунтазам ривожланиш, тараққиёт манбаидир. Б.Гавранекназариясининг тил нормаси ҳақида бошқа чет эл тилшунослари назарияларига нисбатан мукаммаллиги шу билан изоҳланадики, у тил нормасига хос бўлган қўйидаги энг зарур хусусиятларни англаб етади ва эътироф этади:

- норма тушунчаси кенг ҳодиса бўлиб, у нафақат бадиий талга балки ҳудудий диалектларга ҳам хосдир;

- адабий норманинг ривожланиши миллий тилнинг ҳар учала компонентлари (адабий тил, оғзаки тил, диалектлар)нинг бир бирига боғликлиги билан характерланади;

- адабий норманинг ўзаро фарқ қиладиган ички белгилари ҳам тил сатҳларидан аниқ ифодаланган функционал-стилистик қатламларнинг мавжудлигида кўринади;

- норма учун барқарор ва айни пайтда ўзгарувчанлик ва ривожланувчанлик ҳарактерлидир.

Аммо Б.Гавранекназариясининг бир неча камчиликлари ҳам мавжуд бўлиб, улар қўйидагилардан иборат деб ҳисоблаймиз:

- Б.Гавранек тан олишича, у нормани фақат тилнинг ўзига хос бўлган лисоний ҳодиса деб тушунади, айни пайтда у нормани тил нуқтаи назаридан эмас, балки нормага жамиятнинг унга алоқаси нуқтаи назридан текширади (масалан, миллий тилнинг адабий нормаси шаклланиш даврида жамиятнинг нормага онгли интилиши; мавжуд бўлган тил нормасига аниқ, бекаму кўст амал қилиш талабининг ўсиши каби тезисларни олға суради);

- унинг фикрича, ижтимоий деалектлар (жаргонлар) ўзларининг махсус нормаларига эга эмас, чунки улар умумхалқ тилидан фақат жаргонга хос луғавий хусусияти билан фарқ қилади;

- Б.Гавранек лисоний нормани ташқил қиладиган қоидаларнинг ҳарактери, ўзига хос белгилари ҳақида хеч нарса демайди. У нормани тил тизими ва тузилиши билан боғлайди. Чех тилшунослари томонидан норма тушунчасининг талқин қилиниши кейинги даврларда “узус” ва “адабий тил”, “норма” ва “кодификация” (қонунлаштириш) тушунчаларининг тўлароқ, батафсил, жиддий таърифланиши билан ҳарактерланади.

Тил нормаси ҳақида Б.Гавранек олдинга сурган назарий фикрлардаги баъзи камчиликлар ва изчилсизликлар ҳақида ўз вақтида Л.Н.Дзекиревская ҳам мулоҳазалар билдирган эди.

Бу масалалар бўйича Б.Гавранек ҳам фикр юритиб, адабий тил нормаси билан ноадабий тил нормалар орасида фарқлар тил системаси ва норма, кодификация ва азус орасидаги муносабатлар билан боғлиқдир. Тилнинг ноадабий кўринишларида норма система ва узуснинг муносабатидангина иборат бўалди, - деган хулосага келди.

