Документы



Насаф шаҳри илмий муҳити (XIII-XIV) icon

Насаф шаҳри илмий муҳити (XIII-XIV)

НазваниеНасаф шаҳри илмий муҳити (XIII-XIV)
Дата08.08.2013
Размер245.12 Kb.
ТипДокументы
скачать
1. /XIII аср охири XIV аср илмий му?ити.docxНасаф шаҳри илмий муҳити (XIII-XIV)

Насаф шаҳри илмий муҳити (XIII-XIV)


Юртимизда жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига салмоқли хисса қўшган мовароуннаҳрлик машҳур муфассир, муҳаддис, фақиҳ, мутакаллим ва мутасаввиф олимларнинг ҳаёти ва илмий меросини тадқиқ этишга қизиқиш тобора кучайиб бормоқда. Айниқса, аждодларимизнинг таваллуд топган жойлари обод қилиниб, таваллуд саналари халқаро миқёсда нишонланмоқда, уларнинг қолдирган маънавий меросидан халқимиз баҳраманд этилмоқда. Шундай тадбирлардан бири Мовароуннаҳрнинг қадим шаҳарларидан бири Насафда ҳам ўтказилди. Хусусан, 2004 йил 29 сентябрда Вазирлар Маҳкамасининг “Қарши шаҳрининг 2700 йиллик тўйини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш тўғрисида”ги1 фармони эълон қилиниши ҳам, маънавий ва маданий меросимизга бўлган эътибор кучайиб бораётганини яна бир карра исботлади. Шаҳарнинг юбилей санасини нишонлаш, унинг тарихий мероси ва маданий анъаналарини ўрганиш, тарғиб этиш муносабати билан насафийлар илмий меросига бағишлаб қатор анжуманлар ўтказилди, олим ва тадқиқотчилар томонидан уларнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш юзасидан янада кенг имкониятлар яратилди.

Насаф шаҳридан Насафий, Паздавий, Офуроний, Касбавий, Косоний, Кеший, Бутхазоний, Баёний, Тубаний, Жувикий, Ғузорий, Дужаконий, Зайкулий, Сунажий, Шарғиёний, Ғадоний, Кожарий каби алломалар нафақат Мовароуннаҳр, балки бутун ислом оламида шуҳрат қозонган. Уларнинг самарали хизматлари бугунги кунимизга қадар тарих саҳифаларидан ўчган эмас.

Абу Али Насафий (ваф. 424/1033), Абул Муъин Насафий2 (1027-1114), Абул Аббос Жаъфар Муҳаммад ибн Муътазз Насафий3 (ваф.1040), Нажмиддин Абу Ҳафс Умар Насафий4 (1068/1142), Абул Ҳасан Али ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Абдулкарим Фахр ал-Ислом Абул Уср Паздавий5 (ваф.483/1089), Абул Муин Маймун ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад Насафий Макҳулий6 (ваф.508/1114), Нажмиддин Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил Насафий Самарқандий Мотуридий7 (ваф.538/1142), Абул Фазл Бурҳониддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад Насафий8 (ваф. 686/1288), Ҳофизиддин Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафий9 (710/1310) кабилар шундай зотлар сирасига киради.

XIII асрнинг охири XIV аср бошларида Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан олим ва шоирлар орасида насафлик олимлар ҳам салмоқли ўрин эгаллаган. Бу даврда Марказий Осиёда ақлий ва фалсафий илмлар ривожи кўзга ташланади. Насафшунос олим Т. Яшилюртнинг қайд қилишича, усмонли турк олимлари тафсир, ҳадис ва адабиёт илмларини эгаллаш учун Сурия, Ироқ, Миср каби давлатларга борган бўлса, калом, фиқҳ ва фалсафа каби ақлий билимларни эгаллаш учун Насаф, Самарқанд, Бухорога келар эдилар10.

Мовароуннаҳрнинг Самарқанд, Бухоро, Термиз, Фарғона, Шош ва Насаф каби шаҳарларида яшаган алломалар қолдирган маънавий мерос ҳам бугунга қадар жаҳон аҳлини лол қолдиради. Бу илмлар орасида фиқҳшунослик алоҳида фан сифатида шаклланиб, кенг ўрганила бошланди. Унинг вужудга келиши кўплаб фақиҳларнинг заҳматли меҳнатлари ва ижтиҳодлари туфайли амалга оширилди. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, фиқҳшунослик соҳаси бўйича мовароуннаҳрлик олим ва фақиҳларининг хизматлари беқиёсдир. Жумладан, Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳафс Кабир Бухорий (ваф.832), Али ибн Исмоил Қаффол Шоший (903-976), Абу Лайс Самарқандий (ваф.913-985), Абу Мансур Мотуридий (870-944), Абу Зайд Дабусий (ваф.1039), Бурҳонуддин Марғиноний (1118-1196), Убайдуллоҳ ибн Масъуд (ваф.1346) каби фиқҳшуносларнинг қолдирган ноёб асарлари туфайли ислом манбашунослиги янада бойиди.

Ҳанафий мазҳабининг фиқҳий асосини ташкил этган энг мўътабар асарлар ҳам шу минтақада яшаб ўтган қатор фақиҳ ва уламолар тарафидан битилган11. Бу манбалар шариатнинг барча масалаларини қамраб олган асарлар сифатида умуммусулмон дунёсида ҳозиргача эъзозланади.

Юртимизда қадимда намоз, рўза, закот, ҳаж каби шариатнинг фақат алоҳида арконини қамраб олган фиқҳий асарлар ҳам ёзилган. Бу билан шариатда мавжуд бўлган бир масалани чуқур ва атрофлича ёритиб беришни мақсад қилган. Ана шундай олимлардан бири Лутфуллоҳ Насафий Фозил Кайдоний (ваф. 1349) дир. Унинг асари шариатнинг асосан намоз масалаларига бағишланган бўлиб, бизгача “Фиқҳи Кайдоний” номи билан танилган. Асарда амал турларидан фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб, ҳаром, мубоҳ, макруҳ ва муфсидлар алоҳида бобларга ажратилган, аввал шу фиқҳий истилоҳларга таъриф берилиб, кейин ҳар бири алоҳида баён этилади. Лутфуллоҳ Насафийнинг “Фиқҳи Кайдоний” асари кўп жиҳатлари билан Бурҳониддин Али ибн Абу Бакр Марғиноний (1118-1196) нинг машҳур “Ҳидоя”12, Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тожу-ш-шариъа Маҳбубий Бухорий (ваф.747/1349) нинг “Мухтасар ул-Виқоя”13, Масъуд ибн Маҳмуд ибн Юсуф Самарқандийнинг “Салоту-л-Масъудий”14, Абу Лайс Самарқандийнинг “Муқаддима фи-с-салот”15, Ибн Камолпошшо (ваф.1533)нинг “Шуруту-с-салот”16 каби фиқҳий асарларига яқин туради.

Лутфуллоҳ Насафийнинг ҳаёти ва илмий фаолияти ҳанузгача махсус тадқиқ этилмаган. Бизгача етиб келган манбаларда айтилишича, Лутфуллоҳ Насафийнинг ҳаёти ва илмий меросига бағишланган маълумотлар у қадар кўп эмас: унинг таваллуд санаси битилмаган, лекин вафоти аксар манбаларда ҳижрий 749 – милодий 1349 йил деб кўрсатилади17. Ғарб тадқиқотчиларидан К.Броккелманн, В.Олвард ва В. Ивановлар унинг вафот санасини 900/1494, Л. Реюбен эса 983/1575 йил деб белгилаб, хатога йўл қўйилган18. Зотан, “Фиқҳи Кайдоний”нинг XIV аср иккинчи ярмига оид шарҳлари мавжуд эканини инобатга олинса, унинг муаллифи XV асрдан олдинроқ яшаб ўтганини билдиради. Унинг энг машҳур шарҳларидан бири Шамсиддин Кўҳистоний қаламига мансуб бўлиб, шарҳ 947/1540-1541 йилда ёзилгани котиб томонидан қайд этилган. Саъдиддин Умар Тафтазоний шарҳи эса, Шамсиддин шарҳидан ҳам аввал битилган. Чунки, шориҳ бир неча ўринларда Тафтазоний шарҳига мурожат этган19. Шундай экан, Лутфуллоҳ Насафийни 1349 йилда вафот этган, деб тасдиқланса ҳақиқатга яқин бўлади.

