Документы



ЧЎлпон насри icon

ЧЎлпон насри

НазваниеЧЎлпон насри
страница5/15
Дата31.08.2013
Размер3.71 Mb.
ТипДокументы
скачать
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   15
1. /cholpon.docЧЎлпон насри

"Кеча" поэтикасининг ўзига хослиги ҳақида


Бадиий асарни ГАПга қиёслаганда аён бўлдики, муайян нутқий ситуацияда айтилган гап феноменал ҳодиса бўлганидек, муайян шароитда яратилган бадиий асар ҳам бетакрор ҳодисадир. Зеро, ҳар иккисини юзага келтирган объектив ва субъектив омилларнинг ўзи бетакрор(конкрет нутқий шароит, сўзловчининг руҳий ҳолати)дирки, шунга кўра "бир дарёга икки бора шўнғиб бўлмайди" деган қоида бу ўринда тўла амал қилади. Модомики бадиий асарда ижодий жараён акс этар экан, ўша ижодий жараён кечган конкрет шароит ва шу шароитдаги ижодкор субъекти унинг тузилишига таъсир қилмаслиги мумкин эмас. Демак, конкрет асарнинг поэтик хусусиятлари ҳақида фикр юритганда уни юзага келтирган объектив ва субъектив омилларни назардан қочирмаслик лозим бўлади. Шу боис ҳам "Кеча" поэтикаси ҳақидаги мулоҳазаларимизни айни шу омилларни ўрганишдан, асар("текст")нинг кенг маънодаги "контекст"ини тасаввур этишдан бошлаш мақсадга мувофиқдир.

Чўлпон "Кеча ва кундуз" романини 3О-йиллар бошида — адабий танқидчиликнинг ўзига қарши хуружлари янада кескин тус олиб, ҳайбатли суд жараёнларида навбат унга етганлиги ишора қилинган, тинчроқ яшаш ва, муҳими, омон қолиш учун Москвага бориб яшашга мажбур бўлган бир пайтда ёзишга киришган эди. Бу пайтга келиб шўро ҳукумати ҳар жиҳатдан мустаҳкамланиб улгурган, жамики хунрезликлар — қулоқларни синф сифатида тугатиш дейсизми, ишлаб чиқаришдаги зараркунандаларни фош этиш дейсизми, партияни ёт унсурлардан тозалаш дейсизми... — бари омманинг ризолигию қўллаб-қувват-лашлари остида амалга ошириладиган бўлганди. Бу пайтга келиб большевистик мафкуранинг имкониятлари шунчалар кенгайгандики, миллионлаб жонли гувоҳлар ҳаёт бўлганлари ҳолда атиги ўн беш-йигирма йиллик ватан тарихи қайта ёзилаётган эди. Бош тарихчи Сталиндан андоза олиб ёзилган бу тарихга кўра: СССР халқлари учун ягона тўғри йўл–социалистик инқилоб йўли эди, зеро, бу инқилобни даврнинг ижтимоий-тарихий шароити зарурият қилиб кўйганди... инқилоб арафасида большевиклардан бошқа биронта ҳам халқ манфаатларини кўзлаган фирқа бўлмаган, бўлганлари ўзларининг тор синфий манфаатлари учунгина курашган... Қўқон мухториятининг асосий мақсади маҳаллий халқларни қайтадан буржуазия асо-ратига солиб бермоқ эди... Жадидлар миллий буржуазиянинг ялоқхўрларигина эдилар... Босмачиларнинг асл нияти Туркистонни инглизларга сотиш эди... — тарих Шу эди. Бу тарихга сингишмай турганлар йўқотила бошлаган, ҳозирча омон қолдирилганлари эса яқин келажакда маҳв қилинажак эдилар. Энг даҳшатлиси — қўлбола партада вужуди қулоққа айланиб ўтирган болакайлар воқеа-ҳодисаларнинг жонли иштирокчилари бўлмиш оталарига эмас, улар содир бўлган пайтда иштонини ҳўл қилиб юрган, бошланғич маълумотни олиши биланоқ комсомол томонидан тарбия фронтига сафарбар этилган муаллимларига кўпроқ ишонардилар... — Чўлпон романга қўл урган пайтдаги вазият тахминан шундай эди.

Тарих шу тахлит юзсизларча сохталаштирилаётган бир пайтда ҳаёти қил устида турган Чўлпон ўтмиш мавзусига мурожаат этди, мурожаат этганда ҳам большевистик мафкура учун жондек муҳим — инқилоб арафасидаги Туркистон ижтимоий воқелигини бадиий идрок этишу тасвирлашга жазм қилди. Равшанки, мавжуд шароитда Чўлпон қаршисида танланган мавзуни бадиий талқин қилишнинг иккитагина йўли бор эди:

— биринчиси: ўтмишни большевистик мафкурага мос тарзда тасвирлаш, сохта тарихга бадиий иллюстрация яратишу бу билан "хатоларини ишчи дехқон кўнглидан" буткул кетказиш ва, насиб этса, янги ҳукуматнинг ўз кишилири қаторидан ўрин олишу азоб-уқубатлардан биратўла қутулиш;

— иккинчиси: ўзи босиб ўтган йўлга йигирма йил юксаклигидан яна бир карра назар солиб, юртининг ижтимоий-тарихий тараққиёти тенденцияларини кузатиш, бу йўлдаги чигалликларни бадиий идрок этишу ўзи англаган ҳақиқатни борича кўрсатиш ва, тақдирга тан бериб, бошини ихтиёрий равишда кундага қўйиш.