Прага лингвистик тўгараги намоёндаларининг норма назрияси ҳақида фикрларини қўйидагича тавсифлаш мумкин: узусдан тил нормаси даражасига кўтарилиш бир даврдаги нормадан иккинчи бир давр нормасига бир неча нормалар жараёнини босиб ўтиш орқали содир бўлади. Бу тахлилдаги таъриф имплицит равишда норманинг система-тил структураси-узус билан боғлиқлигини кўрсатади, шунингдек, тилнинг нормативлиги ва унинг ижтимоий вазифаси ўртасида диалектик боғлиқлик борлигидан далолат беради. Яна бир чех олими Йозеф Вахик тил ёзув шаклининг ижтимоий аҳамияти тўғрисида кузатишлар олиб бориб, ёзув тилининг лисоний нуқтаи назаридан ўрганиш зарурлигини таъкидлайди ва тил ёзув шаклининг ижтимоий ролини, унинг ижтимоий обрўсини юксак баҳолайди. “Агар тил жамоаси ёзувини такомиллаштирмаган экан, демак, у ҳали ўз тилининг яширинган имкониятларини тўлиқ даражада билмаслиги аниқ ҳақиқатдир”, - дейди Й.Вахек. Чунки ёзув нормаси вазифаларини оғзаки норма бажара олмайди, оғзаки ёзув нормасига керакли бўлган воситалар йўқдир. Бу фикр билан Й.Вахек ёзув билан ёзув нормасини бир хил нарса деб тушунади. Бу албатта, мунозарали ва нуқсонлидир. Бу тадқиқотчининг нуқтаи назарича ўз ёзувига эга бўлган тилгина “нормал” тил ҳисобланиши керак. “Ёзув нормаларига эга бўлмаган тиллар нормал нарса деб қаралмалиги керак, чунки ёзув лингвистик жараёнларнинг асосини ташкил қилади. Ёзувсиз тил функционал жиҳатдан нонормал, етарли эмас: эртами ёки кечми, бундай тиллар ўз нормаларини ривожлантиришлари шарт, чунки юзлаб тиллар шундай қилдилар ва қилмоқдалар”, - деб таъкидлайди Й.Вахек.

Шундай қилиб, прага лингвистик тўгараги аъзолари адабий тил ва унинг нормасининг функционал моҳияти ҳақида яхлит, бир бутун ғоя яратдилар. Кейинги ўн йилликларда собиқ Иттифоқ тилшунослигида тил нормаси ва унинг кодификацияси муаммоларини ечиш борасида жуда кўп жиҳатдан прага функционал – структурал тилшунослиги намоёндаларининг қайд этилган ғояларига аосландилар ва бу илмий мактабнинг асосий ғояларини рус тили ва барча миллий халқлар тилларига тадбиқ қилдилар ҳамда ўша ғоя атрофида илмий амалий кузатишлар олиб борилди.

Асримизнинг 50 йилларига келиб норма муаммоларини тадқиқ қилиш тил воситаларининг қўлланилишини муайян тартибга, нормага солиш асосида олиб борилди. Норма тушунчасига бу каби янгича ёндашиш машҳур тилшунос Э.Косериу таълимоти билан бевосита боғлиқдир. Э.Косериу нормани – ижтимоий нуқтаи назардан объектив, тартибга колинган ва танланган ҳодиса деб тушунса, кодификацияни – субъектив, фақат тил нуқтаи назардан тўғри бўлган ҳодиса, категориядир деб тушунади. Унинг фикрича, тил системаси ва структураси тилнинг ҳамма ходисаларни ўз ичига қамраб ололмайди. Ҳар бир тил ўз ифода томонида ҳам, маъно томонида ҳам ўзининг вариантдорлик ҳусусиятларига эга.

Э.Косериунинг тилшунослик фани олдидаги хизматларидан бири шундаки, у тилдаги вариантдорлик тушунча системанинг хусусиятидан келиб чиққан ҳодиса эмас, балки норманинг ўз моҳиятидан келиб чиққан ҳодиса эканлигини исботлайди ва нутқда мавжуд бўлган турли хил чекинишларни ҳам норма белгилайди, - деб ҳисоблайди. Э.Косериу ўтмишдошларидан фарқли ўлароқ, нормани тор ва кенг маънода талқин қилади. Кенг маънодаги норма, унинг фикрича, бу “тилнинг яшашини таъминлайдиган барча лисоний ҳусусиятлар йиғиндисидир”. Тор маънодаги норма эса бу “функционал аҳамиятдан (қийматдан) маҳрум бўлган тил элементларидир. Норманинг тор маънодаги тушинилиши система тушунчасининг қарама-қаршисидир. Системадаги қарама-қаршиликлар маълум моделлар орқали амалга оширилади, норма эса бу моделларни муайян равишда рўёбга чиқаради. Тор маънодаги норма лисоний моделларни амалда тадбиқ қилиш жараёнида конкретлаштирилиб ва тўлдириб борилади.