Шу боис Лутфуллоҳ Насафийнинг ҳаёти ва илмий фаолиятига оид кўплаб масалалар ҳанузгача ўз ечимини топмай келмоқда. Муаллиф нисбасидаги “Кайдон” – жой номи бўлиб, маълумотларда Насаф шаҳрининг қадимий туманларидан бири экани келтирилади. Муаллифнинг манбаларда “Насафий” ва “Кайдоний” деб икки хил аталиши унинг айнан ўша жойга мансуб эканига ишора қилади. Манбаларда номлари учрамайдиган баъзи шаҳар, вилоят, туман, қишлоқ ва маҳалла номлари кўпинча шу манзилда яшаб ўтган машҳур фақиҳ ва алломалар исмларида намоён бўлган. Насафий нисбаси билан ижод қилиб, манбаларда номлари ва илмий мерослари хусусида маълумотлар келтирилган кўплаб алломаларнинг яшаб ўтгани бунинг ёрқин мисолидир. “Кайдон” номи қатор ўлкалар вилояти, тумани, қишлоғи сифатида кенг учрайди. Масалан, турклар буни ўз ерларига мансублигини даъво қилсалар, Мисрда ҳам бу жой номи мавжудлиги аниқланди. Форс тилидаги “Деҳхудо” луғатида унинг форс ерларига тегишли жой экани қайд этилади20. Албатта ҳар бир жой ўз номи билан машҳур бўлганидек, инсон қадами етиб, у ўзлаштирган нарсаларнинг номи билан юритилиши бежиз эмас. Бу номлар ва маконлар асрлар ўтиши билан доимий ўзгариб турса-да, лекин бу номлар шунчаки қўйилмаган бўлиб, улар муайян бир тарихий воқеа ёки қизиқарли ҳодиса туфайли сақланиб қолган. Одатда, табақот жанрида ёзилган манбаларда номлари зикр қилинмаган фариқлар ўз юртларидан бошқа ерга сафар қилмагани кузатилади. Манбаларда улуғ кишиларнинг муқимликда яшагани сабабидан ўша жой ёки манзил номи билан боғлиқ нисба олиши ҳам учрайди. Бу ҳолат Насаф минтақасида ҳам кузатилиб, илм-фаннинг турли соҳалари, жумладан, диний илмларда фаолият олиб боришга етарли шарт-шароит ва имкониятлари натижасида келиб чиққан дея хулоса қилиш имконини беради. Насафийнинг тадқиқот объекти қилиб олинган “Фиқҳи Кайдоний” асари ўша даврдаги илмий муҳитнинг қанчалик юксак даражада бўлганига гувоҳлик беради.

Лутфуллоҳ Насафийнинг ҳозиргача илм аҳлига биргина “Фиқҳи Кайдоний” асари маълум. Асар матни XIV асрнинг биринчи ярмида ёзилган ноёб манба ҳисобланади. Араб тилида ёзилган ушбу асар кейинчалик форс ва туркий тилларга таржима қилиниб, унга қўплаб шарҳлар битилган.

Шарҳлар асосан Мовароуннаҳр ва Хуросон олимлари томонидан битилган. Лутфуллоҳ Насафийнинг “Фиқҳи Кайдоний” асарида масалалар асосан ҳанафий мазҳаби қоидаларига кўра ёритилгани боис асар матни ҳам ҳанафий мазҳабига мансуб шориҳлар томонидан шарҳланган. Улар Саъдиддин Тафтазоний, Қози Ихтиёр, Мавлоно Фасиҳиддин ибн Абдулкарим Низомий ал-Ҳаравий21, Шамсиддин Муҳаммад Кўҳистоний, Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Мўминободий22, Иброҳим ибн Мирдарвеш Бухорий23, Исмоил Носиҳ24, Иброҳим ибн Ҳусайн ибн Аҳмад ибн Пири Маккий Пиризода25, Азиз Маҳмуд ибн Фазлаллоҳ ибн Маҳмуд Ҳудоий Ускударий26, Шайх Исмоил Ҳаққи ибн Мустафо Жалватий27, Нуриддин Али ибн Султон Муҳаммад Қорий28лар томонидан амалга оширилган.

Қўлёзмалар орасида икки, уч, тўрт ва баъзан ундан ортиқ шориҳларнинг “Фиқҳи Кайдоний”га битган шарҳлари қўшиб китобат этилганига гувоҳ бўлдик. Бу нусхалар юртимизнинг қатор қўлёзма фондларида учрайди. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида ана шундай нусхаларга кўплаб дуч келинди. Фондда аллома Саъдиддин Тафтазоний ва Шамсиддин Муҳаммад Кўҳистоний қаламига мансуб шарҳлар тўплами етакчилик қилади29. Учлик шарҳларда юқоридаги икки муаллифдан бири ҳамда қози Убайд30, Фасиҳиддин31 номлари котиблар томонидан қайд этилади.

XX асрнинг бошларигача “Фиқҳи Кайдоний” мадрасаларнинг ўқув дастурига киритилиб, мўътабар қўлланмалардан бири сифатида илмий муомалада бўлган. Бу эса, асарнинг нечоғли муҳимлиги ва ислом манбашунослигида муносиб ўрин эгаллаганига далолат қилади. Асар кўпроқ Мовароуннаҳр халқлари орасида шуҳрат қозонган бўлиб, асрлар давомида мусулмонлар мазкур асарда келтирилган шаръий аҳкомларга биноан ўз ибодатларини адо қилиб келганлари унинг илмий қиммати юксак эканини билдиради. Бинобарин, асарнинг бугунги кундаги аҳамиятини ўрганиш ва ундаги ибодат қонун-қоидаларини илмий муомалага киритиш бугунги кундаги намозхонлар орасида айрим тушунмовчилик ва тафриқаларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Мўғиллар истилоси натижасида Насаф минтақасида ҳам илмий, маданий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва диний соҳалар таназзулга юз тутди. Шу боисдан XIII-XIV асрнинг биринчи ярми ислом тарихи ва маданиятга оид манбалар бошқа асрларга қараганда кам ўрганилган. Бу салбий ҳолат ўша давр зиёли вакиллари ижоди ва фаолиятини ўрганишга ҳам ўз таъсирини ўтказди. Айни шу даврда пайдо бўлган бўшлиқни бошқа бир қатор уламолар қаторида Лутфуллоҳ Насафий ўз илмий фаолияти, хусусан, “Фиқҳи Кайдоний” асари билан тўлатиб, илмий муҳит ривожига катта ҳисса қўшди. “Фиқҳи Кайдоний” асари айни шу даврда ёзилган муҳим илмий ва тарбиявий аҳамиятга эга бўлган фиқҳий асар саналади. Лутфуллоҳ Насафийнинг ушбу асари маънавий ва илмий мулоҳазаси билан ҳозирги кунда ҳам ўзининг қадр-қимматини йўқотган эмас.

