Документы



Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги алишер навоий номидаги самарқанд давлат университети зиёдулла муқимов амир темур тузуклари icon

Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги алишер навоий номидаги самарқанд давлат университети зиёдулла муқимов амир темур тузуклари

НазваниеЎзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги алишер навоий номидаги самарқанд давлат университети зиёдулла муқимов амир темур тузуклари
страница1/8
Дата07.08.2013
Размер1.65 Mb.
ТипДокументы
скачать
  1   2   3   4   5   6   7   8
1. /146_Amir Temur tuzuklari (Muqimov Z)/Amir Temur tuzuklari (Muqimov Z).docЎзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги алишер навоий номидаги самарқанд давлат университети зиёдулла муқимов амир темур тузуклари


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ


АЛИШЕР НАВОИЙ НОМИДАГИ

САМАРҚАНД ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИ


ЗИЁДУЛЛА МУҚИМОВ


АМИР ТЕМУР

ТУЗУКЛАРИ

(Тарихий-ҳуқуқий тадқиқот)


Алишер Навоий номидаги Самарқанд Давлат университети Илмий кенгашининг қарорига мувофиқ нашр этилмоқда.


САМАРҚАНД - 2008


УДК: 34:9 (575.1)

М-95

Зиёдулла Муқимов. Амир Темур тузуклари (тарихий-ҳуқуқий тадқиқот). Иккинчи тўлдирилган нашри. – Самарқанд: СамДУ, 2008. – 131 бет.


ББК: 67.3


Ушбу тадқиқотда буюк давлат арбоби, машҳур аскарбоши, Ватанимизда мўғуллар ҳукмронлигига барҳам бериб, марказлашган давлат барпо этиб, унга қонунлар берган Амир Темурбекнинг Тузуклари ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан тадқиқ этилади. Унда улкан ҳоқонлик доирасида амалда бўлган тўралар (одатлар), тузуклар ва уларнинг аҳамияти, асосий белгилари, жумладан, Тузукларга кўра, ижтимоий-сиёсий тузум, давлатни бошқаришнинг асосий қоидалари, мулк, меҳнат, солиқ, ҳарбий ва жиноят ҳамда суд ҳуқуқи қоидалари, уларнинг асосий белгилари ёритиб берилган.

Китоб ҳуқуқшунослик факультети талабалари, магист-рантлари, ўқитувчи ва тадқиқотчилар ҳамда давлат ва ҳуқуқ тарихи билан қизиққан барча китобхонларга мўлжалланган.


Масъул муҳаррир А.Х. САИДОВ,

юридик фанлар доктори,

профессор


Тақризчилар: Ҳ.Б.БОБОЕВ,

юридик фанлар доктори,

профессор,


М.М.ҚЎЛДОШЕВ,

юридик фанлар номзоди,

доцент


©


Алишер Навоий номидаги Самарқанд Давлат университети, 2008


МУНДАРИЖА

СЎЗ БОШИ.......................................................................................4


БИРИНЧИ БОБ. МАРКАЗЛАШГАН АМИР ТЕМУР ДАВЛАТИНИНГ ТАШКИЛ ТОПИШИ ВА «ТЕМУР ТУЗУКЛАРИ» НИНГ ЯРАТИЛИШИ

1.1. Марказлашган Амир Темур давлатининг ташкил топиши...13

1.2. Амир Темурнинг давлат-ҳуқуқий қарашлари……................25

1.3. «Темур тузуклари», унинг яратилиши ва ўрганилиши….....33

1.4.Ҳуқуқ манбалари тизимида «Тузуклар»нинг ўрни…............52


ИККИНЧИ БОБ. «ТЕМУР ТУЗУКЛАРИ»ДА ДАВЛАТ ВА ҲУҚУҚ МАСАЛАЛАРИ

2.1. Давлат ва давлат бошлиғи тўғрисидаги қоидалар….............61

2.2. Давлат бошқаруви ва давлат хизмати ………………………76

2.3. Ҳуқуқ ва қонунчилик ҳамда ҳуқуқ-тартибот ҳақидаги қоидалар............................................................................................84

2.4. Ҳарбий-ҳуқуқий масалалар...................................................100

2.5. «Тузуклар»да ўзбеклар масаласи..........................................107


ХУЛОСА........................................................................................116

ИЗОҲЛАР..………………………………………………………122

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР.....................................124


СЎЗ БОШИ


Амир Темур ва темурийлар даври давлатчилиги, маънавияти ўзининг салоҳияти, мазмуни, тарбиявий кучи ва таъсири билан халқимиз тарихида алоҳида ўрин тутади. Шунинг учун ҳам Президентимиз қайд этганларидек, «...бизнинг тарихимизда Амир Темурдек улуғ сиймо бор экан, унинг қолдирган мероси, панду ўгитлари бугунги ҳаётимизга ҳамоҳанг экан, олдимизда турган бугунги муаммоларни ечишда бизга қўл келаётган экан, бизнинг бу меросни ўрганмасдан, таърифламасдан, тарғибот қилмасдан ҳаққимиз йўқ».1

Ўзбекистон ўзининг давлат мустақиллигига эришгач, унинг бир неча минг йиллик ижтимоий-сиёсий тарихини ҳар тарафлама ўрганиш учун кенг имкониятлар яратилди. Айниқса, марказлашган Амир Темур салтанати, унинг ўзбек давлатчилиги ва маданиятини ривожлантиришдаги ўрни масалаларига ойдинлик киритилиб, тарихчи, шарқшунос олимларимиз кўплаб биринчи манба аҳамиятидаги асарларни ўзбек тилига таржима қилиб, нашр эттирдилар.

Давлатимизнинг сиёсати ва халқимиз хоҳиш-иродасига асосланган Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 29 декабрда «Амир Темур таваллудининг 660 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарори, 1995 йил 26 декабрда эса Президентимизнинг «1996 йилни Амир Темур йили деб эълон қилиш тўғрисида»ги фармонлари қабул қилинди. 1996 йил мартида «Темурийлар тарихи» давлат музейини ташкил қилиш хусусида, «Амир Темур» орденини таъсис этиш тўғрисида фармонлар чиқди. ЮНЕСКО қарори асосида Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги бутун дунёда кенг нишонланди. 1996 йил апрелида шу ташкилотнинг Париждаги бош қароргоҳида «Темурийлар даврида фан, маданият ва таълим равнақи» мавзуида илмий конференция ўтказилиб, Буюк давлат арбобининг тарихдаги ўрнига юксак баҳо берилди. «Амир Темур жаҳон тарихида қудратли ва гуллаб-яшнаган давлат барпо этган буюк саркарда ва давлат арбоби сифатидагина мавқеи тутмайди. У ўз пойтахти бўлмиш Самарқандни ер юзининг чинакам маданий ва илмий марказларидан бирига айлантирди. Бу улуғ зот қурдирган меъморчилик ва халқ санъатининг жавоҳирлари янглиғ бугунгача қад кўтариб турган осори атиқалар шаҳар ва қишлоқларимиз кўркига кўрк қўшиб келяпти.

