Документы



Туристик бозорни сегментлаш туристик бозорни сегментлаш асослари icon

Туристик бозорни сегментлаш туристик бозорни сегментлаш асослари

НазваниеТуристик бозорни сегментлаш туристик бозорни сегментлаш асослари
Дата21.05.2013
Размер304.63 Kb.
ТипДокументы
скачать

ТУРИСТИК БОЗОРНИ СЕГМЕНТЛАШ


4.1. Туристик бозорни сегментлаш асослари

Туристик корхона мураккаб бозор шароитларида фаолият юритаётиб кимга, қандай хизмат кўрсатиш кераклигини аниқ билиши шарт. Гап шундаки, маркетинг нуқтаи назаридан, ҳар бир бозор бир-биридан таъби, истаклари, эҳтиёжлари билан фарқ қиладиган ва туристик хизматларнинг турли мотивларидан келиб чиқиб, харид қиладиган истеъмолчилардан иборат. Шу сабабли муваффақиятли маркетинг фаолиятининг амалга оширилиши истеъмолчиларнинг турли гуруҳларининг ўзларига хос афзалликларини ҳисобга олишни кўзда тутади. Айнан шу бозорни сегментлашнинг асосини ташкил этади. Сегментлаш ёрдамида потенциал истеъмолчиларнинг умумий миқдоридан туристик маҳсулотга у ёки бу даражада бир хил талабларга эга бўлган аниқ турлар (бозор сегментлари) танлаб олинади.

Туристик бозорни сегментлаш – потенциал харидорлар талабларининг сифатий ва миқдорий ўзига хосликларига мос равишда туркумлаш сифатида таърифланади. Корхона сегментлашни амалга ошираётиб бозорни мижозларнинг алоҳида гуруҳларига бўладики, уларнинг ҳар бири учун бир хил ёки ўхшаган хизмат турлари талаб этилиши мумкин бўлади.

Сегментлашнинг асосий мақсади – туристик маҳсулотга йўналиш бериш бўлиб, у барча истеъмолчиларнинг талабларига жавоб бера олмайди. Унинг воситасида маркетингнинг асосий тамойили – истеъмолчига мўлжалланиш амалга оширилади. Бунда туристик корхона ўз кучланишларини тўрт тарафга тарқатмай, балки "асосий зарба йўналишида" (у учун энг истиқболли бўлган бозор сегментларига) марказлаштиради. Шунинг билан савдо, реклама, сотувларни рағбатлантиришнинг бошқа шакл ва услублари қўлланилиш самарадорлигининг оширилишига олиб келади.

Демак, сегментлаш бир томондан, туристик корхонанинг маркетинг фаолияти йўналтириладиган бозор қисмларини топиш ва объектларини (аввало истеъмолчиларини) аниқлаш усулларини акс эттиради. Иккинчи томондан, бозор билан боғлиқ бўлган қарорлар қабул қилиш жараёнига бошқарувчилик ёндашуви ҳамда маркетинг унсурларининг оптимал бирикмасини танлаш асосидир.

Туризмдаги маркетинг амалиёти шунга кафолат берадики, бозорни сегментлаш:

  • ўз мақсадига эга истиқболли бозорни танлаш воситасидир;

  • мижозларни энг кўп (максимал) даражада қониқтириш имконини беради;

  • оптимал маркетинг стратегиясини танлашга ёрдам беради;

  • эришиб бўладиган ва аниқ мақсадларнинг қўйилишига;

  • қабул қилинаётган қарорлар даражасини, уларнинг асосланишини истеъмолчиларнинг бозордаги ҳатти-ҳаракатлари тўғрисидаги ахборот билан таъминлаб амалга ошириш имконини беради;

  • ҳам таклиф этилаётган хизматларнинг, ҳам умуман олганда корхона рақобатбардошлигини оширилишини таъминлаб беради;

  • туристик корхона маркетинг харажатларининг оптималлаштирилишини кўзда тутади;

  • рақобат курашини четлаб ўтиш ёки эгалланмаган сегментни ўзлаштириш йўли билан унинг даражасини пасайтириш имконини беради.

Бозорни сегментлаш – сўзсиз, туризмдаги маркетингнинг энг муҳим дастурларидан бири. Рақобат курашидаги муваффақият унинг қанчалик тўғри амалга оширилганлигига боғлиқ бўлади. Самарали бўлиши учун сегментлаш алоҳида белгилар бўйича олиб борилиши шарт.

^ 4.2. Сегментлаш мезонлари(белгилари)

Белги – бозорда берилган сегментни белгилаш усули. Турли муаллифлар томонидан таклиф этилаётган ва туристик фаолият амалиётида фойдаланилаётган бозорни сегментлаш белгилари, кўп жиҳатдан ниҳоят даражада ўзаро ўхшашдирлар. Шу ерда қайд этиб ўтиш керакки, сегментлашга бўлган бирор бир универсал ёндашув мавжуд эмас. Шу сабабли белгиланган бозорда талаб ва таклифнинг ўзига хос томонларини ҳисобга олган ҳолда бир неча белгилар асосида (бир вақтнинг ўзида бир ёки бир неча) сегментлаш вариантларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Туризмда сегментлашнинг асосий белгилари:

  • географик;

  • демографик;

  • ижтимоий-иқтисодий;

  • психографик;

  • хулқий (ҳатти-ҳаракат, яшаш тарзи).

Бозорни географик белгилар бўйича сегментлаётганда истеъмолчиларнинг у ёки бу ҳудудда яшашлари билан белгиланадиган бир хил ёки ўхшаш афзалликларини кўзда тутмоқ лозим бўлади. Географик сегмент сифатида қандайдир тарихий, сиёсий, миллий ёки диний бирликка эга бўлган бутун бир мамлакат, мамлакат гуруҳлари кўриб чиқилиши мумкин.

^ Демографик белгилар (истеъмолчиларнинг жинслари, ёши, оилаларидаги аъзолар сони) етарлича қўлланилаётган белгилар қаторига киради. Бу уларга берилган тавсифларнинг ҳаммабоплиги, уларнинг вақт жиҳатдан барқарорлиги ҳамда улар ва талаб ўртасида яқин ўзаро алоқанинг мавжудлиги билан шартланади.

Шундай қилиб, ёш белгилари бўйича туристик бозорнинг турлича туристик маҳсулот таклиф этилиши лозим бўлган қуйидаги сегментларини белгилаб олиш мумкин:

  • ўзлари ҳамда ота-оналари билан саёҳат қилувчи болалар (14 ёшгача);

  • ёшлар (15-24 ёш);

  • асосан, оилалари (болалари) билан саёҳатга чиқувчи, нисбатан ёш, иқтисодий фаол кишилар (25-44 ёш);

  • асосан, фарзандларисиз саёҳат қилувчи ўрта ёшдаги иқтисодий фаол кишилар (45-60 ёш);

  • "учинчи ёш" гуруҳига кирувчи туристлар (60 ёш ва ундан юқори).

Биринчи сегмент болалар туризмига тааллуқли. Болаларнинг туристик ҳатти-ҳаракатлари (хулқ-атвори), асосан, ота-она ва бошқа катта ёшдаги кишилар қарорларига боғлиқ бўлади. Шунингдек, болалар туристик хизматларнинг баҳоланиши нуқтаи назаридан алоҳида гуруҳни ташкил этишадики, уларга нисбатан имтиёзли нархлар ёки текин хизматлар (масалан, жойлашиш, кўнгил ёзиш) тақдим этилади.