Э.Косериунинг диққатига сазовор бўлган хизматлардан яна бири шуки, у тил нормаси ва унинг кодификацияси ўртасидаги чегарани аниқлаб берди. Олим ўз илмий ишларида тил нормаси ва унинг кодификацияси ҳодисаларини чегаралаш юзасидан Прага лингвистик тўгараги намоёндалари олдинга сурган ғояларини янада тўлдирди ва мукаммаллаштирди. Лекин чех тилшуносларининг ғоялари билан Э.Косериу фикрлари ўртасида маълум фарқлар мавжуд.

Чех тилшунослари адабий тил нормаси тушунчасини кодификация тушунчасидан ажратиб ўтганлар. Шу билан бирликда, улар адабий тил нормасидаги анъанавий ва янги тил унсурларинигина ҳисобга олдилар, аксинча, тилнинг архаик, эски шакллари кодификациясини инкор қилдилар.

Э.Косериу ғоясининг Прага тилшунослик мактаби вакиллари фикрларидан фарқи шундаки, у асосий диққатни тилнинг системали ўзгаришларига қаратди ва ўзининг “система-норма-нутқ” схемаси билан бил нормаси ва унинг кодификацияси ҳақидаги ўз илмий фикрларини бошлиқларга нисбатан батафсилроқ баён қилди. Аммо Э.Косериу бу схемасида ҳам бир нечта камчиликлар бўлиб, бу камчиликларнинг ўрнини тўлдириш кейинчалик бошқа тилшунослар зиммасига тушди.

Тил ҳодисаларининг тўғри ёки нотўғрилиги (яъни, норматив) муаммоси кейинги пайтларда чет эл тилшунослигида, собиқ Иттифоқ тилшунослигида қизғин баҳслар, мунозалараларнинг мавзуи бўлди. Олимлар бу муаммога турлича ёндашдилар ва талқин қилдилар. Бу ҳол “тил нормаси” тушунчасининг жуда мураккаблиги билан изоҳланади. Чунки унда бир қанча ва баъзан бир-бирини инкор қиладиган белгилар мавжуд. Инглиз ва америкалик тилшунослар норманинг табиатини, хусусиятларини ўзларининг лингвистик ва социолингвистик ишларида ёритдилар.

Инглиз тилшунослигида тил нормасининг моҳиятини аниқлашда бир неча йўналишлар мавжуд. Биринчи гуруҳга кирувчи тилшунос, шу жумладан Э. Гауэрз, А.Маркуордт ва бошқалар нормани умумжамоа томонидан қўлланиладиган ва тил жамияти томонидан тўғри деб эълон қилинган тил шакл (форма)лари деб тушинилади. Бошқача қилиб айтганда, уларнинг нормативлигидан далолат беради. Бу фикр биринси бўлиб инглиз тилшунослигида Р.Тренч томонидан айтилган эди. Жумладан, у шундай ёзади: “...тилнинг тилшунос ҳоҳлаган элекментлари эмас, балки тилда ҳақиатан ҳам нима мавжуд ва ишлатилаётган бўлса ўша тўғридир”.

Иккинч гуруҳ тилшунослар, масалан, Г.Хартунг ва Р.Пуллилар нормани тамомила қарама-қарши нуқтаи назаридан талқин қиладилар. Улар фикрича, махсус қўлланмалар нимани тавсия қилса, ана шу тўғри. Бу фикрга кўра норма грамматика мутахассислари, луғатшунолар ва махсус тавсияномаларни тузувчилар томонидан белгилаб борилган қонундир. Бу назария тарафдошлари норма тилнинг ўзида бўлмайди, балки у тилшунос-мутахассислар томонидан яратилади, белгилаб берилади, деб ҳисоблайдилар.