Соҳибқирон замонасининг ажойиб дипломати, давлатлар ўртасида дўстона муносабатлар ўрнатилиши ва иқтисодий алоқалар ривожланишининг тарафдори сифатида ҳам машҳур эди. У олимлар ва ҳокимлар, меъморлар ва шоирларнинг буюк ҳомийси янглиғ донг чиқарган».1

Давлат мустақиллигига эришиб, бугунги кунда демократик-ҳуқуқий давлат қураётган халқимиз Ватанимиз тарихида ҳуқуқий давлат ҳақидаги тасаввур ва қарашларнинг юзага келиши ҳамда ривожланиши, унинг юридик манбалари, дунёвий ҳуқуқ ва қонунчилик масалаларини ҳам билишни истайди, албатта. Ана шу нуқтаи назардан қараганда, Темур тузукларини тарихий-ҳуқуқий тадқиқ этиш алоҳида долзарблик касб этади. Зеро, ўтмиш меросимиз, унинг бой давлатчилик ва ҳуқуқий асослари, хусусан, Амир Темур даврида давлат ва ҳуқуқ борасида қўлланилган адолатли тамойиллар бугунги кунда мустақиллигимизга ҳам хизмат қилиб, шахснинг юксак сиёсий, ахлоқий ва ҳуқуқий маданиятини шакллантиришда кўмаклашмоқда.

Амир Темур ҳаёти ва фаолиятини ёритувчи асосий тарихий манбалар бениҳоя кўп ва хилма-хил бўлиб, бу унинг номи, жаҳон тарихидаги роли беқиёс эканлиги ва ғоят машҳурлигидан далолат беради. Бу масалаларга оид манбаларнинг илмий таҳлили жамиятшунос олимларимиз асарларида, айниқса, ўзбек, рус, инглиз тилларида нашр этилган «Амир Темур жаҳон тарихида» номли фундаментал тадқиқотда батафсил берилган. Ушбу тадқиқотда мазкур мавзу бўйича жаҳоннинг турли тилларида нашр этилган адабиётлар рўйхати ҳам келтирилган2, шунингдек, Амир Темур, Темурийлар давлати, унинг ташкил топиши масалаларига бағишланган, чет элларда ва Республикамизда олиб борилган тадқиқотларнинг илмий таҳлили ҳам бир қатор олимларимизнинг китобларида ёритилган.

«Темур тузуклари» илмий жамоатчиликни 600 йил мобайнида қизиқтириб келмоқда. Албатта, ушбу даврда яратилган адабиётлар жуда кўп1, мавжуд адабиётларни агар яратилиш саналарига кўра тасниф этсак, уч даврни ажратиб кўрсатса бўлади: 1) тузуклар бўйича 1917 йилгача олиб борилган тадқиқотлар; 2) шўролар даврида ёзилган асарлар; 3) мустақиллик даврида яратилган илмий изланишлар.

Жумладан, XIX асрнинг иккинчи ярмида ўзининг сиёсий-иқтисодий манфаатларидан келиб чиқиб, Туркистонни ўз таъсир доирасига олган, ўлкада мустамлакачилик режимини ўрнатган мустамлакачи маъмурлар Туркистоннинг бой маънавий-ҳуқуқий меросига дуч келдилар ва бу меросни ўзида акс эттирган баъзи асарлар, жумладан, «Темур тузуклари» ўша даврдаёқ рус тилига таржима этилди ва илмий жамоатчиликка таништирилди.2 Ўша даврдаги рус олимларидан бири Д.И.Логофет «Тузуклар»ни ўрганиб ва унга юксак баҳо бериб: «Туркистонда ҳуқуқий давлат ва Конституцион Кодекс Европадан 500-400 йиллар олдин вужудга келган», деган фикрни илгари суради.3 Баъзи рус олимлари эса «Темур тузуклари»га паст назар билан қараб, унинг муаллифи Амир Темур эканлигига, ҳатто, шубҳа билдирганлар. Ана шулардан биринчиси – таниқли шарқшунос олим В.В.Бартольд ўзининг 1918 йилда нашр эттирган дастлаб «Улуғбек ва унинг даври» асарида4, шунингдек, кейинчалик 1928 йилда чоп этилган «Мир Алишер ва сиёсий ҳаёт» номли мақоласида ушбу фикрни олға суриб ва ривожлантириб, «Темур тузуклари» XVII асрда Ҳиндистонда битилган асар деган фикрни илгари суради.1

В.В. Бартольднинг ушбу фикрлари ўша даврдаги ҳукмрон сиёсатга ҳамоҳанг айтилганлиги яққол кўриниб турибди. Бундай ёндашишлар асосида туркий халқларнинг қадимий давлатчиликка эга бўлганлиги, унинг ўзига хос ҳуқуқий манбалари ҳамда уларни яратиш анъаналари мавжуд бўлганлигини камситиб кўрсатиш ниятлари ётади. Бундай фикрлар давлат ва ҳуқуқ тарихи билан шуғулланувчи рус ва собиқ совет олимлари ўртасида ҳам ўз самарасини берган. Собиқ советлар давлати ва ҳуқуқи тарихининг (тўғрироғи, Россия) биринчи дарслик китобини ёзган С.В.Юшков «Темур тузуклари»дек ҳуқуқ манбаини кўрмасликка олиб, Ўрта Осиё халқларининг ҳуқуқий манбалари фақат «Қуръон ва унга берилган шарҳлар ҳамда «Ҳидоя» дангина иборат», деган хато фикрнинг шаклланишга олиб келди.2 Ушбу фикр тарихий-ҳуқуқий фанларда 90-йилларгача ҳукмрон бўлиб қолди. «Правда Востока» газетасининг хабар беришича, 1930 йилларда «Темур тузуклари»ни ўрганиш ва унинг барча таҳрирларини тўплаш мақсадида, ҳуқуқшунослардан иборат махсус гуруҳ ҳам тузилган. «Ўзбекистон ҳуқуқи ва совет қурилиши илмий тадқиқот институти қошида ташкил қилинган бу гуруҳ Тузукларнинг ўзбекча ва русча таржималарини топиб тўплаган», деб хабар беради газета, агар бу ҳақиқатан шундай бўлса, бирор жойда, яъни институт кутубхонаси ёки архивларда тургандир улар... «Энг аввало, рус тилида тегишли шарҳлар билан тўла таржимасини босиб чиқариш режалаштирилган. Бухоро, Самарқанд ва Шаҳрисабз каби шаҳарлар архивларида сақланаётган ҳужжатларни ўрганиш учун илмий ходимлар юборилган. Ўша вақтда Бутуниттифоқ фанлар академиясининг «Совет қурилиши ва ҳуқуқи» институтининг директори бўлиб ишлаб турган проф. Пашуканиснинг шахсан ўзи бу ишга раҳбарлик қилган».3

Агар Ўзбекистондаги бу олимлар гуруҳи фаолият кўрсатган бўлса, улар тўплаган ҳужжатлар бирор жойда тургандир ёки улар ҳам Москвага олиб кетилганми?!. Аммо кейинчалик на матбуотда, на юридик адабиётларда бу борада бирон хабар йўқ. Сирли равишда шу йўналишдаги илмий изланишлар номаълум сабабларга кўра тўхтатиб қўйилган, унинг фаолиятига оид ҳисоботлар нашр этилган ёки этилмагани номаълум.