Хўш, Чўлпон мавжуд икки йўлнинг қай бирини танлади? Бизнингча, мазкур саволга жавоб бериш учун, аввало: нима учун Чўлпон шу қалтис мавзуга қўл урди? Нима учун мавзунинг бадиий талқини учун роман жанри танланди? – деган бир-бирига узвий боғлиқ икки масалани аниқлаштириб олиш зарур. Илгари айтганимиздек, Чўлпон адабий-ижтимоий фаолиятининг бошиданоқ юрт озодлиги ишқи билан яшадики, шу боис ҳам қатор асарларида ўзини ошиқ сифатида талқин қилади. Ошиқ эса, М.Бахтин айтмоқчи, севгисини ундан айрилганидан кейингина ҳиссий идрок этиши мумкин. Зеро, фақат шу ҳолдагина севгиси унинг учун объект, эстетик фаолият предмети бўлиши мумкин. М.Бахтин фикрича, эстетик ёндашув киши ўз ҳаётига ўзганинг ҳаётига қарагандек қарай олганидагина юзага келади.1 Шунга яқин фикрни Х.Отрега-и-Гассет ҳам билдиради: "Для того чтобы мы могли созерцать данный факт, он должен быть от нас отдален настолько, чтобы перестал быть живой частью нашего существа".2 Кўрамизки, испан файласуфи фактнинг идрок этилиши учун ундан узоқлашишлик ва ўша факт киши борлиғининг "жонли" аъзоси бўлмаслигини шарт қилиб қўяётир. Дарҳақиқат, ҳаётий фактдан узоқлашилгани сари унинг моҳияти ҳам очилиб, аниқлашиб боради. Сираси, бунга ҳамма ҳам ўз ҳаётида кўп бор амин бўлади. Дейлик, муайян ҳаётий ҳолатдаги хатти-ҳаракатларимизни ўз вақтида холис баҳолашимиз душвор, маълум вақт ўтгачгина ўша ҳаётий шароитни, ўзимиз ва ўзгаларни бутун ҳолича сиртдан кузатиш имконига эга бўламизки, шундагина конкрет ҳолат моҳиятига етишу хатти-ҳаракатларимизни англаш ва баҳолашимиз мумкин бўлади. Бу нарса, айниқса, адабиёт тарихида яққол кўзга ташланади. Мисол тариқасида совет адабиётида уруш мавзусининг ишланишини олиб қарайлик. Бевосита уруш пайтида ёзилган асарларда актуаллик — душманга нафрат, интиқом иштиёқи, курашга даъват мотивлари устунроқ. Агар бу нав тенденциозликни фақат "ижтимоий буюртма" билангина изоҳласак, янглишган бўлиб чиқамиз. Буни ижодкор руҳиятидан келиб чиқиб, айни пайтда  унинг урушда ва урушнинг унинг вужудида яшаётгани билан изоҳлангани тўғрироқ бўлади. Зеро, уруш воқеаларидан узоқлашилгани сари у ҳақдаги асарларда қўйилган муаммолар кўлами ҳам кенгайиб, чуқурлашиб — унинг моҳиятига тобора яқинлашиб борилгани ҳам юқоридаги фикрларни қувватлайди. Боз устига, бевосита уруш йиллари шеър, очерк, ҳикоя каби кичик жанрларнинг кенг ишлангани ҳолда, уруш мавзусидаги йирик эпик асарларнинг камлиги(кейин эса кўпая боргани) ҳам бежиз эмас эди. Бундан англашиладики, тарихий воқеалар(айтайлик, муайян жамият ҳаётидаги бир босқич) моҳиятининг улар юз бераётган вақтда бадиий идрок этилиши маҳол. Бу ҳолда объектив кузатиш имконияти торайганидан асарда тенденциозлик кучайиб ("Чодралик аёл", "Аму", "Унутилган соҳиллар", "Жимжитлик"), моҳиятнинг бирмунча четда қолиши хавфи ортади. Айни пайтда, конкрет тарихий воқеа-ҳодисалардан узоқлашилгани сари уларни кенг кўламда бадиий идрок этишга интилиш ҳам кучайиб боради. Хусусан, шўро адабиётида уруш мавзусидаги бадиий баркамол йирик эпик асарларнинг 6О-7О-8О-йилларда яратилгани ҳам шундан. Шунга ўхшаш ҳолни октябрь инқилоби мавзусининг ишланишида ҳам кузатишимиз мумкин. Инқилоб йиллари яратилган асарларда "оқлар – қизиллар" схемаси асосида воқеликка муносабат билдириш тенденцияси устиворлик қилган бўлса, кейинча моҳиятни кенг эпик кўламда бадиий идрок этишга интилиш тенденцияси кучаяди. М.Горькийнинг "Клим Самгиннинг ҳаёти", М.Шолоховнинг "Тинч Дон", А.Толстойнинг "Сарсон саргардонликда" каби асарларининг инқилобдан бирмунча кейингина майдонга келгани ҳам шундан. Кўринадики, бу ўринда адабий жараён учун қонуният мақомидаги ҳодиса кузатилаётир. Хўш, бу қонуният нимага асосланади? Бу нарса, биринчи галда, инсон–ижодкор табиати, унинг руҳий имкониятларию эҳтиёжларининг ўзига хослиги билан изоҳланиши мумкин. Инсоннинг ҳаёт йўлида ажиб бир зиддият кузатилади: у келажакка интилгани ҳолда ортига ўгирилиб яшайди. Зеро, инсон фаолияти тажрибасиз мумкин эмас, тажриба эса ҳар вақт ўтмиш билан боғликдир. Сираси, "ҳозир" тушунчасини ҳали англаб улгурилмаган ўтмиш сифатида қабул қилинсаю "бугун"нинг тутқич бермаслиги эътиборга олинса, инсон ҳаётининг мазмун-моҳияти ўтмиш ва келажак қутблари орасидагина намоён бўлиши англашилади. Бу қутблар мисоли магнитнинг қарама-қарши қутбларидек: бири итариш, иккинчиси тортиш хусусиятига эгалар. Ижодкор шахснинг ўтмишга муносабати ўзини англаш, англаганида ҳам ўзини ўзгалар билан, жамияту борлиқ билан алоқадаги бутунликда англаш эҳтиёжи билан юзага келади. Албатта, мазкур фикр кўпроқ эпик ижодкор учун тегишдир, зеро, лирик ижодкор ҳозир билан яшайди: у ҳозирдан олинган таассуротни, ҳозирга муносабатини, ўзининг ҳозир — тутқич бермас лаҳзалардаги моҳиятини ифодалашга интилади. Эпик ижодкор эса ҳаётни бутунликда ва ўз ҳаётини унинг қисми сифатида бадиий идрок этиш, ҳаётнинг бутунликдаги моҳият-мазмунини англашу ифодалашга интилади. Ҳаётни бутунликда идрок этиш эҳтиёжи, ўз навбатида, ижодкорнинг ўз ҳаёти мазмун-моҳиятини англаш, "Ҳаётимда маъни борми ё йўқми?" деган саволга жавоб топиш эҳтиёжидан юзага келади.

3О-йилларга келиб Чўлпон руҳиятида айни шу эҳтиёж кучайди. Аслида-ку илгари ҳам, адиб умидсизликка бўй берган пайтларда, бу эҳтиёж бот-бот қўзғалиб турган. Бироқ у пайтларда Чўлпон эндиликда идрок этишга интилаётгани ҳаёт ичида қайнаётган, уни ичдан ҳис этгани ҳолда холис кузатишу баҳолаш имкониятидан маҳрум эди. Бунинг учун адиб ҳаётининг ўша босқичидан узилиши, энди воқеа-ҳодисаларнинг иштирокчиси кўзи билан ичдангинамас, сиртдан — ўзини ҳам ўзгадек кузатиши тақозо қилинарди. Айтиш керакки, Чўлпоннинг онгли ҳаётидаги илк босқич — унинг юрт озодлиги йўлидаги уринишлари 2O-йилларнинг ўрталарига келибоқ мантиқан ниҳояланганди. Демак, ҳаётининг мазкур босқичи унинг учун энди эстетик объект, асар учун материaл бўлиши мумкин эди. Зеро, М.Бахтин ҳам: "Только в мире других возможно эстетическое, сюжетное, самоценное движение — движение в прошлом..."1 – деб ёзадики, Чўлпон энди яқин ўтмишдаги ҳаётини ўзганинг ҳаётидек кузатиш имконига эга эди. Бироқ адибнинг Москвага жўнашию театрчилик фаолиятига берилиши, пойтахтнинг қайноқ маданий ҳаётига шўнғиши мазкур материалнинг бадиий идрок этилишини кечиктирган, аниқроғи, буни зарурият мақомига кўтарувчи, ижтимоий-шахсий заруратга айлантирувчи шароит ҳали етилмаган эди. Айни шу хил шароитнинг юзага келишига сабаб бўлган дастлабки туртки сифатида адибнинг Москвадан қайтиши арафасида бошланган матбуотдаги сиёсий-адабий кампанияни кўрсатиш мумкин. Адабий танқидчилигимиз бошлаб берган мазкур кампаниянинг чўққиси, шубҳасиз, 1927 йилнинг 4-5 октябрь кунларида ўтказилган республика маданият ходимларининг II Қурултойи бўлди. Профессор О.Шарафиддинов топиб айтганидек, Қурултой Чўлпон устида "биринчи маънавий қатли ом" эди2 . Дарҳақиқат, миллат дарди билан яшаган бир шоирни шу миллатнинг зиёли вакиллари "йўқсил халқ шоири эмас", асарларини "ғоявий иҳатдан зарарли" деб топсалар-да, Қурултойдан қувсалар — буни маънавий қатлдан бошқача аташ-да душвор. Ўз-ўзидан равшанки, бу нарса шоир руҳиятига оғир зарба бўлиб тушди, боз устига, у вазиятнинг анчагина қалтис эканлигини ҳам теран ҳис этади. Шу боис ҳам Чўлпон Қурултой раёсат ҳайъати номига "Эътизор" битиб, ўзининг тушунмаслик орқасида йўл қўйган хатолари — шу эл, шу юрт дарди билан ёниб яшагани-ю куйлагани! — учун узрхоҳлик қилишга, "хатоларимни иш орқали ишчи-деҳқон кўнглидан кетказаман " дея ваъдалар беришга мажбур бўлди. Шу ўринда Чўлпонни инквизиция суди олдида "Ер айланмайди!" дейишга мажбур бўлганидан сўнг ўз-ўзига "ҳар ҳолда у айланади" деёлган Галилейга ўхшатгимиз келади. Зеро, адибга берилган зарба нечоғли оғир бўлмасин, уни бир муддат карахтлантирди-ю, маънан маҳв этолмади —эрксевар руҳ кўнгил тубида омон қолаверди. Танқидчиликнинг ҳужумлари тобора кучайиб, айбловлар тобора кескинлашаётган пайтлар Чўлпон қалбида ўша руҳ бош кўтаради. Адиб кўнгли ўзи ва маслакдошларининг фаолиятига берилаётган баҳоларга қўшилолмайди, сохталаштирилаётган тарихнинг ҳаққонийлигига ишонгиси келмайди, ўзи билган воқеа-ҳодисаларнинг мавжуд талқинини қабул қилолмайди. Уни "наҳотки бизлар ноҳақу, улар ҳақ бўлса? Наҳотки бизлар халқ манфаатига зид ҳаракат қилган бўлсак? Наҳотки ҳаракатимизнинг, орзу-интилишларимизнинг асоси пуч бўлган бўлса? Наҳотки беш-олти йиллик умрим МАЪНИдан буткул мосуво бўлса?.." деган саволлар ўртайдики, бу ички зиддият Чўлпоннинг ташқи дунё билан алоқаларининг инъикоси эди. Зеро, 3О-йилларга келиб жамият аъзоларининг аксарияти, айниқса, ёш авлод адиб кўнгли шубҳа остига олаётган "ҳақиқатлар"ни қабул қилган, қабул қилаёзган эди. Ижодкорнинг жамият билан муносабати маҳсули сифатида юзага келмиш мазкур ички зиддият босиб ўтилган йўлни идрок этиш, унинг мазмун-моҳиятини англашни адибнинг ички эҳтиёжи га айлантирди.Чўлпонни ўртаган муаммолар кўла-ми эса фақат роман жанридагина атрофлича ва чуқур — эҳтиёжни қондира оларлик даражада бадиий талқин этилиши мумкин эди, холос.

