Документы



I боб. Умумий қоидалар 1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади icon

I боб. Умумий қоидалар 1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

НазваниеI боб. Умумий қоидалар 1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Дата04.06.2013
Размер301.95 Kb.
ТипДокументы
скачать

Ўзбекистон Республикасининг қонуни

ХЎЖАЛИК ШИРКАТЛАРИ ТЎғРИСИДА

(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 й., 1-сон, 8-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 29-30-сон, 297-модда)

I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади хўжалик ширкатларининг тузилиши, фаолияти, қайта ташкил этилиши ва тугатилиши соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Хўжалик ширкатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Хўжалик ширкатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

^ 3-модда. Хўжалик ширкати

Муассисларнинг (иштирокчиларнинг) улушларига (ҳиссаларига) бўлинган устав фондига (устав капиталига) эга бўлган тижорат ташкилоти хўжалик ширкати ҳисобланади, бундай ширкатда муассислар (иштирокчилар) ёки улардан айримлари ширкат номидан тадбиркорлик фаолияти юритишда шахсан иштирок этадилар.

Хўжалик ширкати тўлиқ ширкат ёки коммандит ширкат шаклида тузилади.

Хўжалик ширкати, агар унинг таъсис шартномасида бошқача қоида белгиланган бўлмаса, номуайян муддатга тузилади.

Хўжалик ширкати ўзининг мустақил балансида ҳисобга олинадиган алоҳида мол-мулкига эга бўлади, ўз номидан ҳуқуқларни олиши, мажбуриятларга эга бўлиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.

Хўжалик ширкати қонун ҳужжатларида тақиқланмаган ҳар қандай турдаги фаолиятни амалга ошириши мумкин.

Рўйхати қонунларда белгиланадиган фаолиятнинг айрим турлари билан хўжалик ширкати фақат лицензия асосида шуғулланиши мумкин.

Хўжалик ширкати қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бошқа юридик шахсларнинг муассиси (иштирокчиси) бўлиши, ваколатхоналар ва филиаллар ташкил этиши мумкин.

Хўжалик ширкати қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан юридик шахс сифатида тузилган деб ҳисобланади.

Хўжалик ширкати тўлиқ фирма номи давлат тилида ифодаланган ва хўжалик ширкатининг жойлашган манзили кўрсатилган думалоқ муҳрга эга бўлиши керак. Хўжалик ширкатининг муҳрида унинг фирма номи хўжалик ширкатининг ихтиёрига кўра бошқа тилларда ҳам ифодаланиши мумкин.

Хўжалик ширкати ўзининг фирма номи ёзилган штампларга ва бланкаларига, ўз эмблемасига, шунингдек белгиланган тартибда рўйхатга олинган товар белгисига ва бошқа ўз белги-аломатларига эга бўлишга ҳақлидир.

^ 4-модда. Хўжалик ширкатининг таъсис шартномаси

Таъсис шартномаси хўжалик ширкатининг таъсис этиш ҳужжати ҳисобланади.

Таъсис шартномасида қуйидаги маълумотлар бўлади:

таъсис этилаётган хўжалик ширкатининг тури, унинг фаолият соҳаси, мақсадлари ва муддатлари;

муассисларнинг (иштирокчиларнинг) таркиби;

таъсис этилаётган хўжалик ширкатининг фирма номи ва почта манзили;

устав фондининг (устав капиталининг) миқдори ва уни ҳосил қилиш тартиби;

хўжалик ширкати ҳар бир иштирокчиси улушининг миқдори ва номинал қиймати;

хўжалик ширкати иштирокчилари ҳиссаларининг таркиби, уларни киритиш муддатлари ва тартиби;

хўжалик ширкатининг устав фондини (устав капиталини) кўпайтириш ва камайтириш тартиби;

хўжалик ширкатининг фаолиятини бошқариш тартиби;

фойдани тақсимлаш ва зарарни қоплаш тартиби;

хўжалик ширкатини қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби;

қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа шартлар.

Хўжалик ширкатининг таъсис шартномасида, шунингдек унинг ваколатхоналари ва филиаллари тўғрисидаги маълумотлар бўлиши керак. Хўжалик ширкатининг таъсис шартномасидаги унинг ваколатхоналари ва филиалларига оид маълумотлар ўзгарганлиги ҳақидаги ахборотлар юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органга билдириш тариқасида тақдим этилади. Таъсис шартномасидаги мазкур ўзгартишлар юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган бундай ўзгартишлардан хабардор қилинган пайтдан эътиборан учинчи шахслар учун кучга киради.

^ 5-модда. Хўжалик ширкатининг иштирокчилари

Якка тадбиркорлар ва тижоратчи ташкилотлар тўлиқ ширкатнинг иштирокчилари ҳамда коммандит ширкатда тўлиқ шериклар бўлишлари мумкин.

Юридик ва жисмоний шахслар коммандит ширкатда ҳисса қўшувчилар бўлишлари мумкин.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида белгиланган бўлмаса, тўлиқ ширкатнинг иштирокчилари ва коммандит ширкатнинг тўлиқ шериклари, шунингдек коммандит ширкатда ҳисса қўшувчилар бўлишга ҳақли эмаслар.

^ 6-модда. Хўжалик ширкати иштирокчиларининг ҳуқуқлари

Хўжалик ширкати иштирокчилари қуйидагиларга ҳақлидирлар:

хўжалик ширкатининг ишларини бошқаришда қатнашиш, ушбу Қонун 29-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

хўжалик ширкатининг фаолияти тўғрисида ахборот олиш, таъсис шартномасида белгиланган тартибда бухгалтерия дафтарлари ва бошқа ҳужжатлар билан танишиш;

фойдани тақсимлашда иштирок этиш;

хўжалик ширкати тугатилган тақдирда, кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилинганидан кейин қолган мол-мулкнинг бир қисмини ёки унинг қийматини қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда олиш.

Хўжалик ширкатининг иштирокчилари қонун ҳужжатларида ва ширкатнинг таъсис шартномасида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.

^ 7-модда. Хўжалик ширкати иштирокчиларининг мажбуриятлари

Хўжалик ширкатининг иштирокчилари:

ушбу Қонун ва таъсис шартномасида назарда тутилган тартибда, миқдорларда, усулларда ва муддатларда ҳисса қўшишлари;

хўжалик ширкатининг фаолияти тўғрисидаги сир тутилган ахборотни ошкор қилмасликлари шарт.

Хўжалик ширкатининг иштирокчилари зиммасида қонун ҳужжатларида ва ширкатнинг таъсис шартномасида назарда тутилган бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

Хўжалик ширкати иштирокчиси ушбу Қонунда ва таъсис шартномасида назарда тутилган ўз мажбуриятларини бажармагани оқибатида ширкатга ёки унинг иштирокчиларига зарар етказган тақдирда бошқа иштирокчилар зарарнинг ўрни қопланишини талаб қилишга ҳақлидирлар.