1969 йилда ЮНЕСКО томонидан Самарқандда Темур ва Темурийлар даврида Марказий Осиёнинг санъати ва маданиятини ўрганиш бўйича халқаро конференциянинг ўтказилиши муносабати билан бу тарихий манбага эътибор кучайди. Айниқса, академик И.М. Мўминов бу борада катта жонбозлик кўрсатдилар. 1968 йилда Н.Остроумов томонидан рус тилига қилинган таржиманинг фотонусхаси матни И.Мўминовнинг сўз бошиси билан «Фан» нашриётида чоп этилди.1 Шунингдек, олимнинг «Амир Темурнинг Ўрта Осиё халқлари тарихидаги ўрни ва роли» рисоласи ҳам нашр этилди.2 Бу асарда Соҳибқироннинг хизматларига холисона баҳо берилди. Шундан кейин республикамизнинг кўзга кўринган тарихчи-ҳуқуқшунос олимлари О.И.Эшонов, Х.С.Саматова ва Ш.З.Ўразаевлар томонидан ёзилган «Ўзбекистон давлати ва ҳуқуқи тарихи» дарслик китобида унинг ҳуқуқий белгилари очиб берилди.3 Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, «Тузуклар»ни ҳақиқий илмий жиҳатдан ўрганиш, уни турли тилларга таржима қилиш, шарҳлаш, асарнинг турли нусхаларини нашр этиш, «Тузуклар»нинг тарихий манба сифатидаги қийматини исботлаб бериш учун фақат мустақилликка эришганимиздан кейингина тўла шароит яратилди. Бу борада тарихчи олимларимиздан, айниқса, академик Б.А.Аҳмедов4 ва Н.А.Аҳмедов5, Ҳ.Кароматов, шунингдек, ҳуқуқшунослардан Ҳ.Б.Бобоев1, А.Х.Саидов, Ж.Т.Тошқулов2 ва бошқаларнинг яратган асарларини кўрсатиш мумкин. Ушбу муаллифларнинг ишларида «Тузуклар», унинг вужудга келиши, «Тузуклар»даги давлат ва ҳуқуқ масалалари очиб берилган. Уларнинг тадқиқотлари маҳсули ўлароқ олинган натижалар дарслик ва ўқув қўлланмаларига киритилган.

Ҳ.Бобобеков, Ҳ.Бобоев ва А.Қуронбековлар «Темур тузуклари»нинг бир неча нусхаларини топдилар, уларни тадқиқ этиб, ҳозирги замон алифбосига ўгирдилар, тегишли изоҳ ва луғатлар билан нашр эттириб, Темурийлар давлати ҳамда «Тузуклар»ни ўрганишга катта ҳисса қўшдилар.3 Жумладан, 1776 йилда кўчирилган форс тилидаги нусхадан 1858 йилда Паҳлавон Ниёз Девонбеги томонидан Хивада ўзбек тилига ўгирилган нусханинг Санкт-Петербург кутубхоналаридан топиб, чоп эттирилиши тадқиқотчилар учун катта туҳфа бўлди.4

Булардан ташқари, ўзбек давлатчилиги, хусусан, Темур ва Темурийлар давлатининг ташкил топиши, ижтимоий хусусиятлари масалалари бир қатор тарихчи олимларимиз, жумладан, А.Аҳмедов, Ҳ.З.Зиёев, А.Ҳ.Зиёев, А.Муҳаммаджонов, Р.Г.Муқминова, А.Соғуний, А. Ўринбоев, У.Уватов, Т.Файзиев; ҳуқуқшунослардан А.Х. Саидов, А.Тўлаганов, А.Ш.Жўзжоний, М.М.Файзиев, С.М.Хидиров ва бошқаларнинг ишларида у ёки бу даражада тадқиқ этилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳозирда Буюк Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган кўплаб конференция ва анжуманлар ўтказилмоқда. Аммо афсуски, уларнинг Тузукларга оид материалларида деярли янгиликлар йўқ. Баъзи диссертациявий тадқиқотлар ишларида қайси нусха ёки таржиманинг асл эканлигини билмасдан, тадқиқотчи хатоликларга ва ноаниқликларга йўл қўйган ҳоллари ҳам мавжуд.1

Ҳозирги кунда бу борадаги тадқиқотларнинг ютуқ ва вазифаларини белгилаб берадиган ҳамда янги фикрлар бериб, тадқиқотларга ундайдиган ишлар қатори: шарқшунос Убайдулла Уватовнинг «Темур тузуклари Маккадамикан?»2 Ўзбекистон халқ ёзувчилари Муҳаммад Алининг «Буюк обидага эҳтиром»3, Пиримқул Қодировнинг «Маънавиятимиз тарихида Темур тузукларининг ўрни»4, шарқшунос олим Ҳабибулла Кароматовнинг «Темур тузукларини Ўзбекистонда ўрганиш муаммолари»5 каби ишларни кўрсатиш мумкин.

Тадқиқот манбаларига келсак, давлат ва ҳуқуқ тарихи, назарияси, сиёсий ҳамда ҳуқуқий таълимотлар тарихига оид асарлар, мустақиллик йилларида ўзбек тилига ўгирилиб, нашр этилган мумтоз тарихчиларнинг асарлари, «Темур тузуклари»нинг турли нашрлари ва нусхалари, тарихчи, шарқшунос ва ҳуқуқшунос олимларимизнинг асарлари, Амир Темур таваллудининг турли саналари муносабати билан ўтказилган илмий амалий конференциялар, шунингдек, ушбу мавзуга бағишланган илмий-назарий конференцияларнинг материаллари ва тавсиялари қўйилди ҳамда фойдаланилди.

Ушбу тадқиқотимизнинг объекти албатта, энг аввал, тарихий манбаларнинг ўзи ва олимларимизнинг бу борадаги ишларидир. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, тарихий манбаларни тарихий-ҳуқуқий тадқиқ этишнинг ўзига хос қийинчиликлари ҳамда муаммолари мавжуд. Булар орасида, энг биринчи ўринда, манбанинг бизга катта тарихий довон орқали етиб келганлиги туфайли, унинг қўлёзма, тошбосма ҳамда турли тилларга қилинган таржима нусхалари (списка)нинг кўплиги натижасида баъзи ноаниқликлар, бир-бирига зиддиятли ҳолатларининг мавжуд бўлишидир. Темур тузуклари ҳам ана шундай манбалардан бири бўлиб, тадқиқотимизнинг асоси сифатида ўзбек тилидаги нусхаларга таяндик. Булар асосан қуйидагилар:

1. Қўқон хони Муҳаммад Алихон (1822-1841)нинг буйруғига кўра, Хўжанд қозиси Набижон Маҳдум Хотиф Хўжандийнинг 1836 йилда (ҳозирда асл нусхаси Санкт Петербурдаги Шарқшунослик институтида сақланаётган) форсча нусхадан ўзбек тилига қилинган таржима нусхаси. Бу нусха Амир Темурнинг 39 ёшларигача бўлган ижтимоий-сиёсий воқеаларни ўз ичига олиб, таниқли олимлар Ҳ.Бобобеков, Ҳ.Бобоев, А.Қуронбековларнинг сўз боши луғат ва изоҳлари, нусханинг факсимелияси билан икки марта 1999 ва 2000 йилларда «Темур тузуклари», «Зафарнома» номлари билан нашр этилган.

2. 1856-1857 Хоразмда (Хивада) Мухаммад Юсуф ар Рожий томонидан қилинган таржима. Ҳ. Бобобеков, Ҳ. Бобоев ва А.Қуронбековларнинг фикрига кўра, энг қисқа таржима бўлиб, унинг асл нусхаси Санкт-Петербургда сақланмоқда.

3. Хивада 1858 йили Паҳлавон Ниёз Девон томонидан қилинган таржима. Бу асар «Малфузот», «Қиссаи Темур» (таржимага асос бўлган 1766 йили форс тилидаги нусха «Малфузоти Темурий» деб аталган) номлари билан аталган таржима. Ҳар иккала таржиманинг асли нусхаси ҳам Санкт-Петербургда Шарқшунослик институти кутубхонасида. Ушбу нусха ҳажм жиҳатидан катта бўлиб, Ҳ.Бобобеков, Ҳ.Бобоев, А.Қуронбековларнинг катта мехнатлари туфайли «Қиссаи Темур» 2000 йил нашр этилган.

