Амир Темур Ва Ибн Халдун Сиёсий-Ҳуқуқий Қарашларида Вазирлик Институтининг Ёритилиши
Шубҳасиз, Шарқ дунёси деганда кўз ўнгимизда бой илмий-маданий мерос, ўлмас қадриятлар ва бугунги тараққиётнинг асоси бўлмиш юксак тамаддун намоён бўлади. Мазкур маънавий бойликни мукаммал ўрганиш Шарққа бой берилган етакчиликни қайтариб беради. Бинобарин, неча асрлар муқаддам янграган илғор ғоялар бугун ҳам ўз долзарблигини йўқотмай келмоқда. Замонасининг кўзга кўринган мутафаккирлари Амир Темур ва Ибн Халдунларнинг сиёсий-ҳуқуқий қарашларида алоҳида эътибор билан ёритилган вазирлик институтини тадқиқ этганимиз ҳолда сўз юритганимиз юксак тараққиётдан баҳра оламиз.
Амир Темур давлати ва ҳуқуқи кўплаб олимларнинг тадқиқот объекти саналади. Амир Темурнинг сиёсий-ҳуқуқий қарашларида вазирлик институтининг ёритилиш мавзуси Ҳ.Бобоев тадқиқотларида1 қисман ёритилган бўлсада, айни масала ҳали-ҳануз ўзининг синчков тадқиқотчисини кутмоқда десак янглишмаган бўламиз. Темур тузукларида вазирлик институти Ўрта асрлар назариётчи олимларидан фарқли равишда амалий жиҳатдан таҳлил этилган. Тузукларда ўзига хос услубда баён этилган вазирлик институтини тадқиқ этганимиз ҳолда уни ўз хусусиятларига кўра қуйидаги турларга бўлишни ўринли деб топдик:
I. Темургача ҳукмронлик қилган турли давлат вазирларининг тарихий таҳлили. Бунда Амир Темур тарихда ўтган вазирларни ўрнак сифатида зикр қилиб, уларнинг ижобий хусусиятларини намуна қилиб кўрсатади. Аксинча, ёмон хулқли, золим вазирлардан эса огоҳ бўлишга ундайди. Шунга кўра, мазкур вазирларни қуйидаги гуруҳларга ажратиш мумкин:
1.1 Одил вазир. Амир Темур ўз орзуидаги оқил, тадбиркор вазир сифатида Маликшоҳ Салжуқийнинг вазири Низомулмулкни2 қайд этади3. Темур салтанат ишларига кўмаклашиш, Тангри таолонинг бандаларига ёрдам қилиш энг шарафли ишлардан эканлигини таъкидлайди, вазирлик мартабасининг шаънини улуғлайди. Амир Темурнинг ўзи ҳам Туғлуқ Темурхоннинг ўғли Илёсхўжага вазирлик, сипоҳсолорлик қилишга рози бўлганини айтади. “Шу боисдан бўлса керак, Аллоҳ таоло мени салтанат мартабасига кўтарди”,- дейди4.
1.2 Золим вазир. Гина кудуратли, кўнглида ҳукмдорга нисбатан душманлик кайфияти бор вазир. Темур бундай вазирлар сафига Аббосий халифа Мустаъсим Биллоҳнинг вазири Ибн Алъамийни киритади. Ибн Алъамий халифа ишончига кирган ҳолда ўз вазолатларини суистеъмол қилади. Оппозиция раҳнамоси бўлган Ҳалокухон билан тил бириктириб, уни ҳокимият тепасига олиб келади. Халифа Мустаъсимни эса ўлимга маҳкум этади. Темур бу каби вазирлардан огоҳ бўлиб, хушёр туришга чақиради. Акс ҳолда, улар қисқа фурсат ичида хазинани талон-тарож қилиб, давлатни таназзулга учратади, дейди5.
II. Вазир шахсига қўйилган талаблар. Амир Темур вазирликка номзод шахс қуйидаги 4 сифатга эга бўлиши лозим деб ҳисоблайди.
Биринчиси, асллик, тоза насллилик. Вазирликка номзод шахсга нисбатан қўйилган мазкур талаб вазирнинг авлодига алоҳида урғу берилишини англатади. Бундан Амир Темур кишиларни уларнинг авлодига қараб табақалаштирган деган маъно англашилмайди. Амир Темур: “Наслию зоти паст, ҳасадчи, гина-кек сақловчи, қора кўнгилли кишиларга зинҳор вазирлик лавозими берилмасин. Бузуқи, қора кўнгилли, зоти паст одам вазирлик қилса, давлату салтанат тез орада қулайди”,-дейди. Иккинчиси, ақл, фаросатлилик. Учинчиси, сипоҳу раият аҳволидан хабардорлик, уларга нисбатан хушмуомалалик. Тўртинчиси, сабр-чидамлилик ва тинчликсеварлик. “Кимки шу тўрт сифатга эга бўлса, ундай одамни вазирлик мартабасига лойиқ киши деб билсинлар. Уни вазир этиб тайинласинлар. Мамлакат ишларини, сипоҳ ва раият ихтиёрини унга топширсинлар. Бундай вазирга тўрт имтиёз: ишонч, эътибор, ихтиёр ва қудрат берилсин”,-дейди6.