Лутфуллоҳ Насафий ҳақидаги био-библиографик маълумотларни Абдулҳай Лакнавий, Мавлоно Тошкўпризода, Рашид Ризо32, Хайриддин Караманларнинг тадқиқотларида келтирилган. Лутфуллоҳ Насафийнинг ҳаёти ва илмий мероси, “Фиқҳи Кайдоний” асари ва унга битилган шарҳ ва таржималар ҳақида чет элда нашр қилинган каталог ва биобиблиографик китобларда ҳам маълумотлар учрайди. Гарчи бу маълумотлар кам ва қисқа бўлса-да, улардан асар матнининг кенг тарқалгани, шориҳ ва мутаржимлари кимлигини билиб олиш мумкин33.

Муаллиф ва унинг асари ҳақида юртимизнинг бир қатор олим ва тадқиқотчилари жумладан, Ҳожи Исматуллоҳ Абдуллоҳ34, Носир Муҳаммад35, У.Уватов, А.Мўминов36, А.Жуманазаров, К.Каттаев37, С.Сайфуллаев38, Н.А.Абдуазизова39, К.Воҳидова40лар ҳам илмий хулосаларини айтиб ўтганлар.

“Фиқҳи Кайдоний”га қадар Мовароуннаҳрда бир неча асрлик фиқҳ илми мактаби юзага келган бўлиб, ҳанафий мазҳабига оид жуда кўплаб машҳур фиқҳий асарлар яратилган. Афсуски, муаллиф билан замондош бўлган олимларнинг қолдирган меросларида ҳам Насафийнинг таржимаи ҳоли, устоз ва шогирдлари ҳақида бирон бир керакли маълумотлар мавжуд эмас. Лутфуллоҳ Насафийнинг илмий мероси ҳозиргача алоҳида тадқиқот доирасида ўрганилмаган. Ҳатто у ҳақида алоҳида илмий мақола ҳам эълон қилинмаган. Ҳолбуки, “Фиқҳи Кайдоний” асари узоқ йиллар Ўрта Осиё мадрасалари ўқув дастурларига киритилгани ушбу асарнинг ислом манбашунослигида муҳим мавқе-эътиборга эга бўлганини кўрсатади.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Шарқшунослик институтининг “Асосий”, “Ҳамид Сулаймон”, “Дублет”, “Махсус” бўлимларида “Фиқҳи Кайдоний” асарининг жами беш юзга яқин қўлёзма ва тошбосма нусхалари сақланади. Фонднинг “Асосий” бўлимида “Фиқҳи Кайдоний”нинг 92 та қўлёзма, 116 та асарга битилган шарҳ қўлёзмалари мавжуд. Будан ташқари, асарнинг 30 дан ортиқ матн таржималари ҳам бор. Нусхалар орасида 20 дан ортиқ қўлёзма ҳошиясига изоҳ, таржима ва шарҳлар ёзилган. Тадқиқ этилган қўлёзмалар орасида “Фиқҳи Кайдоний”нинг ўндан ортиқ назмий нусхалари аниқланди. “Асосий” фонднинг тошбосмалари орасида “Фиқҳи Кайдоний” нинг жами саксон бешта нусхаси бор. “Дублет” бўлими қўлёзма китоблари орасида ҳам “Фиқҳи Кайдоний” асарининг турли даврларда кўчирилган жами тўқсонта нусхаси сақланади. Улардан 44 таси матн, 38 таси асарга битилган шарҳлар, қолган нусхалар эса асарнинг таржима, ҳошия ва назмда берилган нусхалардир. “Дублет” тошбосма китоблар орасида асарнинг ўн бир нусхаси мавжуд. Фонднинг “Махсус” бўлимида “Фиқҳи Кайдоний”нинг жами ўн саккиз нусхаси рўйхатга олинган. Мазкур институтнинг Ҳ. Сулаймон фондида ҳам асарнинг ўттиз уч қўлёзма ва тўққизта тошбосма нусхалари сақланмоқда. Босма нусхалар орасида 2 та шарҳ, 5 та асарнинг матн таржимаси ва “Жомеъул-мабоний” номли битта ҳошия сақланмоқди41.

Йирик ҳажмли мазкур “Фиқҳи Кайдоний” асари шарҳига ёзилган ҳошия “Жомеъ ал-мабоний” номи билан юритилиб, асар муаллифи номаълум. У Шамсиддин Кўҳистоний (ваф. 962/1554)нинг “Фиқҳи Кайдоний”га ёзган шарҳига битилган ҳошия ҳисобланади. Асарнинг Қозонда 1912 йили қилинган нашри 532 саҳифадан иборат. Ҳошия муқаддимасида Кўҳистоний нисбаси тилга олингани боис айрим тадқиқотчилар, хусусан, қўлёзмаларнинг илмий тавсифи – каталогларида мазкур асар хатога йўл қўйиш оқибатида Шамсиддин Кўҳистонийга тегишлилиги қайд қилинаверади42. Аслида, “Жомеъ ал-мабоний” муқаддимасида муаллиф Кўҳистонийга тегишли “Шарҳ рисолати “Фиқҳи Кайдоний” асарини ўқиб чиққани, ушбу шарҳ фиқҳнинг ниҳоятда нозик жиҳатларини ҳам ўзида қамраб олгани сабаб, у одамлар орасида қўлма-қўл ўқилишини, бироқ иборалари дақиқ ва мўжаз эканлигидан унга таълиқа (қўшимча изоҳлар) сифатида ҳошия боғлашга киришганини қайд этган. У ўз асарига “Жомеъ ал-мабоний ли-масоили шарҳи “Фиқҳи Кайдоний” деб ном қўйганини алоҳида таъкидлаган.

Иккинчидан, “Жомеъ ал-мабоний”ни Кўҳистонийга тегишли дейилган каталогларда асарнинг бошланишини қуйидагича ёзишган43:

الحمد لله الذى رفع قاعدة الفقه

Ушбу ибора билан “Жомеъ ал-мабоний” эмас, балки Кўҳистонийнинг “Фиқҳи Кайдоний”га ёзган шарҳи бошланган ва “Кашф аз-зунун”да ҳам шу кўрсатилган44. “Жомеъ ал-мабоний”нинг бошланиши эса мана бундай45:

الحمد لله على ما خصّنا لمحافظة الصلوات و الصلوة الوسطى

Демак, “Жомеъ ал-мабоний”нинг муаллифи Кўҳистоний эмас. Ҳошия муаллифи ҳақидаги маълумот Шарқшунослик институти фондида сақланаётган қўлёзма нусхалари орасида учрамади46.

Унинг муаллифи номаълумлиги асарнинг Қозон нашри титул варағида алоҳида таъкидланган. Унда қайд этилишича, асар муаллифи Рум диёридан бўлиши мумкинлиги ҳақиқатга анча тўғри келади. Сабаби, асарда Мовароуннаҳр, Хуросон олимлари билан бир қаторда кўпроқ Рум ва араб ҳамда ҳинд диёрларидаги ҳанафий олимларнинг асарларига мурожаат қилинган, масалаларнинг далилларига кўпроқ урғу берилган. Ҳошияда фақиҳ ва шайҳлардан Шамсул аимма Сарахсий, унинг устози Ҳалвоний, Хоҳарзода, Хатиб Боғдодий, Абу Жаъфар Ҳиндувоний, Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Абу Қосим Муқарийлар қатори Фород Султон, Ширинбилолий, Камолиддин ибн Ҳимом унинг шогирди Авсоний Халабий, Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл ва бошқалар номларига кўплаб дуч келинади.