4. 1967 йил таниқли олим Алихон Тўра Соғуний томонидан (1885-1976) Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари бош идорасининг кутубхонасида сақланаётган форсча нусхасидан ўзбек тилига таржима («Гулистон», 1967,8-сон) ҳамда Алихон Соғуний ва Ҳабибулла Кароматовлар таржимаси (1991, 1996, 2005 йиллар нашр этилган). Ушбу нашрларда фикримизча, асосан давлатни бошқариш қоидалари ва ҳарбий қурилиш ҳақидаги қоидалар тўпланган. Таржимаи ҳол қисмига оид маълумотлар қисқароқ. Аммо учинчи нашри жуда чиройли ва катта изоҳлар билан таниқли олимларимизнинг сўз боши ҳамда фикрлари билан нашр этилган.

5. «Мен ким фотиҳи Темур» (Манам Темури жаҳонкушо). Француз тилидан форс тилига Забиҳуллоҳ Мансурий, форс тилидан ўзбек тилига Абдураҳим Учқун таржималари. Бу асар Амир Темурнинг ўз қўллари билан ўз тилларидан баён тарзда ёзилган бўлиб, «Темур тузуклар» нинг биринчи, таржими ҳол қисмига нисбат берилади. Аммо «Шарқ юлдузи» журналида манбанинг еттинчи фаслигача босилиб, кейинчалик унинг алоҳида мустақил бир асар эканлиги маълум бўлгач, нашр этиш тўхтатилган.1

Мазкур тадқиқот ишининг иккинчи нашрини тайёрлашда ушбу нусхалардан фойдаландик. Унинг биринчи нашри ҳомий ёрдамида нашр этилиб (Тошкент: Янги аср авлоди, 2001. - 119 б.), китобхонлар томонидан яхши кутиб олинган эди. Шунинг учун унинг иккинчи нашрини тайёрладик. Фикр-мулоҳазаларини билдирган кишиларга муаллиф олдиндан ўз миннатдорчилигини билдиради. (Манзилимиз: Самарқанд шаҳри, Университет хиёбони, 15, ҳуқуқшунослик факультети).


Биринчи боб


МАРКАЗЛАШГАН АМИР ТЕМУР ДАВЛАТИНИНГ

ПАЙДО БЎЛИШИ ВА «ТЕМУР ТУЗУКЛАРИ»НИНГ ЯРАТИЛИШИ


    1. Марказлашган Амир Темур давлатининг ташкил топиши


Европа олимлари Амир Темур давлати Осиёдаги энг сўнгги буюк салтанат эди, дея эътироф этадилар. Соҳибқирон Темур бундай катта давлатни, марказлашган йирик салтанатни қандай тузди, қайси йўллар билан уни тартибга келтирди ва унинг узоқ йиллар ҳукмронлик қилишида қайси омиллар етакчилик қилди? Бу саволларга жавоб излар эканмиз, биз учун «Темур тузуклари» асосий манба сифатида хизмат қилади. Тўғри, Амир Темур тўғрисидаги тарихий манбалар оз эмас. Лекин улардаги маълумотларнинг барчасини бир хилда қабул қилишга ошиқмаслик керак. Ҳатто, ҳозир ҳам баъзи адабиётларда Амир Темур даврига ҳар кимнинг ўзича ёндашувлари мавжудки, улардан фойдаланганда алоҳида шарҳ ва таҳлиллар талаб этилади. Шунинг учун ҳам биз Амир Темур давлатининг вужудга келиши масаласида мумтоз асарлар ва «Тузуклар»га суянишни лозим топдик.

Деярли барча мумтоз ва замонавий тарихий асарларда кўрсатилганидек, XIV асрнинг ўрталарига келиб, Мовароуннаҳрда Чиғатой* улусининг иккига бўлиниб кетиши натижасида ҳокимият анча заифлашиб, бу давлат ўзининг инқироз даврини бошидан кечирмоқда эди.

1346 йилда Чиғатой хонларидан Қозонхон (1338-1346)* ўзининг амир ул умароси бўлган нуфузли турк амири Амир Қозоғон (1347-1358)* томонидан ўлдирилгач, Чиғатой улусининг хонлигига шу сулола вакили Донишмандча хон кўтарилади. Аммо амалда бутун ҳокимият Амир Қозоғон қўлида эди. Унинг давридан бошлаб, хонлик тизими ўрнини амирлик бошқаруви ола бошлайди. Яъни расман Чиғатой наслидан бўлган хонлар ҳокимияти тан олинса-да, лекин улусни бошқариш амалда амир қўлига ўтган. 1358 йилда бу улусда таъсири кучли бўлган амир Қозоғон ўлдирилгач, ўрнига унинг иккинчи ўғли амир Абдуллоҳ ўтириб, унинг таъсири кучаяди. Аммо у ҳам бир йиллардан сўнг ҳокимиятдан четлатилиб, шоҳ Темур ўғлон хон кўтарилади. Ана шу даврда бошбошдоқлик кучайиб кетади. «Олам ичра ҳар тарафда ғавғолар пайдо бўлди. Ва нўёнлардин ҳар кишидаким, кучи бор эди, давлат даъво қилур эрди», – деб ёзган эди бу ҳақда тарихчи Шарафуддин Али Яздий.1

Тармаширин хондан кейин (1326-1334) ўтган йигирма беш йил ичида тўққиз марта хон алмашади. Ана шундай тахт талашишлари даврида мамлакатда сиёсий тарқоқлик вужудга келиб, эски нуёнлар ва нуфузли қабилаларнинг бошлиқлари катта-катта вилоятларни ўз мулклари сифатида бошқарар эдилар. Жумладан, Кешда ҳожи Барлос, Хўжандда Боязид Жалойир, Балхда Улжой Буғо Сулдуз, Шибирғонда Муҳаммад Хожа Апарди, Бадахшонда Кайхусрав, Хутталонда Улжойту Апардий, Сарипул ва Тоткандда Хизир Ясовурийлар салтанат даъво қилмоқда эдилар.

Ҳозирги Ўзбекистон ерларида ўша даврда сиёсий аҳвол уч хусусият билан характерланади: 1. Чиғатой улусининг парчаланиб, бир-бирига душманлик кўзи билан қарайдиган бўлакларга бўлиниши сиёсий тарқоқликнинг авж олиши. 2. 140 йил ҳукм сурган мўғул зулмидан қутулишга интилиш. 3. Тобора мустақилликка эришиш учун ҳаракат қилаётган Чиғатой улусини Мўғулистон хони Туғлуқ Темурхон (1359-1363) томонидан қайта босиб олишга интилиш.2 Иккинчи томондан эса, бу вақтга келиб, Олтин Ўрда ва Оқ Ўрдага бўлиниб кетган Жўжи улусининг емирилиб кетаётган Чиғатой улусини ишларига аралашиши тобора кучайиб бораётган эди. Ана шундай бир даврда тарих майдонига Кешдаги Барлос бегининг ўғли амир Тўрағай («Тароғай эмас» - Ҳ. Вамбери) Баҳодирнинг ўғли Амир Темур (1336-1405) тарих майдонига чиқади.

Амир Темур давлатининг вужудга келиши ҳақида сўз юритганда, тарихчилар унинг ёшлик йилларини четлаб ўтадилар. У 1336 йил 9 апрель куни туғилди. Лекин баъзи адабиётларда 1333 ва 1335 йиллар кўрсатилади. Амир Темурнинг «Таржимаи ҳоли»да туғилган йили юқоридаги каби аниқ қайд этилган. Низомиддин Шомий, Шарафуддин Али Яздийнинг «Зафарнома»ларида Соҳибқироннинг болалиги ҳақида баъзи маълумотлар учрайди. В.В.Бартольд1, А.Ю.Якубовский, Т.Н.Грановский, Б.Аҳмедов, А.Аҳмедов, Т.Файзиев асарларида Амир Темурнинг ҳижрий 736, сичқон йили шаъбон ойининг 25-кунида (1336 йил 9 апрель) Кеш шаҳридан ўн чақирим (тахминан 13 км.) масофада бўлган Хўжаилғор қишлоғида таваллуд топгани айтилади. Лекин уларнинг Ибн Арабшоҳ хулосаларига асосланганини таъкидлаш жоиздир.