Демак, Чўлпоннинг инқилоб арафаси ва инқилобнинг илк йилларидаги Туркистон ижтимоий воқелигини бадиий идрок этиш учун мавзу қилиб олиши ҳам, унинг роман жанрига муро-жаат этиши ҳам ички эҳтиёждан келиб чиқади. Шу ўринда испан адабиётшуноси А.Приетоннинг тубандаги фикрига диққатни тортмоқчимиз: "...роман рождается как результат мятежа, вследствие неудовлетворенности или разочарования, и этот результат выражается в реалистической форме,- форме, воплощающей в себе стремление убедить, не прибегая к документам и доказательствам. Заинтересованность убедить других (представить реальность) часто сопровождается попыткой писателя убедить самого себя, воссоздавая свою жизнь, попыткой растворится в литературном произведении"1. Албатта, А.Приетоннинг мазкур фикри барча романларга бирдек қўлланилиши мумкин, у универсал характерга эга, дейиш қийин. Бироқ, бизнингча, бу фикр асосига ижтимоий проблематика қўйилган реалистик роман табиатини англашда яхшигина асқотиши мумкин. Фақат, бу ўринда ўзгаларни ишонтириш эмас, ўтмишни англаш орқали ўзини ишонтириш —эҳтиёжни қондириш мақсади олдинги планга ўтказилиши лозим. Сабабки, романнавис асар асосига ечими ўзига илгаритдан маълум муаммоларни қўймайди: бу ҳолда у (субъект) билан материал (объект) диалоги йўққа чиқади, демакки, ижодий жараённинг ўзи бўлмайди, — асар жонсиз схемага айланади. Айтмоқчимизки, романнавис асарига қўйилаётган муаммолар ечимини умумий тарздагина тасаввур қилади, бироқ бу тасаввур деталлаштириш орқали конкретлаштирилиши, яхлит концепция ҳолига келтирилиши лозим. Зеро, ижод жараёнида бутланган яхлит концепциягина романнависнинг ички эҳтиёжини қондириши, шубҳаю гумонларини тарқатишию ўзи тутган мавқенинг ҳақ-ноҳақлигига амин қилиши мумкин. А.Прието айтмоқчи, "реалликни тақдим этиш" учун романнавис жамиятнинг муайян босқичдаги ҳолатини яхлит образ — роман бадиий воқелигида акс этдирадики, ўша яхлит образни яратиш жараёнида муаллиф излаган мазмун-моҳият намоён бўлади. Англашиладики, ички эҳтиёжнинг қондирилиши учун асарнинг ёзилиши шарт қилинади. Демак, роман (бу ўринда классик тушунчадаги роман назарда тутилаётир) ижодкорнинг жамият билан муносабатидаги чигалликлар унинг ички зиддиятига айланган ҳолларда ўша зиддиятнинг ечими сифатида юзага келади. Фикримизни ойдинлаштириш учун тематик жиҳатдан бир-бирига яқин бўлган "Кеча" ва "Қутлуғ қон" романларига бир қургина қиёсий назар ташлаш фойдали. Ҳар икки роман ҳам жамиятнинг муайян босқичдаги ҳолатидан "қониқмаслик" ёхуд унга нисбатан "исён" натижаси ўлароқ яратилган. Дейлик, социалистик идеалларга чин дилдан ишонган Ойбек руҳиятига 3О-йиллар воқелиги қаттиқ таъсир қилган: адиб онгида зиддият ва чигалликлар (идеалларида шубҳаланиш) пайдо бўлганки, уларни ҳал қилиш учун яқин ўтмишни бадиий тадқиқ этишга жазм қилган. Биз Ойбек ўтмишни атайин расмий нуқтаи назарга мос яратган, деган фикрдан мутлақо йироқмиз. Аксинча, адиб ўз идеали асосида кўрилган воқеликни "Қутлуғ қон" бадиий воқелигида ҳаққоний акс эттирган, унинг воситасида юртининг тараққиёт йўлини бадиий тадқиқ этган ва шу асосда ўзининг концепциясини бутлаб олган. Яъни, яқин ўтмишнинг бадиий тадқиқи асосида Ойбек октябрда танланган йўл тўғри эди, деган хулосага келганки, натижада руҳиятидаги зиддияту чигалликлар барҳам топган. Айтмоқчимизки, ҳар икки романнинг яратилишига туртки бўлган ички эҳтиёж жамият ҳаётини кенг кўламда бадиий тадқиқ этишу шу асосда дунёю давр концепциясини бутлаш орқалигина қондирилиши мумкин эди. Айни шу мулоҳазалардан келиб чиқиб яна бир карра таъкидлаш мумкинки, 3О-йилларга келиб Чўлпон руҳиятида вужудга келган ички эҳтиёж фақат роман жанри орқалигина тўла қондирилиши мумкин эди.