Ундан ташқари, Мавлоно Фозил Хатоий, Мавлоно Ибн Садриддин, Мавлоно Хусрав, Мавлоно ибн Камол, ибн Амир Хож, Ҳасан Чалабий, Мавлоно Шаҳоб, Саъдий Афанди, Мавлоно Хаёлий, Фозил Тошкўпризода каби туркиялик олимларнинг номлари учрайди. Энг қизиғи, Туркиядаги қўлёзма фондларидаги ушбу асар нусхалари тавсифларида ҳам кўпроқ Кўҳистоний муаллиф сифатида кўрсатилган. Бироқ, айрим қўлёзма нусхаларида асар муаллифи сифатида машҳур тасаввуф намояндаси Азиз Маҳмуд Ҳудоий Ускудорий дейилган47.

“Жомеъ ал-мабоний” асари “Фиқҳи Кайдоний” ва унинг шарҳига битилган жуда муфассал ва мукаммал шарҳдир. Унда “Фиқҳи Кайдоний”даги ҳар бир калиманинг луғавий ва истилоҳий маънолари тўлиқ очиб берилади ҳамда иқтибослар олинаётган адабиётларга ишора қилинади. Шарҳдаги масала ва уларнинг ечимлари ҳанафийлик мазҳабидаги анъанавий фиқҳий манбалардан кенг истифода этилган ҳолда изоҳланган. Шунингдек, кўп ўринларда оят ва ҳадислар ҳамда ақлий далиллар (қиёс, истеҳсон) асосида ёритиб борилган. Ҳар бир масалага бошқа мазҳабларнинг қарашлари, мазҳаб доирасида ихтилофли ўринларда уламоларнинг фикрлари батафсил берилган. Ҳошия муаллифи шарҳ изоҳларини очишда тўрт юздан ортиқ турли мазмундаги асарларга мурожаат этгани маълум бўлди. Бу асарларнинг аксарияти Мовароуннаҳр диёрида яшаб ўтган муаллифлар қаламига мансуб.

“Фиқҳи Кайдоний” асаридан нусхалар кўчирилган минтақалар географиясини кузатар эканмиз, бутун Мовароуннаҳр ва унга қўшни бўлган ўлкаларда ундан кенг истифода этилганига гувоҳ бўлдик. Бу қўлёзма нусхаларнинг мамлакатимиз хазиналарида сақланишидан келиб чиққан ҳолда, Мовароуннаҳрда қадимдан ўзига қўшни мамлакатлар билан доимий мустаҳкам илмий, маърифий, маданий ва савдо-сотиқ алоқалари бўлиб турганини қайд этиш мумкин.

Шу билан бир қаторда мамлакатимизнинг ўзида кўчирилган қўлёзмалар географияси ҳам қизиқарли. Асарнинг қўлёзма матнлари орасида Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Кеш, Насаф, Қорақалпоқ, Балх, Шош, Хўжанд ва бошқа ўлкаларда кўчирилган нусхалар кўпчиликни ташкил қилади. Бу шаҳар ва вилоятларда кўчирилган нусхалар қўлёзмаларнинг колофон ва муқаддима қисмларида баён этилган. Бу эса, ўз навбатида мамлакатимизда ўрта аср ва кейинги даврларда илмий марказлар ҳақидаги маълумотларни тасдиқлайди, шу билан бирга ўша даврда юртимизнинг саводхонлик даражаси ва китоб таъминоти яхши йўлга қўйилганидан дарак беради.

“Фиқҳи Кайдоний” асари қўлёзма нусхалари хорижий мамлакатлар қўлёзма хазиналарида ҳам кўплаб нусхаларда сақланиши маълум бўлди. Улар орасида Франция48, Германия49, Россия50, Туркия51, Ҳиндистон52 давлатлари ҳамда Лейден53, Лондон54, Қозон55, шаҳарлари етакчилик қилади. Асар нусхаларини қўшни республикалар кутубхоналарида ҳам учратиш мумкин. Жумладан, Қозоғистон56, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон республикаларидаги мавжуд қўлёзмалар фондлари ва кутубхоналарида ҳам “Фиқҳи Кайдоний”нинг кўплаб қўлёзма ва тошбосма нусхалари мавжуд.

Қадимда котиблар томонидан қайта-қайта кўчириб келинаётган асарлар XVIII асрнинг иккинчи ярмига келиб, ўз ўрнини аста-секин тошбосма усулда нашрлар фаолиятига бўшатиб беришининг дастлабки даври сифатида кузатилади. Босма нашрлар китобат санъатида кескин бурилиш ясаган бўлса-да, котиблар фаолияти тўхтаб қолган йўқ. Шу давргача барча китоблар моҳир хаттотлар томонидан қўлда кўчирилар, бу кўп вақт ва меҳнат талаб қилади. Шу сабабли китоблар жуда кам нусхани ташкил этарди. Ўрта Осиёда матбааларнинг ишга тушиши эса қадимда яратилган кўплаб қўлёзма манба намуналарини кенг кўламли нусхаларда чоп этиш имконини берди.

“Фиқҳи Кайдоний” асари тошбосма усулда “Туркистон ҳарбий округи57”, “Петухов58” матбааларида ҳам бир неча бор чоп этилган ва омма орасида кенг тарқалган. Бундан ташқари, Истамбул59 ва Қозоннинг “Императорский”, “Воронов”, “Aка-ука Каримовлар”, “Қозон университети нашриёти”, “Ильминский” матбааларида чоп этилган нусхалари ҳам мазкур фонддан жой олган60. Нусхалар С.Петербургнинг 1899 йил “О.А.Порцев”, 1896 йил “П.Ф Брейденбах” босмахоналарида ҳам кўплаб босилган.

“Фиқҳи Кайдоний” нинг босма усулида чоп этилган нусхалари таҳлили натижаси юртимиз фондларида унинг икки юздан ортиқ тошбосма нусхалари мавжуд эканини кўрсатди. Уларнинг ўттиз бештаси В.М.Ильин, қирқдан ортиғи Ғулом Ҳасан Орифжонов, йигирма олтитаси Лахтин, йигирма учтаси Каменьский, ўндан ортиғи П.Ф Брейденбахь, саккизтаси Туркистон ҳарбий округи, қолганлари Г.Я.Яковлев, П.Д. Немжинов, Петухов, О.А.Порцев, номидаги босмахоналарда нашр этилгани аниқланди. Асарнинг тошбосма нусхалари 1860-1916 йиллар оралиғида босилгани аниқланди. Юқоридаги матбаалар қатори “И.И.Гейер”, “М.В.Канцелсон”, “Э.П.Эдельман”, “Вилиер”, “Ш.Граевский” номли босма уйларида асосан рус тилида нашр этилган адабиётлар кўпчиликни ташкил этган. Маҳаллий тиллардаги китоблар эса, денгиздан қатрадек туюларди, албатта миллий адабиёт намуналарини нашр этишдаги моддий база анча қашшоқ бўлиб, улар типо-китография ва литография усули билан чекланиб қолган.

Котиблар кўчириш жараёнида асосан Ўрта Осиё, Рус ва Қўқон ҳамда европа қоғозларидан кенг фойдаланганлар. Матн нусхаларининг аксарияти яхши сақланган, лекин улар орасида варақлари йиртилган61, охиригача кўчирилмаган62, кейинчалик бошқа котиб томонидан тўлдирилган63 нусхалар ҳам бор. Ундан ташқари қўлёзмаларнинг уринган, намиққан, зах тортганлари ҳам учрайди64. Лекин улар жуда озчиликни ташкил этади. Аксар қўлёзмаларда саҳҳофлар ўз номларини муқовадаги унвонларга қайд этганлар65. Муқовасозларнинг кўпи ўз номларини яширсалар, баъзилари “Амали мулла Турсун саҳҳоф”, “Саҳҳоф Фахриддин қори амали”, “1235 ҳижрий санада саҳҳоф Маламий Балхий” томонидан ясалди... деб қайд этганлар. Қўлёзма лабагилари асосан чарм ва қалин матолардан ишланган66.