Темурнинг отаси Муҳаммад Тарағай Марказий Осиёнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида катта нуфузга эга бўлган барлос қавмидан чиққан обрўли беклардан бири бўлиб, Чиғатой хонларидан Қозонхон лашкарида хизмат қиларди. Онаси Такина бегим наслу насаб жиҳатдан аслзодалардан бўлиб, бухоролик машҳур фақиҳ Тожушшариа тахаллуси билан танилган Убайдулла ибн Маъсуднинг авлоди эди. Отаси Темурнинг жаҳонга ҳукмдор бўладиган фарзанд бўлиши ҳақида биринчи бўлиб, авлиё шайх Шамсуддин Кулолдан эшитиб, ўғлининг илм олишига жуда катта эътибор берган.

Амир Темур илмга қаерда ўқиган, деган саволга Кешдаги мадрасаларда ёш толибларнинг билим олишлари учун етарли шарт-шароитлар мавжуд бўлганлигини айтиш билан жавоб бериш кифоя. Мадраса ва толиблар вақф жамғармаси маблағидан таъминланар эдилар. Бу эса ўқув услубларини такомиллаштиришга ҳам катта ёрдам берар эди (тўққиз ёшли Темур Қуръони Каримни ёддан билган, шунинг учун у ҳофиз унвонини олган), беш вақт намозни канда қилмайдиган, мактабдаги барча ўқувчиларга бошлиқ бўлган обрўли ўсмир бўлган.

Ана шу ўринда бир нарсани таъкидлаш жоизки, кўпинча тарихий манбалар, ёзилган рисолаларда Амир Темурнинг ёшлиги ҳақида маълумотлар жуда кам. Яқинда Ҳ.Бобобеков ва бошқалар томонидан нашр этилган «Қиссаи Темур» («Малфузоти Темурий») асрининг бу борадаги муҳимлиги шундаки, унда айнан ана шу масалалар жуда яхши ёритилиб, Амир Темурнинг ёшлиги, таълим-тарбия олиши, пирлари билан учрашишлари батафсил баён этилган.1

Темур мадрасанинг бошланғич даврини муваффақиятли тамомлагандан сўнг, таҳсилни Мадрасаи Олияларда давом эттирган. Боланинг теран фикрлаши, юксак қобилияти ўз даврининг уламолари ва фозилларини лол қолдирди. Баъзан мураккаб масалаларни бир зумда ечар, унинг учун ҳар қандай вазифанинг ҳеч қандай қийинчилиги йўқ эди. Ўқиш давомида у жаҳон мамлакатларининг тарихи, ислом таълимоти ва ҳуқуқшунослиги, ҳандаса, риёзиёт, жуғрофия ва фалакиёт илмларини пухта ўрганган, муҳими, маънавий оламини бойитган. Бир ўқиган нарсаси ёш Темурнинг эсида маҳкам ўрнашиб қолган. У нафақат Қуръони Каримни, балки араб, турк машойихларининг дурдона фикрларини ҳам ёд олган. Бўлажак жаҳонгирнинг беҳад жарангдор ва ёқимли овози кишиларни ўзига ром этиб, дилларга завқ-шавқ бағишлаган. Амир Темурнинг ёшлиги чингизийларнинг оғир мустамлакачилик йилларига тўғри келиб, вайрон бўлган юртининг озодлиги учун у ҳарбий ишга юз буришга мажбур эди. Шу ўринда унинг дўст танлай билиш хислатини алоҳида қайд этиб ўтиш жоиз, зеро, унинг қирқ нафар тенгдоши, жумладан, Амир ҳожи Сайфиддин, Умар Аббос, Жоку Барлос, Идику Темур, Амир Сулаймон, Амир Довуд Барлос, Амир Муайяд Барлослар ўша вазир ва амирларининг фарзандлари бўлиб, Темур билан бирга юрт озодлиги учун курашишга қасамёд қилган эдилар. Улар ўзига ўхшаган довюрак, ақл-заковатли, эл-юрти учун жонини берадиган йигитлар эди.

Ёшлиги ҳақидаги бор ҳақиқат, юқорида тилга олинганидек, ҳаю-ҳавосиз ўтмаган: у сиёсат майдонига кирган пайт ҳар томонлама етук инсон эди, куч-қудратда ҳам алпомишларга бошлиқ бўла оладиган даражада эди. Мовароуннаҳрдаги оғир сиёсий вазиятдан фойдаланмоқчи бўлган Туғлуқ Темурхон Қарши воҳасига бостириб киради, муаллифлар айнан шу вазиятда Амир Темур характерининг баҳодир подшоларга хос қирралари намоён бўлганига кам эътибор қаратадилар. Чунки бу Соҳибқирон ҳаётидаги муҳим босқич ҳисобланади. Унинг ўша пайтдаги ҳолати қуйидаги далил-исботларда яққол кўзга ташланади:

– душман бостириб келганда, юртни ташлаб қочишни ўзи учун ор санади; ғалаба аскарлар сонининг кўп бўлиши билан эмас, тўғри тадбир орқали қўлга киритилишини ёдда тутди;

– вақтинча душманга тобе бўлиш ютқазиш эмаслигини англади, Ҳожи Барлос ва бошқа амирларга «Туғлуқ Темурхоннинг ҳузурига борсангиз, икки фойда, бир зиён бордир», Хуросон томонга ўтиб кетишининг (эса) икки зиёни, бир фойдаси бордир»1, дея доноларча маслаҳат берди. Кейинчалик Ҳожи Барлос Хуросонга қочиб, ҳалок бўлгач, ўзининг тадбири тўғри эканлигини англади.

Темурнинг биринчи кенгаши ўзи учун муваффақият келтирди, десак, хато қилган бўламиз, зеро, у халқ учун, кейинги авлод учун ҳам намунали сабоқдир. Халқ, деганимизда, Қарши воҳасини талон-тарож этишдан мўғул қўшинлари зулмидан қутулиб қолган Темурнинг юртдошларини назарда тутаяпмиз. Дарвоқе, Амир Темур мол-мулк, совға-саломлар тўплаб, мўғул амирларининг оч кўзларини бойликка тўлдирди, амирлар ҳам осонгина қўлга кирган ўлжадан оғизлари қулоқларига етиб, Туғлуқ Темурга унинг тўғрисида мақтовли гаплар айтдилар. Тез орада Амир Темур Мовароуннаҳр ҳокими этиб тайинланди. Аммо тарихимизга кўз югуртирсак, душман ҳеч қачон ўз аҳдига вафо қилмаганига гувоҳ бўламиз. Туғлуқ Темур ўз аҳдидан қайтиб, ўғли Илёсхўжани Мовароуннаҳрга ҳоким қилиб жўнатади.

Бу ерда Соҳибқирон Темурнинг яна бир инсоний хислатини кўрамиз: аҳдидан қайтган инсон худонинг назаридан қолади, Амир Темур бундайлардан узоқ юришга ҳаракат қилган. У Илёсхўжага хизмат қилишдан бош тортди ва Амир Ҳусайн билан унга қарши иттифоқ тузади. Тузуклардаги иккинчи кенгашдан маълум бўладики, Мўғулистон мамлакати аскарлари Мовароуннаҳрга қайтадан бостириб киради.