Модомики, "Кеча ва кундуз"нинг ёзилиши ички эҳтиёж билан боғлиқ экан, Чўлпоннинг юқорида айтганимиз икки йўлнинг биринчиси — қаламга олинган даврни расмий мафкурага мослаб талқин қилиш йўлидан бориши мумкин эмас: бу ҳолда эҳтиёж қондирилмайди. Иккинчи томондан, Чўлпон романини "ғаладон" учун ҳам ёзмоқчи эмас, — у ўзининг дардларини ўқувчисига етказишни, ўзи инкишоф этган ҳақиқатлардан унида воқиф қилишни истарди. Зеро, адибнинг гражданлик ҳисси қалбида сўнаёзган кураш оловининг чўғларини ўзга қалбларга кўчириш мажбуриятини юклардики, ўз ички эҳтиёжини қондириш билангина қаноатлана олмас эди — бундай қилишга ҲАҚЛИ ЭМАС деб биларди ўзини. Ижод эркинлиги бўғилган шароит роман устида иш бошлаган Чўлпон қаршисида ғоят мураккаб ижодий муаммони кўндаланг қилиб қўйганди: адиб ўзи англаган ҳақиқатдан чекинмагани ҳолда уни шундай ифодалаши ҳам зарур эдики, – аввало, асарни чоп этиш имкони бўлсин, иккинчидан, мафкура оғусига тўйинган китобхон ҳам, мустақил мушоҳадага қодир ўқувчи ҳам ундан ўзига керакли маънони топа билсин. Бир қарашда мазкур ҳол Чўлпоннинг шеърий ва кичик насрий асарларида кузатганимиз рамзли ифода йўсинига ўхшаса-да, ҳақиқатда ундан жиддий фарқланади. Маълумки, бадиий асар мазмуни кўп қатламли ҳодиса бўлиб, улардан иккитаси — актуал ва туб эстетик қатламлар универсал характерга эга. Актуал қатлам дейилганда асарнинг ижтимоий-сиёсий моҳияти тушуниладики, у бевосита асар яратилган даврнинг ижтимоий-сиёсий мақсадларига қаратилади. Туб эстетик қатлам эса асар яратилган давргагина қаратилган эмас — у давр контекстидан айро ҳолда ҳам тушунилаверади. Одатда актуал қатлам юзада бўлади, шу боис ҳам баъзан асар яратилган даврда ўқувчиларнинг туб эстетик қатламни илғаб олишларига, уни муносиб баҳолай олишларига ҳалал бериши ҳам ("Лолазор" романи) мумкин. Чўлпоннинг рамзий шеърларида, хусусан, алоҳида тўхталганимиз "Йўл эсдалиги" сафарномасида аксинча ҳолга дуч келамиз: уларда туб эстетик қатлам актуал мазмунни пардалайди гўё. "Кеча" романида эса актуал қатламнинг ўзи иккига ажратилади: биринчиси —юзадагиси, қизил кўзойнакли китобхон учун; иккинчиси — тубдагиси, хос ўқувчи учун мўлжаллангандир. Албатта, мазкур фарқ аввало реалистик роман жанри табиати билан боғлиқ ҳолда изоҳланиши лозим. Зеро, лирик характердаги асарлардан фарқ қилароқ, романда тўлақонли бадиий реаллик яратиладики, у ўз ҳолича нисбий мустақил бўлгани ҳолда "гапира олади", яъни, ижодкор субъектидан айро ҳолда ҳам муайян мазмунни ифодалай олади. Демак, адиб ўзи айтмоқчи бўлган гапни айтишнинг, айтишу яширишнинг ўзгачароқ йўлларини қидириши лозим эди. "Кеча"да Чўлпон қўллаган ифода йўсинини биз "ниқобланиш" деб атамоқчимизки, бунинг шартлилиги ўз-ўзидан равшан. Мазкур истилоҳни 3О-йиллар адабиётшунослигидан ўзлаштирар эканмиз, уни салбий маънода қўллаш фикридан албатта йироқмиз. Зеро, 3О-йиллар адабиётшунослигида ниқобни кўтариш адибни "фош этиш" мақсадига хизмат қилган бўлса, биз уни англаш, асар мазмунига чуқурроқ кириб бориш учунгина ниқобни кўтаришга ҳаракат қиламиз. Яъни, биз "ниқоб"ни поэтик восита, "ниқобланиш"ни ижод эркинлиги бўғилган шароит заруриятга айлантирган поэтик воситалар мажмуи сифатида тушунамиз.

Чўлпон "Кеча ва кундуз" устида қизғин ишлаётган, "Кеча" романи ҳали китоб ҳолида чоп этилмаган бир пайтда — 1935 йилда эълон қилинган "Қизиқлар" номли мақоласида: "Подшоҳлар, султонлар, хонлар ва бекларнинг қамчиларидан қон томган замонларда, халқ кўпчилиги ўз дардини бир юлғун бачкисига ҳам айта олмаган даврларда, халқнинг оғир аҳволини, мамлакатнинг қора кунларини, кўпчилик фуқаронинг дард ва ҳасратини биронта сарой ёки халқ қизиғи чиқиб ҳазил йўли билан едириб  юборар эди(таъкидлар бизники -Д.Қ.)",1 – деб ёзган эди. Ûтмиш баҳона замонасига топиб баҳо берган Чўлпон, айни пайтда, ўзининг ижодий манерасига ҳам ишора қилади, ўқувчиларга ўзининг асарини (асарларини) англаш учун калит беради гўё. Зеро, қадим халқ саънати намояндаларига ошкора ҳавас ва ҳурмат билан қараётган Чўлпоннинг ўзи ҳам "Кеча"да "мамлакатнинг қора кунларини, кўпчилик фуқаронинг дард ва ҳасратини" йўли билан едириб юборган эди. Албатта, адиб ҳушёр мафкурачиларнинг барини лақиллатиб кетаман, деб хомтама бўлган эмас, тегишли жойларда зийрак ва закий кишиларнинг кўплигини жуда яхши билган. Ўзини ўртаган дардларни "йўли билан" бўлса-да ошкор этаркан, бунинг учун ўша қизиқлардай "боши кетиши" ёки "оқуйлик (бадарға)" қилиниши мумкинлигини жуда яхши билган. Бироқ у яна шуни ҳам билганки: "фақат уларнинг (қизиқларнинг–Д.Қ.) оғизларидан чиққан буюк ҳақиқатлар ҳақиқатгўй шоирларнинг ўлмас асарлари каби халқ кўнглига ёзилиб қоларди, мучаллардан мучалларга кўчарди".1 Кўрамизки, Чўлпон ҳақиқатга содиқ қолишни ҳар недан устун қўяди, фақат ҳақ сўзгина дунёда мангу қолишига, ҳақ сўзни айта олган санъаткоргина халқ дилидан абадий жой ола билишига ишонади. Айни шу ишонч Чўлпонни, бошини кундага қўйгани ҳолда бўлса-да, ҳақиқатдан чекинмасликка ундайди, унга ижодий куч-қувват, жасорат беради.

Юқоридагилардан англашиладики, "Кеча" устида ишлаётган Чўлпон руҳиятида "айтсам ўлдирарлар, айтмасам ўлам" қабилидаги ҳолат юзага келганди. Адиб ўзи англаган ҳақиқатларни ўқувчига етказишни мақсад қилгандики, бунинг учун у анча мураккаб ижодий муаммоларни ҳал қилиши зарур эди. Шунинг натижаси ўлароқ, бизнингча, "Кеча" романининг ташкилланишида онгнинг иштироки ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Эътироз туғилиши мумкин: наҳотки Чўлпон романини ёзиш жараёнида шунчалик совуққонлик билан, ҳар жиҳатини "етти ўлчаб" ишлаган бўлса? Ижод онларида санъаткор руҳият осмонига кўтарилмайдими? Ҳамма нарсани онгга боғлашлик бадиий ижод табиатини жўнлаштириш эмасми? Албатта, санъатнинг аввало руҳ маҳсули эканлигини инкор қилмаймиз, бироқ эпик тафаккурда онгнинг иштироки анчайин сезиларли эканлиги ҳам аён ҳақиқатдир. Бадиий ижод психологиясини ўрганиш бобида самарали изланган машҳур руҳшунос К.Юнг: "Суҳествуют веҳи и стихотворного и прозаического жанра, возникаюҳие целиком из намерения и решимости их автора достичь с их помоҳью того или иного воздействия", – деб ёзади. Олимнинг фикрича, бундай асар муаллифи ҳаёт материалига муайян мақсад асосида ишлов беради: "автор подвергает свой материал целенаправленной сознательной обработке, сюда что-то добавляя, оттуда отнимая, подчеркивая один нюанс, затушевывая другой, нанося здесь одну краску, там другую, на каждом шагу тшательнейше взвешивая возможный эффект... Автор пускает в ход при такой работе всю силу своего суждения".2 Бизнингча, Чўлпоннинг "Кеча"ни ёзиш чоғидаги ижодий йўсини ҳам шунга ўхшаш тавсифланиши мумкиндир.