^ II БОБ. ТЎЛИҚ ШИРКАТ

8-модда. Тўлиқ ширкат тушунчаси

Иштирокчилари (тўлиқ шериклари) ўз ўрталарида тузилган шартномага мувофиқ ширкат номидан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланадиган ҳамда унинг мажбуриятлари бўйича ўзларига қарашли бутун мол-мулк билан жавоб берадиган ширкат тўлиқ ширкат деб ҳисобланади.

Шахс фақат битта тўлиқ ширкатнинг иштирокчиси бўлиши мумкин.

Тўлиқ ширкатнинг (бундан буён матнда ширкат деб юритилади) фирма номи ё унинг барча иштирокчилари номини (номланишини), шунингдек «тўлиқ ширкат» деган сўзларни ёхуд бир ёки бир неча иштирокчининг «ва компания» деган сўзлар қўшилган номини (номланишини), шунингдек «тўлиқ ширкат» деган сўзларни ўз ичига олиши керак.

^ 9-модда. Ширкатнинг устав фонди (устав капитали)

Ширкатнинг устав фонди (устав капитали) унинг иштирокчилари улушларининг номинал қийматидан таркиб топади.

Ширкат устав фондининг (устав капиталининг) миқдори ширкатни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатларни тақдим этиш санасидаги ҳолатга кўра қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан кам бўлмаслиги керак.

Ширкат иштирокчисининг ширкат устав фондидаги (устав капиталидаги) улушининг миқдори фоизларда ёки каср кўринишида белгиланади. Ширкат иштирокчиси улушининг миқдори унинг улушининг номинал қиймати билан ширкат устав фондининг (устав капиталининг) ўзаро нисбатига мувофиқ бўлиши керак.

Ширкат иштирокчиси улушининг ҳақиқий қиймати ширкат соф активлари қийматининг унинг ширкат устав фондидаги (устав капиталидаги) улуши миқдорига мутаносиб бўлган бир қисмига мос бўлади.

Ширкат давлат рўйхатидан ўтказиладиган пайтга қадар унинг ҳар бир иштирокчиси ўз ҳиссасининг камида ўттиз фоизини ширкатнинг устав фондига (устав капиталига) киритиши шарт. Ҳиссанинг қолган қисми таъсис шартномасида кўрсатилган муддатда киритилиши лозим бўлиб, бу муддат ширкат давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан бир йилдан ошмаслиги керак.

^ 10-модда. Ширкатнинг устав фондига (устав капиталига) қўшиладиган ҳиссалар

Пул, қимматли қоғозлар, бошқа ашёлар ёки мулкий ҳуқуқлар ёхуд пул баҳосига эга бўлган бошқа шахсга ўтказиладиган ўзга ҳуқуқлар иштирокчиларнинг ширкат устав фондига (устав капиталига) қўшадиган ҳамда ширкатга қабул қилинадиган учинчи шахсларнинг ҳиссалари бўлиши мумкин.

Ширкатнинг устав фондига (устав капиталига) пулсиз ҳиссасининг пул ҳисобидаги баҳоси ширкатнинг барча иштирокчилари томонидан бир овоздан қабул қилинадиган ширкат иштирокчилари умумий йиғилишининг қарори билан тасдиқланади.

Ширкатга тегишли мол-мулк унга устав фондига (устав капиталига) ҳисса сифатида фойдаланишга берилган муддат ўтгунига қадар мол-мулкдан фойдаланиш ҳуқуқи тугатилган тақдирда, ширкатнинг мол-мулкни берган иштирокчиси ширкатнинг талабига биноан унга шундай мол-мулкдан шунга ўхшаш шароитларда қолган муддат мобайнида фойдаланганлик учун тўланадиган ҳаққа тенг пул товони тўлаши шарт. Пул товони ширкат томонидан уни бериш талабномаси тақдим этилганидан эътиборан, агар ширкат иштирокчилари умумий йиғилишининг қарори билан товон тўлашнинг бошқача тартиби белгиланган бўлмаса, бир ой ичида бир йўла тўланиши керак. Бундай қарор ширкатнинг устав фондига (устав капиталига) ҳисса сифатида мол-мулкдан фойдаланиш ҳуқуқини берган ва бу ҳуқуқ муддатидан илгари тугатилган ширкат иштирокчисининг овозини ҳисобга олмаган ҳолда ширкат иштирокчиларининг умумий йиғилиши томонидан қабул қилинади.

Ширкат иштирокчиси устав фондига (устав капиталига) ҳисса сифатида ширкатга фойдаланиш учун бериб қўйган мол-мулкдан фойдаланиш ҳуқуқининг муддатидан илгари тугатилганлиги учун ширкат иштирокчиси томонидан товон тўлашнинг бошқача тартиби таъсис шартномасида назарда тутилган бўлиши мумкин.

Ширкатдан чиқарилган ёки ундан чиқиб кетган иштирокчи томонидан ширкатга устав фондига (устав капиталига) ҳисса сифатида фойдаланишга берилган мол-мулк, агар таъсис шартномасида бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, у қанча муддатга берилган бўлса, шунча муддат давомида ширкатнинг фойдаланишида қолаверади.

Ўз ҳиссасини тўлиқ киритган ширкат иштирокчисига гувоҳнома берилади.

^ 11-модда. Ширкат устав фондининг (устав капиталининг) кўпайтирилиши

Ширкат устав фондини (устав капиталини) кўпайтиришга у тўлиқ тўланганидан кейингина йўл қўйилади.

Ширкат устав фондининг (устав капиталининг) кўпайтирилиши ширкат мол-мулки ҳисобига ва (ёки) ширкат иштирокчиларининг қўшимча ҳиссалари ҳисобига ва (ёки) агар бу ширкатнинг таъсис шартномасида тақиқланган бўлмаса, ширкатга қабул қилинадиган учинчи шахсларнинг ҳиссалари ҳисобига ушбу Қонунда назарда тутилган тартибда амалга оширилиши мумкин.

Устав фондининг (устав капиталининг) кўпайтирилиши ширкат иштирокчилари умумий йиғилишининг бир овоздан қабул қилинган қарорига кўра амалга оширилади.

^ 12-модда. Ширкат устав фондини (устав капиталини) унинг мол-мулки ҳисобига кўпайтириш

Ширкат устав фондини (устав капиталини) ширкатнинг мол-мулки ҳисобига кўпайтириш тўғрисидаги қарор шундай қарор қабул қилинган йилдан олдинги йил учун ширкатнинг бухгалтерия ҳисоботи маълумотлари асосидагина қабул қилиниши мумкин.

Ширкат устав фонди (устав капитали) ширкатнинг мол-мулки ҳисобига кўпайтириладиган сумма ширкат соф активларининг қиймати билан устав фонди (устав капитали) суммаси ўртасидаги фарқдан ортиқ бўлмаслиги керак.