Норма масалаларига функционал жиҳатдан ёндашувчиларнинг фикрлари ҳам эътиборга лойиқдир. Масалан, Д.Крэпп нормани икки аспектда олиб қарайди, яъни у тилда “норматив” қўлланишлар ва “яхши” қўлланишларни форқлайди. Олим маълум тил умумжамоаси томонидан қабул қилинган умумқўлланишларни норматив дуб тушунади. Тил жамоаси аъзоларининг фикрлари ва ҳиссиётларини аниқ ва тушунарли қилиб берадиган тилни “яхши” тил деб баҳолайди ва бу “яхши” тил норматив бўлиши шарт эмас деб билади. Унинг фикрича, “норматив” тил битта бўлади, “яхши” тил эса бир нечта бўлиши мумкин. “Яхши” тил ҳисобига у сўзлашув тилида қўлланиладиган содда тил сўз ва ибораларни, оғзаки тил ва адабий тилни киритади. У “яхши” тилни баҳолашнинг конкрет нутқ вазифасига функционал жиҳатдан мос келиши деб тушунади.

Д.Крэппнинг бу ғояси кейинчалик Р.Пули, Ч.Фриз, В.Г.Костомаров, А.А.Леонтьев, Б.Н.Головин ва Прага тилшунослик тўгараги аъзолари томонидан ривожлантириб, нормадаги “коммуникатив мақсадга мувофиқ” мезонининг яратилишига асос бўлди. Д.Крэппнинг фикрича, норманинг муназарали томонлари маълум тил умумжамоасининг тилдан фойдаланиши, тилнинг ишлатилиши устидан кузатишлар йўли билан ҳал қилинади. Шу билан бирга нормани белгилашда анъанавий ёзув манбаларига эмас, балки бевосита ҳозирги давр тил амалиёти устидан кузатишларга асосланиш керак, деб таъкидлайди Д.Крэпп. бошқача қилиб айтганда, норматив тил қўлланилишининг асосий майдони бу оғзаки нутқдир. Унинг фикрича, тилшуносларнинг вазифалари тилдаги асосий тенденцияларни ҳам, нормадан четга чиқишлари ҳам, тил бирликларининг ўзгариб туришларини ҳам қайд қилишдан иборатдир.

Бу назария ривожланиб, Р.Пули, аввало, норматив адабий тилнинг кўп функционаллигини таькидлайди. Бошқача қилиб айтганда, адабий тил умумий нормасининг мавжудлиги, ҳеч қачон бу норманинг вариантлари мавжуд бўлишини инкор қилмайди. Бу ҳол эса тилда бир неча функционал услубларнинг мавжуд бўлиши билан боғлиқдир. Ўзининг вазифавий ранг-баранглиги туфайли адабий тил фикрларини содда, аниқ қилиб ифода этишга қодирдир. Р. Пулли тил нормасининг тадрижини (эволюциясини), норманинг функционал жиҳатдан тўғрилигини амалда исбот қилиш жараёни деб қарайди. “Яхши” тил тилнинг ўзида содир бўлдиган ўзгаришлар билан бир пайтда ўзгариб, янгилаб туради. Норма моҳиятининг бундай тушинилиши тилдаги турли ходисаларни баҳолашда катта роль ўйнайди.

Қайд қилинганларга қарамасдан, тил системасида норманинг ўрни ҳақидаги масала номаъқул бўлиб қолмоқда. Система ва норма тушунчасининг аниқ чегараланиши Э.Косериунинг ишларида баён этилган. Олимнинг фикрича, система ва норма узвий боғлиқдир. Система нормада амалга ошади, норма эса система доирасида тил воситаларнинг танланиши билан боғлиқдир. Э.Косериунинг бу фикрлари норма назариясининг ривожланиши учун катта ва янги туртки бўлди.

Шунга ўхшаш қарашларни В.Хартунг ҳам чиқади ва у нормани баҳолашнинг уч аспектини фарқлайди, яъни:

1) сўзловчининг ўз фикрини тўғри, аниқ ва дўнда қилиб ифодалай олиши;

2) тингловчининг у ёки бу даражада таъсирланиши;

3) маълум тилнинг структураси ва унинг анъаналари.

Масалага бу ҳолда ёндашилганда тил воситалари нафақат функционал планда, балки уларнинг тил системасида тутган ўрни нуқтаи назаридан ҳам таҳлил қилинди. Бунга кўра “сўзловчи-тингловчи”, “система-норма” каби тушунчаларни қарама-қарши қўйишлар юзага келади. Шуниси характерлики, тўғрилик-нотўғрилик меъзони сифатида жамиятнинг маълумотли доирасининг нуфузли манбаларида қайд қилинган тил амалиёти қабул қилинади.