Қоғозларнинг шалдироқ Қўқон, сифати бир мунча юқори ҳисобланган Самарқанд, нисбатан қиммат Европа ва Рус фабрикасига тегишлилари кенг тарқалган. Асар матнининг қадимий ва XVI-XVII асрларга оид ҳисобланган нусхалари Самарқанд ва кўп ҳолларда Қўқон қоғозларига кўчирилган. Асарнинг Рус фабрика ва Европа қоғозларига кўчирилган қўлёзмалари асосан кейинги асрларга тегишли.

Мант нусхалари анъанавий тарзда қора сиёҳ билан ёзилган. Котиблар мутолаа қилувчининг эътиборини тортиш ва диққатни жалб қилиш мақсадида бошқа ранглардан ҳам кенг фойдаланганлар. Ранглар орасида улар асосан тўқ ва оч қизил, тўқ сариқ, тилла ранг ва баъзан ҳошия, жадваллар учун яшил, кўк рангларни ишлатганлар. Масалан, “Фиқҳи Кайдоний” матнини кўчирган котибларнинг кўпи боб номлари, фасл, амал турлари ва уларнинг “хос” ва “умумий” кўринишлари баёнида қизил сиёҳни маъқул кўрганлар67. Бу услуб матннинг шарҳ, изоҳ, таржима ёки ҳошиядан ажралиб туришини таъминлаган. Аксар матнлар шарҳга нисбатан йирик хатда, ажралиб туришлиги учун эса, устидан ёки тагидан қизил сиёҳда бир чизиқ тортилган ҳолатда кўчирилган. Қуръондан оятлар келтирилиб асосланган, Муҳаммад алайҳиссалом сўзлари билан далилланганда ҳам бу услуб қўлланилган.

Асар матни, таржима ва шарҳлари битилган қўлёзма нусхаларнинг ўлчамлари ҳам турлича. Масалан, ўрта аср ва кейин ёзилган асар нусхаларининг кўпчилиги ҳажми жиҳатидан кичик ва ихчам кўринишда68. Замонамизга яқин ҳисобланган нусхаларнинг ҳажмлари кенгайиб борган69. Катта ўлчамли қўлёзмаларга кўпинча эътиқод, фиқҳий масалаларни ёритиб берувчи, тарихий асар ва табақот услубига кўра ёзилган асарлар китобат этилган.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Лутфуллоҳ Насафий қаламига мансуб фиқҳий соҳага бағишланган “Фиқҳи Кайдоний” асрлар синовидан ўтиб, халқимизнинг маънавий бойлиги сифатида эъзозланишга лойиқ асардир. Насафдан етишиб чиққан илм фаннинг турли соҳаларида ўчмас из қолдирган фақиҳ ва алломаларнинг илмий мероси кучли илмий маърифий мактаблар доирасида шаклланганлигини кўрсатади. Шаҳарда илм фан ва маданият марказлари сифатида доим тараққий этган. Бу фaқиҳлар кейинчалик дунёнинг турли мамлакатларида ўз ижодларини давом этишини таъминлай олдилар. Бу анъана ўрта асрлардан кунимизгача бўлган даврнинг янги қирраларини очмоқда. Улар аждодларимиз илмий мероси, ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш орқали ўз ечимини топмоқда. Шу ўринда Лутфуллоҳ Насафий ўзининг ихчам ва сермаҳсул хизмати билан ислом манбашунослигида ўчмас из қолдирди. Лутфуллоҳ Насафийнинг яшаган даври мўғиллар ҳукмронлигига тўғри келгани боис бу пайтда маънавий, маърифий ҳаётда катта илмий бўшлиқ пайдо бўлган эди. Қатор фақиҳлар орасида Насафий ҳам фаолият олиб борда ва кунимизгача етиб келган “Фиқҳи Кайдоний” асари билан ўзининг муносиб хиссасини қўша олди.

Ушбу асарни ҳар томонлама тадқиқ этиш орқали тарихий меросимизнинг ҳалигача назардан четда қолган бир саҳифаси билан яқиндан танишамиз.



1 Постановление Президента Республики Узбекистан // О дополнительних мерах по празднованию 2700летия города Карши. Народное слово. 27 июля 2005 года. №142 (3759).

2 Абул Муъин Насафий − насафлик йирик фиқҳшунос олим. У бобосининг ишларини давом эттириб, Мотуридий калом мактабининг тарғиботчиси сифатида ҳам танилган. Фақиҳнинг бевосита ислом ҳуқуқшунослигига бағишланган “Уъмда фи усул ал-фиқҳ”, “Табсират ал-адилла” (Далиллар тилга кирганда), “Китоб ат-тамхид лил қавоъид ат-тавхид” каби бир қатор асарлари мавжуд.

3 Мустағфирий − мовароуннаҳрлик муҳаддис, тарихнавис ва фақиҳ. “ат-Тарих Насаф ва Кеш”, “Далаил aн-Набавиййа”, “Фазаил aл-Қуръон”, “Маърифат aс-саҳоба”, “Китаб aл-муносабат”, “Хутаб aн-набий” номли асарлар муллифи.

4 Абу Ҳафс Насафий − ислом дунёсининг машҳур фақиҳларидан бири. Унинг ижоди серқирралиги билан алоҳида ажралиб туради. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фондида муаллифга тегишли “Ақоид ан-Насафий” асарининг Р: 5169, 6614, 8149, 6371, 8820, 2947, 3822 ... каби рақамлар остида юздан ортиқ қўлёзма ва тошбосма нусхалари сақланмоқда. Бундан ташқари, инв №1462 рақамда “Матлаи ал-нужум ва мажма ал-улум” (Юлдузлар чиқиши ва илмлар мажмуаси), инв №8752, 10493/XV, 10125/II, 6547/VII, 10685/XII рақамларида “Илм ал-қуро” (қироат илми) асари нусхалари, “Йавоқит фи ал-мавоқит” (Жавҳар конларидаги ёқутлар) №3104, 3176 рақамларда. “Манзума ал-халафийат” (Келишмовчиликлар ҳақида манзума) асари. №84/IV, 2585/I, 3991 рақамларда, “Тайсир фит тафсир” (Тафсирни енгиллатувчи) Р:11922, 3150, 3231, 3164, 4789, 5365, 7124. “Китоб фи баён мазоҳиб ал-мутасаввифа” (Тасаввуф фирқаларининг баёни ҳақидаги китоб) №12465/IV, 10902, 10745, 11067/V, 6652/III, 11348, 8901, 5600/XXII. “Ибтиҳодж бил маърифат ал-ихтиладж” (Титроқ тинчлантиришни билиш) №9732/IV каби асарлари бўлиб, улар ичида“Ақоид” асари ва унинг матнига тегишлилари фондда асосий ўрин тутади.

5 Паздавий − таниқли ҳанафий олим, мотуридийлик мактабининг йирик вакилларидан бири. Насафдан олти фарсах масофа Пазда қалъасида туғилган. Олимнинг “Канз aл-вусул ила маърифат ал-Усул” (Усули Паздавий) асари ислом дунёсида тарқалган.

6 Макҳулий − ҳанафий фиқҳ ва калом олими бобоси Макхул ибн ал-Фадл Насафий нисбасига кўра, “ал-Макхулий” деб нисбат олган. Абул Муин Аловиддин Самарқандийнинг устози саналади. Унинг “Шарҳ ал-Жомеъ ал-Кабир”, “ал-Умда фи усул ад-дин”, “ат-Тамхид лил-қаваидит-тавҳид”, “Табсират aл-адилла”, “Маноҳиж aл-аимма”, “Баҳр aл-улум” ва бошқа асарлари мавжуд.