Туризм бозорининг муҳим сегменти - ёшлар, шинамлик даражаси пастроқ бўлган жойлашиш, транспорт воситаларида арзон саёҳат қилиш, кечки дам олиш (барлар, дискотекалар, дискуссия клублари, қизиқишлар бўйича учрашувлар, лотореялар, конкурслар ва бошқалар) кабиларни афзал кўрадилар. Ёшларнинг мулоқот ва ўрганишга бўлган интилишлари ҳамда бўш вақтларининг кўплиги (масалан, таътиллар) туфайли бу сегментга юқори даражадаги туристик фаоллик хос бўлади.

25-44 ёшлар атрофидаги истеъмолчилар сегментига оилавий туризмнинг устунлиги хос. Бунинг натижасида болалар ўйин майдончалари, болалар бассейнлари ва бошқалардан фойдаланиш имкониятларини кўриб чиқишга тўғри келади. Бу айниқса курорт жойларга хос.

45-60 ёшли истеъмолчилар сегментига асосан иқтисодий фаол инсонлар хос. Уларнинг туристик ҳатти-ҳаракатларига болаларининг истак-хоҳишлари, эҳтиёжлари ва қизиқишлари таъсир ўтказмайди. Ушбу ёшдаги туристлар шинамлик ва қулайликка, ўзларининг профессионал қизиқишларига мос келувчи жойлар билан танишиш ҳамда мазмунли саёҳат дастурларига юқори талаблар қўядилар.

Ушбу сегментларга нисбатан туристик хизматларни лойиҳалаштириш жараёнида, ўрта ёшлилар иқтисодий фаол гуруҳ эканлигини инобатга олиб, иш олиб бориш лозим. Яъни, уларнинг туристик саёҳатни амалга ошириш истаклари ўз муҳитларини ўзгартириш билан боғлиқ бўлган эҳтиёждан келиб чиқади. Меҳнат таътиллари ва мактаб таътилларининг бир даврга тўғри келиши истеъмолчиларнинг мазкур сегментини туризмнинг мавсумийлигига асосий сабаб бўлди.

Шунинг билан бирга кўпчилик мамлакатларда таътилни икки қисмга бўлиш умумий тенденцияга айландики, бу йил давомида саёҳатни икки марта: бири ёзда, иккинчиси қишда амалга ошириш имконини беради. Бундан ташқари, туристик саёҳатларни нафақат таътиллар давомида, балки байрам кунларида ҳам амалга ошириш мумкин бўладики, улар (байрам) дам олиш кунлари билан биргаликда туристик саёҳатни амалга ошириш учун зарур бўлган "бўш вақт блокини" ҳосил қиладилар. Бундай қисқа саёҳатлар (масалан, "қишдан-ёзга" тамойили бўйича)нинг сони йил сайин ортиб бормоқда.

Бундай турдаги "блиц саёҳатлар" иштирокчилари учун саёҳат масофаси тўсқинлик қила олмайди. Саёҳатнинг асосий мақсади – муҳитни, таассуротларни бирданига ўзгартириш, иложи борича кўпроқ нарсани кўришдир. Бундай гуруҳлар учун қабул қилиш лойиҳаси 2-4 кун ичида бошқа дунё (олам)ни билиш шиори остида ишлаб чиқарилиши зарур. У туристларгаэнг кўп (максимал) даражада ахборот олиш имконини берувчи, ниҳоятда жадал суръатли бўлиши керак.

Дастур ичига, шунингдек (ёки тур нархи ҳисобидан ёки қўшимча ҳақ эвазига), кечки тадбирлар ҳам киритилиши лозим. Бундай дастур туристларда 2-4 кунлик саёҳатни эмас, балки бир ой давомида давом этган саёҳат (улар шунчалик кўп нарсани билишди ва кўришди) таассуротини қолдириши керак.

"Учинчи ёш" туризми нафақат шинамлик талаб этади, балки хизмат кўрсатувчи ходимлар томонидан юқори даражали эътибор билдирилишини, малакали тиббий ёрдам олиш имкониятини, ресторанларда парҳез овқатларнинг ҳам бўлишини, тинч жойларда жойлашган меҳмонхоналарда ўрнашиш имкониятлари бўлишини ҳам талаб этадилар.

"Учинчи ёш" гуруҳига кирувчи туристлар туризмининг ўзига хос томони шундаки, унда яққол даражада намоён бўладиган мавсумийлик мавжуд эмас ва аксинча, бундай туристлар дам олиш саёҳатларига чиқаётганда туристик мавсумнинг чўққисидан (июл, август) қочишга ҳаракат қилишадики, чунки бу йилнинг энг иссиқ вақтига тўғри келади (мавсум чўққисида меҳмонхоналарда одам кўп бўлади, қарияларга эса одам кам бўлиши кўпроқ ёқади).

Улар мулойим иқлимни "бахмал мавсумни" афзал кўрадилар. Шунингдек, "Учинчи ёш" гуруҳига кирувчи туристлар туристик саёҳат вақтини танлашда таътил даври билан чегараланиш муаммоси учрамайди.

^ Ижтимоий-иқтисодий белгилар – истеъмолчилар сегментларини ижтимоий ва профессионал мансублик, маълумотнинг умумийлиги ҳамда даромадлар даражасига қараб ажратиш (белгилаш)ни кўзда тутади. Шундай қилиб, иқтисодий фаол ва фаол бўлмаган одамларнинг туристик хулқ-атвори (ҳатти-ҳаракатлари)да катта фарқ мавжуд.

Профессионал мансублик бўйича сегментлаш туристларни мутахассисликларга боғлиқ ҳолда кўплаб сегментларга белгилаш (ажратиш)ни кўзда тутади. Бу профессионал тарзда ихтисослашган туризмни (масалан, банк ходимлари учун, қишлоқ хўжалиги меҳнаткашлари учун, саноатнинг турли ходимлари учун турлар) ташкил этишда муҳим ўрин эгаллайди.

Туристик хулқ-атворга (оила, оила бошлиғи, оила бирор аъзосининг) даромадлар даражасининг аҳамияти (кучли) таъсир этади. Истеъмолчилар даромади даражаларининг стандарт таснифи мавжуд эмас. Бироқ шуни ҳам инобатга олиш керакки, туристик талаб борган сайин ўртача ёки нисбатан паст даражадаги даромадларнинг ҳам туризмга жалб этилиб боришлари ҳисобига кенгайиб бораяпти, чунки муҳитни ўзгартириш, саёҳат қилишга боғлиқ бўлган эҳтиёж – энг асосий эҳтиёжлардан бирига айланиб бормоқда.

^ Психографик сегментлаш истеъмолчиларни тавсифлашнинг бутун бир мажмуини бирлаштиради. Умуман олганда у "ҳаёт тарзи" тушунчаси билан акс эттирилади. Бу шахснинг қизиқишлари, ҳатти-ҳаракатлари, фикр-мулоҳазалари (дунё қарашлари, ғоялари) бошқа инсонлар билан бўлган муносабатлари ва шу каби моделларни акс эттиради.