Кам маълумотларнинг сўз қўллаши тилдаги саводходлик деб тушунилади. Масаланинг мураккаблиги шундаки, тилни энг яхши билувчилар ўратасида ҳам норматив сўз қўллаш масалалари ҳақида келишмовчиликлар бўлиши мумкин. Луғатлар тузиш тажрибаси ҳам шуни кўрсатадики, жуда кўп ҳолларда энг нуфузли мутахассислар ҳам қайси бир сўз бирилигини луғатга номал тил бирлиги сифатида киритиш мумкин ёки мумкин эмаслиги тўғрисида бир битимга кела олмайдилар. Айтганларидан хулоса шуки, бундай ҳолда тилшунослар ўртасида тилда нима “тўғри”ю, нима “нотўғри” деган масала турмайди, балки норматив сўзларни танлашда ва баҳолашда ким хакамлик қилади деган масала ўртага қўйилди. Аслида эса норматив тил вариантларини танлашда хакам сифатида барибир тилшунослик туради. Тилшунослик ўзининг ўқимишлиги туфайли, тил билимдонлиги туфайли сўз қўлланишларга у ёки бу даражада объектив ёндашади. Инглиз тилшунослари ўз қарашлари пировардида мана шундай хулосага келишади.

Шундай қилиб, америкалик ва инглиз тилшунослари илмий назарий қарашларининг қисқача таҳлили шуни кўрсатяптики, улар ўртасида ҳам норма тушунчасини аниқлашда яхлит бор, узил-кесил фикр мавжуд эмас. Тил нормаси тушунчаси ва бу ҳодисанинг моҳияти ҳақида немис тилшунослари ҳам у ёки бу даражада ўз муносабатларини билдирган ва турлича фикрлар баён қилинган. Асримизнинг бошларида Германияда тилшунослик соҳасидаги бир неча омиллар вужудга келди. Булардан:

1) адабий-тарихий жараён назарияси тарафдорлари,

2) натуралистик оқим,

3) младограмматиклар,

4) рационалистлар оқими,

5) структуралистлар оқими “тил нормаси” назариясини ўз ғоялари асосида талқин қилдилар.

А.Норейн, Я.Гримм, К.Гофман, А.Энгелин, К.Андрезенлар “тил нормаси” назариясини ўз ғоялари асосида талқин қилдилар.

А.Норейн, Я.Гримм, К.Гофман, А.Энгелин, К.Андрезенлар “тил нормаси” бу адабий-тарихий жараён махсулидир, - деб таъриф қилишади. Улар тилнинг мавжуд қонуниятларига асосланиб, нормани фонетик, грамматик, лексия қоидаларнинг йиғиндиси деб қарайдилар. Мазкур олимнинг фикрича, тилларнинг муайян ривожланиш босқичлари тилда ўтмиш, ҳозирги ва келгуси тил элементлари борлигини тақозо қилади.

Адабий-тарихий жараён назарияси тарафдорлари тил ривожланишининг ўтмиш даврлари нормасини тўғри деб баҳолайдилар ва бу даврларни ҳар бир тилшунос қандай хоҳласа шундай баҳолаб ўрганди.

Немис тилшунослари тилдаги у ёки бу воситаларнинг тўғри ёки нотўғри эканлигни фақат маълум тил тарихини ўрганиш асосида исботлаш мумкин деб уқтирилади.

Бу назариянинг бир неча афзалликларини таъкидлаш ўринлидир:

- энг муҳими бу назария нормага нисбатан қизиқиш уйғонганидан, тилни нормалашга онгли равишда киришилганлигидан далолат беради;

- нормани онгли равишда ишлаб чиқишда ва тилнинг сайқалланишида ёзувчиларнинг, грамматикларнинг роли тан олинади;

У ёки бу тил ҳодисасининг оғзаки тилдаги нормативлик хусусиятига эътибор берилади. Бу эса жуда муҳим ҳолдир, чунки оғзаки нутқ жараёнида шаклланган ва ёзув тилида қайд қилинган миллий тилнинг адабий нормаси, ўз навбатида, оғзаки тилга таъсир қилади.