7 Мотуридий − таниқли ҳанафий фақиҳ, калом ва тафсир олими. Юздан ортиқ асарлар муаллифи бўлганлиги манбаларда нақл этилади. Шу сабаб ҳам, “Муфтий aс-сақалайн” лақабини олган. Самарқандда вафот этган.

8 Муҳаммад Насафий − ҳанафий фақиҳи. Хилоф илми моҳири. Ҳаёти ҳақида маълумотлар деярли учрамайди. Бағдод шаҳрида вафот этган.

9 Маҳмуд Насафий − мовароуннаҳрлик ҳанафий олимларнинг етакчисидир. Мужтаҳидлик даражасига етган. Кирмонда кутубиййа ва султониййа мадрасаларида мударрислик қилган. Асарлари машҳур уламолар томонидан мақталган. Қаранг: Yesilyurt T. Ebu’l Berekat en-Nesefi ve Islam dusuncesindeki yeri. –Malatya., 2000. – S. 21-59; Махсудов Д. Абу-л-Баракот Насафийнинг тафсир илмида тутган ўрни: Тар. Фан. номз. ... дис. – Т.:ТИУ, 2008.

10 Yesilyurt T. Ebu’l-Berekat en-Nesefi ve Islam dusuncesindeki yeri. – Malatya, 2000. –S.14.

11 11 Булардан асосийлари Бурҳониддин Али ибн Абу Бакрнинг “Ҳидоя”, Убайдуллоҳ ибн Масъуднинг “Мухтасар ал-Виқоя”; Маҳмуд ибн Юсуф Самарқандийнинг “Салоту-Масъудий”; Абу Ҳафс Умар Насафийнинг (461-537ҳ) “Манзумот ал-фиқҳ”, “Ажнос ал-фиқҳ”; Абул Макорим Абдуллоҳ ибн Муҳаммаднинг “Мухтасар ал-Виқоя” га ёзган уч жузли шарҳи; Абу Наср Аттобийнинг (ваф. 586) (Аттобиййа – Бухоро маҳаллаларидан бирининг номи) “Фатовойи Аттобиййа” асарини; Абу Лайс Самарқандийнинг (ваф. 376) “Хизанат ал-фиқҳ”; Имом Муҳаммад ибн Ҳусайн ал-Бухорийнинг “Мухтасар” асари; Қози Абу Али Насафийнинг “Ал-Фавоид” асари; Ҳусайн ибн Али Ломишийнинг (Ломиш-Фарғона қишлоқларидан бирининг номи), (ҳижрий VI аср) “Ал-Фатово” асари; Заҳириддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Умар ал-Бухорийнинг (ваф. 619) “Фавойиди Заҳириййа” каби асарларини киритиш мумкин.

12 Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси шрқшунослик институти (кейинги ўринларда: ЎзР ФАШИ тарзида берамиз) қўлёзмалар фондида ҳанафий фиқҳига оид бу асарнинг Р:5119, Р:3550, Р:4737, Р:7932, Р.Д. 48 каби ўнлаб қўлёзма ва №14087, №1750 бошқа тартиб рақамларида турли йилларда кўчирилган нусхалари мавжуд.

13 Асарнинг кўплаб қўлёзма ва тошбосма нусхалари юртимизнинг турли қўлёзма фондларида сақланади. Биргина ЎзР ФАШИ қўлёзмалар фондида асар матни ва унга битилган шарҳ, таржима ва ҳошияларнинг юзлаб нусхалари мавжуд. Масалан: қўлёзмалардан Р:3549, Р:10559, Р:12719, Р:2481, Р:5601, Р:13277, Р:12537, Р:10326, Р:11892, Р:11853, Р:12648, Р:11755... босмалардан эса, №12783, №16358, №14087, №11606, №3727 каби тартиб рақамлар шулар жумласидандир.

14 Мазкур фондда асарнинг Р:8149, Р.Д. 310, Р.Д. 1493 ва бошқа қўлёзма ва тошбосма нусхалари сақланиб келинмоқда.

15 ЎзР ФАШИ қўлёзмалар фондида “Муқаддамату-с-салот” асарининг жами тўртта қўлёзма нусхаси сақланади. Улар Р:9732/III, Р:1880/III, Р.Д.1243/I, Р.Д.1409/II тартиб рақамлари билан рўйхатга олинган.

16 Муаллифи номаълум намоз масалаларига қаратилган ушбу асар тахминан XVIII аср охири XIX бошларида ёзилган. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар хазинасида унинг тошбосма №15931нусхаси мавжуд. Бу китоб мажмуа таркибида китобат этилган асарлар сирасига кириб, ўзида “Шуруту-с-салот” асари билан бирга турли мавзулардаги жами ўн беш рисолаларни ҳам ўз ичига олган.

17 Zweiter Supplementband. GAL, Supp., II. E.J. Brill. – Leiden. 1938. – Б. 269; Котиб Чалабий. Kesf-el-Zunun. II cild. – Istanbul. Milli Egitim Basimevi, 1971. – S. 1802; Carl Brockrlmann, GAL,T. II. – Leiden, 1941. – Б. 253-254.

18 Arabichen litteratur Von Carl Brockelmann. Band II. – Berlin: Verlag von Emil Felber, 1902. – P. 198; Ahser A. Ahlward. Volume III. – Berlin, 1891. – P. 284; Ivanov W. Catalogue of Persian Manuscripts. – Calcutta, 1985. – P. 510; Reuben Levy, M.A., Litt. D. Arabic Manuscripts Libraru of the India office. Volume II. Fiqh III. – Londоn, 1937. – P. 267.

19 ЎзР ФАШИ қўлёзмалар фонди. Р:6308. – В. 2-61.

20 Али Акбар Қазвиний. “Деҳхудо” луғатномаси. (Орифлар атамалари қомуси). Ж.XI. – Б. 16597.

كيدان (ك)(اخ)دهى از دهستان همت آباد است كه در شهرستان بروجرد واقع است و178 تن سكنه دارد. (از فرهنك جغرافياى ايران جء).

21 Муаллиф “Фиқҳи Кайдоний”га ёзган шарҳидан ташқари “Мажмаъ ал-айнайн”, “Мифтоҳ бист боб”, “Одоб ас-савм”, “Матлаъ ал-анвор” ва “Фасиҳиййа шарҳи Виқоя” каби ўнлаб асарлари ҳам мавжуд. Уларнинг айримлари Ўз Р ФА ШИ қўлёзмалар фондида сақланади.

22 Мўъминобод Бухорога қарашли қишлоқ нинг номи бўлиб, муаллифнинг айнан ўша ердан эканига дололат қилади. Шориҳнинг (978/1570 йилда ҳаёт бщлган) яна “Фатаво”, “Жунг” номли асарлари бор. XIV аср охирларида яшаб ўтган. Шарқ қўлёзмалар мажмуаси. №IV жилд. –Т:. Фан, 1957. –Б. 386. Сулаймония кутубхонаси, Ҳарпут фонди. №000065.

23 Россия Фанлар Академияси Шарқшунослик институти араб қўлёзмалари фонди. №В 2246, Истамбул университети марказ кутубхонаси. №002071, Сулаймония кутубхонаси. Чалабий Абдуллоҳ фонди. №000111, Истамбул ҳокимияти кутубхонаси. №000278, Сулаймония кутубхонаси. Раисул-куттоб, №000315, Тоҳир оға такяси, №000213 ва Ҳадя қўлёзмалар фондларида инв №004172 рақамларида шунингдек, Измир миллий кутубхонаси. №000044 фондларида сақланади.

24 Сулаймония кутубхонаси, Хожа Маҳмуд афанди фонди. №001027.