Ширкатнинг устав фонди (устав капитали) ушбу моддага мувофиқ кўпайтирилганда ширкат барча иштирокчилари улушларининг миқдорлари ўзгармаган ҳолда улар улушларининг номинал қиймати мутаносиб равишда кўпаяди.

13-модда. Ширкат устав фондини (устав капиталини) унинг иштирокчиларининг қўшимча ҳиссалари ва ширкатга қабул қилинадиган учинчи шахсларнинг ҳиссалари ҳисобига кўпайтириш

Ширкат барча иштирокчилари томонидан қўшимча ҳиссалар қўшиш ҳисобига ширкатнинг устав фондини (устав капиталини) кўпайтириш иштирокчиларнинг умумий йиғилиши қарорига биноан амалга оширилади, қарорда қўшимча ҳиссаларнинг умумий қиймати, ширкат ҳар бир иштирокчисининг қўшимча ҳиссаси қийматининг миқдори, иштирокчилар томонидан қўшимча ҳиссаларни қўшиш муддати белгиланиши керак.

Ширкат иштирокчиларининг умумий йиғилиши ширкат иштирокчисининг қўшимча ҳисса қўшиш тўғрисидаги аризаси (ширкат иштирокчиларининг аризалари) ва (ёки) агар бу ширкатнинг таъсис шартномасида тақиқланган бўлмаса, учинчи шахснинг (учинчи шахсларнинг) уни (уларни) ширкатга қабул қилиш ва ҳисса қўшиш тўғрисидаги аризаси (аризалари) асосида ширкатнинг устав фондини (устав капиталини) кўпайтириш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

Ширкат иштирокчисининг аризасида ва учинчи шахснинг аризасида ҳиссанинг миқдори ва таркиби, уни қўшиш тартиби ва муддати, шунингдек ширкат иштирокчиси ёки учинчи шахс ширкатнинг устав фондида (устав капиталида) эга бўлишни хоҳлаган улуш миқдори кўрсатилган бўлиши керак. Аризада ҳиссаларни қўшиш ва ширкатга аъзо бўлиб киришнинг бошқа шартлари ҳам кўрсатилиши мумкин.

Ширкатнинг устав фондини (устав капиталини) кўпайтириш тўғрисидаги қарор билан бир вақтда унинг таъсис шартномасига ширкат барча ёки айрим иштирокчиларининг (айрим иштирокчининг) қўшимча ҳиссаларини қўшиш ҳисобига ва (ёки) ширкатга учинчи шахснинг (учинчи шахсларнинг) қабул қилиниши, ширкат иштирокчилари улушининг номинал қиймати тегишлича кўпайтирилиши ва (ёки) учинчи шахс (учинчи шахслар) улушининг номинал қиймати ва миқдори аниқланиши муносабати билан ўзгартишлар, зарур ҳолларда, шунингдек ширкат иштирокчилари улушининг миқдорлари ўзгариши билан боғлиқ ўзгартишлар киритиш тўғрисида қарор қабул қилиниши керак. Бунда ширкат иштирокчиси улушининг номинал қиймати унинг қўшимча ҳиссаси қийматидан кўпроқ суммага кўпайтирилиши мумкин эмас, ширкатга қабул қилинадиган ҳар бир учинчи шахс томонидан олинадиган улушнинг номинал қиймати унинг ҳиссаси қийматидан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Қўшимча ҳиссаларни қўшишнинг муддати тугаган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай ширкат иштирокчиларининг қўшимча ҳиссаларини ва (ёки) учинчи шахсларнинг ҳиссаларини қўшиш якунларини тасдиқлаш ҳақида, шунингдек ширкат устав фонди (устав капитали) миқдорини кўпайтириш, қўшимча ҳиссалар қўшган ширкат иштирокчилари улушларининг номинал қийматини кўпайтириш ва (ёки) учинчи шахснинг (учинчи шахсларнинг) улушининг номинал қиймати ва миқдорини аниқлаш, зарур ҳолларда, шунингдек ширкат иштирокчилари улушларининг миқдори ўзгариши билан боғлиқ ўзгартишларни ширкатнинг таъсис шартномасига киритиш тўғрисида ширкат иштирокчиларининг умумий йиғилиши томонидан бир овоздан қарор қабул қилиниши керак.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳолларда, агар ҳиссалар қўшишнинг ширкат иштирокчилари умумий йиғилиши томонидан белгиланган муддати ўтганидан кейин, белгиланган қўшимча ҳисса бир ёки бир неча иштирокчи томонидан тўлиқ ёки қисман қўшилган бўлмаса, умумий йиғилиш:

қўшимча ҳиссалар умумий қийматининг дастлабки белгиланган миқдорини ширкат иштирокчиларининг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушини тегишлича ўзгартирган ҳолда амалда қўшилган ҳиссаси миқдорига қадар улар амалда қўшган қўшимча ҳиссаларни ҳисобга олган ҳолда камайтириш тўғрисида;

қўшимча ҳиссалар умумий қийматининг дастлабки белгиланган миқдорини ширкат иштирокчиларининг ширкат устав фондини (устав капиталини) кўпайтириш тўғрисидаги олдинги йиғилиши қарори билан белгиланган улушини сақлаб қолиш имкониятини берадиган миқдоргача камайтириш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли. Бу ҳолда ширкат ўн кунлик муддат ичида олдинги йиғилиш қарори билан белгиланган устав фондидаги (устав капиталидаги) ширкат иштирокчиларининг улушлари ошиб кетишига олиб келган ўша қўшган пул ҳиссаларини ширкат иштирокчиларига қайтариши шарт.

Ушбу модданинг бешинчи қисмида назарда тутилган ширкатнинг таъсис шартномасидаги ўзгартишларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатлар, шунингдек ширкат иштирокчилари томонидан қўшимча ҳиссалар ва учинчи шахслар томонидан ҳиссалар тўлиқ миқдорда қўшилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органга таъсис шартномасига ўзгартишлар ширкат иштирокчиларининг умумий йиғилишида тасдиқланган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай тақдим этилмоғи лозим. Таъсис шартномасидаги мазкур ўзгартишлар ширкат иштирокчилари ва учинчи шахслар учун ўзгартишлар юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган томонидан давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан кучга киради.

Ушбу модданинг бешинчи ва еттинчи қисмларида назарда тутилган муддатларга риоя этилмаган тақдирда ёхуд ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган қўшимча ҳиссалар барча иштирокчилар томонидан тўлиқ қўшилмаган ёхуд ушбу модданинг олтинчи қисмида назарда тутилган қўшимча ҳиссалар умумий қийматининг дастлабки белгиланган миқдорини камайтириш тўғрисида бир овоздан қабул қилинадиган қарорга эришилмаган тақдирда, ширкат устав фондининг (устав капиталининг) кўпайтирилиши амалга ошмаган деб эътироф этилади. Бу ҳолда ширкат ўн кунлик муддат ичида ширкат иштирокчиларига улар томонидан киритилган қўшимча пул ҳиссаларини қайтариши шарт.