Мазкур назариянинг бир қанча камчиликлари ҳам мавжуд, масалан:

- бу назария у ёки бу ҳодисаларнинг нормативлигини бошқа бир тил ва деалектларнинг материалларини мисол қилиб олиб тасдиқлайдилар;

- нормативлик масаласини ҳал қилишда ўтган даврлар тилини бенуқсон (идеал) деб ҳисоблаб, ҳозирги замон тили нормасига таққослайдилар. Бу эса доимо тўғри бўлавермайди. Чунки, агар ўтмиш давр тилига асосланадиган бўлса, у ҳолда қайси давр бенуқсон ҳисобланади, деган савол туғилади;

- нормани биргина фонетик қонуниятлар билан аниқлаш мумкин эмас, чунки қайси товушнинг хусусиятлари нормани аниқлашга ёрдам бериши мунозарали бўлади: ўтмиш даврдаги фонетик қонунларми, ҳозиргисими ёки энди муомалага кираётганларими?

Шуни айтиш керакки, агар тил узуси бўлмаганда эди, норманинг ўзин қайд қилиш мумкин бўлмаган бўлар эди. “Норма тил узусининг кодификацияси сифатида вужудга келади”, - деб ёзади тилшунос М.М.Гухман.

Нормага натуралистик нуқтаи назаридан ёндашувчи М.Мюллер, А.Шлейхер, К. Андрезенлар ёзма нутққа қараганда оғзаки нутқ бирламчидир, деган фикрни билдирадилар, лекин уларнинг хатоси оғзаки тил қоидалари ёзувида қайд қилинганми йўқми, қатъий назар нормативдир, деб ҳисоблашадилар. Тил ҳар доим ўзгариб туриш хусусиятига эга, бу ўзгаришлар эса тилнинг ривожланишидан, тараққиётидан далолат беради, бу фикрдан келиб чиқилса, тилда бир тушунчани ифодалаш учун бир неча шакллар мавжуд бўлиши қонунийлиги эътироф этилади ва бу тил формаларининг қайси бири кўп қўлланилса, ана шуниси норма деб тан олинади. Қайси тил элементи кўп ёки кам қўлланилганлиги ҳақида шубҳа туғилганда, нормативлик мезони стилистика йўли билан исбот қилинади. Тилшунос Г.Пауль ҳам нормативликнинг белгиси тил бирликларининг қўлланилиш миқдори (частотаси)га боғлиқ деб ҳисобланади.

Натуралистлар қарашидаги нормага нисбатан ижобий томон шундаки, улар адабий норманинг оғзаки тол нормаси билан боғлиқ эканлигини айтадилар, аммо оғзаки тил нормаси хал қилувчи роль ўйнайди, деб ҳисоблайдилар. Бу фикр албатта, олдинга қўйилган қадамдир, чунки оғзаки тилнинг ёзув тили нормасига таъсири натуралистларгача хеч ким томонидан ҳисобга олинмаган эди.

Унинг қўйидагича фикрларини мунозарали деб ҳисоблаймиз:

- агар норма стилистик усул билан аниқланадиган бўлса, бир маънони берадиган икки тил элементлари сон жиҳатдан бир хил қўлланса, унинг қайси бирини тўғри, норматив дуб ҳисоблаш мумкин, тилда эса бундай ҳодисалар учраб туради;

- норманинг юундай тузилиши тилнинг нормалашуви учун қилинган онгли ҳаракатнинг борлигини маълум даражада инкор қилади;

- бу нуқтаи назар норманинг ўзгариб туришини эътироф этса-да, эски форманинг янгиси билан алмашиб туриў сабабларини умуман ёритмайди.