Илёсхўжа давлат ишларида лаёқатсиз бўлганлиги учун уларга қарши кураша олмайди. Босқинчилар Мовароуннаҳрлик етмиш нафар саййидни асирга оладилар. Халқ золимларга қарши курашда Амир Темурни қўллаб-қувватлайди.1 Уламою фозиллар унга фатво ёзиб бергач, душманларга қарши курашда Амир Темур халқ ва шаръий жиҳатдан қонуний ҳукмга эга бўлади. Ҳокимият учун сиёсий кураш авж олиб кетади. Туғлуқ Темур Амир Темурни йўқ қилиш учун буйруқ юборади, аммо бахтли тасодифми ё бошқами, ишқилиб, ёрлиқ унинг қўлига келиб тушади. У пири Абу Бакр Тойибодийнинг маслаҳати билан Хоразмга кетишга мажбур бўлади.

Амир Темур давлатининг вужудга келишида сарбадорлар-нинг ўрни қандай? Маълумки, ҳар қандай сиёсий даврда, ўта оғир сиёсий вазиятларда халқ бирлиги мамлакатлар ҳаётида асосий куч саналган. Ҳокимиятсиз қолган Мовароуннаҳр аҳолиси ҳам ўз эрки ва озодлиги, оила шаъни, муқаддас тупроғи ҳурмати учун мўғулларга қарши курашга отланди. Бу ҳаракат тариҳда «сарбадорлар» ҳаракати номи билан шуҳрат топди.2

Самарқандда бундай ҳаракатга Мадраса талабаси Мавлон-зода, пахта титувчилар маҳалласининг оқсоқоли Абу Бакр Кулуйи (Наддоф) ва мерган Хурдаки Бухорийлар бошчилик қилдилар. Улар ҳокимиятни бошқаришда етарли тажрибага эга эмасдилар. Фақат халқнинг босқинчиларга бўлган нафрати, ўзаро жипслашуви, озодликка бўлган интилишларининг кучлилиги боис Илёсхўжа лашкари устидан ғалаба қозондилар ва бутун қиш давомида Самарқанд Мавлонзоданинг қўлига ўтиб, «уни имом ва амир сифатида қабул қилдилар».3 Сарбадорлар ҳаракати Амир Темур давлатининг ташкил топишини тезлаштирди.

«Мовароуннаҳр ҳокими бўла оладиган амирлар кўп эди. Ана энди, нима учун бу чўққига айнан Амир Темур қўтарила олди, деган саволга жавоб излайлик. Тўғри, унинг тақдирида бундай қисмат аввалдан ёзилган эди, дейиш осон. Аммо бунда энг муҳим жиҳат адолат мезонидир, зеро, унинг хоҳ сиёсий, хоҳ маърифий жабҳаларида, қайси ҳаётий масала хусусида бўлмасин, у ҳар бир кишига биринчи навбатда инсоний қонун-қоидалар, тамойиллар бўйича ёндашди.

Демак, 1365-1370 йиллар орасида Соҳибқироннинг давлат тузиш борасида олдида турган энг муҳим муаммолар қуйидагилар эди:

1. Аввало Мовароуннаҳрни мўғуллар зулмидан бутунлай халос этиш, у билан муроса қилиш.

2. Амир Ҳусайнга истаган вилоятини бериб, уни назоратда тутиш.

3. Турли вилоятларда «қўғирчоқ» ҳукумат тузиб, Мовароун-наҳрни пароканда этган амирларни тобе ҳолатига келтириш.

4. Мамлакат чегараларини мустаҳкамлаш, пойтахтни танлаш, уни обод этиш.

5. Қўшинни тартибга келтириш, озиқ-овқатидан тортиб, навкарлар маошини тўлашгача бўлган барча ишларни ҳал этиш.

У ўзининг ўн иккинчи кенгашида «тўғри чораю тадбир ишлатиб, Илёсхўжа лашкарини синдирдим»1, деб ёзади. Ўн учинчи кенгашда ўқиймиз: «Жете лашкари урушда енгилганига иқрор бўлганидан кейин, иккинчи бор жанг қилишга ботинолмади, «чорасиз қолган Илёсхўжа Хўжанд сувидан ўтиб кетди».2

Шундан сўнг Амир Темур салтанат мустақиллигини мустаҳкамлашга киришади. Бу тўғрида «Тузуклар»да шундай ёзилади: «Кенгашларим ўзини шавкатли, буюк амир деб ҳисоблаган ва бошқа амирлардан ўзини улуғроқ билаётган амирларни итоат эттириб, бўйсундиришга қаратилганди».3

Амир Темур олдида амир Ҳусайн масаласи кўндаланг турар, бу ўша пайтда биринчи вазифа ҳисобланиб, уни тезда қатьий ҳал этиш лозим эди. 1365 йилдаги «Лой жанги»дан сўнг Соҳибқирон унга ишонмай қўйганди. Шу боис, уни Хўжа Шамсиддин Кулол мозорига олиб бориб, дўстлик изҳор қилиб, қасам ичса-да, кейинчалик у ўз қасамини бузади ва хун талабгорлари томонидан ўлдирилади.

Бошқа амирлар ҳам ёки кенгаш билан ёки уруш, ёхуд дипломатия йўли билан бўйсундирилади. 1370 йилнинг 9 апрелида Балхда ўтказилган Қурултой уни қадимги турк одати бўйича оқ кигизга ўтказиб, Мовароуннаҳр ҳукмдори деб эълон қилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, баъзи нусхаларида бу воқеа бошқача тарзда келтирилган. Жумладан, «Қиссаи Темур»да таърифланишича, «жетелар» тор-мор келтирилиб, бир вақтлар Темурнинг иттифоқчиси бўлган, кейинчалик унинг душманига айланган Амир Қозоғоннинг набираси Балх ҳукмдори бўлиб турган Амир Ҳусайн ҳам ҳалок бўлгач, ўша даврда таъсири кучли бўлган уч ҳукмдор – Бадахшон ҳокими Шоҳ Муҳаммад Бадахший, Хатлон ҳокими Амир Кайхусрав Хутталаний ва ўзини минг оилалик сулдузлар уруғининг ҳокими деб билган амир Шайх Муҳаммад Баён сулдуз Мовароуннаҳр ҳукмдорлигига даъво қиладилар. Ана шу вақтда Термиз Сайидларидан Сайид Абдул Баракот Амир Кайхусрав талаби билан қуръа ташлайди. Қуръа уч марта ҳам Амир Темур номига чиққач, ўн икки амир унга бўйинсуниб муборакбод қилишади. Шундан сўнг: «Сана етти юз етмиш биридаким, ўттиз беш ёшга кириб эрдим, тўрт азамушон сайидким, аларнинг бири Сайид Абул Баракот ва яна бири Абул Маъоний ва яна бири Амир Зиёвуддин, ва яна бири Амир Али Акбар эди, саодатлиғ саотида манинг қўлумни тутуб, салтанат тахтиға миндурдилар», деб ёзади Амир Темур бу ҳақда.1 Ушбу манбада келтирилган: «Ва ман тахтга минган кун аввал умаро сипоҳининг ултурмоқ ва тик турмоқлик тузукин қилдим. Самарқанд ва Бухоронинг раъиятларин тавоби била тархон қилдимким, алардан молу-манол олмасунлар»1, деган маълумотлар ҳам бошқа манбаларда учрамайди. Шу тариқа Мовароуннаҳр ҳаётида янги давр бошланади. Амир Темур номи оламга ёйилди.