^ Хулқ-атвор, ҳатти-ҳаракат белгилари психографик белгилар билан боғланган бўлиб, кўпгина ҳолларда мазкур белгилар асосида келиб чиқади. Бундай белгилардан фойдаланиш асосида истеъмолчиларнинг турли ҳатти-ҳаракатлари: сафар мотивлари, кўзлаётган манфаатлар, фирмага нисбатан боғланиб қолганлик, туристик маҳсулотни харид этишга тайёрлиги, хизмат кўрсатишга бўлган сезгирлик, мавсумийлик, саёҳат шакли, фойдаланиладиган транспорт воситалари, саёҳатнинг давомийлиги ва шу каби турли жиҳатларни ҳисобга олиш ётади.

Энг кенг тарқалган туристик бозор мижозларини ундовчи мотивларга саёҳат маҳсулотлари ва тавсифланиши бўйича сегментлаш киради. Туризм турлари ҳам саёҳат маҳсулотларига қараб тавсифланади. Шундай жиҳат туристик ташкилот саёҳатларнинг қуйидаги асосий мақсадларини аниқлаган:

  • бўш вақт, рекреация ва дам олиш;

  • таниш ва қариндошларни зиёрат қилиш;

  • бизнес ва мутахассислик мақсадларига оид;

  • даволаниш;

  • диний зиёрат ва бошқалар.

Туризм яққол намоён бўлувчи мавсумий тавсифга эга. Бу туристик оқимларни асосий мавсум, мавсумлар оралиғи, ойлар ва фасллар бўйича таҳлил қилишни кўзда тутади.

"Саёҳатнинг давомийлиги" белгиси бўйича сегментлаш туристик корхоналар учун катта аҳамиятга эга. Жумладан, қисқа турларни амалга оширувчи туристлар катта харажатлар қилишга тайёр бўлдилар ва тезкор саёҳат дастурларини талаб қиладилар. Бундай сегментлашга ёндашувлар катта фарқларга эга бўлиши мумкин. Масалан, швейцариялик тадқиқотчилар сегментни иккига ажратадилар: узоқ (5 кундан ортиқ) ва қисқа турлар.

Жаҳон туристик ташкилоти экспертлари туристларнинг саёҳат қилиш муддатлари бўйича қуйидаги сегментларга ажратишни маслаҳат берадилар:

  • 1-3 кун;

  • 4-7 кун;

  • 8-28 кун;

  • 29-31 кун;

  • 32-91 кун;

  • 92-365 кун.

Сегментлашнинг ягона белгилари барча нарсани қамраб олувчи бўлиб, улар кенг ва тўлиқ эмасдирлар. Туристик бозорнинг сегментланиши чексизликка интилиш тенденциясига эга. Бу мижоз эҳтиёжлари таркибининг мураккаблашиши ҳамда дам олиш ва туризмнинг жамият ҳаётида ўсиб бораётган аҳамияти каби омилларга боғлиқ бўлади.

Кўриб чиқилган белгилар дастлабки бошланғич сегментлаш учун асос яратиб беради. Маркетингнинг вазифаси шундан иборат: аниқ бир корхонага сегментлашнинг шундай комбинациясини танлаб бериш лозимки, бу комбинация бозорнинг сегменти фирманинг мақсади ва имкониятларига максимал даражада мос келиши керак.

Бунда туристик бозор сегментларининг комбинацияланган параметрларини шакллантириш ҳамда турли белгиларнинг йиғиндисидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади.


^ 4.3. Туристик бозорни бир неча белгилар бўйича сегментлаш

Жаҳон туристик ташкилотининг экспертлари икки белги (даромад даражаси ва маълумот даражаси) асосида туристик бозорнинг сегментини 4 га ажратадилар:

Биринчи сегментга ўртача ёки кам даромадга эга бўлган инсонлар киради. Уларнинг саёҳатдан асосий мақсадлари денгизда дам олиш бўлиб, бунда дам олиш жойининг танланиши асосан нархлар даражаси билан белгиланади. Туристик бозорнинг бу сегменти учун таассуротларнинг тезлик билан ўзгариши хос эмас. Уларни аксинча, ўзларига яқин ва таниш одатларининг ўзгартирилишини талаб этмайдиган муҳит жалб этади. Бу ҳам жойлашув (бу туристлар ўз уйларида кўниккан барча қулайликларни таъминлаб бериш керак), ҳам умумбашарий таомларга йўналтирилган овқатланиш жиҳатларига тааллуқли бўлади. Туристларнинг бундай тоифаси катта маблағларга эга бўлмайди, хизматлар нархига нисбатан эгилувчан (сезгир) бўладилар ва шу вақтнинг ўзида сифатга нисбатан талабчан бўладилар.

Асосий тамойил – ўз пуллари ҳисобига ҳамма нарсага тўлиқ эга бўлиш (эришиш).

Юқори даражага эга бўлмаган меҳмонхоналарга жойлашиб, турли хилдаги кўнгил очиш, тунги клублар, барлар, дискотекаларга катта қизиқиш билдирадилар. Ўрганиш (англаш) мақсади уларнинг саёҳатларининг асосий мотиви бўлмаслигига қарамай, улар бари бир турли саёҳатлар билан қизиқишлари мумкинки, улар саёҳат тўғрисида дўстлари, қариндошлари ва танишларига айтиб бериш чоғида саёҳатларини янада обрўлироқ қилиб кўрсатадилар.

Сувенирлар бундай туристлар учун амалга оширилган саёҳатнинг моддий исботи бўлиб хизмат қилади, шунинг учун ҳар бир турист албатта ўзи билан қандайдир қиммат бўлмаган сувенирни олиб кетишга ҳаракат қилади.

Халқаро туристик алмашинувда туристик бозорнинг бундай сегменти туристик ёндашувнинг асосий оммасини ташкил этувчи энг кўп сонли бўлади, бу яқин масофалар, асосан энг яқин денгизгача бўлган саёҳатдир. Туристик бозорнинг иккинчи сегментига, ўртачадан юқорироқ даражада даромад олувчи шахслар киради. Кўпинча бундай туристлар олий маълумотга, баъзан ўрта махсус маълумотга эга бўладилар. Улар учун саёҳатларнинг асосий мотиви ўрганиш (англаш)га бўлган қизиқиш билан қоришиб кетган дам олишдир, бунда дам олиш жойини танлашда ўрганиш (англаш)га бўлган қизиқиш устунроқ туради. Қайд этиб ўтилганидек, саёҳатларининг бош мотиви дам олиш; бироқ, бу спорт билан шуғулланиш, саёҳатларнинг амалга ошириш, театр ва концертларга ташриф буюриш имкониятини берувчи фаол дам олишдир.

Агар биринчи тоифа "энг яқин денгизгача" саёҳат қиладиган бўлса, бозорнинг бу сегментига эса ташриф буюриладиган мамлакатнинг маданияти ва урф-одатларига қизиқиш билдирувчи (намоён этувчи), узоқ масофаларга саёҳат уюштиришни хуш кўрувчи кишилар мансуб бўладилар. Бу туристларда ўрганиш (англаш) мотиви устун тургани учун улар ўзларини қизиқтирадиган ҳудудга ташриф буюриш давомида мазкур ҳудудга ташриф буюришнинг бошқа чораси бўлмаса, у қадар шинамликнинг бўлмаслигига ҳам кўникишлари мумкин. Бироқ бу ҳол мазкур сегмент туристларининг жойлашув ва овқатланиш сифатига талабчан эмасликларини англатмайди.