Ўйлашимизча, Чўлпон "Кеча" романининг 1936 йил нашрига эпиграф сифатида олган М.Горький сўзлари ҳам адибнинг ғоявий-бадиий нияти, ифода йўсинининг "ниқобланиш" принципи асосига қурилгани ҳақида бунгача айтилган фикрларимизни бирмунча қувватлайди: "Маърифат чоғиштириб кўриш орқали ҳосил бўлади, бизнинг ёшлар эса ўз кўрганларини ҳеч нима билан чоғиштиролмайдилар, улар кечмишни билмайдилар ва шу учун ҳозирги замоннинг нималигини етарли даражада очиқ англаёлмайдилар (таъкид бизники – Д.Қ.)". Табиийки, совет халқининг "доҳий"лари қаторидан жой олган улуғ пролетар адибининг сўзларини романга эпиграф қилиб олинишининг ўзиёқ номи "қора рўйхат"лар бошидан жой олган Чўлпон учун шундоғам ҳимоя воситаси, ўзига хос эҳтиёт чораси бўлиб хизмат қила олади. Бироқ бу ўринда маънонинг икки ёқлама тушунилиш имконияти борлиги диққатга моликдир. Яъни, Чўлпон кечмишни ёшлар ҳозирги замоннинг қадрига етсинлар, деган мақсадда тасвирлаётганини "совет ёзувчиси" позициясида туриб таъкидласа, сохта тарих миясига сингдирилиб манқуртга айлантирилаётган ёшлар "ҳозирги замоннинг нималигини етарли даражада очиқ англасинлар" учун "Кеча"ни яратганини ГРАЖДАНЛИК позициясида тургани ҳолда айтади. Кўрамизки, эпиграф танлашдаёқ Чўлпон романнинг мазмун структураси моделини шакллантиради: ўзи айтмоқчи бўлган фикр тубдаю, юзадагиси фақатгина "ниқоб", — восита, холос. Ўз-ўзидан табиий бир савол туғилади: хўш, Чўлпон "ёшлар ҳозирги замоннинг нималигини" англасинлар учун тасвирлаган ўтмиш сохта тарихдан, расмий нуқтаи назардан нимаси билан фарқланар эди? Бизнингча, икки орадаги тафовутлар романнинг ғоявий мазмунига бир қур назар солинсаёқ яққол кўринадики, "Кеча" ҳақидаги қарашларимизнинг шаклланиши ва асосланишида муҳимлиги важҳидан бу масалага қисқача тўхталиб ўтишимиз жоиз. Маълумки, большевиклар инқилоб арафасидаги Туркистонда асосий ижтимоий конфликт эзувчи ва эзилувчи синфлар орасида эди, дея зўр бериб уқдираётган эдилар. Чўлпон романида эса, бунга зид ўлароқ, асосий ижтимоий конфликт феодал асослар билан шаклланиб келаётган миллий буржуазия орасида ётади. Бу конфликтни адиб Акбарали билан Мирёқубнинг мураккаб ўзаро муносабатларини тасвирлаш орқали моҳирона кўрсата билган. Акбаралининг ҳам иқтисодий ва ҳам сиёсий нўноқлигини, Мирёқубнинг эса, аксинча, ҳар иккисида ҳам омилкорлигини тасвирларкан, адиб, бир томондан, феодал асосларнинг чириб битганини, иккинчи томондан, миллий буржуазиянинг ҳам иқтисодий ва ҳам сиёсий истиқболга эгалигини кўрсатади. Большевиклар ҳар вақт таъкидлагучи омманинг инқилобий фаоллиги романда деярли акс этмаган, меҳнаткаш халқ ижтимоий-сиёсий ҳаракатдан буткул йироқда кўрсатилган. Тўғри, Қумариқдаги исён гўё романга бироз инқилобийлик олиб кирадигандек. Бироқ бу ғалаён ҳам Чўлпон тасвирида большевиклар даъво қилган синфий курашдан тамом бошқа нарса. Зеро, деҳқону косибларнинг ғазаби эзувчилар синфига эмас, шахсан Ёдгорхўжаю шахсан Умаралибойга қаратилгандир. Албатта, бу саҳналарда Чўлпон чин дилдан меҳнаткаш халқ томонида, инсофу адолат ҳиссидан маҳрум бўлган бойларни у ҳам қоралайди. Лекин айни чоғда омманинг қўзғалиши ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиб чиққан онгли ҳаракат эмас, балки бойлардан бирининг шалоқлик билан "хотинталоқлар" дея ҳақоратлаши билан бошланган маиший ғалаён эканлигини тасвирлайди. Яъни, бу ўринда адиб омманинг сабр косаси тўлганлигини инкор қилмайди, бироқ бу ғазабнинг уюштирилган ҳолда муайян мақсадга йўналтирилиши учун ҳали шароит етилмаган, деб ҳисоблайди. Большевиклар ўз фирқала-рининг инқилоб арафасидаги фаоллигию оммани курашга уюштирганини даъво қилардиларки, юқоридагича тасвир бу даъволарни чиппакка чиқаради. Энг қизиғи, романда Чўлпон большевикларни ҳатто тилга ҳам олган эмас, фақат бир ўринда умуман социалистлар ҳақида гап боради , холос. Бунга зид ўлароқ, жадидчилик ҳаракатининг кенгайгани, жадидчилик ғояларининг анча кенг ёйилгани кўрсатилади: Мирёқуб, Ҳакимжон, Ҳасанов, романда ўзи кўринмайдиган Абдусамад мингбоши — буларнинг бари шу ғояга у ёки бу даражада берилганлар. Прокурорнинг суддаги нутқида мазкур ҳаракатдан жиддий хавфсираш сезиладики, бу ҳам юқоридаги фикримизни қувватлайди. Боз устига, жадидчилик ҳаракати кескин қоралана бошланган бир пайтда Чўлпон Шарафутдин Хўжаев тили билан унинг мақсад-моҳиятини холис баён қила билди. Романда ижтимоий-маънавий ўсишга бошлаган ягона қаҳрамон — Мирёқубнинг жадидларга яқинлашуви ҳам бежиз эмас. Зеро, адиб талқинича, инқилоб арафасидаги Туркистонда жадидчилик ҳаракатидан ўзга жиддийроқ бир ижтимоий-сиёсий куч мавжуд эмас эди.

Юқоридаги мулоҳазаларга таянган ҳолда айтиш мумкинки, юртининг ўтмишига йигирма йил юксаклигидан назар солган Чўлпон "Кеча" романида октябръ инқилобининг амалга ошиши ижтимоий-тарихий зарурият эмас, балки давр талотўпларининг ҳосиласи эканлигини, халқини чинакам саодатга элтиши мумкин бўлган йўл бошқа бўлганлигини ўзи учун яна бир карра тасдиқлаб олди-да, ўзи англаган ҳақиқатни йўли билан ўқув-чисига етказишга интилди. Адиб ўсиб келаётган авлоднинг юз бераётган ҳодисалар моҳиятини англашини, манқуртга айланишининг олдини олишни истаганки, унга "чоғиштириш орқали маърифат ҳосил қилиш" имконини яратиб берди.