Младиграмматиклар тил нормасига бошқачароқ ёндашадилар ва уларнинг назарияси рационал (мақсадга мувофиқ, мақбул, тўғри) деб номланади. Улар тилнинг коммуникатив вазифасини қайси бир тил формалари яхши, тўғри амалга оширса тилдаги ана шу ҳолат нормативликдир, деган хулосага келадилар. Уларнинг тил нормаси ҳақида айтган умумий фикрларини қўйидагича умумлаштириш мумкин:

- алоқа (коммуникация) жараёнида қайси тил элементи нотўғри тушунилса, у ноўриндир;

- қайси тил элементи умуман тушунарли бўлмаса, у нотўғридир;

- қийинчилик билан тушунилган ҳар қандай тил бирликлари нотўғридир. Уларнинг фикрича, нутқ нафақат аниқ, шунингжек тезда тушиниладиган бўлиши керак;

- талаффузни қийинлаштирадиган сўз ва иборалар ёмондир;

- ёдга олиниши қийин бўлган тил элементлари ёмондир;

- маънога таъсир қилмасдан, қисқача ифодаланиши мумкин бўлган тил воситалари яхшидир;

- шаклан узун иборалар, сўзларни сўзларни ишлатиш анча ноўрин;

- ҳеч нарсаниифодаламайдиган тил элементлари кераксиздир;

- фикрларни аниқ ва тез ифодалаш учун хизмат қиладиган лисоний ўзгаришлранинг умуман кераги йўқ.

Рационалистлар ўз назариясига вақат амалий жиҳатдан тавсиялар бериш билан чегаралангандир, лекин “норма” тушунчасининг моҳияти улар томонидан очилмаган, илмий назарий кузатишлар олиб борилмаган.

Юқорида таҳлил қилинган назариялардан ташқари баъзи бир немис тилшунослари норманинг ижобий томонларини эътироф этган ҳолда, унда баъзи салбий хусусиятлар ҳам мавжудлигини уқтирадилар. Масалан, Х.Мозер тилнинг нормалашуви зарур эканлигини тан олгани ҳолда, норма жонли тилга зиён етказади, тилга бошқа тил бирликларнининг фаол сингишини, кириб боришига тўсқинлик қилади, деб ёзади.

Тил нормаси муаммоларини ечишда чет эл тилшуносларининг эришган ютуқ ва камчиликлари ҳақида қўйидагича хулосалар қилиш мумкин:

1. Прага тилшунослик мактаби намоёндалари (Б.Гавранек, В.Матезиус, А.Едличка, В.Барнет, Й.Валек) тил нормаси ва кодификация тушунчаларини илмий чегаралаш борасида муҳим илмий назарий ғояни илгари сурдилар, шунингдек адабий тилнинг услубий тармоқланганлик назариясини функционал нуқтаи назардан ишлаб чиқдилар. Улар адабий нормада барқарорлик ва айни пайтда ривожланувчанлик (динамиклик) мезон ва белгилари мавжуд эканлигини тасдиқладилар, шунингдек, “узус”, “системаси”, “норма”, “кодификация” каби тушунчаларни илмий-лисоний муомалага олиб кирдилар ва бу тушунчаларни ривожлантирдилар. Уларнинг баъзилари (БГавранек, Й.Вахев) оғзаки ва ёзишма нутқ нормалари ҳақида қимматли фикрлар билдирдилар. Аммо улар қўйидаги асосий камчиликларга йўл қўйдилар:

а) уларнинг фақат адабий тил ўз нормаларига эга, ижтимоий жаргонлар, лаҳжа ва шевалар эса махсус нормаларга эга эмас, деган фикрлари (Б.Гавранек) нотўғридир;

б) улар нормани тил системаси ва структураси билан боғламай (бу тушунчаларни илмий муомалага киритган бўлсалар ҳам) ўргандилар;

в) улар оғзаки нутқ нормасини кейинги планга ўтказиб, фақат ўз ёзувига эга бўлган тилгина “нормал” тил деб ҳисоблайдилар;

г) улар ёзув билан ёзув нормасини бир ҳил ходиса (Й.Вахек) деб тушунадилар.