25 Сулаймония кутубхонаси, Қилич Али Пошша фонди. №000386.

26 Сулаймония кутубхонаси, Юсуф оға фонди. №000243. Хожа Сали оға кутубхонасининг Ҳудоий афанди фондининг инв№000265 рақамида ҳам ҳижрий 1094/1682 йилда кўчирилган шарҳи мавжуд.

27 Атиф афанди кутубхонаси. Инв№000873.

28 Қўниё қўлёзма асарлар кутубхонаси. №000196.

29 ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди инв. Р:5859, Р:11763.

30 ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди инв. Р:4146.

31 ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди инв. Р:6308. Ҳамид Сулаймон фонди. Р:3272.

32 Rasid Riza М. Islamda birlik ve fikh mezhepleri. Ceviren. A.Hamdi Akseki. Notlar ekliyerek Sadelestiren. Hayreddin Karaman. – Ankara: Turk Tarih Kurumu basimevi, 1974. – S. 233.

33 Fuat Sezgin. Geschichte Des Arabischen Schrifttums. Band I. Fiqh. – Leiden: E. J. Brill, 1967. – P. 341-342, 407, 448; Ahser A. Ahward. Volume III. – Berlin, 1891. – P. 284; Reuben Levy, M. A., Litt. D. Arabic Manuscripts Libraru of the India office. Volume II. Fiqh III. – Londan, 1937. – P. 267-269; Bloched E. Manuscrits Persans De La Bibliotheque Nationale. Tome Quatrieme. – Paris, 1934. – P. 164-165; Viktor Rosen. De La Liste Complete Des Mamusprits Arabes. –Rome, 1885. – P.53; Hermann E. Catalogue of Persian Manuscripts in the library of the India office. –Oxford: Clarendon Press, 1937. –P. 1404-1405, 1429-1430; Ivanov W. Catalogue of Persian Manuscripts. –Calcutta, 1985. – P. 510; Arabichen litteratur Von Carl Brockelmann. Band II. – Berlin: Verlag von Emil Felber, 1902. –P. 198; Щеглова О.П. Каталог литографированных книг на персидском языке в собрании Ленинградского отделения института востоковедения. Част I. – М.: Наука, 1975. – С. 272; Семенов А.А. Описание. Персидских, арабских и турецких рукописей. – Т.: Университет, 1935. – С. 87; Арсланова А.А. Описание рукописей на персидском языке Научной библиотеки им. Н.И.Лобачевского. Выпуск I. – Москва- Казан, 2005. – С. 387; Беляев В.И. Арабские рукописи Бухарской коллекции Азиатского музея института востоковедения. – Ленинград: Академии наук, 1952. – С. 29.

34 Ҳожи Исматуллоҳ Абдуллоҳ. Марказий Осиёда Ислом маданияти. – Т.: Шарқ, 2005. – Б. 90.

35 Носир Муҳаммад. Насаф ва Кеш алломалари. – Т.: Ғафур Ғулом, 2006. – Б. 59.

36 Мўминов А. Мовароуннаҳр фиқҳ мактаби тарихига оид манба // Шарқшунослик. 1992. – № 3. – Б. 52-57.

37 Каттаев К. Самарқанд мадрасалари ва илму фан ривожи. – Самарқанд: Зарафшон, 2004. – Б. 33.

38 Сўфи Оллоёр. Маслак ал-муттақин. Мутаржим: Қозихўжа Ҳафизхўжа ўғли. Нашрга тайёрловчилар. Сайфиддин Сайфуллоҳ, Акрам Деҳқон. – Т.: Мовароуннаҳр, 2008. – Б. 371. Ундаги “Салот китоби”нинг 144, 182, 188, 189, 191, 205, 216, 222, 223, 225, 226, 227 каби ўндан ортиқ бертларида “Фиқҳи Кайдоний”га мурожаaт қилинган.

39 Абдуазизова Н. А. Туркистон матбуоти тарихи. – Т.: Академия, 2000. – Б. 31.

40 Воҳидова К А. Исҳоқхон Жунайдуллоҳхўжа ўғли Ибрат ва унинг тарихий-илмий мероси. – Т.: Фан, 2008. – Б. 50.

41 Фонддаги кўрсаткичда инв№1720 рақамли нусхада “Фиқҳи Кайдоний” шарҳи деб қайд этилган. Лекин бу қўлёзмада асар шарҳи мавжуд эмас.

42 Қаранг: A. Yaman. Kuhistani // TDV Islam Ansiklopedisi. C. 26. – S. 348; Умар Ризо Каҳҳола. Мўъжам ал-муаллифин. 9-жилд. – Байрут: Дор иҳё турос ал-арабий, (йили кўрсатилмаган). – Б. 179; Қайс Ол Қайс. Ал-Эрониййун ва-л-Адаб ал-арабий. Рижол фиқҳ ал-Ҳанафиййа. – Теҳрон: Муассасат ал-буҳус ва-т-таҳқиқот ас-сақофиййа, 1370. 5-жилд. − Б. 323; Абдуллоҳ Муҳаммад ал-Ҳабаший. Жомеъ аш-шуруҳ ва-л-ҳавоший. Мўъжам шомил ли-асмои ал-кутуб ал-машруҳа фи-т-турос ал-исломий ва баёни шуруҳиҳо. 3-жилд. – Б. 1493.

43 Абдуллоҳ Муҳаммад ал-Ҳабаший. Жомеъ аш-шуруҳ ва-л-ҳавоший. Мўъжам шомил ли-асмои ал-кутуб ал-машруҳа фи-т-турос ал-исломий ва баёни шуруҳиҳо. 3-жилд. – Б. 1493.

44 Рамазон Шешан, Жавод Изки, Жамил Оқпикор. Фиҳрис махтутот мактабати Кўпрули. – Истанбул, 1986. 3-жилд. – Б. 51; Ҳожи Халифа. Кашф аз-зунун ъан усомий ал-кутуб ва-л-фунун. – Истанбул, 1943. 3-жилд. – Б. 1802.

45 Қаранг: Жомеъ ал-мабоний шарҳи шарҳи “Фиқҳи Кайдоний”. – Қозон, 1912. − Б. 2.

46 ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди. Р:6286, Р:10934.

47 Насруллаев Н. Фиқҳи Кайдоний. Каталог. – Б. 201-223. Афсуски, биз Азиз Маҳмуд Ҳудоийнинг шарҳи матни билан танишиш имконига эга бўла олмадик.

48 Blochet E. Bibliotheque Nationale Catalogue. T. IV, №2207. – Paris, 1934. – Р. 484.

49 Ahlward W. Koniglichen Bibliothek zu Berlin. Vol. III, №3523-3526. – Berlin, 1891. – S. 284.

50 Щеглова О.П. Каталог литографированных книг на персидском языке института востоковедения. Ч. I, №603-608. – М.: Наука, 1975. – С. 272. Персидские и таджикские рукописи института народов Азии. – М.: Наука, 1964. – С. 341-342.

51 Қаранг: Фиқҳи Кайдоний. Каталог. – Б. 199-223. ЎзР ФА ШИ тошбосма китоблар фондида асарнинг Истамбул шаҳрида литографик усулда нашр этилган №4119,7409, 16358, 2068, Д.1703, Д.1725, Д.2887 қатор нусхалари бор.

52 Бу ўлкада чоп этилган асар нусхаларидан бир нечтаси ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фондидаги босма китоблар бўлимида №6320, 10516, 4117, 4116, Л.С.269, Л.С.694, Л.С.858, Л.С.2148 каби тартиб рақамлари остида сақланиб келинмоқда.