Қўшимча ҳиссалар (ҳиссаларнинг бир қисми) ушбу модда олтинчи қисмининг учинчи хатбошисида, шунингдек саккизинчи қисмида кўрсатилган муддатда ўз вақтида қайтарилмаган тақдирда, ширкат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатларда фоизлар тўлаши ҳам шарт.

Пулсиз ҳиссалар қўшган ширкат иштирокчиларига ширкат, ушбу модда олтинчи қисмининг учинчи хатбошисида, шунингдек саккизинчи қисмида кўрсатиб ўтилган ҳолларда, уч ойлик муддатда уларнинг ҳиссаларини қўшилган шаклида ёки уларнинг розилиги билан пул шаклида қайтариши, ҳиссалар кўрсатилган муддатда қайтарилмаган тақдирда эса, ҳисса сифатида киритилган мулкдан фойдалана олмаганлиги оқибатида бой берилган фойдани ҳам қоплаши шарт.

^ 14-модда. Ширкатнинг устав фондини (устав капиталини) камайтириш

Ширкат ўз устав фондини (устав капиталини) камайтиришга ҳақли, ушбу Қонунда назарда тутилган ҳолларда эса камайтиришга мажбурдир.

Ширкат устав фондини (устав капиталини) камайтириш ширкат иштирокчиларининг ширкат устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларининг номинал қийматини камайтириш ва (ёки) ширкатга тегишли улушларнинг ҳақини тўлаш орқали амалга оширилиши мумкин.

Ширкат, агар бундай камайтириш натижасида устав фондининг (устав капиталининг) миқдори ширкатнинг таъсис шартномасидаги тегишли ўзгартишларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатларни тақдим этиш санасида ушбу Қонунга мувофиқ белгиланган устав фонди (устав капиталининг) минимал миқдоридан кам бўлиб қолса, ушбу Қонунга мувофиқ ширкат ўз устав фондини (устав капиталини) камайтиришга мажбур ҳолларда эса ширкат давлат рўйхатидан ўтказилган санадаги ҳолатга кўра ушбу Қонунга мувофиқ белгиланган устав фондининг (устав капиталининг) минимал миқдоридан кам бўлиб қолса, ширкат ўзининг устав фондини (устав капиталини) камайтиришга ҳақли эмас.

Ширкат иштирокчилари улушларининг номинал қийматини камайтириш йўли билан ширкатнинг устав фондини (устав капиталини) камайтириш ширкат барча иштирокчилари улушларининг миқдорлари сақлаб қолинган ҳолда амалга оширилмоғи лозим.

Ширкат давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан бир йил мобайнида унинг устав фонди (устав капитали) тўлиқ тўланмаган тақдирда, ширкат ўзининг устав фондини (устав капиталини) амалда тўланган миқдоргача камайтиришини эълон қилиши ва унинг камайтирилганлигини белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиши ёки ширкатни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиши лозим.

Агар иккинчи ва ҳар бир кейинги молия йили тугаганидан кейин ширкат соф активларининг қиймати унинг устав фондидан (устав капиталидан) кам бўлиб қолса, ширкат ўзининг устав фондини (устав капиталини) ўзининг соф активлари қийматидан ошмайдиган миқдоргача камайтирилишини эълон қилиши ва бундай камайтиришни белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиши шарт.

Агар иккинчи ва ҳар бир кейинги молия йили тугаганидан кейин ширкат соф активларининг қиймати ширкатнинг давлат рўйхатидан ўтказилиши санасидаги ҳолатига кўра ушбу Қонунда белгиланган устав фондининг (устав капиталининг) минимал миқдоридан кам бўлиб қолса, ширкат тугатилиши керак.

Ширкат соф активларининг қиймати қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланади.

Ширкат ўз устав фондини (устав капиталини) камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан эътиборан ўттиз кун ичида ширкатнинг устав фонди (устав капитали) камайтирилгани ва унинг янги миқдори ҳақида ширкатнинг ўзига маълум бўлган барча кредиторларини ёзма равишда хабардор қилиши, шунингдек қабул қилинган қарор тўғрисида оммавий ахборот воситаларида хабар эълон қилиши шарт. Бунда ширкат кредиторлари ўзларига хабарнома йўлланган санадан эътиборан ўттиз кун ичида ёки қабул қилинган қарор тўғрисида хабар эълон қилинган санадан эътиборан ўттиз кун ичида ширкат тегишли мажбуриятларини муддатидан илгари тугатишини ёки ижро этишини ҳамда ўзлари кўрган зарарнинг ўрнини қоплашни ёзма равишда талаб қилишга ҳақлидирлар.

Ширкатнинг устав фондини (устав капиталини) камайтириш билан боғлиқ таъсис шартномасидаги ўзгартишларни давлат рўйхатидан ўтказиш кредиторлар ушбу моддада белгиланган тартибда хабардор қилинганлиги далиллари тақдим этилган тақдирдагина қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Устав фондини (устав капиталини) камайтириш билан боғлиқ таъсис шартномасидаги ўзгартишлар юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган томонидан давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан ширкат иштирокчилари ва учинчи шахслар учун кучга киради.

Ушбу моддада назарда тутилган ҳолларда ширкат устав фондини (устав капиталини) камайтириш ёки ўзининг тугатилиши тўғрисида уч ойлик муддатда қарор қабул қилмаса, кредиторлар ширкат мажбуриятларини муддатидан олдин тугатишини ёки ижро этишини ва ўзлари кўрган зарарнинг ўрнини қоплашни талаб қилишга ҳақлидир. Юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган бундай ҳолларда ширкатни тугатиш тўғрисида судга талабнома тақдим этишга ҳақлидир.

^ 15-модда. Иштирокчининг ширкат устав фондидаги (устав капиталидаги) улушининг ўзга шахсга берилиши

Ширкат иштирокчиси қолган иштирокчиларнинг розилиги билан устав фондидаги (устав капиталидаги) ўз улушини ёки унинг бир қисмини ширкатнинг бошқа иштирокчисига ёхуд учинчи шахсга беришга ҳақли.