III. Амир Темур идеалидаги вазир тимсоли. “Камолотга эришган вазир улким”,-дейди Темур: “Асли-насли тозалигини кўрсатиб, давлат ишларини тартибга келтиради, молиявий ишларни тўғрилик билан бажаради”. Олгулик жойидан олиб, бергулик ерга беради. Салтанат муаммоларини ўз ўрнида қаттиққўллик, ўз ўрнида мулойимлик билан ҳал қилади. Ақлли вазир бир қўли билан раият (халқ)ни, бир қўли билан эса сипоҳ (армия)ни ушлаб туради. Тажрибали вазир мамлакат ободонлигини, раият ва сипоҳнинг тинч-фаровонлигини, хазина бойлигини доим кўзда тутади. Темур ана шундай комил вазирларни “қилич ва қалам соҳиби”, “валинеъмат (ҳукмдор)нинг соқчиси”, “давлат шериги” каби номлар билан атайди.
IV. Вазирларнинг фаолият кўрсатиш тартиби.
4.1 Доимий тартибда фаолият кўрсатувчи вазирлар. Амир Темур ўз тузукларида: “Амр қилдимки, тўрт вазир ҳар куни девонхонада ҳозир бўлсинлар”,-дейди. Шунга кўра давлатнинг муҳим кундалик вазифалари билан боғлиқ масалаларни мазкур тўрт тоифа вазирлар доимий тартибда амалга оширган дея айта оламиз. Улар:
4.1.1. Мамлакат ва раият вазири мамлакат аҳолиси аҳволини назоратга олиб, вилоятлардан йиғилган ҳосил, солиқлар, уларнинг тақсимланиши, мамлакат ободонлиги ва мол-мулкнинг қай тарзда тартибга келтирилаётганлиги хусусида ҳукмдорга ахборот бериб турган7.
4.1.2. Сипоҳ вазири. Бу тоифа вазир салтанат армияси билан боғлиқ барча вазифаларга масъул бўлиб, жангчиларга маош берилиши, қўшиннинг умумий сафарбарлиги устидан назорат олиб борган.
4.1.3. Молия вазири. Мазкур вазир эгасиз қолган, вафот этган ва қочганларга тегишли молларни мамлакатга кириб-чиқувчи шахслар мулкидан олинадиган божларни чорва моллари ва яйловларни бошқариш вазифасини амалга оширган.
4.1.4. Иқтисодиёт вазири салтанат идораларининг кирим-чиқимлари, хазинадан ажратиладиган барча сарф-харажатлар устидан назоратга масъул шахс саналган.
4.2. Салтанат ҳудуди ташқарисидаги вазифаларни бажарувчи вазирлар. Бундан ташқари салтанат чегаралари ва тобеъ мамлакатларга доир вазифалар билан шуғулланувчи 3 вазирдан иборат давлат ҳайъати ҳам мавжуд бўлиб, улар мазкур ерлардаги молиявий масалалар, келадиган молиявий даромадларни бошқарган.
Юқорида санаб ўтилган 7 вазирнинг бари девонбегига бўйсунган. Д.Юсупованинг қайд этишича, девонбеги лавозими вазирлардан юқори бўлгани боис уни бош вазир деб аташ жоиз8. Шуни ҳам алоҳида қайд этиб ўтиш лозимки, вазирлар Темур салтанатининг асоси бўлмиш ўн икки тоифанинг еттинчи тоифасига мансуб бўлган9.
V. Жазога лойиқ вазирларни жазога тортиш тартиби. Амир Темур салтанат асосини ташкил этувчи мамлакат хазинасига алоҳида эътибор бериб, унинг талон-тарож қилиниши билан боғлиқ жиноятларни ўзига хос услубда квалификация қилганининг гувоҳи бўламиз.
– Молия вазирлари молия ишларида хиёнат қилиб, ўзлаштириб олган маблағлари ўзига тегишли ҳақ миқдоридан ошмаган бўлса, мазкур маблағ унга ҳадя тариқасида қолдирилган.
– Агар вазир ўзлаштириб олган маблағ ўз маошидан икки баробар ортиқ бўлса, ортиғи оладиган маоши ҳисобидан ушлаб қолинган.
– Агар маошидан уч баробар кўп маблағ олган бўлса, унинг ҳаммаси салтанат хазинаси ҳисобига мусодара қилинган. Тузукларда вазирларнинг маошлари амирлар маошларидан ўн баробар кўп қилиб белгингани қайд этилган. Таъкидлаш жоизки, Темур жорий этган жазо чоралари либерал характерга эга бўлиб, адолат, инсонпарварлик каби принципларга тўла мос келади.