2. Тилшунос Э.Косериунинг “тил нормаси” тушунчаси ҳақидаги илмий-назарий қарашлари тилшунослик фани учун жуда катта аҳамиятга эга. Унинг асосий хизматлари қўйидагилар:

а) олим “норма” тушунчасини кенг ва тор маънода изчил таърифлайди;

б) “тил нормаси” ва “кодификация” тушунчаларининг ўртасидаги чегарани аниқлайди;

в) тилда “вариантдорлик” тушунчаси системасининг оқибатидан эмас, балки норманинг ўз моҳиятидан келиб чиққанлигини исботлайди;

г) унинг тилдаги қонунларидан турлича четга чиқишларни ҳам норма белгилайди, деган фикри катта аҳамиятга эгадир.

3. Америкалик тадқиқотчилар, шунингдек, инглиз ва немис тилшунослари норманинг назарий маълумотларига унчалик даражада эътибор бермадилар ва тил нормасига функционал амалий жиҳатдан ёндашадилар. Улар норма тилнинг ўзида бўлмайди, балки тилшунос мутахассислар томонидан яратилади, белгилаб берилади деб ҳисоблайдилар. Бу фикр, албатта, нотўғридир. Шунингдек уларнинг, норматив тилнинг асосий манбаи оғзаки нутқдир деган хулосалари ҳам унчалик тўғри эмас. Немис тилшунослари (Г.Пауль) фикрича норманинг асосий белгиси тил элементларининг нутқда қўлланиш частотасидир.

Шу билан бирга тилшунослар назариясининг афзаллиги шундаки: а) тилни тормалашга онгли равишда ёндашиш кераклигини уқтирадилар; б) миллий тилнинг адабий нормаси оғзаки нутқда шаклланади ва ёзув тилида мустаҳкамланади ҳамда, ўз навбатида, оғзаки тилга таъсир қилади, дейишади. Бу фикр тил нормаси назарияси учун маълум аҳамиятга эгадир; в) улар нормани: “сўзловчи-тингловчи”, “тўғри-нотўғри”, “нормал-анормал” каби парадигматик қарама-қарши қўйишлар ёрдамида талқин қилишга уриндилар.

Шундай қилиб, чех тилшунослари, америкалик тадқиқотчилар, инглиз ва немис тилшунослари ҳамда Э.Косериунинг “тил нормаси” тушунчасини олмий назарий жиҳатдан таҳлил қилишлари, бу тушунчанинг жуда кўп белги ва мезонларини, ўзига хос хусусият ва хоссаларини аниқлашда беқиёс катта аҳамиятга эгадир. Аммо улар норма тушунчасини аниқлашда котегориал даражадаги мукаммал фикрга кела олмадилар.

  1   2   3



Похожие:

Э. бегматов, А. Маматов адабий норма назарияси iconБегматов Илхом Иброхимович

Э. бегматов, А. Маматов адабий норма назарияси iconДокументы
1. /автореферат_Ш.Бегматов.rtf
Э. бегматов, А. Маматов адабий норма назарияси iconДокументы
1. /Диссертация Маматов Б.pdf
Э. бегматов, А. Маматов адабий норма назарияси iconДокументы
1. /Гидродинамика Бегматов А., Зокиров А..pdf
Э. бегматов, А. Маматов адабий норма назарияси iconДокументы
1. /геология-Маматов А.М.GEOGRAFIYA.doc
Э. бегматов, А. Маматов адабий норма назарияси icon“Тил-миллатимиз қалби” мавзусида адабий-маърифий кеча сценарийси

Э. бегматов, А. Маматов адабий норма назарияси iconДокументы
1. /цЗБЕК АДАБИЙ ТИЛИ ТАРИХИ.doc
Э. бегматов, А. Маматов адабий норма назарияси iconДокументы
1. /?озирги чзбек адабий тили.doc
Э. бегматов, А. Маматов адабий норма назарияси iconДокументы
1. /Китоб (Хозирги узбек адабий тили).pdf
Э. бегматов, А. Маматов адабий норма назарияси iconДокументы
1. /?ОЗИРГИ эЗБЕК АДАБИЙ ТИЛИ кулланма.doc
Разместите кнопку на своём сайте:
Документы


База данных защищена авторским правом ©uz.denemetr.com 2000-2015
При копировании материала укажите ссылку.
обратиться к администрации