53 Fuat Sezgin. Geschichte Des Arabischen Schrifttums. Band I. –Leiden, 1967. – S. 448.

54 Reuben M.A., Litt D. Catalogue arabic manuscripts libraru of the India office. Vol. II, Fiqh III. №1672-1681. – London, 1937. – P. 267-269.

55 Арсланова А.А. Описание рукописей на персидском языке научной библиотеки им. Н.И.Лобачевского Казанского государственного университета. Выпуск I. – М-Казань, 2005. – С. 355-389. Жумладан, ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фондида ҳам Фиқҳи Кайдоний асарининг турли йилларда нашр этилган №4133, 20189, 6542, 7133, 6767, 16315, 20099, 6011, 6090,18927, 18925, 8502, 6636, Д. 2415 каби ва бошқа нусхалари мавжуд.

56 Мўминов А.К. Каталог арабографических рукописей музея-заповедника «Азрер-Султан» в городе Туркестан. – Туркестан: Мура, 1997. –С. 44-48.

57 Фонд бу матбаага қарашли инв №15399, 4120, 15763, 4125 нашрлар ва Ҳ.Сулаймон фондига мансуб инв №3586 рақамли нусхаларга эга.

58 Петухов босмахонасида чоп этилган нусхалар жуда озчиликни ташкил этади. Биз бу ўринда фақат бир № 7177 рақами билан кифояландик.

59 Фондда инв № 4119, 7409, 16358, 4118 рақамдаги ва бошқа ўнлаб Истамбул шаҳрининг “Қунстантиния”, “Ширкати Ийрония”, “Маҳмудбек” номли нашриётларида чоп этилган нусхалари сақланиб келинмоқда. Ҳ.Сулаймон фондида инв № 1720, 2068 рақамда икки нусхаси бор.

60 Жумладан, инв № 5409, 5410,20189, 6542, 7133, 6767,16315, 20099, 6011, 18925, 8502, 6636, 6090, 18927 рақамлар остида сақланаётган нусхалар Қозон шаҳарларида нашр этилган китоблардир.

61 ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди. P:6278, P:8050, Д.2887, №459.

62 ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди. P:3584, P:12643, P:12730, P:11405, P:12247, P:4013, P:6738, P:5901, P:8478, P:8050, P:12522, P:8478,P:6371 каби ва яна ўттиздан ортиқ қўлёзмаларда “Фиқҳи Кайдоний” асарининг матн ва шарҳлари охиригача кўчирилмаган.

63 ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди. P:6599 рақамли ушбу қўлёзмада “Фиқҳи Кайдоний”га битилган шарҳ ўрин олган бўлиб, охирги 67 варағи бошқа котиб томонидан кўчирилган. P:11880 муқаддима қисми котиби бошқа. P:3584 ёзувлари фарқли. P:11247 бу қўлёзма таркибига бир неча рисолалар жамланган. Ундаги “Фиқҳи Кайдоний” шарҳи икки котиб томонидан кўчирилган. P:11361, P:8050, P:1264 каби тартиб рақамлари ҳам шулар жумласидандир.

64 ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди. P:8898, №18926, Р.Д.183, Р.Д.310, P:11089, P:7612, P:10382, P:10356, P:5162, №6297, Р.Д.1101, Л.С.857.

65 ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди. P:10326, P:10559, P:10380, P:10685, P:4067, P.Д.313, P.Д.1293 каби ўнлаб қўлёзма муқоваларига унвонлар босилган ва уларда саҳҳофлар номи қайд этилган.

66 ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фондидаги нусхаларни кўздан кечириш давомида, лабагиларнинг чармдан ясалганлари асосан ўрта аср ва кейинги асрларга оид экани аниқланди. Асримизга яқин ҳисобланган нусхаларининг кўпчилик қисмига матодан ишлов берилган.

67 ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фондида сақланаётган Фиқҳи Кайдоний асарининг Р:3930, Р:2947, Р:3360, Р:375, Р:11746, Р:10326 каби тартиб рақамли нусхалар ана шулар жумласидан.

68 ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди инв. №Р:12643 10x18, 375 10,5x17, 10415 11x16, 8726 11x18, 11247 11x18,5, 10326 11,5x19, 10512 11x20, 12764 12x20, 3930 12,5x19.

69 ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди инв. №Р:7898 19,5x30, 11043 24x29, 10973 24,5x30, 4067 24,5x30,5




Похожие:

Насаф шаҳри илмий муҳити (XIII-XIV) iconЎҚувчиларда илмий дунёқараш асосларини тарбиялаш (2С) Режа
Талабаларда илмий дунёқарашни шакллантириш педагогик жараённинг асосий мақсадларидан биридир. Фан ва техниканинг жадал тараққиёти...
Насаф шаҳри илмий муҳити (XIII-XIV) iconПресс-релиз 2013 йил 11 февраль куни соат 11: 00 да Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг мажлислар залида "Олий малакали илмий ва илмий-педагогик кадрлар
Республикаси Фанлар Академиясининг мажлислар залида “Олий малакали илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш тизими ва унинг ҳуқуқий...
Насаф шаҳри илмий муҳити (XIII-XIV) iconДарснинг тахлилини куйидаги турларга булиш мумкии
Илмий тахлил- берилаётган билимларнинг илмий назарий жихатини, укувчи бажараётган мустакил ишнинг максадга мувофиклигини аниклаш...
Насаф шаҳри илмий муҳити (XIII-XIV) iconДарснинг тахлилини куйидаги турларга булиш мумкии
Илмий тахлил- берилаётган билимларнинг илмий назарий жихатини, укувчи бажараётган мустакил ишнинг максадга мувофиклигини аниклаш...
Насаф шаҳри илмий муҳити (XIII-XIV) icon2012 йилда катта илмий ходим изланувчи ва стажёр-тадіиіотчи-изланувчи институтига іабул іилиш режаси µаіида
П-1426-сонли “Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш тизимини келажак такомиллаштириш чора-тадбирлари тґІрисида”ги...
Насаф шаҳри илмий муҳити (XIII-XIV) iconЎзбекистон республикаси министрлар кабинети қошидаги олий аттестация комиссия
Мутахассислик бўйича фан докторлик имтиҳони бу Давлат илмий аттестатцияси ва илмий педагогик кадрларнинг ажралмас бир қисмидир
Насаф шаҳри илмий муҳити (XIII-XIV) iconТўлиқ исми Амир Темур кўрагоний ибн Амир Тарағай ибн Амир Бурқул бўлган бу буюк тарихий шахс ўрта асрнинг йирик давлат арбоби, буюк саркарда, кучли ва марказлашган давлат асосчиси, илм-фан ва маданият ҳомийсидир
Темур, Темурбек [1336-йил 9-апрел Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз) шаҳри яқинидаги Хожа илғор қишлоғи (ҳозирги Яккабоғ тумани) 1405-йил 18-феврал...
Насаф шаҳри илмий муҳити (XIII-XIV) iconФармацияси факультети 4 курс талабалари учун
Ажралмаларни ёт моддалардан тозалаш усуллари. Заҳарли, наркотик ва гангитувчи моддаларни объектдан ажратиб олишда таъсир қилувчи...
Насаф шаҳри илмий муҳити (XIII-XIV) iconЎзбекистон республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруғИ
Аспирантура (докторантура) туғрисида Низом”га асосан аспирантура ва докторантура орқали олий малакали илмий ва илмий -педагог кадрлар...
Насаф шаҳри илмий муҳити (XIII-XIV) icon2010 йил докторантура ва аспирантурага іабул іилиш
Аспирантура (докторантура) тґІрисида Низом”га асосан аспирантура ва докторантура оріали олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар...
Разместите кнопку на своём сайте:
Документы


База данных защищена авторским правом ©uz.denemetr.com 2000-2015
При копировании материала укажите ссылку.
обратиться к администрации