Учинчи сегментни юқори даражадаги даромадли инсонлар ташкил этади. Асосан олий маълумотга эга бўлган ҳолда улар таассуротларининг ўзгартирилишига интилган ҳолда ўрганиш (англаш) саёҳатлари билан қизиқадилар.

Бу ерга икки ёш тоифалари: ўрта яшарлилар ва "учинчи ёш" гуруҳи эгалари мансубдирлар (асосий оммани ташкил этади). Агар "учинчи ёш" гуруҳи эгалари гуруҳлар таркиби билан саёҳат қиладиган бўлсалар, ўрта ёшлилар якка тартибдаги ёки дўстлари ва танишларидан ташкил топган кичик гуруҳлардаги саёҳатларни афзал кўрадилар.

Ушбу сегмент учун 2-3 ҳафтали давом этадиган узоқ саёҳатлар маъқул. Туристлар сувенирлар билан қизиқадилар. Чунончи, булар инсонларнинг экзотик саёҳатни амалга оширганликларидан далолат берувчи қиммат маҳсулотлар (ашёлар) бўлиши ҳам мумкин.

Тўртинчи сегментни олий маълумотга эга бўлган, табиат, ўзга халқнинг маданият, ҳаёт тарзи, урф-одатларини ўрганишга қизиқиш билдирадиган инсонлардан ташкил топади. Уни турли ёш тоифалари ва турли даражадаги даромадларга эга бўлган, яъни саёҳатга катта маблағлар, кўпинча жамғармалари ҳисобидан сарфлашга тайёр бўлган кишилар ташкил этади.

Саёҳатларнинг аниқ миқдори турлича бўлиши мумкин. Туристларни бирлаштирувчи асосий мақсад шахсий тажрибага интилишдир. Агар саёҳатнинг мақсади бошқа халқларнинг ҳаёт тарзи билан танишиш бўлса, туристлар маҳаллий аҳоли орасида яшаб, уларнинг таомларини ейишади, баъзан, маҳаллий фуқароларга, фольклорга (халқ оғзаки ижодиётига) катта қизиқиш билдирадилар. Туристик бозорнинг бу сегменти унчалик катта эмас, бироқ у кейинги йилларда жадал суръатларда ўсди ва ўсишга интилувчиликка эга.

Маркетинг мақсадларини белгилашда реклама тадбирларини ўтказиш учун мотивлар, истеъмолчи харажатлари таркибида туризмнинг аҳамият даражаси, туристнинг туристик марказда ўзини тутиш стереотиплари каби белгилар комбинациясидан фойдаланилган сегментлаш қўлланилади. Мисол тариқасида Ғарбий германиялик тадқиқотчи Г.Ганнинг таснифини келтириш мумкинки, унда туристларнинг олти тури: S, F, W-1, W-2, A,B (ҳар бир гуруҳ ўзи номланишининг биринчи ҳарфи бўйича белгиланган) ажратилган.

Сегментлашни амалга ошираётиб, туристик фирмалар, мижозларининг у ёки бу белгиларига кўра умумлаштириб гуруҳларини аниқлаб олишади. Бунда ҳар бир бозор сегментига ўзига хос туристик маҳсулот таклиф этилиши лозим. Бундай ёндашув нафақат мавжуд талабни қондириш, балки уни шакллантириш имконини ҳам беради.

Турли сегментлаш белгилари (ўзгарувчилари) асосида шакллантирилган бозор сегментлари, улар учун энг мос келувчи туристик корхоналарни аниқлаш учун ўрганиб чиқилиши лозим. Сегментлаш муддатидан сўнг мақсадли бозорни танлаш босқичи келади.


^ 4.4. Туристларни таснифлаш тажрибаси

Туристларни туристик маҳсулот истеъмолчилари сифатида алоҳида категорияларга бўлиш мумкин. Бундай бўлиш типологияни акс эттиради. Типология – тизим объектларини тури еки умумий модели асосида бир-биридан ажратиш ва гуруҳлашдир. Ўтказилган тадқиқот турларига қараб турли хил турист таснифларини келтириш мумкин.

Туристларни туристик маҳсулот истеъмолчилари сифатида тўрт гуруҳга ажратиш мумкин:

  • «Тежамкор» харидорлар. Улар нарх, сифат ва хизматлар ассортиментига нисбатан ўта сезгир бўлишади;

  • «Шахсийлашган(персонифицированный)» харидорлар. Улар учун тур(tour) ёки хизмат нархи эмас, балки туристик маҳсулот тури(шакли) ва хизматлар сифати ҳал қилувчи роль ўйнайди;

  • «Андишали» харидорлар. Улар кенг ассортиментли улгуржи тур(tour)ларга паст нарх тўлашга ишқибоз бўлишади;

  • «Апатияли» харидорлар. Улар учун туризм хизматларининг юқори сифати муҳим бўлиб, нарх ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас.

Туристик маҳсулотга бўлган талаблари асосида туристлар қуйидагича таснифланди:

  • Туристик эҳтиёжларга эга бўлган ҳамда саёҳат қилишни истовчи кишилар;

  • Юқори тўлов қобилиятига эга бўлган, туристик хизмат кўрсатиш юқори даражали бўлган элитар ва энг обруйли тур(tour) ҳамда ўзига хос такрорланмас саёҳатларга талаби бўлган кишилар (шинамлик, хизмат кўрсатувчи кишиларнинг диққат эътиборлари, индивидуал таржимон-гид билан ҳамда шахсий автотранспорт билан таъминланганлик ва шу кабилар);

  • Харидорлик хулқига эга бўлган кишилар. Табиий, руҳий, ижтимоий ва бошқа сабаблар оқибатида харид истаклари рекламанинг кучли таъсири остида бўлган шахслар.

^ Дам олиш тарзига қараб олмон тадқиқотчиси Г.ГАН туристларнинг беш турини аниқлаб берган.

  • S – ( олмонча SCHEIN, SAND, SEE - нур, қумли пляж, денгиз ) – таътил давомида денгиз курортларида пассив дам олиш, тинчлик ва шинамликни афзал кўради, ғала-ғовурлардан қочади, бироқ, ёқимли шахслар билан алоқа қилишни хуш кўради.

  • F – (олмонча FERNE und FLIRT ORIENTIERTER ERLEBNIS URLAUBER – узоқ масофаларга саёҳат қилиш ва ишқий саргузаштларни афзал кўрувчи таътилчи) – бундай шахслар кишилар-воқеалар-таассуротларнинг ҳеч қандай тўсиқларсиз алмашиниши ишқибози бўлишади, ўз татилларини нимадир юз бераётган жойларда ўтказишади, жамоа-таассурот-роҳатланиш шаклларининг ўзгариб туришини хушлашади.

  • W 1 – ( олмонча WALD und WANDERORIENTIERT – ўрмон ва пиёда походлар ) – таътил давомида об-ҳаводан қатъи назар тоза ҳавода фаол дам олади, пиёда походларга чиқади ва ҳоказолар. Дам олиш давомида ўзининг жисмоний ҳолатини яхшилаб олишга ҳаракат қилади, бироқ, спорт билан жиддий шуғулланмайди.