Улуш (улушнинг бир қисми) бошқа шахсга берилганда улушни (улушнинг бир қисмини) берган иштирокчининг ҳуқуқи тўлалигича ёки ҳуқуқнинг тегишли қисми унга ўтади. Улуш (улушнинг бир қисми) берилган шахс ширкатнинг мажбуриятлари бўйича ушбу Қонун 21-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

^ 16-модда. Ширкат устав фондидаги (устав капиталидаги) улушнинг (улуш бир қисмининг) ширкат томонидан олиниши

Ширкат ўзининг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушни (улушнинг бир қисмини) олишга ҳақли эмас, ушбу Қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Ширкатнинг таъсис шартномасида ширкат иштирокчисининг улушидан (улушининг бир қисмидан) учинчи шахслар фойдасига воз кечиш тақиқланган, ширкатнинг бошқа иштирокчилари уни олишдан воз кечган тақдирда, шунингдек улушдан (улушнинг бир қисмидан) ширкатнинг иштирокчиси ёки учинчи шахс фойдасига воз кечишга розилик берилмаган тақдирда, агар бундай розилик олиш зарурлиги таъсис шартномасида назарда тутилган бўлса, ширкат иштирокчисининг талабига биноан унга қарашли улушни (улушнинг бир қисмини) ширкат олишга мажбурдир. Бунда ширкат ширкатнинг иштирокчисига бу улушнинг (улуш бир қисмининг) ширкат иштирокчисининг шундай талаб билан мурожаат этган кундан олдинги ҳисобот даври учун ширкатнинг бухгалтерия ҳисоботлари маълумотлари асосида аниқланадиган ҳақиқий қийматини тўлашга ёки ширкат иштирокчисининг розилиги билан унга худди шундай қийматдаги мол-мулкни беришга мажбурдир.

Улуш (улушнинг бир қисми) ширкат иштирокчиси уни ширкат олсин деб талаб қўйган пайтдан эътиборан ширкатга ўтади.

Ширкат улушнинг (улуш бир қисмининг) ҳақиқий қийматини тўлашга ёки, агар ширкатнинг таъсис шартномасида камроқ муддат назарда тутилган бўлмаса, худди шундай қийматдаги мол-мулкни улуш (улушнинг бир қисми) ширкатга ўтган пайтдан эътиборан бир йил ичида беришга мажбурдир.

Улушнинг (улуш бир қисмининг) ҳақиқий қиймати ширкат соф активларининг қиймати билан ширкат устав фондининг (устав капиталининг) миқдори ўртасидаги фарқ ҳисобига тўланади. Агар бундай фарқ етарли бўлмаса, ширкат ўз устав фондини (устав капиталини) етишмаётган суммага камайтириши шарт.

Ширкатга қарашли улушлар ширкат иштирокчиларининг умумий йиғилишидаги овоз бериш натижаларини аниқлашда, шунингдек ширкат тугатилган тақдирда унинг фойдаси ва мол-мулки тақсимланаётганда ҳисобга олинмайди.

Ширкатга қарашли улуш ширкатга ўтган кундан эътиборан бир йил ичида ширкат иштирокчилари умумий йиғилишининг қарорига биноан ширкатнинг барча иштирокчилари ўртасида уларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларига мутаносиб равишда тақсимланиши ёхуд ширкатнинг барча ёки айрим иштирокчиларига ва (ёки), агар бу ширкатнинг таъсис шартномасида тақиқланган бўлмаса, учинчи шахсларга сотилиши ва ҳақи тўлиқ тўланиши лозим. Улушнинг тақсимланмаган ёки сотилмаган қисмининг ҳақи ширкатнинг устав фонди (устав капитали) тегишлича камайтирилган ҳолда тўланиши керак. Улушни ширкат иштирокчилари улушлари миқдорлари ўзгарадиган тарзда жамият иштирокчиларига сотиш, улушни учинчи шахсларга сотиш, шунингдек улушни сотиш билан боғлиқ ўзгаришларни ширкатнинг таъсис шартномасига киритиш ширкат иштирокчилари умумий йиғилишининг ширкатнинг барча иштирокчилари томонидан бир овоздан қабул қилинган қарорига биноан амалга оширилади.

^ 17-модда. Ундирувни иштирокчининг ширкат устав фондидаги (устав капиталидаги) улушига қаратиш

Иштирокчининг ўз қарзлари бўйича ундирувни унинг ширкат устав фондидаги (устав капиталидаги) улушига қаратишга иштирокчининг бошқа мол-мулки қарзларини қоплаш учун етишмаган тақдирда фақат суднинг қарорига асосан йўл қўйилади. Бундай иштирокчининг кредиторлари ширкат мол-мулкининг устав фондидаги (устав капиталидаги) қарздорнинг улушига тўғри келадиган қисмини, ундирувни ана шу мол-мулкка қаратиш мақсадида, ажратишни талаб қилишга ҳақлидирлар. Ширкат мол-мулкнинг ажратилиши лозим бўлган қисми ёки унинг қиймати кредиторлар томонидан ажратиш тўғрисидаги талабнома тақдим этилган пайтдаги ҳолатга кўра тузилган баланс бўйича аниқланади.

Ширкат устав фондидаги (устав капиталидаги) иштирокчининг улушига тўғри келадиган мол-мулкка ундирувни қаратиш унинг ширкатдаги иштирокини тугатади ва ушбу Қонун 21-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган оқибатларни келтириб чиқаради.

^ 18-модда. Ширкатда бошқарув

Иштирокчиларнинг умумий йиғилиши ширкатнинг олий бошқарув органи ҳисобланади. Ширкат иштирокчилари умумий йиғилишининг ваколатларига қуйидагилар киради:

ширкат фаолиятининг асосий йўналишларини белгилаш;

ширкатни қайта ташкил этиш ва тугатиш;

таъсис шартномасига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш;

ширкат фойдасини (зарарларини) унинг иштирокчилари ўртасида тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилиш;

ширкат устав фондини (устав капиталини) кўпайтириш ва камайтириш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

йиллик ҳисоботларни ва йиллик бухгалтерия балансларини тасдиқлаш;

ширкатнинг таъсис шартномасида назарда тутилган бошқа масалаларни ҳал қилиш.

Ширкат фаолиятини бошқариш унинг барча иштирокчиларининг умумий келишувига биноан амалга оширилади. Ширкатнинг таъсис шартномасида қарор иштирокчиларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинадиган ҳоллар назарда тутилиши мумкин.

Ширкатнинг ҳар бир иштирокчиси, агар таъсис шартномасида иштирокчилар овозининг сонини аниқлашнинг бошқача тартиби назарда тутилган бўлмаса, бир овозга эга бўлади.

Ширкатнинг ҳар бир иштирокчиси, у ширкатнинг ишларини юритишга ваколатли ёки ваколатли эмаслигидан қатъи назар, ишларни юритишга доир барча ҳужжатлар билан танишишга ҳақлидир. Бундай ҳуқуқдан воз кечиш ёки уни чеклаб қўйиш, шу жумладан ширкат иштирокчиларининг келишувига биноан чеклаб қўйиш ҳақиқий эмас.

Ширкатнинг жорий фаолиятини бошқариш мақсадида таъсис шартномасида ширкатнинг ижро этувчи органини тузиш назарда тутилиши мумкин. Ижро этувчи органни тузиш ва унинг ваколатлари, унинг аъзоларига ҳақ тўлаш тартиби ширкатнинг таъсис шартномаси ҳамда бошқа ҳужжатлари билан белгиланади.