Амир Темур шахси унинг давлат тузиш ҳамда аскарбошилик фаолияти ҳақида яқин-яқингача фақат бир томонлама ёндашиб келинди. Шу давр тўғрисида илмий иш ёзган муаллифлар, асосан,тарихчи Ибн Арабшоҳнинг «Темур тақдирида тақдир ажойиботлари» номли асаридаги унга берилган таърифига суяниб, уни раҳмсиз, жоҳил, золим Чингизхондан ҳеч кам бўлмаган ўрта аср ҳукмдори деб таърифлаб келдилар.2

Аммо шу нарсани тан олиш керакки, Ибн Арабшоҳнинг китоби диққат билан ўқилса, Темурга берилган салбий баҳолардан ижобийлари кўпроқ. Аммо Оврўпо тарихчилари шу китобда келтирилган уч қаторгина таърифни ушлаб олганлар, холос. Шунинг учун ҳам бундай бир томонлама ёндашишни, энг аввало, ғаразсиз деб баҳолаб бўлмайди, қолаверса, бу тарихий фактни бузиб кўрсатишдир. Тўғри, Амир Темур ўз даврининг ҳукмдори, унинг шахси зиддиятли бўлиб, фаолиятида адолат ва қатгиққўлликлар бир чизиқда ётади.

Унинг давлат арбоби ва аскарбошилик фаолиятини икки даврга бўлиш мумкин: 1. Темурнинг Чиғатой улусида ҳокимиятни қўлга киритиши. Мўғуллар зулмини ағдариб ташлаб, мустақил марказлашган давлат тузиши (1370-1380 йиллар). 2. Империяни кенгайтириш мақсадида ўзга мамлакатларни асоратга солиш даври. Марказлашган давлат тузилгач, бутун кучини қисман мудофаа ва истило урушларига бурди (1380-1405 йиллар). Тез фурсатда Хуросон ва Эронни, Ҳиндистон, Ироқ, Сурия ва Мисрни, Рум ва Кавказортини босиб олиб, ўз давлати ҳудудларига қўшди. Шуниси характерлики, фақатгина Темурда эмас, балки ўрта асрнинг деярли барча ҳукмдорларида шунга ўхшаш ўзга ерларни босиб олиш кайфияти мавжуд бўлган. Маркази Самарқанд бўлган жуда кучли давлат вужудга келган бир даврда Осиёда иккита кучли Турк давлати бор зди. Бу даврга келиб, Олтин Ўрдада оз сонли бўлган мўғул уруғлари мусулмончиликни қабул қилиб, туркий уруғларга тамомила сингиб кетган эдилар. Олтин Ўрданинг давлат тили хоразмий туркий тили эди. Анатолияда эса қудратли Усмонли турклар давлати ташкил топиб, улар Рум (Византияга), Шарқий Европага таҳдид солиб турар эдилар. Усмонли беклар насаблари бўйича Марказий Осиёлик турк бекларига яқин эдилар. Темур давлатининг яшаш ва яшамаслиги ана шу икки давлат билан бўладиган муносабатга ҳам боғлиқ эди.

Юқорида кўриб ўтганимиздек, Амир Темур кўп ўтмасдан, ўз иттифоқчиси бўлган Турк амири Қозоғоннинг набираси Ҳусайнни жангда енгиб, 1370 йилда унинг бош кенти – Балхни қўлга киритади ва икки дарё оралиғида марказлашган кучли давлат тузишга киришади. Унинг бу ишида Чиғатой беклари, ҳарбий бошлиқлар, руҳонийлар ва шаҳарликлар орасида таянч кучлар вужудга келади. Дастлаб, у Кешга келиб, давлат вазирини, туман бошлиқлари ва мингбошиларни тайинлайди. Хоразмдан бошқа барча ерларни ўз ҳокимияти остига бирлаштиради. Мўғуллар даврида Хоразм икки қисмга бўлинган бўлиб, маркази Урганч шаҳри бўлган Шимолий Хоразм, бу Олтин Ўрда таркибига кирар эди ва иккинчиси – Маркази Кат қалъаси бўлган Чиғатой улусига кирадиган Жанубий Хоразм эди. 1359 йилда Олтин Ўрдада юз берган ғалаёнлардан кейин бу иккала қисмни Қўнғирот қабиласига мансуб сўфийлар бирлаштирган эди. Аммо бу вақтда собиқ Чиғатой улусида ҳокимиятни ўз қўлида тўплаб олган Амир Темур ўзини шу улуснинг ҳам вориси деб ҳисоблаб, Хоразмнинг Олтин Ўрда билан бирлашишига норози эканлигини билдиради.

Амир Темурнинг Турон элини бирлаштириш учун олиб борган кураши ҳокимият ўзбек амирлари қўлларига ўтган Олтин Ўрда давлатини буюк давлатчилик сиёсатига қарши қураш билан бирга боради. Хоразмни ўз давлатига қўшиш учун 4 марта юриш қилиб, 1388 йилда уни узил-кесил қўшиб олди. 1395 йилда у Шимолий Кавказдаги Терек дарёси бўйида Оқ Ўрданинг ўзбек амирларидан бўлган Тўхтамишхонга халокатли зарба берганидан кейин Олтин Ўрданинг бош кенти – Сарой Беркани эгаллади.

Олтин Ўрдага берилган зарба Амир Темур ўз давлати манфаатларидан келиб чиқишига қарамасдан, бу ғалаба рус халқига ва Рус давлатига кўрсатилган катта ёрдам эди. Бу тарихий ҳолни илғор фикрли рус тарихчилари А.Ю. Якубовский ва Б.Д.Грековлар объектив баҳо бериб, тан олганлар.1 Тўғрисини айтганда, унинг хизматларини тўғри тушуниб тан олганлар Россияда ҳозир ҳам кўп. Шулардан бири Россиянинг Покистондаги элчиси А.Ю.Алексеевнинг қуйидаги сўзлари диққатга сазовордир: «Амир Темур Тўхтамишхон устидан қозонилган ғалаба ҳақида Олтин Ўрдани емириш билан Рус мамлакатини қарийб 200 йил давом этган мўғул-татар зулмидан фақат озод қилибгина қолмай, балки Россиянинг мустақил давлат сифатида ривожланишига йўл очиб берди. Бу тарихий ҳақиқат. Лекин Россияда яқин вақтларгача бу ҳақида гапирилмас ёки гапиришни исташмасди. Бироқ бундан кўз юмиб бўлармиди?! Ҳақиқат – бу ҳақиқат!»2 1405 йилда Амир Темур Хитойга қилаётган юришида касалланиб, вафот этади. Гарчи Ибн Арабшоҳ ва баъзи тарихчилар уни саводсиз, шафқатсиз ҳукмдор сифатида ёзиб қолдирган бўлсалар-да, унинг жаҳон тарихида тутган ўрни, ўзбек давлатчилиги, унинг тарихи, маданияти қаҳрамонлик тарихи олдидаги хизматлари ниҳоясиздир. Унинг қийинчилик билан тузган давлати кўп сонли амирзодалар орасида тез бўлиниб, парчаланиб кетади. Амир Темур вафотидан кейин ўзаро ҳокимият учун курашлар кучаяди.