  • W 2 – ишқибоз эмас, балки спортсмен. Узоқ давом этувчи ҳаддан зиёд зўриқиш ва кучланишларга бардош бера олади. Тур(tour)ни танлаш жараёнида ўз хоббиси билан шуғулланиш имкониятлари мавжудлиги билан қизиқади. Ландшафт, маданият ва тарих унинг учун иккинчи даражали аҳамиятга эга. (ишқибоз учувчи, альпинист ва бошқалар).

  • А – (олмонча ABENTENER – саргузашт) – саргузаштлар ишқибози, саёҳат қилишдан бош мақсади: хафв-хатар, таваккал, янги ҳиссиётлар ва ўз кучини кутилмаган ҳолатларда синаб кўриш бўлади.

  • В – (олмонча BILDUNG und BESICHTIGUNG – маърифат ва кўнгил ёзиш) – қизиқувчан шахслар. Улар учга бўлинишади:

а) Ўзлари ташриф буюрган жойлари коллекциясини йиғувчилар («экспертлар»);

б) Табиат ва маданиятнинг ашаддий ишқибозлари;

в) Маданият, тарих, санъат каби соҳаларда ўз билимларини чуқурлаштирувчилар («мутахассислар»).

Саёҳат қилиш учун мотивлар турлича бўлганлиги учун туристлар ҳам турлича бўлишади. Ҳар бир турист тури ўзига хос манзилгоҳни талаб этади ва ўзига хос махсус таъсир кўрсатиб боради.

^ Бизнес саёҳати ўз ичига қуйидагиларни олиши мумкин: савдо ярмаркаларида қатнашиш; турли йиғинларни ўтказиш; шунингдек, саёҳатчининг мутахассислигининг маълум томонларини ривожлантирувчи ёки соғломлаштирувчи курслар.

Бўш вақт мобайнидаги саёҳат эса, ўз ичига қуйидагиларни олиши мумкин: туристга янги спорт билан шуғулланишни ўргатиш; янги ҳунарни ўргатиш; офтобда тобланиш ва бошқалар.

Туристларни уларнинг саёҳатга чиқишга бўлган туртки-мотивлар, сабаблар жиҳатидан ҳамда туристларнинг ўз саёҳат ва дам олиш фаолиятлари билан манзилларга кўрсатадиган таъсирлари жиҳатларидан ҳам бир неча гуруҳларга бўлиш мумкин. Бундай таснифларни қуйидаги параграфларда келтирилган жадваллар асосида англаб олиш осонроқ бўлади.


    1. ^ 4.5. Интерактив моделдаги турист турлари

Туристларни икки асосий категория асосида гуруҳларга ажратиш мумкин:

1. Турист ва дам олиш жойи орасидаги таъсирни тавсифловчи Интерактив турист гуруҳлари.

2. Саёҳат қилишга бўлган мотивларни тавсифловчи Когнитив-норматив турист гуруҳлари.

Бу икки ёндашув турист кутаётган ва излаётган мотивлар ҳамда манзилнинг структураси орасидаги кучли боғланишлар мавжудлиги кўрсатади. Бевосита маълумки, ҳеч бир манзил ҳамма туристларга бир хилда мос келавермайди, шу сабабли ҳар бир манзил ўз бозорини ривожлантиради.

Интерактив туристик гуруҳларга Коҳен ва Смит таъриф беришган. Коҳен туристларни таниш ёки нотаниш муҳит қидириш даражаси ва уларнинг саёҳат давомида яхши ташкил этилган бўлишни хоҳлаш-хоҳламасликларига қараб таснифлаган. Смитнинг янада деталлаштирилган таснифи ўз ичига ёшларнинг яхши ташкил этилмаган ҳолда тоғларда қиладиган бир кунлик сайрларидан тортиб, кучли структуралашган чартер бизнесигачаларни олади. Смит худди Коҳен сингари «тадқиқотчилар» ва «элитар саёҳатчилар»га маҳаллий маданиятга кам таъсир этувчилар сингари қарайди. Уларнинг сони камлиги махсус таъминотларни кам талаб этади ва улар (яъни, туристлар) маҳаллий ҳаётнинг ўзига хос томонларига, урф-одатларига симпатик ёндашган ҳолда етишишни хоҳлашади. Чартер туристлар эса, ўз табиий қобиқлари (яъни, ўзлари яшаётган, ўрганиб қолган шароитлари) билан саёҳат қилишни ёқтиришади ва ўзларнинг олдиндан тўлаб қўйилган ҳамда нарх кафолатлари билан таъминлашган комплекс турларида ҳамма нарсани олдиндан кўриб чиқишган бўлишади. Маҳаллий жамоалар кўп сонли яхши ташкил этилган чартер структурасини таъминлашлари учун ўзларининг туристлар билан бўлган ишларида «тижоратчи» бўлишлари керак, бу, кўпинча йирик чет эл капитали ҳамда билимлари импортига муҳтож бўлади.

6-жадвал
^

Коҳен модели (интерфаол)





Шакли

Талаблари

Манзилга бўлган таъсири

Яхши ташкил этилмаган саёҳатчи

Дайди

Экзотик ва ўзига хос муҳит қидириш

Кичик, чунки сони кам

Тадқиқотчи

Ўз саёҳатини ташкил этиш ҳамда одам бўлган жойлардан қочиш

Маҳаллий воситалар билан қониқади ҳамда маҳаллий аҳоли билан кучли алоқалар қилади



Яхши ташкил этилган саёҳатчи

Туристларнинг ўзига хос оммаси

Машҳур объектларга туристик агентликлар орқали келиш

Талаб ошаётганлиги сабабли ихтисослашади ва тижоратлашади

Туристларнинг ташкил этилган оммаси

Ўз қобиғи ичида гидлар билан таъминланган тур

Сунъий воситалар яратиш ҳамда чет эл инвестициясининг ўсиши; маҳаллий назоратнинг камайиши

Манбаа: Рўзиев С.С. Туризм маркетинги. –Т.: «Avto-nashr босмахонаси», 2006 й. монография.

Юқорида келтирилган жадвалдаги Дайдилар асосан ёшлардан иборат бўлиб, улар ўз саёҳатлар давомида энг арзон автобус ва вагонлардан фойдаланадилар, анъанавий меҳмонхоналарда камдан кам тўхтайдилар, кўпинча ёшларнинг ётоқхоналарида тунашади ёки палаткалар ўрнатадилар. Одатда қуйи ижтимоий табақа вакиллари билан кўпроқ мулоқот қиладилар.

Тадқиқотчилар ўзларининг саёҳатларини ўзлари режадлаштирадилар, баъзан турагентнинг хизматларидан ҳам фойдаланадилар. Маҳаллий аҳоли билан тез вақт ичида мулоқот ўрната оладилар ва бундан баҳра оладилар.

^ Индивидуал оммавий турист ўз саёҳати маршрутини танлашда Ташкил этилган оммавий туристдан кўпроқ эркинликларга эгалиги билан фарқ қилади. Яъни, индивидуал оммавий турист атроф-муҳитни кўздан кечириш учун алоҳида автомобилни ижарага олиши мумкин. Ташкил этилган оммавий турист хизматлар пакетини бутунлигича сотиб олади, маҳаллий аҳоли билан фақатгина дўконлардан сувенир кабилар сотиб олаётгандагина мулоқот қилади.