^ 19-модда. Ширкатнинг ишларини юритиш

Агар таъсис шартномасида ширкат ишлари унинг барча иштирокчилари томонидан биргаликда юритиши белгилаб қўйилмаган ёхуд ишларни юритиш айрим иштирокчиларга топширилмаган бўлса, ширкатнинг ҳар бир иштирокчиси ширкат номидан иш юритишга ҳақлидир.

Ширкат ишлари унинг иштирокчилари томонидан биргаликда юритилаётганда ҳар бир битимни амалга ошириш учун ширкат барча иштирокчиларининг розилиги талаб қилинади.

Агар ширкат ишларини юритиш унинг иштирокчилари томонидан улардан бири ёки айримларига топширилса, қолган иштирокчилар ширкат номидан битимларни амалга ошириш учун ширкат ишларини юритиш зиммасига юклатилган иштирокчидан (иштирокчилардан) ишончнома олишлари керак.

Ширкат учинчи шахслар билан муносабатларда таъсис шартномасининг ширкат иштирокчилари ваколатларини чеклаб қўювчи қоидаларига ҳавола қилишга ҳақли эмас, учинчи шахс битимни амалга ошириш пайтида ширкат иштирокчисининг ширкат номидан иш юритишга ҳаққи йўқлигини билганлигини ёки билиши лозимлигини ширкат исботлаб берадиган ҳоллар бундан мустасно.

Ширкат ишларини юритиш бўйича бир ёки бир неча иштирокчига берилган ваколатлар асослар мавжуд бўлган тақдирда, хусусан ваколатли шахс (шахслар) ўз ваколатларини қўпол равишда бузган ҳолларда ёки унинг (уларнинг) ширкат ишларини юритишга қобилиятсизлиги аниқланганда, ширкатнинг бир ёки бир неча бошқа иштирокчиларининг талабига биноан суд томонидан тўхтатилиши мумкин. Суднинг қарори асосида ширкатнинг таъсис шартномасига зарур ўзгартишлар киритилади.

^ 20-модда. Ширкат фойдаси ва зарарларини тақсимлаш

Ширкат фойдаси ва зарарлари унинг иштирокчилари ўртасида, агар таъсис шартномасида бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, уларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларига мутаносиб равишда тақсимланади. Ширкатнинг бирор-бир иштирокчисини фойда ёки зарарларни тақсимлашда иштирок этишдан четлатиш тўғрисидаги келишув ҳақиқий эмас.

Агар ширкат томонидан кўрилган зарарлар оқибатида ширкат соф активларининг қиймати унинг устав фонди (устав капитали) миқдоридан камайиб кетса, соф активлар қиймати устав фонди (устав капитали) миқдоридан ошмагунга қадар ширкат томонидан олинган фойда иштирокчилар ўртасида тақсимланмайди.

^ 21-модда. Ширкат иштирокчиларининг унинг мажбуриятлари юзасидан жавобгарлиги

Ширкат иштирокчилари ширкатнинг мажбуриятлари юзасидан ўз мол-мулклари билан солидар тарзда субсидиар жавобгар бўладилар.

Ширкат таъсис этилганидан кейин улушнинг ўтказилиши ёки ҳуқуқий ворислик тартибида унга аъзо бўлиб кирган ширкат иштирокчиси у ширкатга аъзо бўлиб киргунга қадар юзага келган мажбуриятлар юзасидан бошқа иштирокчилар билан тенг равишда жавобгар бўлади.

Ширкат таъсис этилганидан кейин янги иштирокчини қабул қилиш тартибида ширкатга аъзо бўлиб кирган ширкат иштирокчиси у ширкатга аъзо бўлиб киргандан кейин юзага келган мажбуриятлар бўйичагина жавобгар бўлади.

Ширкатдан чиқиб кетган иштирокчи ширкатнинг у чиқиб кетган пайтга қадар юзага келган мажбуриятлари юзасидан, у ширкатдан чиқиб кетган йил учун ширкатнинг фаолияти тўғрисидаги ҳисобот тасдиқланган кундан эътиборан икки йил мобайнида, қолган иштирокчилар билан тенг равишда жавобгар бўлади.

Ширкат иштирокчиларининг ушбу моддада назарда тутилган жавобгарликни чеклаш ёки бартараф этиш тўғрисидаги келишуви ҳақиқий эмас.

^ 22-модда. Ширкат иштирокчиларининг таркибини ўзгартириш

Ширкат иштирокчиларидан бири ундан чиқиб кетган ёки вафот этган, улардан бирортаси бедарак йўқолган, муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган ёхуд банкрот деб топилган, иштирокчилардан бирига нисбатан суднинг қарорига кўра қайта ташкил этиш тадбирлари бошланган, ширкатда иштирок этаётган юридик шахс тугатилган ёхуд иштирокчилардан бирининг кредитори ундиришни мол-мулкнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) унинг улушига тўғри келадиган қисмига қаратган ҳолларда, агар бу ширкатнинг таъсис шартномасида ёки қолган иштирокчиларнинг келишувида назарда тутилган бўлса, ширкат ўз фаолиятини давом эттириши мумкин.

Ширкат иштирокчилари бирор-бир иштирокчини қолган иштирокчиларнинг бир овоздан қабул қилган қарорига кўра ва бунга асослар мавжуд бўлган тақдирда, хусусан ана шу иштирокчи ўз мажбуриятларини қўпол равишда бузган ҳолларда ёки унинг ширкат ишларини юритишга қобилиятсизлиги аниқланганда, ширкатдан суд тартибида чиқариб юборишни талаб қилишга ҳақлидирлар.

Ушбу модданинг биринчи қисмига мувофиқ ширкат ўз фаолиятини давом эттирган тақдирда, шунингдек иштирокчининг ширкат мол-мулкидаги улуши бошқа иштирокчиларга ёки учинчи шахсларга ўтган, иштирокчи ширкатдан чиқариб юборилган ёхуд ширкатга янги иштирокчилар қабул қилинган ҳоллардагина ширкат таъсис шартномасига тегишли ўзгартишлар киритилган ҳолда қайта рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлади.

^ 23-модда. Иштирокчининг ширкатдан чиқиб кетиши

Ширкатнинг иштирокчиси ширкатда иштирок этишдан воз кечишини билдириб, ундан чиқиб кетишга ҳақли.

Номуайян муддатга таъсис этилган ширкатда иштирок этишдан воз кечишини иштирокчи ширкатдан амалда чиқиб кетишдан камида уч ой олдин билдириши керак. Муайян муддатга таъсис этилган ширкатда иштирок этишдан, ширкатнинг таъсис шартномасида белгилаб қўйиладиган узрли сабабга кўрагина, муддатидан илгари воз кечиш мумкин.

Ширкатдан чиқиш ҳуқуқидан воз кечиш тўғрисидаги ширкат иштирокчилари ўртасидаги келишув ҳақиқий эмас.