Ўрта асрларнинг энг йирик мутафаккирларидан бири, социология фанининг асосчиси Ибн Халдуннинг сиёсий-ҳуқуқий қарашларида вазирлик институтига алоҳида урғу берилган. Олимнинг шоҳ асари саналмиш “Муқаддима”да вазирлик институтига бағишланган алоҳида бўлим ҳам мавжуд бўлиб, унда Ибн Халдун вазир сўзини морфологик хусусиятларидан тортиб, унинг жамият ва давлат аппаратида тутган ўрни, аҳамияти, вазирнинг вазифалари каби масалаларни соф назарий жиҳатдан изчил таҳлил этган. Ибн Халдуннинг қайд этишича, вазир сўзи (ЗбжТнС) “кўмак бериш”, “ёрдам кўрсатиш” маъноларини берувчи муазара 10(гжЗТСЙ) ёки “юк”, “юмуш” мазмунини ифодаловчи визр 11(жТС) сўзидан олинган бўлиб, ҳар икки ҳолатда ҳам бевосита давлат раҳбарига ҳукумат вазифаларини бажаришда ёрдам берувчи шахс тушунилади12.
Ибн Халдун ҳукмдорнинг фаолиятини қуйидаги тўрт фаолият доираси билан чегаралайди13:
Жамиятни турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш, армия устидан назорат ўрнатиш, жанговор ҳаракатларга бошчилик қилиш. Мазкур вазифалар учун масъул шахс вазир ҳисобланган.
Мамлакат ҳудудидан йироқда бўлган давлат хизматчилари билан ёзишмалар олиб бориш. Бу тур вазифага масъул шахс котиб (ЯЗКИ) дейилган.
Давлат хазинасининг кирим-чиқими, солиқларнинг йиғилиши билан боғлиқ молиявий ишлар. Айни вазифаларни ҳам вазир юритган.
Ҳукмдорни давлат билан боғлиқ вазифаларни бажаришдан чалғитувчи ҳар қандай нарсани бартараф этиш. Мазкур вазифани эшик оғаси (НЗМИ) бажарган.
Маълумки, вазирлик лавозими қадимдан форс, яҳудий ва бошқа қабилаларга маълум бўлган. Муҳаммад (а.с.) даврларида бу лавозим илк давлат аппаратига тадбиқ этилмаган. Муҳаммад (а.с.) жамият ва давлат ҳаётига доир бўлган масалаларни ён атрофдаги кишилар билан маслаҳатлашиб қилганлар. Шу боис, Форс, Византия ҳамда Нажжошийлар давлати14 бошқаруви тизимидан хабардор бўлган баъзи араблар Абу Бакрни “Пайғамбарнинг вазири” деб атаганлари маълум. Ҳокимият тепасига келган Абу Бакр ҳузурида асосий маслаҳатчи мақомини эгаллаган Умар ибн ал-Хаттоб халифага қозилик ва иқтисодий масалаларда ёрдам берган. Кейинчалик Усмон ибн Аффон даврида мазкур вазифани Марвон ибн ал-Ҳакам бажарган. Уммавийлар даврига келиб, давлат бошқаруви тизимида де-факто сифатида мавжуд бўлган маслаҳатчи вазифаси де-юре шаклида “вазир” лавозимини киритиш билан ўзининг мантиқий ечимини топди15. Шундай бўлсада, вазирлик лавозимининг давлат аппаратидаги энг муҳим лавозимга айланиши даври Аббосийлар сулоласининг ҳукмронлик йилларига тўғри келади16. Бу даврда вазирлик лавозими ижро ҳокимиятининг раҳбари сифатида шаклланди. Дастлаб котиб ва вазир лавозимлари ўзаро тенг ваколатларга эга бўлган бўлса, мазкур даврда армия устидан умумий назорат ҳамда солиқ йиғими сингари молиявий вазифаларнинг вазир қўлига ўтиши, унинг нуфузини котибникидан бир неча юқори поғонага кўтариб юборди. Давлат сирлариннинг ошкор этилмаслигини таъминлаш мақсадида кейинчалик давлат канцелярияси ҳам вазир назорати остига ўтди. Аббосийлар ҳукмронлиги даврида империянинг муҳим стратегик аҳамиятига эга бўлган давлат муҳри вазир қўлида сақланадиган бўлди.
Хулоса сифатида шуни таъкидлаш лозимки, бугунги глобализация шароитида, давлат аппарати ўзининг мобил кўринишига ўтаётган бир пайтда бой тарихий тажрибамизни ўрганиш, унинг ижобий хусусиятларидан давлат қурилиши соҳасида фойдалана билиш муҳим аҳамият касб этади.
2 Асл исми Абу Али Ҳасан ибн Али Тусий. 1018 йилда Тус шаҳрида туғилган. Машҳур “Сиёсатнома” асарининг муаллифи. Салжуқий ҳукмдорлардан Алп Арслон ҳамда Маликшоҳ I лар саройининг бош вазири бўлган.
12 Қаранг: Ибн Халдун. Муқаддима. -Б.165(Бундан кейин: Ибн Халдун).
13 Ибн Халдун. –Б. 166.
14 Нажжошийлар – ҳабашлар деб ҳам юритилади. Мазкур давлат ҳудуди ҳозирги Эфиопия ерларига тўғри келади.
15 Қ. Зоҳидов. Илк ислом давлатчилиги ва унинг шаклланиш жараёнлари. Тарих фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертация. УДК 297, 3-45. Т. 2004. – Б. 38