Табиийки, бу хил расмий нуқтаи назарга зид қарашларни "йўли билан" ифодаланган тақдирдагина роман дунё юзини кўриши мумкин бўларди. "Кеча ва кундуз" устида ишлаётган пайти оригинал асарлари билан матбуотда деярли қатнашмаётган (яъни, адабий жараёндан "иҳрож" қилинган) Чўлпонни роман эълон қилинармикан "ёки шунча ёзилган шеърларим каби қаерларда қолиб кетармикан",1 деган савол кўп бор ўйлатган, шу боис ҳам у "ниқобланиш" йўлларини топиш ва татбиқ қилишга жиддий эътибор берган. Гап "ниқобланиш" воситалари ҳақида борар экан, аввало, асарнинг номланишига тўхталишимиз лозим. Маълумки, 3O-йиллар адабиётида энг оммалашган бадиий конструкциялардан бири "инқилобгача – инқилобдан сўнг" тарзида бўлиб, у ўтмишни қоралаш орқали замонани алқаш мақсадига хизмат қилган эди. Чўлпоннинг асари икки қисмдан иборат экан, уларнинг биринчисида инқилоб арафасидаги ҳаёт тасвирлансаю "Кеча" деб ном берилса, иккинчисида инқилоб ва ундан кейинги йиллар қаламга олинсаю "Кундуз" аталса, — демак, адиб янги тузумнинг афзалликларини ахийри англаб етибди-да, шўро позициясига ўтибди-да?! Чўлпон учун социалистик ватанпарварлик руҳида тарбияланган ўқувчи ва зийрак мафкура хизматчиларида айни шу хил фикрни ҳосил қилиш муҳим эди.

Романнинг номланиши шу хил зарурат билан боғлиқлиги адабиётшунос С.Ҳусайнинг терговда берган кўрсатмасидан ҳам англашилиб туради: "Унинг(Чўлпоннинг–Д.Қ.) тушунтиришига кўра, "Кеча" романнинг фақат биринчи қисминигина ташкил этади, асарнинг иккинчи қисми эса "Кундуз" деб аталажак. Чўлпон бу сўзларни айтар экан, уни яна ўтмиш тўғрисида ёзяпти, деб айбламасликлари учун романни шундай иккига бўлишга мажбур бўлганлигини сўзлади".2

Модомики сарлавҳани "ниқоб" деб атарканмиз, унга адиб юкламоқчи бўлган тублик маъно ҳам бўлиши лозимдек. Ҳартугул, "Кеча"нинг шу хил туб маъносини англашга уриниб кўриш фойдадан ҳоли эмас. Бизнингча, адиб юртдаги маънавий қаш-шоқланишни юзага келтирган ва унинг ҳосиласи сифатида янада биқиқлашган муҳитни "Кеча" деб баҳолайди. Чўлпон талқинидаги "Кеча"нинг бутун даҳшати шундаки, у одамларни маънан мажруҳ этади, маънавий таназзулга етаклайди. Ўша муҳит "беш-тўрт таноб ерли" ўзига тўқ, Хадичахон билан дурустгина турмуш кечириши мумкин бўлган Акбаралини фаҳш ботқоғига ботирди; етти авлоди деҳқончиликдан нон топиб еган Раззоқ сўфини текинхўр кимсаю мунофиқ диндорга айлантирди; Пошшахону Султонхондек бемалол бир уйни обод, бир йигитни бахтиёр қилиши мумкин бўлган гулдек аёлларни зино кўчасига бошлади... Буларнинг маънавий қашшоқланиши шу даражадаки, улар муҳитни соғломлаштириш ҳақида умуман ўйламайдилар, шу муҳит доирасида ўз манфаатларини кўзлайдилар, холос. Юрт бошида "бенамоз раислар", имони заиф имомларнинг туриши раиятга таъсирсиз қолмаган: "одамлар намозга юрмай қўйганлар". Миллатнинг фожиасини Чўлпон айни шу эътиқодсизлик (фақат диний маънода эмас)да кўради: одамлар на охиратини обод қилишни ва на фоний дунёдаги турмушларини яхшилашни ўйлашади — бугуннинг ташвиши билан яшашади, холос. Жоҳилият даврларини азалдан "зулумот" деб таърифлангани каби, Чўлпон ҳам тарихимизнинг шу бўлагини "Кеча" деб атайди. Бу зулумот қўйнидан ёруғлик томон интила бошлаган ягона одам —Мирёқуб, шу маънода "Кундуз"нинг туб маъноси ҳам шу қаҳрамонга боғлиқ ҳолда конкретлашса, эҳтимол. Афсуски, бу фикримиз тахмин мақомидан юқори кўтарилолмайди. Сарлавҳанинг зоҳирий маъноси эса "оқ – қора" схемасининг ифодасига хизмат қилгани ҳолда туб маъноларни ниқоблайди.

Айтиш керакки, Чўлпон турли композицион усуллардан ҳам ўрни билан ниқобланиш воситаси сифатида фойдаланади. Роман ҳақида адиб ҳаётлик чоғида(гарчи ҳибсга олинганидан кейин бўлса ҳам) эълон қилинган ягона тақризда: "Чўлпон жадидларни тасвирлаганида ниқобланади, жадидларга тўғридан тўғри ўз тилидан характеристика бермасдан, бу вазифани асардаги кишиларга юклайди. Чўлпоннинг қаҳрамонлари жадидларни мақтаб, кўкларга кўтаради (таъкид бизники–Д.Қ.)",1 – деган айбловга дуч келамиз. Дарҳақиқат, Чўлпон романда жадид савдогар — Шарафутдин Хўжаев пайдо бўлиши билан ҳикоячиликни ўзидан соқит қилади: романнинг бу эпизодлари Мирёқуб билан Марям кундаликлари воситасида жонлантирилади. Тан олиш керакки, тақриз муаллифлари ҳақлар. Зеро, Чўлпон бу усулни онгли равишда, муайян мақсадни кўзлаб қўллагани равшан кўриниб туради. Агар адиб, тақриз муаллифлари истаганидек, жадидларга "тўғридан-тўғри ўз тилидан характеристика берган"ида, унинг учун ягона йўл — жадидларни совет ёзувчиси мавқеидан туриб қоралашгина қолур эди. Бу эса, табиийки, Чўлпоннинг ғоявий-бадиий ниятига тамоман зид эди, чунки у жадидлар ҳақида ўқувчига имкон қадар холис ва муфассал маълумот беришни ният қилганди. Мабодо Чўлпон роман воситасида ўзини "оқлаб олиш" мақсадини кўзлаганида эди, у ҳолда мазкур усулнинг қўлланиши мақсадга хилоф бўлур эди. Кўрамизки, бу ўринда эпиграф ёки романнинг номланишида кузатганимиз иккиёқлама талқин қилиш имкони мавжуд эмас, "ниқоб" фақат ўз вазифасидагина келади. Адибнинг асл ниятини очиб беришни ўзларининг вазифаси деб билган тақриз муаллифлари буни яхши англаганларки, романнинг айни шу ўрнига алоҳида урғу берганлари бежиз эмас.

Эътиборли жиҳати шундаки, Чўлпон Қумариқ воқеалари тафсилотларини ҳам юқоридагича усулда — персонажлар тилидан беради, бироқ бу ўринда икки турли талқин қилиш имконияти сақлаб қолинади. Қумариқ воқеаларининг тасвирланиши тўрт қисмга ажратилиши мумкин: 1) Акбаралининг қишлоққа бориши; 2) қишлоқда ғалаён; 3) Акбаралининг ғалаённи тинчитиш учун қайтиб бориши; 4) қишлоқда ғалаённинг кучайиши. Бу қисмларнинг биринчи ва учинчиси ровий тилидан, иккинчиси элликбоши Қосим лайлак, тўртинчиси мингбоши йигитларининг бири тилидан берилади. Аслида ривоя субъектининг ўзгариши(бунга кейинроқ алоҳида тўхталамиз), бир томондан, маконий ва замоний ўзгаришларнинг асосланишига, иккинчи томондан, реалистиклик иллюзиясининг ҳосил қилинишига хизмат қилади. Шу билан бирга, мазкур усулнинг бошқа бир муҳим ғоявий-бадиий функциясига ҳам диққатни тортмоқ зарур: бизнингча, бу ўринда персонаж-ҳикоячиларнинг киму нима мақсадда ва қандай шароитда гапираётганига алоҳида урғу берилгани кўринади. Хусусан, Қумариқдаги ғалаённинг бошла-нишию сабабларини ўзи зўрға қочиб қутулган элликбоши Қосим лайлак "оёқ устида туриб мингбошига англатди ва аҳволни жуда ваҳимали қилиб кўрсатди". Гап шундаки, ғалаён сабабчилари бўлмиш бойлар — "элликбоши ва аминларга ўшқириб муомала қиладиган бу пурзўрлар ёлғиз Қосим лайлакка эмас, бошқа элликбоши ва аминларга ҳам унча ёқмасидилар". Шу боис ҳам "фурсат жуда қулай келганлигидан Қосим лайлак имкон борича фойдаланиб қолмоқчи бўлди". Кўринадики, Чўлпон бу ўринда воқеанинг бўрттирилиши шахсий манфаат билан боғлиқлигини, шу боис ҳам Қосим лайлак "бирга беш қўшиб" сўзлаётганини таъкидлайди. Мингбоши тўполонни тинчитиб, айбдорларни жазолаб қайтганидан сўнг қайта авж олган ғалаён тафсилотларининг берилиши янада ўзига хос: "...янги игитлардан бири арвоқ отни оқ кўпикка тушириб чоптирганича етиб келди. Дарвозани очгунча бўлмай отдан ўзини ташлаб, ранги ўчган ва ҳаллослаган ҳолда мингбошининг қаршисида келиб тўхтади.