7-жадвал

Смит модели (интерфаол)

Шакли

Талаблари

Манзилга таъсири

Тадқиқотчи

Кашфиётлар қидиради ҳамда маҳаллий аҳоли билан алоқалар қилади

Маҳаллий меъерларга асосланган таъминотлар билан қониқади

Элитар саёҳатчи

Одатдан ташқаридаги жойларга маҳаллий воситалардан фойдаланиб, олдиндан ташкил этилган турда иштирок этиш

Сони кам бўлади ҳамда маҳаллий муҳитга асосланган бўлади

Ўзига хос сайёҳлар

Тўдадан четга чиқиш

Энг оддий таъминот ва сервисларни талаб этганлиги учун кичик

Одатдан ташқаридаги саёҳатчи

Янада изоляцияланган жойларга саёҳат қилиш ёки хатарли фаолият билан шуғулланиш

Таъсири камроқ бўлиши мумкин, бироқ, сервиснинг тўлиқ бажарилишини истайди

Бошланғич омма

Якка холда ёки кичик гуруҳларда қулайлик ҳамда ҳаққонийлик комбинацияларини излайди

Объект машҳурлашгани сайин миқдори ошиб боради, восита ва сервисларга бўлган талаби ҳам ортиб боради



Омма

Ўртача даражадаги даромад ва қадриятларга эга бўлган «туристик қобиқ»

Эндиликда туризм асосий саноат бўлиб, маҳаллий аҳоли билан фақатгина тижорат алоқалари ўрнатилган бўлади

Чартер

Янги, бироқ, ўзига қулай ва таниш муҳитда ҳордиқ чиқариш ҳамда вақтичоғлик қилиш

Келувчилар сони кўп; ғарбий стандартларга асосланган меҳмонхоналардан четлашиш

Манбаа: Рўзиев С.С. Туризм маркетинги. –Т.: «Avto-nashr босмахонаси», 2006 й. монография.



    1. ^ 4.6. Когнитив-норматив моделдаги турист турлари

Когнитив-норматив туристик гуруҳлар саёҳат қилиш сабабларига таянади. Буларга Плог ва Коҳен таъриф беришган. Улар «марказ» тушунчасига эътибор беришади, яъни ҳар бир туристик жамоа ўзининг ахлоқий қадриятларини акс эттирувчи харизматик марказга эга деб қарашади.

Плог жамиятнинг нормал (марказий) қадриятларидан фарқ қилган ҳолда ўз таътилининг мазмуни ҳақидаги ўзининг алоҳида орзу-истакларига таянувчи Аллоцентриклар ҳамда ижтимоий меъёр ва қадриятларга таяниб туризмнинг оммавий бозорини ташкил этувчи Психоцентрикларни бир-биридан ажратган. Плогнинг фикрига кўра манзиллар сайёҳатчиларнинг кўпчилик турларини ҳали шу объектларнинг ўзлари қўл текказилмаган кашфиёт бўлгандан бошлаб жалб эта бошлашади ва бу ҳолат улар машҳур манзилларига айланганларида ҳам давом этади: маҳаллий жамоалар туристик бизнесга кам сонли авантюрист аллоцентриклар билан кириб келиши мумкин, бироқ, улар (аллоцентриклар) маҳаллий жамоага кам таъсир кўрсатишади, чунки, саёҳатчиларнинг бундай турлари ўзлари учун ҳеч қандай махсус воситаларни талаб этишмайди. Манзилга етиб келиш шароитларининг яхшиланиши билан; хизмат кўрсатиш сифатининг ошиши билан ва манзилнинг шуҳрати ошиши билан уларга мидцентрикларнинг ҳам ташриф буюришлари ортиб боради. Манзиллар ўзларига жалб этилган инвестициялар ва сарфланган меҳнат натижасида курортларга айланишлари билан уларга психоцентриклар ҳам кўплаб етиб кела бошлашади. Психоцентриклар ўзларини бу курортларда ўз уйларидагидек ҳис қилишади ва бундай шароитлар дастлаб аллоцентрикларни жалб қилган табиий-жуғрофий ва ижтимоий хусусиятлардан келиб чиққан бўлади.

8-жадвал
^

Плог модели (когнитив-норматив)


Шакли

Талаблари

Манзилга таъсири

Аллоцентрик

Саргузашларга бой ва индивидуал тадқиқотлар

Сони кам, маҳаллий аҳоли билан биргаликда овқатланади

Мидцентрик

Обруйи ошаётган ва воситалар билан таъминланаётган объектларга индивидуал саёҳат

Саёҳатчи ҳамда мезбонлар орасидаги алоқаларнинг тижоратлашуви

Психоцентрик

Машҳур объектларга яхши таъминланган таътил уюштириш

Бизнеснинг кенг кўламлилиги, саёҳатлар, уйдагидек воситалар

Манбаа: Рўзиев С.С. Туризм маркетинги. –Т.: «Avto-nashr босмахонаси», 2006 й. монография.


Коҳен бу бобда янада чуқурроқ изланишлар олиб борди. Унинг фикрига кўра «маънавий марказ» динийми, маданийми, индивид учун кучли аҳамиятга эга бўлган марказдир. Таътил давомида саёҳатчи ўз уйида топа олмайдиган, қаердадир бошқа жойда етишиб бўладиган ва саёҳат қилишни арзийдиган қиладиган қандайдир тажриба, кечинма, таассуротларга эга бўлади. Бундай изланишларнинг маркази соф гедонистик бўлиши мумкин. Масалан, дам олиш, баҳри дилни очиш ёки бутунлай янги турда: экспериментал, экспериентал ва экзистенциал. Туризмнинг бу уч даражаси индивид учун турлича чуқурликдаги аҳамиятга эга бўлади, бироқ, ноодатий саёҳат туристларни туристик маданият марказидан четга олдиндан танлаб қўйилган ёки ўзига мослаштириб олинган «танланган марказ»га жалб этади.

Манзил туризм саноатига аллоцентрикларнинг ташриф буюришлари билан кириб келади, кейинчалик мидцентриклар ва психоцентриклар уларни бу манзилнинг ўзидан аста-секинлик билан сиқиб чиқара бошлайдилар. Бунга жавоб тариқасида аллоцентриклар ўзлари учун бошқа янги жойни топиб оладилар.

9-жадвал

Коҳен модели (когнитив-норматив)




Шакли

Талаблари

Манзилга таъсири

Замонавий муҳожир-лик

Экзистенциал

Кундалик дунёвий ҳаётдан чиқиш ҳамда маънавий озиқланиш учун «танланган марказ»га қочиш

Жамоага бирлашган кам сонли иштирокчилар, маҳаллий ҳаётга кам таъсир этади

Экспери-энтал

Альтернатив ҳаёт кечириш усулларини излаш ҳамда бошқаларнинг ҳаққоний ҳаётига қўшилиш

Манзилларга қўшилиб кетади, чунки сони ва ғоялари кам

Экспери-ментал

Бошқалар ҳаётининг мазмунини кўриш, ҳақиқий ҳаётдан ҳузур олиш

Маҳаллий маданиятни кўрсатувчи баъзи бир воситаларни талаб этади, таъсири кам

Роҳат кўриш учун изланиш



Ҳордиқ


чиқариш

Кундалик ҳаётнинг зерикарлилиги ҳамда таҳликасидан қочиш, муҳожирликни арзийдиган қиладиган терапия

Ҳордиқ чиқарувчи ва қулайлик яратувчи воситаларга катта талаби бўлган оммавий туризм, миқдори катталиги ҳамда тижоратлашувнинг кучайишига кучли таъсир этади



Дам олиш

Жисмоний ва руҳий қувватни қайта тиклаш учун бўлган ҳордиқ чиқарувчи, бўшаштирувчи саёҳат

Табиий муҳитдан келиб чиққан сунъий қулайликлар; маҳаллий ҳаёт тарзига энг кучли таъсир этувчи

Манбаа: Рўзиев С.С. Туризм маркетинги. –Т.: «Avto-nashr босмахонаси», 2006 й. монография.