^ 24-модда. Ширкатга янги иштирокчиларни қабул қилиш

Ширкатга янги иштирокчилар ширкат барча иштирокчиларининг розилиги билангина қабул қилиниши мумкин.

Янги иштирокчилар қабул қилинганда ширкатнинг таъсис шартномасига:

иштирокчиларнинг ширкат устав фондидаги (устав капиталидаги) улушлари янги миқдорига;

ширкатни бошқариш тартибига;

ширкатнинг янги иштирокчиси томонидан қўшиладиган ҳисса миқдори, уни қўшиш тартиби, муддатлари ва усулига оид ўзгартишлар киритилади.

Янги иштирокчи қабул қилиниши муносабати билан ширкатнинг таъсис шартномасига бошқа ўзгартишлар ҳам киритилиши мумкин.

^ 25-модда. Иштирокчининг ширкатдан чиқиб кетиши оқибатлари

Ширкатдан чиқиб кетган иштирокчига, агар таъсис шартномасида бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, ширкат мол-мулкининг шу иштирокчининг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушига тўғри келадиган қисмининг қиймати тўланади. Чиқиб кетаётган иштирокчининг қолган иштирокчилар билан келишувига биноан мол-мулкнинг қийматини тўлаш мол-мулкни асли ҳолида бериш билан алмаштирилиши мумкин.

Ширкат мол-мулкининг чиқиб кетаётган иштирокчига тегишли қисми ёки унинг қиймати чиқиб кетиш пайтидаги ҳолатга кўра тузиладиган баланс бўйича аниқланади, ушбу Қонун 17-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган ҳол бундан мустасно.

Чиқиб кетаётган иштирокчига ширкат шу йили олган фойданинг унга тегишли қисми тўланади.

Ширкат иштирокчиси вафот этган тақдирда, унинг меросхўри фақат бошқа иштирокчиларнинг розилиги билан ширкатга кириши мумкин.

Ширкатда иштирок этган қайта ташкил этилган юридик шахснинг ҳуқуқий вориси бўлган юридик шахс, агар ширкатнинг таъсис шартномасида ўзгача қоида назарда тутилган бўлмаса, бошқа иштирокчиларнинг розилиги билан ширкатга киришга ҳақли.

Ширкатга кирмаган меросхўр (ҳуқуқий ворис) билан ҳисоб-китоблар ушбу модданинг биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларига мувофиқ амалга оширилади. Ўзига тегишли мол-мулкни олган, лекин ширкатга кирмаган меросхўр (ҳуқуқий ворис) ширкатнинг мажбуриятлари юзасидан ушбу Қонун 21-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ жавобгар бўлади.

Иштирокчилардан бири ширкатдан чиқиб кетган тақдирда, агар таъсис шартномасида ёки иштирокчиларнинг ўзга келишувида бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, қолган иштирокчиларнинг ширкат устав фондидаги (устав капиталидаги) улуши тегишинча кўпаяди.

^ 26-модда. Ширкат тафтиш комиссияси (тафтишчиси)

Ширкатнинг молиявий-хўжалик фаолиятини назорат қилиб бориш учун ширкатнинг таъсис шартномасида ширкатнинг тафтиш комиссиясини тузиш (тафтишчини сайлаш) назарда тутилиши мумкин. Тафтиш комиссиясини тузиш тартиби ва унинг (тафтишчининг) ваколати ширкатнинг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланади.

Ўн беш нафардан ортиқ иштирокчиси бўлган ширкатларда ширкатнинг тафтиш комиссиясини тузиш (тафтишчини сайлаш) шарт. Ширкат иштирокчиси бўлмаган шахс ҳам унинг тафтиш комиссияси аъзоси (тафтишчиси) бўлиши мумкин.

Ширкат тафтиш комиссиясининг (тафтишчисининг) вазифаларини, агар бу ширкатнинг таъсис шартномасида назарда тутилган бўлса, ширкат иштирокчиларининг умумий йиғилишида аниқланган, ширкат ва унинг иштирокчилари билан мулкий манфаатлар бўйича боғлиқ бўлмаган аудиторлик ташкилоти амалга ошириши мумкин. Устав фондидаги (устав капиталидаги) давлат улуши эллик фоиздан ортиқ бўлган ширкатларда аудиторлик текшируви ўтказиш учун аудиторлик ташкилотини танлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича танлов асосида амалга оширилади.

Ширкатнинг ижро этувчи органи таркибига кирувчи шахслар ширкат тафтиш комиссиясининг аъзолари (тафтишчиси) бўлишлари мумкин эмас.

^ 27-модда. Ширкатни қайта ташкил этиш ва тугатиш

Ширкатни қайта ташкил этиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Ширкат қонунларда назарда тутилган асосларга кўра, шунингдек ширкатда ягона иштирокчи қолган тақдирда тугатилади. Бундай иштирокчи ширкатнинг ягона иштирокчисига айланган пайтдан эътиборан олти ой ичида янги иштирокчиларни қабул қилишга ва ширкатни сақлаб қолишга, ширкат томонидан амалга оширилаётган фаолиятни молиялаштириш тўғрисида ҳисса қўшувчилар билан шартнома тузишга ва коммандит ширкат тузишга, ширкатни қайта тузиш ёки тугатишга ҳақлидир.

Агар ширкатнинг таъсис шартномасида ёки қолган иштирокчиларнинг келишувида ширкат ўз фаолиятини давом эттириши назарда тутилган бўлмаса, ширкат ушбу Қонун 22-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган ҳолларда ҳам тугатилади.

^ III БОБ. КОММАНДИТ ШИРКАТ

28-модда. Коммандит ширкат тушунчаси

Ширкат номидан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширадиган ҳамда ширкатнинг мажбуриятлари бўйича ўзларининг бутун мол-мулклари билан жавоб беради ган иштирокчилар (тўлиқ шериклар) билан бир қаторда ширкат фаолияти билан боғлиқ зарарлар учун ўзлари қўшган ҳиссалар доирасида жавобгар бўладиган ҳамда ширкат томонидан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда иштирок этмайдиган бир ёки бир неча иштирокчи (ҳисса қўшувчи, коммандитчи) мавжуд бўлса, бундай ширкат коммандит ширкат деб ҳисобланади.

Коммандит ширкатда иштирок этаётган тўлиқ шерикларнинг ҳуқуқлари ва уларнинг ширкат мажбуриятлари бўйича жавобгарлиги ушбу Қонуннинг тўлиқ ширкат иштирокчилари тўғрисидаги қоидалари билан белгиланади.

Шахс фақат битта коммандит ширкатда тўлиқ шерик бўлиши мумкин.

Тўлиқ ширкат иштирокчиси коммандит ширкатда тўлиқ шерик бўла олмайди.