– Нима гап? Мунча ҳовлиқдинг?

– Иш ёмон, хўжайин. Иш ёмон...

Йигит сўзлай билмасди". Кўрамизки, энди адиб ҳикоячи-персонажнинг ниҳоятда ваҳимага тушиб, шошганидан ўзини йўқотаёзганига урғу беради —"қўрққанга қўша кўринар" маталига ишора қилади гўё. Қизиғи шундаки, йигитнинг "сўзлай билмаслиги" таъкидланган, унинг ҳаяжон ва ваҳима аралаш айтган алмойи-жалмойи гапларидан бирон нарса англаш мушкул дегандек, олинган маълумотлар ровий тилидан қайта баён қилинади. Бу нарса очиқ айтилмаса-да, ҳартугул гап қурилиши("тўполон бошланади", "тўппончаси бўлади", "отиб ўлдирмоқчи бўладилар" ва ҳоказо)дан ўқувчининг англаб олиши қийин эмас. Боз устига, йигит ўзи айтаётган тафсилотларнинг барига ҳам бевосита шоҳид бўлган эмас, бир қисмини ўзи ҳам бошқалардан эшитган. Яъни, маълумотлар миш-миш даражасига тушиб яна бўрттирилаётгандек, Қумариқдаги воқеалар мантиқини персонаж-ҳикоячиларнинг ўзлари ҳам дурустроқ англамаётгандек таассурот қолади кишида. Эслатилган тақриз муаллифлари романда "ўтмиш жамиятдаги синфий қарама-қаршиликлар, синфий кураш онгли равишда туманли қилиб, пардаланади",– деганларида қисман ҳақлар. Қисман дейишимизнинг боиси шундаки, тақриз муаллифлари "синфий зиддият" ва "синфий кураш" тушунчаларини бирдек кўрадилар. Ҳолбуки, Чўлпон бу икки тушунчани фарқлайди. Шу боис ҳам у йўқсиллар ва бойлар орасида синфий зиддият мавжудлигини инкор қилмайди — уларни тасвирлаб кўрсатади. Бироқ "синфий кураш" дейилганда адиб муайян мақсадни кўзлаган онгли ҳаракатни тушунади, икки орада бу хил ҳаракатни кўрмагани учун-да уларни тасвирламайди. Чинакам "шўро ёзувчиси"дан эса айни шу хил англанган ҳаракатни тасвирлаш (ахир, у ҳаётни революцион ривожланишда кўра билиши лозим) талаб қилинардики, Чўлпон шу йўлдан бормаслик учун ҳам Қумариқ воқеалари ҳақида ҳикоя қилиш мажбуриятини персонажларга юклаган кўринади.

Чўлпоннинг лирик ва публицистик асарларида расмий доиралар томонидан қўллаб-қувватланган мавзунинг ишланиши ўзига хос "гап айтиш" воситаси бўлиб хизмат қилганини кўрсатиб ўтгандик. Худди шунга ўхшаш ҳолга "Кеча" романида ҳам дуч келамиз. Романни ўқиганда муаллифнинг диққат марказида турган муаммо — хотин-қизлар озодлиги масаласидек туюлаверади. Ҳолбуки, агар роман юқорида айтганимизча ички эҳтиёжни қондириш учун яратилган бўлса, хотин-қизлар ҳақ-ҳуқуқлари масаласи асло етакчи проблема саналиши мумкин эмас. Яъни, мазкур проблеманинг алоҳида бўрттирилиши муаллиф учун муҳимроқ бўлган ижтимоий проблемалар талқинини пардалаш учун керак. Чўлпон бу ўринда "ниқобланиш"ни шундай маҳорат билан уддалаганки, адабиётшунослигимизда ҳануз асарнинг марказий проблемаси — хотин-қизлар озодлиги масаласи, Зеби — адиб идеалидаги қаҳрамон,1 деган, бизнингча, бирмунча янглиш қарашлар мавжуд. Ўйлашимизча, мазкур образнинг моҳиятига Зебини "муте инсон" деб атаганида, айниқса, адибнинг "Раззоқ сўфи, Қурвонбиби ва Зеби образлари орқали феодализм шароитида мутелашган, ҳақиқат ва адолат учун курашишга ўзида куч ва хоҳиш топа олмаган халқнинг аянчли ҳолатини кўрсатишга интилгани"ни2 айтганида Н.Каримов ҳаммадан кўра яқинроқ боради. Дарҳақиқат, Чўлпон ижодиётида "Ҳужум"дан анча илгари қўйилган аёллар ҳуқуқи масаласи бу ўринда ҳам беқиёс кенгаяди — умуман ИНСОН ЭРКИ масаласига айланиб кетади. Ўн беш йиллар илгари "Кишан кийма, бўйин эгма, ки сен ҳам ҳур туғилғонсен!" дея ҳайқирган Чўлпон мутеликни ҳаёт дастурига айлантирган инсон фожиасини романнинг кўп қаҳрамонларида, айниқса, Зеби тимсолида ёрқин ифодалаб берди. Адиб мутеликнинг ҳар қандай кўринишини, жумладан, эътиқод масаласидаги мутеликни ҳам кескин қоралайди. Зеро, шу хил мутелик роман воқелигида бутун бошли бир оиланинг фожиасини келтириб чиқаради — Зебини Сибир сургунига жўнатади. Раззоқ сўфини қотилга айлантиради, бечора Қурвонбибини эсдан маҳрум этади. Ўзи эътиқод қилган нарсани дуруст англамаслик эса, айтиш керакки, 3O-йилларда жамиятимизда одат тусига кирган эди. Юртимизда марксизмга эътиқод қилганлари ҳолда ундан деярли бехабар, фақат қўл кўтариб маъқуллашгагина ярайдиган бутун бошли омма шаклланаёзгандики, улар ҳам ўзлари билиб ё билмай ўзларининг ЭШОНБОБОларига эътиқод қилаётгандилар асли. Бу иллатнинг юртимизга нечоғли қиммат тушгани ҳозирда яхши маълум, албатта. Чўлпоннинг безовта қалби эса эндигина куртак ҳолида бўлган мазкур иллатнинг бутун даҳшатини олдиндан кўра билгандирки, асарда айни шу масала айрича бўрттирилгандир.