Шоҳрух (1405-1447) даврида гарчи Амир Темур давлатининг бир қисми бой берилган бўлса-да, аммо у қудратли давлат эди. Бу давлат амалда иккига – бош кенти Ҳирот бўлган Хуросон ва бош кенти Самарқанд бўлган Мовароуннаҳрга бўлинган. Шоҳрух 15 ёшли ўғли Улуғбекни Самарқанд ҳокими, Амир Темурнинг сафдоши – аскарбоши Шоҳ Маликни эса унга Отабек қилиб тайинлайди. 1411 йилдан эътиборан, 17 ёшли Улуғбек Мовароуннаҳр ва Самарқандни мустақил бошқарди. «У одил судлов ва бошқаришни амалга оширишда мақтовга сазовор қоидаларга риоя қилди», – деган эди Давлатшоҳ Самарқандий. Улуғбек отасидан икки йил кейин, ўз ўғли Абдуллатифнинг фатвоси билан 1449 йилда ўлдирилди. Ундан кейинги даврда Дашт ўзбекларининг икки дарё оралиғи ишларига аралашуви кучайиб, уларнинг хони Абулхайрхон ёрдамида Мироншоҳ авлодларидан бўлган Абу Сайид (1451-1469) ҳокимиятни қўлга олади. У Эронда Темурийлар ҳукмронлигини тиклаш учун қилинган урушда асир олиниб, қатл этилгач, ҳокимият унинг авлодларига ўтади. Хуросонда эса Умаршайх авлодларидан Султон Ҳусайн Бойқаро ҳукмдор бўлади. XV асрнинг охири – ХVI асрнинг бошларига келиб, Темурийлар давлати ўзаро тахт талашишлар ва Дашт ўзбекларининг ҳужумлари остида ҳалокатга учради. Хуллас, Амир Темур, энг аввало, халқини ва юртини золимлар исканжасидан озод этишда мардлик ва жасорат кўрсатди. Ватан иқболи, шону шавкати учун фидойиларча курашди, ўзи айтганидек, «салтанат тўнини кийгач», тинчлигу соғлиғи кетди, ўз тўшагида роҳатда ухлаш, ҳузур-ҳаловатидан воз кечди. Аммо у «адлу инсоф билан жаҳон гулшани обод бўлур» дея, ўзидан яхши ном қолдирди. Бугунда у тузган қудратли давлатнинг моҳияти ва тарихда тутган ўрнига аҳамият бериб, унинг ўзбек давлатчилиги борасидаги энг яхши анъаналарини ўрганиш, давлатининг вужудга келишини янада кенгроқ таҳлил этиш бугунги давлатчилик ишларимизда жуда қўл келади. Шундай қилиб, Амир Темур салтанатининг ташкил топиши тасодифий бир ҳол бўлмасдан, бутун XIV аср ижтимоий-сиёсий воқеалари ривожланишидаги тарихий жараённинг тақозоси эди. Марказлашган давлат ташкил топишининг ички ва ташқи шарт-шароитлари мавжуд эди. Ички сабаблари: а) Чиғатой улусининг инқирози ва сиёсий тарқоқликнинг кучайиши мамлакатнинг иқтисодий аҳволининг тобора оғирлашиб бораётганлиги, шунинг учун деҳқонлар, чорвадорлар, ҳунармандлар, савдогарлар-барча аҳоли мамлакатни мўғул зулмидан халос қилиш ва уни бирлаштириш тарафдори эди; б) мўғуллар истибдодининг ўрнатилиши, Чиғатой хонларидан то Тармаширин давригача ислом дини мавқеини жуда пасайтириб, унинг обрўсини тушириб юборган эди. Давлатда ислом дини мавқеини тиклаш бутун руҳонийларнинг хоҳишига айланган, улар тезроқ бу истибдодни тугатиш тарафдори эдилар; в) ўзаро урушлар, ҳокимият талашишлар халқнинг тинка-мадорини қуритиб юборган, шунинг учун бутун халқ истиқлол ва ягона давлат тарафдори эди. Ташқи шарт-шароитларига келганимизда: а) Олтин Ўрда, Оқ Ўрда томонидан Муовароуннаҳрда ўзгаришлар кузатилар, вақти-вақти билан Чиғатой улуси ишларига аралашиш ҳоллари юз бериб турарди; б) Чиғатой улиси иккига бўлиниб, Мўғулистон ташкил топган ва унинг қудратли хони Туғлуқ Темурхон бу улусни ўз давлатига қўшиб олиш учун икки марта Мовароуннаҳрга қўшин тортиб келиши, яъни қайтадан мўғуллар ҳукмронлигини тиклашга интилиш мавжуд эди. Ана шу шарт-шароитлар Амир Темурнинг марказлашган Туркистон салтанатининг ташкил топишини тезлаштирди.


  1   2   3   4   5   6   7   8



Похожие:

Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги алишер навоий номидаги самарқанд давлат университети зиёдулла муқимов амир темур тузуклари iconЎзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги олий таълим муассасалари деканатларида иш юритиш тизимини такомиллаштириш юзасидан й ў р и қ нома тошкент 2011
Йўриқнома Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Ўқув-услубий Кенгашининг 2010 йилдаги мажлисида муҳокама қилинган...
Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги алишер навоий номидаги самарқанд давлат университети зиёдулла муқимов амир темур тузуклари iconЎзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги олий таълим муассасалари кафедраларида иш юритиш тизимини такомиллаштириш юзасидан й ў р и қ нома тошкент 2011
Йўриқнома Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Ўқув-услубий Кенгашининг 2010 йилдаги мажлисида муҳокама қилинган...
Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги алишер навоий номидаги самарқанд давлат университети зиёдулла муқимов амир темур тузуклари iconБажарди: Эрматов н текширди: Мирзахаджаев А
Узбекистон Республикаси Олий ва Урта-Махсус Таълим Вазирлиги Самарканд Давлат Университети
Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги алишер навоий номидаги самарқанд давлат университети зиёдулла муқимов амир темур тузуклари iconЎзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўзбекистон республикаси соғликни сақлаш вазирлиги олий ва ўрта тиббиёт бўйича ўҚув-услуб идораси
Бухоро Давлат Тиббиет Институтининг “факультет ва госпитал хирургия” кафедраси томонидан тузилган
Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги алишер навоий номидаги самарқанд давлат университети зиёдулла муқимов амир темур тузуклари iconЎзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети
Француз тили грамматикаси ва тарихи кафедрасида муҳокама қилинди ва ҳимояга тавсия қилинди
Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги алишер навоий номидаги самарқанд давлат университети зиёдулла муқимов амир темур тузуклари iconИқтисодиёт” Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тошкент давлат иқтисодиёт университети
«Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози, Ўзбекистон шароитида уни бартараф этишнинг йўллари ва чоралари»
Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги алишер навоий номидаги самарқанд давлат университети зиёдулла муқимов амир темур тузуклари iconЎзбекистон олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Француз филологияси факултети малакавий битирув иши

Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги алишер навоий номидаги самарқанд давлат университети зиёдулла муқимов амир темур тузуклари iconЎзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги
Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 201 йил “ ” даги “ ”-сонли буйруғи билан тасдиқланган
Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги алишер навоий номидаги самарқанд давлат университети зиёдулла муқимов амир темур тузуклари iconЎзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги
Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 201 йил “ ” даги “ ”-сонли буйруғи билан тасдиқланган
Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги алишер навоий номидаги самарқанд давлат университети зиёдулла муқимов амир темур тузуклари iconЎзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги
Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 201 йил “ ” даги “ ”-сонли буйруғи билан тасдиқланган
Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги алишер навоий номидаги самарқанд давлат университети зиёдулла муқимов амир темур тузуклари iconЎзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги
Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 201 йил “ ” даги “ ”-сонли буйруғи билан тасдиқланган
Разместите кнопку на своём сайте:
Документы


База данных защищена авторским правом ©uz.denemetr.com 2000-2015
При копировании материала укажите ссылку.
обратиться к администрации