^ 4.7. Мақсадли бозорни танлаш

Мақсадли бозор – туристик корхона учун энг мос ва манфаатли бўлган, унинг маркетинг фаолияти йўналтирилган бозор сегменти (ёки сегментлар гуруҳи). Мақсадли бозорнинг танланишига жиддий эътибор бериш лозим, чунки корхонанинг кейинги фаолияти самарадорлиги бунга кўпроқ даражада боғлиқ бўлади. Лўнда қилиб айтганда, бозорнинг у ёки бу сегментини мақсадли сифатда танлашдан олдин қуйидаги саволларга жавоб бериш зарур:

  • Истеьмолчиларнинг эҳтиёжлари ва кутишлари қандай?

  • Фирма уларни қондиришга қодирми ?

  • Фирма уларни рақобатчиларга нисбатан яхшироқ қондира оладими?

  • Бунда у қўйилган мақсадларга эриша оладими ?

Мақсадли бозорнинг жамланиши ҳаракатларнинг аниқ кетма-кетлигини талаб этади.

  1. Бозор сегментининг потенциали (салоҳияти, иқтидори)ни аниқлаш.

  2. Бозорнинг ҳаммабоплиги ва аҳамиятлилигини баҳолаш.

  3. Бозор сегментининг ўзлаштириш имкониятлари таҳлили.

Бозор сегментининг салоҳияти унинг миқдори ё кўрсаткичлари, яъни ҳажми билан тавсифланади. Сегмент бошланишидан ҳажмли бўлиши лозимки, токи бозорга кириш ва ишлаш билан боғлиқ бўлган харажатларни қоплаш ва фойда олиш мумкин бўлсин. Бундан ташқари у келгусида яна ўсиш истиқболларига эга бўлиши лозим.

Туристик корхона учун бозор сегментига етиша олишликни баҳолаш учун бозорнинг у ёки бу сегментига ўз маҳсулотини киритиш ва ҳаракатлантириш (илгари суриш)ни бошлашнинг жиддийлик (принципиал) имконияти, шунингдек, бирор-бир тўсқинликнинг бор-йўқлиги тўғрисида ахборот олиш зарур бўлади. Сегментдаги истеъмолчилар туристик корхона томонидан қўлланиладиган маркетинг тадбирлари мажмуаси ёрдамида эриша олинадиган бўлишлари шарт.

Сегментнинг аҳамиятлилигини баҳолаш истеъмолчиларнинг у ёки бу гуруҳига бозор сегментига қараш реаллигининг қандайлигини, у асосий бирлаштирувчи белгилар бўйича қанчалик даражада барқарорлигини аниқлашни кўзда тутади. Сегментнинг таклиф этилувчи маҳсулотга нисбатан бўлган эҳтиёжлари барқарорлигини аниқлаш лозим бўлади. Акс ҳолда рақобатчилар мустаҳкам ўрнашиб олган (эгаллаб олган) сегментга тушиб қолиши ёки ноаниқ йўналишсиз тавсифларга эга бўлган туристик маҳсулотни таклиф қилиш мумкин бўладики, у мижозлар томонидан тан олинмай қолиши мумкин.

Бозор сегментининг ўзлаштириш имкониятларини таҳлил қилиш жараёни қуйидагиларни кўзда тутади:

  • таваккал таҳлили;

  • асосий рақобатчиларнинг жойлашувини аниқлаш;

  • рақобатчиларнинг янги фирма пайдо бўлишига нисбатан имконий жавобларини аниқлаш;

  • сотувлар ва фойданинг имконий ҳажмини режалаш.

Амалга оширилган тадбирлар асосида у ёки бу сегментнинг мақсади сифатида танлаш тўғрисидаги якуний хулоса қилинади.

Бозор сегментларининг оптимал миқдорини излашда икки услубдан фойдаланилади:

  • марказлашган (йўналтирилган);

  • дисперс.

Марказлашган услуб ёки «чумоли услуби» (3-чизма) изчил бир сегментдан иккинчисига аста-секинлик билан ўтувчи излаш, қидириш ишларини кўзда тутади. Услуб ўзининг тезлиги билан кўзга ташланмаса-да, кўп харажатлар қилинишини талаб этмайди.





^ 3-чизма. Оптимал бозорни излашнинг марказлашган услуби («чумоли услуби»)

Дисперс ёки «ниначи услуби» уриниш ва хатолар йўли билан амалга оширилади. У фирманинг бозор сегментлари имконият даражасига жуда кўп (максимал) миқдорда тезда чиқиб, кейинчалик манфаатли «ҳосил берувчи» бозор сегментларини танлаб олишни кўзда тутади (4-чизма).




^ 4-чизма. Оптимал бозорни излашнинг дисперс услуби («ниначи услуби»)

Мақсадли бозорни танлаш жараёни туристик корхонанинг маркетинг стратегиясини танлаш жараёни билан яқиндан боғланган бўлади.


Хулоса

Туристик бозорни сегментлаш – потенциал харидорлар талабларининг сифатий ва миқдорий ўзига хосликларига мос равишда туркумлаш сифатида таърифланади. Корхона сегментлашни амалга ошираётиб бозорни мижозларнинг алоҳида гуруҳларига бўладики, уларнинг ҳар бири учун бир хил ёки ўхшаган хизмат турлари талаб этилиши мумкин бўлади.

Сегментлашнинг асосий мақсади – туристик маҳсулотга йўналиш бериш бўлиб, у барча истеъмолчиларнинг талабларига жавоб бера олмайди. Унинг воситасида маркетингнинг асосий тамойили – истеъмолчига мўлжалланиш амалга оширилади. Бунда туристик корхона ўз кучланишларини тўрт тарафга тарқатмай, балки "асосий зарба йўналишида" (у учун энг истиқболли бўлган бозор сегментларига) марказлаштиради. Шунинг билан савдо, реклама, сотувларни рағбатлантиришнинг бошқа шакл ва услублари қўлланилиш самарадорлигининг оширилишига олиб келади.

Демак, сегментлаш бир томондан, туристик корхонанинг маркетинг фаолияти йўналтириладиган бозор қисмларини топиш ва объектларини (аввало истеъмолчиларини) аниқлаш усулларини акс эттиради. Иккинчи томондан, бозор билан боғлиқ бўлган қарорлар қабул қилиш жараёнига бошқарувчилик ёндашуви ҳамда маркетинг унсурларининг оптимал бирикмасини танлаш асосидир.