Хотин-қизлар озодлиги мавзусининг олдинги планга чиқарилишида, табиийки, асарнинг сюжет қурилиши етакчи роль ўйнайди. Роман воқеаларининг битта асосий ўқ — Зеби билан боғлик сюжет линияси теварагида жамлангани учун ҳам адиб ўзини қизиқтираётган асосий масала сифатида Зеби тақдирини, умуман, хотин-қизлар тақдири масаласини тақдим қилиш имконига эга бўлади. Ҳолбуки, Зеби марказида турган сюжет чизиғи тўйдан сўнг иккига тармоқланиб, бирининг марказига Мирёқуб, иккинчисининг марказига Акбарали чиқади. Акбарали билан боғлиқ воқеалар Зеби линиясини узиқ (пунктир) чизиқлар билан бўлса-да давом эттириб турадию, роман ниҳоясида яна Зеби олдинги планга чиқарилади. Бу нарса ўқувчини асарнинг марказида Зеби тақдири ётишига яна бир карра ишонтиради, гарчи тармоқланган сюжет чизиқлари масалани чуқурроқ мушоҳада қилишга ундаса-да, ўқувчи бунга эмоционал жиҳатдан тайёр бўлмай қолади. Натижада аксарият ўқувчилар учун сюжет воқеалари бирламчи, Зебига бевосита алоқадор бўлмаган ёки фақат билвосита алоқадор бўлган воқеалару тафсилотлар иккиламчи бўлиб қолади. Ҳолбуки, романнинг туб мазмуни ўша "иккиламчи" унсурлар орқалигина очилади. Демак, "Кеча" романида мазмунни ифодалашнинг бош воситаларидан саналувчи сюжет айни пайтда туб мазмунни пардалашга ҳам хизмат қилади.

Малумки, роман яратилган давр муҳитида инсоннинг ижтимоий қиймати ҳам, эстетик қиммати ҳам унинг қайси синфга мансублиги, янги тузумга қандай муносабатда эканлигидан келиб чиқибгина белгиланар эди. Ўз-ўзидан равшанки, бундай шароитда ўзининг совет воқелигини қабул қилганию совет ёзувчиси мавқеига ўтаётганини кўрсатиш, муҳими, асарининг китобхонлар қўлига етиб бориши учун Чўлпон буни эътиборга олмаслиги мумкин эмас эди. Яъни, асарда ҳаракат қилувчи марказий персонажларнинг синфий мансублигию дунёқарашлари эътиборга олинса, уларнинг, Зебини истисно қилсак, биронтаси ҳам "ижобий" бўлмаслиги, муаллифнинг уларга ошкора салбий муносабатда бўлиши талаб қилинарди. Чинакам санъаткор сифатида эса Чўлпон қаҳрамонларининг инсоний фожиасини фақат уларнинг синфий мансублигидан келиб чиқибгина тушуниш ва тушунтириш билан қаноатлана олмас, характерлар моҳиятига чуқурроқ кириб боришни истарди. Бунинг натижаси ўлароқ, романдаги айрим характерлар талқинида ички зиддият кузатилади: адиб Акбарали, Мирёқуб, Раззоқ сўфи каби "ёт унсур"ларга намойишкорона салбий муносабатда бўлади (замона талаби), айни пайтда уларнинг ҳар бирида аввало инсонни кўришга, хатти-ҳаракатларининг туб ижтимоий-руҳий асосларини очишга(реалистик санъат талаби) интилади. Шуниси ҳам борки, "синфийлик" оғуси билан заҳарланган китобхон учун мўлжалланган чизгилар бўртиб, юзада қалқиб туради ва туб сабабларини пардалайди гўё. Эътибор берилса, романда Акбарали, Раззоқ сўфи, Мирёқуб образлари талқинида деярли бир хил тартибга таянилганини сезиш қийин эмас. Зеро, ҳар учала характер талқинида ҳам тубандагича структуравий схемага таянилгани кўрилади: муаллиф характеристикаси – персонажни хатти-ҳаракатда кўрсатиш – руҳиятидаги жараёнларнинг бевосита тасвири. Кўзга яққол ташланадики, Чўлпон қаҳрамонларини "сиртдан" кузатишдан "ичдан" кузатишга томон бориш йўлини танлаган. Албатта, бунинг ҳеч бир ғайриоддий томони йўқ, кўпгина асарларда айни шу йўлдан борилади. Бироқ, бизнингча, "Кеча"да бу усулнинг алоҳида ғоявий-бадиий функцияси мавжуд. Гап шундаки, муаллиф характеристикасидаёқ қаҳрамонлар феълидаги салбий хусусиятлар уларнинг ижтимоий аҳволи билан боғлаб талқин қилинади-да, уларга замона талабича ғоявий-ҳиссий баҳо берилади. Боз устига, адибнинг салбий муносабати ўқувчига-да "юқтирилади", ўқувчида персонаж ҳақида тугал бир тасаввур билан бирга антипатия ҳам ҳосил қилинади. Бунинг натижасида эса ўқувчининг қаҳрамон хатти-ҳаракатларининг руҳий асосларини, унинг инсон сифатидаги изтиробларини ҳис этиш имкониятлари камаяди, у персонажни фақат "сиртдан"гина кузатгани ҳолда, унинг руҳига киролмай қолиши эҳтимоли ортади. Бунинг зидди ўлароқ, муаллиф бошданоқ ўқувчида Зебига нисбатан бадиий симпатия ҳосил қилишга интилади. Романнинг бошланишида сюжет воқеаларининг тўлалигича Зеби тақдири билан боғлиқлиги, воқеаларнинг шиддат билан ривожлантирилишию саргузаштнамо характерга эгалиги ўқувчи диққат-эътиборини Зебига боғлаб қўяди. Натижада Зеби тақдиригагина қизиқиб қолган ўқувчи бошқа қаҳрамонларнинг хатти-ҳаракатларини ҳам шу асосда кузатади ва баҳолайди — асарнинг эпик кўламини тўлалигича қабул қилиш, унда қўйилган муаммоларни илғаб олишу "ҳазм" қилишга тайёр бўлмай қолади. Кўрамизки, айни шу хил сюжет-композицион хусусиятлар романда хотин-қизлар тақдири масаласи бирламчи, деган фикрни келтириб чиқаради-да, унда бадиий таҳлилу талқин этилган муҳим муаммоларни пардалайди. Айни пайтда, Чўлпон ўзи билан илгаритдан мулоқотда бўлиб келаётган ўқувчи, мулоқотда бўлмаган ҳолда ҳам ўқишу уқиш малакасига эга ёки атрофида юз бераётган воқеа-ҳодисалар ҳақида мустақил мушоҳада юритишга қобил ўқувчининг тубдаги маъноларни англаб олишига ишонади, шунга умид килади.

Бунгача юритган мулоҳазаларимиздан аён бўладики, «ниқобланиш» — муайян ижтимоий-тарихий шароит заруратидан келиб чиққан поэтик восита, у «Кеча» романи поэтик тизимига жиддий таъсир кўрсатган, асардаги қатор бадиий ўзига хосликларни юзага келтирган. Чўлпоннинг янгиликка ўч, изланувчан ижодкорлигини кўпчилик эътироф этган, биз ҳам буни кўп бор таъкидладик. Хўш, адибнинг кўпчилик эътироф этган бу хислати миллий романчилигимизга нима берди? Бизнингча, ўзбек романчилиги тараққиётида «Кеча ва кундуз» ҳаётни бадиий тадқиқ этиш (воқеликни инсон руҳияти орқали идрок этишга интилиш) ва бадиий воқеликни ташкиллантириш (драматик унсурлар салмоқдорлиги) принциплари нуқтаи назаридан дадил одим эдики, шу жиҳатлари билан у миллий насрчилигимиз анъаналаридан сезиларли узоқлашиб, жаҳон романчилиги тараққий даражасига яқинлашди. Эндиги вазифамиз шу даъвони асослашдирки, кейинги бобларда навбати билан шу масалаларга тўхталамиз.

1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   15



Похожие:

ЧЎлпон насри iconДокументы
1. /Абдулхамид Чулпон+.doc
ЧЎлпон насри iconДокументы
1. /ЧцЛПОН НАСРИ.doc
Разместите кнопку на своём сайте:
Документы


База данных защищена авторским правом ©uz.denemetr.com 2000-2015
При копировании материала укажите ссылку.
обратиться к администрации