Коммандит ширкатдаги тўлиқ шерик ўша ширкатнинг ўзида ҳисса қўшувчи ва бошқа тўлиқ ширкатда иштирокчи бўлиши мумкин эмас.

Коммандит ширкатнинг фирма номи ё барча тўлиқ шерикларнинг номларини (номланишини) ва «коммандит ширкат» деган сўзларни ёхуд камида битта тўлиқ шерикнинг «ва компания» деган сўзлар қўшилган ҳолдаги номини (номланишини), шунингдек «коммандит ширкат» деган сўзларни ўз ичига олиши керак.

Агар коммандит ширкатнинг фирма номига ҳисса қўшувчининг номи киритилган бўлса, бундай ҳисса қўшувчи тўлиқ шерикка айланади.

Агар ушбу Қонуннинг коммандит ширкат тўғрисидаги қоидаларида бошқача ҳол назарда тутилган бўлмаса, коммандит ширкатга нисбатан ушбу Қонуннинг тўлиқ ширкат тўғрисидаги қоидалари қўлланилади.

^ 29-модда. Коммандит ширкатда бошқарув ва унинг ишларини юритиш

Коммандит ширкат фаолиятини бошқариш тўлиқ шериклар томонидан амалга оширилади. Бундай ширкатни унинг тўлиқ шериклари томонидан бошқариш ва унинг ишларини юритиш тартиби улар томонидан ушбу Қонуннинг тўлиқ ширкат тўғрисидаги қоидаларига кўра белгиланади.

Ҳисса қўшувчилар коммандит ширкатни бошқаришда ва унинг ишларини юритишда иштирок этишга ишончномасиз бошқа ҳар қандай тарзда унинг номидан иш кўришга ҳақли эмаслар. Ҳисса қўшувчилар ширкатни бошқариш ва унинг ишларини юритиш бўйича тўлиқ шерикларнинг хатти-ҳаракатлари хусусида баҳслашишга ҳақли эмаслар.

^ 30-модда. Коммандит ширкат ҳисса қўшувчисининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Коммандит ширкат ҳисса қўшувчиси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

таъсис шартномасида назарда тутилган тартибда ширкатнинг фойдасидан устав фондига (устав капиталига) қўшган ҳиссасига мутаносиб қисмини олиш;

ширкатнинг йиллик ҳисоботлари ва баланслари билан танишиш;

молия йили тугаганидан кейин ширкатдан чиқиш ва таъсис шартномасида назарда тутилган тартибда ўз ҳиссасини олиш;

устав фондидаги (устав капиталидаги) ўз улушини ёки унинг бир қисмини бошқа ҳисса қўшувчига ёки учинчи шахсга бериш. Ҳисса қўшувчилар улушни (унинг бир қисмини) учинчи шахсга таклиф қилинган баҳода сотиб олишда учинчи шахслар олдида имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланадилар. Ҳисса қўшувчи томонидан бутун улушининг ўзга шахсга ўтказилиши унинг ширкатдаги иштирокини тугатади.

Коммандит ширкатнинг таъсис шартномасида ҳисса қўшувчининг бошқа ҳуқуқлари ҳам назарда тутилиши мумкин.

Коммандит ширкатнинг ҳисса қўшувчиси ширкатнинг устав фондига (устав капиталига) ҳиссани ширкатнинг таъсис шартномасида белгиланган муддатда қўшиши шарт. Ҳиссанинг қўшилганлиги ҳисса қўшувчига ширкат томонидан бериладиган иштирок этиш тўғрисидаги гувоҳнома билан тасдиқланади.

^ 31-модда. Коммандит ширкатни қайта ташкил этиш ва тугатиш

Коммандит ширкатни қайта ташкил этиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Коммандит ширкат унда иштирок этган барча ҳисса қўшувчилар ширкатдан чиққан тақдирда, шунингдек ушбу Қонун 27-моддасида назарда тутилган тўлиқ ширкатни тугатиш асослари бўйича тугатилади.

Барча ҳисса қўшувчилар ширкатдан чиққан тақдирда тўлиқ шериклар коммандит ширкатни тугатиш ўрнига уни тўлиқ ширкатга айлантиришга ҳақлидирлар.

Коммандит ширкат тугатилган тақдирда, шу жумладан у банкрот бўлган тақдирда, ҳисса қўшувчилар ширкатнинг кредиторларнинг талаблари қондирилганидан кейин қоладиган мол-мулкидан ҳиссалар олишда тўлиқ шериклар олдида имтиёзли ҳуқуққа эгадирлар. Ширкатнинг шундан кейин қолган мол-мулки тўлиқ шериклар ўртасида, агар таъсис шартномасида ёки тўлиқ шериклар ва ҳисса қўшувчиларнинг келишувида бошқача қоида белгиланган бўлмаса, уларнинг ширкат устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларига мутаносиб равишда тақсимланади.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ

Тошкент ш.,

2001 йил 6 декабрь,

308-II-сон



Похожие:

I боб. Умумий қоидалар 1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади icon1-боб. Умумий қоидалар 1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади бола ҳуқуқларининг кафолатлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат
I боб. Умумий қоидалар 1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади iconI. умумий қоидалар 1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2004 й., 1-2-сон, 8-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й.,...
I боб. Умумий қоидалар 1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади iconЎзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида 1-боб. Умумий қоидалар 1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан...
I боб. Умумий қоидалар 1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади iconI. умумий қоидалар 1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу қонун фуқароларга таьлим, тарбия бериш, касб-ҳунар ўргатишнинг ҳуқуқий асосларини белгилайди ҳамда ҳар кимнинг билим олишдан...
I боб. Умумий қоидалар 1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади icon1-модда. Ушбу Қонуннинг асосий вазифалари 2-модда
Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир
I боб. Умумий қоидалар 1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади iconЎзбекистон республикасининг қонуни 25. 12. 1998 й. N 723-i «реклама тўҒрисида»
Ушбу Қонуннинг мақсади рекламани тайёрлаш ва тарқатиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат
I боб. Умумий қоидалар 1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади iconЛойиҳа Ўзбекистон Республикасининг
...
I боб. Умумий қоидалар 1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади icon1-боб. Умумий іоидалар 1-модда. Ушбу Јонуннинг маісади
...
I боб. Умумий қоидалар 1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади iconЎзбекистон республикасининг қонуни давлат кадастрлари тўҒрисида
Ушбу Қонуннинг мақсади давлат кадастрларини юритиш, кадастрга доир ахборотни тўплаш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни...
I боб. Умумий қоидалар 1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади iconЎзбекистон республикасининг қонуни тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўҒрисида
Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 25-сон, 287-модда; 51-сон, 514-модда; 2006 й., 12-13-сон, 100-модда; 37-38-сон, 371-модда;...

Разместите кнопку на своём сайте:
Документы


База данных защищена авторским правом ©uz.denemetr.com 2000-2015
При копировании материала укажите ссылку.
обратиться к администрации