Белги – бозорда берилган сегментни белгилаш усули. Турли муаллифлар томонидан таклиф этилаётган ва туристик фаолият амалиётида фойдаланилаётган бозорни сегментлаш белгилари, кўп жиҳатдан ниҳоят даражада ўзаро ўхшашдирлар. Шу ерда қайд этиб ўтиш керакки, сегментлашга бўлган бирор бир универсал ёндашув мавжуд эмас. Шу сабабли белгиланган бозорда талаб ва таклифнинг ўзига хос томонларини ҳисобга олган ҳолда бир неча белгилар асосида (бир вақтнинг ўзида бир ёки бир неча) сегментлаш вариантларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Туристларни туристик маҳсулот истеъмолчилари сифатида алоҳида категорияларга бўлиш мумкин. Бундай бўлиш типологияни акс эттиради. Типология – тизим объектларини тури еки умумий модели асосида бир-биридан ажратиш ва гуруҳлашдир.

Туристларни уларнинг саёҳатга чиқишга бўлган туртки-мотивлар, сабаблар жиҳатидан ҳамда туристларнинг ўз саёҳат ва дам олиш фаолиятлари билан манзилларга кўрсатадиган таъсирлари жиҳатларидан ҳам бир неча гуруҳларга бўлиш мумкин.

Саёҳат қилиш учун мотивлар турлича бўлганлиги учун туристлар ҳам турлича бўлишади. Ҳар бир турист тури ўзига хос манзилгоҳни талаб этади ва ўзига хос махсус таъсир кўрсатиб боради.

^ Таянч иборалар

Сегмент, сегментлаш, мезонлар, мақсадли бозор, оптимал бозор, дисперс услуб, чумоли услуби, моделлар, танланган марказ, ташкил этилган ва ташкил этилмаган турист, ҳордиқ чиқариш ва дам олиш, экспериментал, экспериентал, экзистенциал, психоцентрик, мидцентрик, аллоцентрик

Назорат саволлари

  1. Сегмент дегани нима?

  2. Сегментлаш нима асосида амалга оширилади?

  3. Сегментлашни ким амалга оширади?

  4. Ўзбекистон туризм бозорини қандай сегментларга ажратиш мумкин?

  5. Мақсадли бозор ва оптимал бозор тушунчалари бир хил маънога эгами?

  6. «Ниначи услуби» дегани нима?

  7. «Чумоли услуби» деганда нимани тушунасиз?

  8. Жаҳон туристик ташкилотининг экспертлари даромад даражаси ва маълумот даражаси асосида туристик бозорни қандай сегментларга ажратадилар?

  9. Психографик сегментлашга мисол келтиринг.

  10. Сегментлашни амалга оширишдан мақсад нима?

  11. Тошкент вилоятидаги туристик муассасаларининг ҳозирги кундаги аҳволини қандай баҳолайсиз?

  12. Хусусий меҳмонхоналар ва давлат тасарруфида бўлган меҳмонхоналарининг бир-биридан фарқловчи қандай жиҳатлари мавжуд деб ҳисоблайсиз?

  13. Туристларнинг моделлари деганда нимани тушунасиз?

  14. Интерактив моделлар ва когнитив моделлар ўртасида қандай фарқларни биласиз?

  15. Нега ноодатий саёҳатчиларнинг сони оддий саёҳатчилар сонига қараганда камроқ?

  16. Турмаҳсулот истеъмолчилари таснифидаги “тежамкор” харидорлар ҳамма вақт ҳам арзон турларни харид этишга интиладиларми?

  17. Турмаҳсулотга бўлган талаблари таснифидаги “харидорлик хулқига эга бўлган” кишиларга таъриф беринг.

  18. Ташкил этилган ва ташкил этилмаган саёҳатчиларга чуқурроқ таъриф беринг.

  19. Чартер туризми нима?

  20. Плог моделидаги “центрик” ибораси нимага нисбатан белгилаб олинган?

Адабиётлар рўйхати

1. Komilova F.K. Turizm marketingi. o’quv qo’llanma.-T: “Uzinkomsentr”, 2003.

2. Комилова Ф.Қ. Халқаро туризм бозори. –Т. 2006.

3. Рўзиев С.С. Туризм маркетинги. –Т.: «Avto-nashr босмахонаси», 2006 й. монография.

4. Папирян Г.А. Международые экономические отношения: маркетинг в туризме. –М.: «Финансы и статистика», 2000.

5. Дурович А.П. Маркетинг в туризме. учебное пособие. –Минск: «Новое знание», 2004.

6. Котлер Ф., Боуэн Дж., Мейкенз Дж. Маркетинг.Гостеприимство.Туризм. учебник. –М: «Юнити-Дана», 2002.



Похожие:

Туристик бозорни сегментлаш туристик бозорни сегментлаш асослари iconТуризм ва меҳмондорчилик бозори тузилмаси туристик талаб омиллари
Режалаштирувчи ва саноатчи туристик ғояларга эга бўлса, талабнинг асосий мотивларини тўғри англаши зарур. Саёҳатни мотивлаштирувчи...
Туристик бозорни сегментлаш туристик бозорни сегментлаш асослари iconТуристик бизнесда маркетинг коммуникациялари комплекси туризмда маркетинг коммуникацияларининг аҳамияти
Туристик (ташкилот) фирма фаолият олиб борадиган муҳит мураккаб коммуникациялар тизимида амал қилади. Фирма ўз мижозлари, банклар,...
Туристик бозорни сегментлаш туристик бозорни сегментлаш асослари iconТуристик бизнесда маркетинг муҳити таҳлили туристик корхонанинг муҳитини ўрганиш
Ташқи муҳитнинг ўзи микро ва макро муҳитлардан иборат бўлади. Баъзи бир корхоналарнинг ўзлари маркетинг муҳитига таъсир этишга, унинг...
Туристик бозорни сегментлаш туристик бозорни сегментлаш асослари iconТуристик корхоналар маркетингини ташкил этиш ва назорат қилиш маркетинг хизматларининг кучли тузилмасини ташкил этиш
Туристик корхонада маркетинг концепциясини амалга ошириш учун тегишли маркетинг хизмати амалга оширилади. Тур корхонанинг ташкилий...
Туристик бозорни сегментлаш туристик бозорни сегментлаш асослари iconТуристик маҳсулот истеъмолчиларини маркетингли тадқИҚ Қилиш истеъмолчи хулқ-атвори асослари
Сабаб яъни Мотив (французча matif) таъсир қилиш, орзулар, ҳавас ёки фикрлашни тасвирлаб бериш, шундай хулосага олиб келадики унинг...
Туристик бозорни сегментлаш туристик бозорни сегментлаш асослари icon1. Маркетингда бозор тушунчаси. Бозорни, истеъмолчиларни, истеъмолчи корхоналарни сегментлаштириш
...
Туристик бозорни сегментлаш туристик бозорни сегментлаш асослари icon4 Маркетинг стратегиясини ишлаб чиқиш Туризмда реклама – ахборот режа – дастурини тайёрлаш Туризм соҳасидаги халқаро келишувлар
Бозорни режалаштириш алохида ёки халқаро ва ички туристлар билан биргаликда амалга оширилиши мумкин
Туристик бозорни сегментлаш туристик бозорни сегментлаш асослари iconДокументы
1. /Туристик фаолиятни такомиллаштириш йуллари.pdf
Туристик бозорни сегментлаш туристик бозорни сегментлаш асослари iconДокументы
1. /1. Халкаро туристик андозалар охирги.doc
Туристик бозорни сегментлаш туристик бозорни сегментлаш асослари iconДокументы
...
Загрузка...
Разместите кнопку на своём сайте:
Документы


База данных защищена авторским правом ©uz.denemetr.com 2000-2015
При копировании материала укажите ссылку.
обратиться к администрации